АПЛ. "Терф Мур" мўжизаси давом этадими, таркибининг ярми йўқ МЮ юта оладими? 30-тур превьюси
01 апр 2017 15:06
Новости
АПЛ. "Терф Мур" мўжизаси давом этадими, таркибининг ярми йўқ МЮ юта оладими? 30-тур превьюси
Туманли албионда 30-тур учрашувларига старт берилади. Қуйида ана шу тур ўйинларига бағишланган превьюни эътиборингизга ҳақола этамиз.
АПЛ, 30-тур
"Ливерпуль" – "Эвертон"
01.04.2017, 16:30
"Энфилд"
Бош ҳакам: Энтони Тейлор (Манчестер)
"Ливерпуль" бугунги дербидан олдин кетма-кет учта ўйинда ютқазмади. Ўтган турда Клопп шогирдлари "Манчестер Сити" билан дуранг қайд этишди. "Мерсисайдликлар" ўз майдонларида ҳужумкор ва самарали ўйин кўрсатишади. Жамоа сардори Жордан Хендерсон майдонга туша олмайди. Шунингдек, Лаллана ва Старрижлар ҳам ўйнамаса керак. Бундай ҳолатда Милнер марказга ўтиши, чап қанот ҳимояга эса Морено тушиши мумкин.
"Эвертон" 2017 йилни ақлбовар қилмас даражада бошлади. Рақибларини кетма-кет йирик ҳисобда таслим этмоқда. Шу сабабли, кучли олтиликка етиб олди. "Ирислар" голларга бой учрашувларни ўтказишмоқда.
Қизиқ:
- "Ливерпуль" "Эвертон"га қарши охирги 12та учрашувда мағлуб бўлмаган (5 ғалаба, 7 дуранг);
- Юрген Клопп "Ливерпуль"нинг дастлабки учта "мерсисайд дербиси"ни ютган биринчи мураббийига айланиши мумкин;
- Бу қарама-қаршиликда Премьер-лига ўйинларида энг кўп 21 бор қизил карточка кўрсатилган;
- Ромелу Лукаку бу мавсум 80 дақиқадан кейин 10та тўп киритди.
"Бернли" – "Тоттенхэм"
01.04.2017, 19:00
"Терф Мур"
Бош ҳакам: Стюарт Атвелл (Нунатон)
"Бернли" 12 февралдан бери илк бор ўз майдонида ўйнайди, бунгача кетма-кет тўртта учрашув сафарда ўтказилди. Шон Дайч шогирдлари уйда 2016 йилнинг 26 ноябридан бери ютқазмаган.
"Тоттенхэм" кетма-кет 6 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Айни пайтда "шпорлар" 59 очко билан иккинчи поғонада боришмоқда ва совринли ўринлар учун курашишмоқда.
Қизиқ:
- "Тоттенхэм" "Бернли"га қарши охирги бешта Премьер-лига баҳсидан фақат биттасини ютқазган (3 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият);
- Эшли Барнс "шпорлар"га қарши сўнгги учта ўйиндан иккитасида гол урган;
- Премьер-лигада 2015-2016 йилги мавсумдан бери ҳеч бир футболчи Кристиан Эриксендан кўп голли пас бермаган (23та голли пас).
"Челси" – "Кристал Пэлас"
01.04.2017, 19:00
"Стэмфорд Бриж"
Бош ҳакам: Крейг Поусон (Лондон)
"Челси" чемпионлик учун ишонч билан қадам ташлашда давом этаяпти. Конте шонирдлари уйда ҳавас қилгудек натижалар қайд этишмоқда. Бу мавсум "кўклар"ни уйда фақат "Ливерпуль" тўхтата олган.
"Кристал Пэлас" охирги учта ўйинни нолга ўйнаб ютган, лекин бугунги рақиб - "Челси". Шу сабаб, меҳмонларда бугун имконият жуда ҳам кам.
Қизиқ:
- "Челси" бу мавсум "Лондон дербилари"да энг кўп очко йиққан (15). "Кристал Пэлас" эса барча бешта дербини ҳам бой берган;
- Кристиан Бентеке тўртта АПЛ ўйинида "Челси" дарвозасига йўл топа олган;
- Агар Диего Коста бугун гол урса, бу унинг чемпионатдаги 50 голи бўлади.
"Халл Сити" – "Вест Хэм"
01.04.2017, 19:00
"Кей Си"
Бош ҳакам: Майкл Жонс (Честер)
"Халл Сити" чемпионатда жон сақлаб қолиш учун курашмоқда. Лекин, уйдаги охирги 5та ўйинда 11 очко жамғарди. Мураббйи алмашиши жамоага ижобий таъсир қилди. Бу омиллар "Халл"ни бугун аутсайдер бўлмаслигини таъминлайди.
"Вест Хэм" сўнгги 5та басда бор йўғи 2 очко йиға олди. Билич шогирдлари учта ўйиндан бери фақат ютқазишмоқда.
Қизиқ:
- "Халл Сити" Премьер-лига уй ўйинларида "Вест Хэм"га ҳеч қачон ютқазмаган (2 ғалаба, 2 дуранг);
- "Вест Хэм" жорий мавсум дастлабки 15 дақиқада энг кўп гол ўтказган (8та), "Халл" эса охирги 15 дақиқада энг кўп гол ўтказган (20);
- Андре Айю охирги тўртта АПЛ ўйинида учта гол урди ва битта голли пас берди.
"Лестер" – "Сток Сити"
01.04.2017, 19:00
"Кинг Пауэр"
Бош ҳакам: Ли Мэйсон (Болтон)
"Лестер" Раньери истеъфога чиққач, барча мусобақаларда тўртта ўйин ўтказишди ва уларнинг барчасида ғалабага эришишди. Шу темпда давом этса, клуб якуний жадвални анча юқорида тугатади.
"Сток Сити" март ойидаги барча ўйинларни яхши ўтказди. Жамоа курашувчан футболчилардан иборат. Бу қарама-қаршиликда мезбонларнинг имкониятлари юқорироқ.
Қизиқ:
- "Сток Сити" Премьер-лига доирасида "Лестер"га қарши охирги бешта тўқнашувдан фақат биттасини ютган (1 ғалаба, 2 дуранг, 2 мағлубият);
- Жейми Варди чемпионатда охирги учта учрашувда учта гол урди ва иккита голли пас берди;
- Бугун Крейг Шекспир Премьер-лигада дастлабки тўртта ўйинни ютган биринчи британиялик, Пеп Гвардиола, Жозе Моуриньо, Гус Хиддинк ва Карлдо Анчелоттилардан кейинги бешинчи хорижлик мураббийга айланиши мумкин.
"Манчестер Юнайтед" – "Вест Бромвич"
01.04.2017, 19:00
"Олд Траффорд"
Бош ҳакам: Майк Дин (Хесволл)
"Манчестер Юнайтед" таркибида Хуан Мата, Крис Смоллинг, Фил Жонс, Маруан Феллайни, Поль Погбаларда жароҳат бор, Ибрагимович ва Эррералар эса дисквалификация сабаб бугунги учрашувни ўтказиб юборишади. Бундай катта йўқотишлар жамоага ҳатто ўз майдонида ҳам етарлича қийинчиликлар туғдириши тайин. Терма жамоаларнинг ўйинлари МЮга қимматга тушди.
"Вест Бромвич" ўтган турда "Арсенал"ни ўз майдонида 3:1 ҳисобида таслим этган, лекин сафарда ишлари яхши эмас. Рақиб таркибидаги улкан йўқотишларни инобатга олсак, "Бромвич" очко учун бемалол ҳаракат қилса бўлади.
Қизиқ:
- "Вест Бромвич" АПЛда МЮни охирги учта ўйиндан иккитасида таслим этган (2 ғалаба, 1 мағлубият);
- Уэйн Руни "Бромвич"га қарши сўнгги 10та Премьер-лига ўйинида еттита гол урган ва бешта голли пас берган;
- Жеймс Моррисон бугун Даррен Флетчер, Поль Телфер ва Гари Макалистерлардан кейин АПЛда 300та ўйин ўтказган тўртинчи шотландиялик футболчига айланиши мумкин.
"Уотфорд" – "Сандерленд"
01.04.2017, 19:00
"Викариж Роуд"
Бош ҳакам: Ли Проберт (Уилтшир)
"Уотфорд" сўнгги турларни ёмон ўтказмоқда. Маццари шогирдлари стабилликни сақлай олишмаяпти. Лекин, уйда ҳар қандай жамоада ҳам устунлик бўлади.
"Сандерленд" мавсум бошидан бери турнир жадвалининг қуйидан чиқа олмаяпти. Афтидан, Мойес шогирдлари Чемпионшипга равона бўлишади.
Қизиқ:
- "Сандерленд" Премьер-лигада "Уотфорд"га қарши охирги бешта ўйиннинг фақат биттасини ютқазган (3 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият);
- Жермейн Дефо 35та АПЛ жамоаларига гол урган, лекин "Уотфорд" дарвозасига шу кунга қадар тўртта ўйинда ҳам йўл топа олмаган;
- "Уотфорд" бу мавсум дастлабки 15 дақиқада саккизта гол урган.
"Саутгемптон" – "Борнмут"
01.04.2017, 21:30
"Сент-Мэрис"
Бош ҳакам: Жонатан Мосс (Йоркшир)
"Саутгемптон" Чарли Остин формадалигида ижобий натижаларни қайд этаётган эди, Остин жароҳат олгач вазият салбий кшриниш олди. Қишда Габбиадини сотиб олингач, Маноло яхши ўйнаётганди ва жамоа ҳам кетма-кет очко жамғариб келаётган эди. Мана энди италиялик ҳужумчи жароҳат олди.
"Борнмут" ўтган ойни фантастик тарзда ўтказди. Бунинг самараси ўлароқ, бош мураббий Эдди Хау Премьер- лигада ойнинг энг яхши мураббий деб топилди.
Қизиқ:
- "Саутгамптон" сўнгги учта АПЛ ўйинида "Борнмут"ни икки бор таслим этган (2 ғалаба, 1 мағлубият);
- "Борнмут" "Саутгемптон"ни сафарда ҳеч қачон мағлуб эта олмаган, бу барча мусобақаларга тегишли (4 дуранг, 8 мағлубият);
- Жошуа Кинг охирги 8та Премьер-лига ўйинида саккизта гол урган ва битта голли пас берган.
"Суонси" – "Мидлсбро"
02.04.2017, 17:30
"Либерти стэдиум"
Бош ҳакам: Роберт Мэдли (Йоркшир)
"Суонси" охирги иккита ўйинда сафарда мағлуб бўлди. Лекин, жамоа уйда анча мазмунли ўйин намойиш этади. Охирги учта уй ўйинида ғалаба қўлга киритилган.
"Мидлсбро" Айтор Каранкани истеъфога чиқарди ва олдинги турда бош мураббийсиз МЮдан енгилди. Ўйин борасида ҳам "Боро" анча ортда қолмоқда.
Қизиқ:
- Бу мавсум чемпионатда "Суонси" иштирокидаги ўйинларда энг кўп 99та гол урилган, "Мидлсбро" қатнашган баҳсларда эса энг кам 53та гол урилган;
- "Мидлсбро" бу мавсум "Ливерпуль" (36) ва "Арсенал" (34)дан камроқ гол ўтказиб юборган (33);
- Фақатгина Жермейн Дефо (67%, "Сандерленд") жорий мавсумда Гулфи Сигурдссон (53%, "Суонси")га қараганда жамоасининг энг кўп голида иштирок этган.
"Арсенал" – "Манчестер Сити"
02.04.2017, 20:00
"Эмирейтс стэдиум"
Бош ҳакам: Андре Марринер (Бирмингем)
"Арсенал" Премьер-лигада охирги 5та ўйиндан тўрттасини ютқазди. Венгер шогирдлари ҳимояда аянчли ўйин кўрсатишаяпти. Ички муҳит ҳам ҳавас қиларли даражада эмас. "Сити"га қарши ўйин "тўпчилар"га ўзларини ўнглаб олишлари учун яхши имконият бўлади. Кучли рақиб устидан қозониладиган ғалаба жамоага ишончни қайтариши мумкин.
"Манчестер Сити" олдинги турда "Ливерпуль" билан дуранг ўйнади. Ўйин жиҳатидан "шаҳарликлар" яхши ҳолатдалар. Жамоаларнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқсак, "Сити"га кичик устунликни бериш мумкин.
Қизиқ:
- "Арсенал" "Манчестер Сити"га қарши Премьер-лига доирасида охирги 19та уй ўйинидан фақат биттасини бой берган;
- "Ман. Сити" юиринчи бор "Арсенал"ни бир мавсумда икки бор таслим этиши мумкин;
- Бу жамоаларнинг сўнгги еттита ўзаро ўйинларида жами 27та тўп киритилган. Бу ар бир баҳсга ўртача 3.86тадан гол дегани.
Англия Премьер-лигаси турнир жадвали >>> АПЛ
Толибжон Қосимов
Комментарии