АПЛ клубларининг оригинал номларини биласизми?
26 мар 2020 19:41
Новости
Менимча, ҳозир шундай даврлар келдики, одамлар клубларнинг тарихига анчагина назар сола бошлади. Қолганлари эса унчалик ҳам муҳим эмас.
АПЛнинг ҳозирги 20 жамоасидан тенг ярми, яъни, 10таси ўз номини бир неча бора ўзгартирган. Агарда жамоалар ўз номини ўзгартирмаганида АПЛнинг ҳозирги турнир жадвали шундай кўриниш олган бўларди:
1. Ливерпуль
2. Сент Маркс
3. Лестер Фосс
4. Челси
5. Ньютон Хит
6. Сент Люкс
7. Шеффилд Юнайтед
8. Хотспур
Энди эса тарихга назар соламиз ва клубларнинг номини ўзгариши сабаби, ўзгаришлар ва бошқа тафсилотларга тўхталамиз. Олдиндан айтиб қўяман, сизни ажойиб мақола кутмоқда.
"Сент Маркс" → "Гортон" → "Ардвик" → "Манчестер Сити"
"Авлиё Марк" номли Англия черкови аъзолари (Шарқий Гортонда жойлашган, Манчестер) ўз динига атаб футбол клубига асос солишди. Икки черков назоратчилари зўрлаш, алкоголизм ва контрабандага қарши курашиш учун кучларини бирлаштирдилар. Ўша пайтда Манчестерда, хусусан, Гортонда ишсизлик даҳшатли даражада авж олганди. Ҳолатидан қатъий назар исталган одам ушбу клубга келиши мумкин эди.
Крикет бўйича черков жамоаси 1875 йилда ташкил қилинганди, бироқ қишда уларда шуғулланиш учун ҳеч қандай имконият йўқ эди. Бундай муаммони йўқотиш ва бир йўла ижтимоий ўсишга интилиш мақсадида черков назоратчилари, "Юнион Айрон Уоркс" суд ижрочи компаниясида ишлайдиган Уильям Бистоу ва Томас Гудбере 1880 йилда футбол жамоасига асос солишди ва унга "Сент Маркс (Уэст Гортон)" номини беришди.
Жамоа рўйхатдан ўтганидан кейинги илк ўйини 1880 йилнинг 23 ноябрь кунида Макклсфилд черкови жамоасига қарши бўлган. Ўшанда жамоа 1:2 ҳисобида мағлуб этилган. 1880/81 йилги мавсумда жамоа атиги 1 ўйинда ғалабага эришганди ва бу "Сталибридж Кларенс" жамоаси устидан қўлга киритилган.
"Сент Маркс" ташкил этилгани илк йилларида кўплаб футболчилар бошқа жамоаларда ҳам ўйнарди. Улардан бири, жамоанинг илк футболчиси ва сардори Уотлер Чу "Бель Вью" жамоаси таркибида ҳам ўйинларда қатнашарди. 1883/84 йилги мавсум якунланганидан кейин "Сент Маркс" ўз стадионида ўйнаш имкониятидан маҳрум бўлди, шунингдек, икки клуб учун ҳам ўйнаётган футболчилар ва клуб билан территориал яқинлик туфайли икки томоннинг мунозарасига сабаб бўлди. Афсуски, бу жуда чуқурлашиб кетди. Икки томоннинг иттифоқи атиги бир мавсумга етди холос. Ажралиб чиққан "Сент Маркс" эса "Гортон Ассосиэйшн" номини олди. Ўз навбатида "Бель Вью" ҳам ўз номини "Уэст Гортон Атлетик"га ўзгартирди. Бу ўзгаришлар икки клубнинг тизимида диний қарашларни аста-секин қуритди ва "Сент Маркс" номи ҳам аста-секин йўқолиб, фақатгина қоғоздаги қўштирноқ орасида қолиб кетди.
1887 йилнинг ёзи ёш клуб учун оғир ўтди ва уч фронтдан катта муаммолар юзага келди. Биринчидан, клуб яна ўз стадионидан маҳрум бўлди. Энди улар ўзлари уй деб атай оладиган стадион топишлари керак бўлиб қолди. Якунда клуб Ардвикдаги темирйўл кўприги ёнгинасидаги ҳудудга жойлашди. Майдон аввалига жуда ёмон, нотекис ва ифлос эди, якунда куч ва амбициялар ғалаба қилди. Стадион 7 ойга 10 фунт эвазига ижарага олинди. Клуб тарихчиси Гэри Жеймснинг ёзишича, олдинги 5 стадиондан воз кечилишининг сабаби асбоб-ускуналар, жиҳозларнинг етишмовчилиги бўлган. Янги жойга эса улардан стадион қуришни ва яна қўшимча харажатлар кераклигини талаб қилишди. Бу ер "Хайд Роуд" меҳмонхонасидан унчалик узоқ эмасди ва шу боисдан клуб ушбу жой эгаси Стивен Честер-Томпсон билан алоқалар ўрнатишди ва жамоадагиларни отелнинг барча қулайликларидан фойдаланишни келишиб олишди. Шунингдек, клуб ушбу манзил бўйича рўйхатга қўйилди ва эвазига отель клуб орқали лицензияни қўлга киритди. Бу эса ижарачи ва харидор ўртасидаги узоқ йиллик муносабатларнинг бошланиши ва отель эгалари клубнинг эгасига айланишини билдирарди. Клубнинг отель билан яна бир боғлиқлик томони бор эди-ки, ўша пайтларда жамоанинг илк лақаби "пивоварлар" бўлган. Жамоанинг "Хайд Роуд" стадионидаги илк ўйини 1887 йилнинг 10 сентябрь кунида "Солфорд" жамоасига қарши ўтиши керак эди. Аммо стадионнинг "тантанали очилиши" ҳам бекор бўлди. Чунки рақиб ўйинга ташриф буюрмади.
Иккинчи ўзгариш эса клубнинг номида бўлиши керак эди. Клуб энди Гортондан чиқиб кетган ва "Гортон Ассосиэйшн" номи ҳам анчагина хунук кўринарди. Шу боисдан клуб янги ҳудудга мослаб, "Ардвик Ассосиэйшн" номини олди. Учинчи ўзгариш эса молиявий структурага тегишли. Ҳа, клуб ташкил топилганидан буён ҳаваскор мақомда эди. Бироқ раҳбарият футболчиларга ҳафтасига 5 шиллингдан маош бера бошлади ва клуб аста-секинлик билан профессионал ташкилотга айланди.
1891 йилда "Ардвик" катта шон-шуҳратга эришди. Жамоа Манчестер Кубоги финалида "Ньютон Хит"ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Кейинги мавсумда эса улар амалдаги чемпион сифатида Иккинчи дивизионда иштирок этди. 1893/94 йилги мавсумда эса молиявий муаммолар клубнинг қайта ташкиллаштиришга олиб келди ва клуб "Манчестер Сити" номини олди. 1894 йилнинг 16 апрель кунида эса клуб "Манчестер Сити футбол клуби лимитед" номи орқали расман компанияга айланди.
"Лестер Фосс" → "Лестер Сити"
1884 йили "Вейгестон" мактаби ўрта синфли ўқувчиларидан ташкил топган клуб 1890 йилда ФАга қўшилди. 1891 йили кўчиб ўтилган Филберт-стритдаги стадионга қадар жамоа 5 майдонда ўз уй ўйинларини ўтказган. Жануби-шарқдаги Виктория боғидаги стадион ва Белгрейв-Роуддаги велосипед ва крикет майдони шулар жумласидандир. Клуб 1891 йилда Мидленд лигасида ўйнаган ва 2-ўринни эгаллагани учун 1894 йилга келибгина Иккинчи дивизионга қўшиб олинган. Футбол лигасидаги "Лестер"нинг илк ўйини "Гримсби Таун"га қарши бўлган ва унда 3:4 ҳисобида жамоа мағлуб бўлган. Илк ғалаба эса орадан бир ҳафта ўтиб, Англия Кубогига ўтиш босқичида "Ноттс Олимпик" жамоаси устидан қўлга киритилган. 1907/08 йилда клуб Иккинчи дивизионда 2-ўринни эгаллади ва Англиянинг юқори дивизиони бўлган Биринчи лигада ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Бир йил ўтиб, жамоа яна ўз жойига қайтди. Шунингдек, "Лестер" ўз тарихидаги антирекордни ҳам ўрнатди. Жамоа "Ноттингем Форест"га 0:12 ҳисобида ютқазиб қўйди.
1919 йили Биринчи жаҳон урушидан кейин футбол яна қайтди. Кейинчалик "Лестер Фосс"да молиявий муаммолар бошланди. Шу орқали клуб номи барчамиз билган "Лестер Сити" номига ўзгартирилди.
"Ньютон Хит" → "Манчестер Юнайтед"
1878 йилда "Ланкашир ва Йоркшир Рэйлвэй Компани" темирйўл компанияси ўз бўлими ишчиларига футбол жамоаси ташкил қилишга рухсат берди. Шунинг ортидан "Ньютон Хит ЛЙР" жамоаси ташкил топди. Клуб президенти сифатида Фредерик Атток тайинланди. ЛЙР сўзи эса "Ланкашир ва Йоркшир Рэйлвэй" сўзининг қисқартмаси эди ва бу ҳаракатланадиган қуйи бўлим ишчиларидан ташкил топган "Ньютон Хит Локо" жамоаси номидан ажратиб турарди. Жамоа темирйўллар томонидан молиялаштириларди ва улар клуб тарихидаги илк стадионнинг ижарасини тўлаб беришган. Стадион Норт-Роуд станцияси яқинида эди. Айтилишича, футболчилар "ажойиб, юракдан ишлайдиган ва кучли футболчилар"дан ташкил топган экан. Бошида улар темирйўлнинг бошқа икки жамоасига қарши баҳс олиб боришди. Афсуски, бу борада бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. 1882/83 йилги мавсумда жамоа 26 бора синов-назорат ўйинларида қатнашган ва келаси мавсумда Ланкашир Кубогида иштирок этган. Бироқ улар илк раундда "Блэкберн Олимпик"нинг захира жамоасига 2:7 ҳисобида мағлуб бўлган. 1884 йилда "Ньютон Хит ЛЙР" Манчестер Кубогида қатнашиш учун ариза ташлади ва финалгача етиб борди. Ушбу баҳсда жамоа Уолли Рейнджнинг "Херст" жамоасига 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Футбол лигасида қатнашиш учун етарлича овоз йиға олмаган "Ньютон Хит" ва яна 11 жамоа "Футбол альянси" номи остида янги лига ташкил қилишди. Унда жамоа 8-ўринни эгаллади. Уч мавсумлик уринишлардан кейин кейин, 1892 йилда "Ньютон Хит" Биринчи дивизионга қўшиб олинди. "Футбол альянси"да ўшандан бир мавсум олдин жамоа "Ноттингем Форест"дан кейинги ўринни эгаллади ва жамоалар юқори лигага йўлланма олишди. Ўша пайтда клуб темирйўллар билан барча алоқаларни узиб бўлган, жамоа номидаги ЛЙР қўшимчаси ҳам ишлатилмай қўйилганди. Шундай бўлса ҳам таркибнинг катта қисми темирйўлчилардан иборат эди. Орадан вақт ўтиб, клуб ёпиқ акциядорлик жамиятига айланди. Ҳар бири 1 фунтдан бўлган 2000 минг фунтлик акция тўплади. Клубдаги илк расмий шахс эса жамоа бош мураббийи, клуб секретари А.Х.Албут бўлди.
1902 йилнинг 9 январь кунида суд клубнинг қаллобликлари учун 242 фунт, 17 шиллинг, 10 пенс жаримага тортди. Жамоанинг шанба куни бўладиган ўйини ҳам бекор қилинди ва жамоа сардорлари Гарри Стаффорд ва Дэвис, шунингдек, клубнинг 3 инвестори йиғилиш ўтказди ва клубни қутқариб қолиш мақсадида 2000 фунт йиғишди.
1902 йилнинг 26 апрель кунида Жон Генри Дэвис клуб президенти этиб тайинланди. Энди клубнинг номини ўзгартириш талаб қилинарди. Чунки жамоа энди Ньютон Хит шаҳрида эмасди. Янги хўжайинлар клубни "Манчестер Юнайтед" номига ўзгартиришди. Ўша даврда уларнинг олдида "Манчестер Селтик" ва "Манчестер Сентрал" вариантлари ҳам бор эди. Улар жамоанинг рангларини қизил-оққа ўзгартиришди.
"Сент Люкс" → "Вулверхэмптон Уондерерс"
"Вулвз" ҳам айрим жамоалар қатори крикет ва черков жамоалари ортидан ташкил топган. Клуб 1877 йилда Жон Бэйнтон ва Жон Броудилар томонидан "Сент Люкс" номи орқали ташкил қилинган. Жамоа тарихидаги илк ўйинини 1877 йилнинг 13 январь кунида "Стаффорд Роуд" жамоасининг захира таркибига қарши ўтказган. Орадан вақт ўтиб, клуб маҳаллий крикет клуби "Блэйкенхолл Уондерерс" билан бирлашди ва шу орқали 1879 йилда "Вулверхэмптон Уондерерс" ташкил қилинди.
Бошида жамоа икки томонига чизиқ тортилган стадионда ўйинларини ўтказарди. 1881 йилда эса жамоа Дадли Роудда қулай шароитга эга бўлган стадионга эга бўлди. Жамоа 1884 йилга келиб, ўз тарихидаги илк совринини қўлга киритди - Врекин Кубоги. Ушбу мавсумда жамоа Англия Кубоги тарихидаги илк баҳсини ҳам ўтказди. Профессионал клуб мақомига эга бўлган "Вулвз" 1888 йилда ташкил қилинган Футбол лигасининг илк иштирокчиларидан бири бўлди ва лига тарихидаги тарихий илк ўйинни "Астон Вилла"га қарши ўтказди.
Ўша мавсумни жамоа 3-ўринда якунлади ва Англия Кубоги финалигача етиб бориб, "Престон Норт Энд"га 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Мавсум якунланганидан кейин "бўрилар" сўнгги бора стадионини ўзгартирди. "Молинью" ҳозирги пайтда АПЛнинг гранд жамоалари учун анчагина ноқулай стадион ҳисобланади.
"Хотспур" → "Тоттенхэм Хотспур"
"Хотспур" ФК 1882 йили авлиё Иоанн ва Тоттенхэм гимназияси ўқувчилари томонидан ташкил қилинган. Аввалига таркиб асосан 13-14 ёшли болалардан иборат эди. Шунингдек, улар "Хотспур" крикет жамоасининг аъзолари ҳам ҳисобланишарди. Роберт Бакл ўз дўстлари Сэм Кейси ва Жон Андерсон билан биргаликда футбол клуби ташкил қилиш ғоясини ишлаб чиқади. Бунда улар футболчиларни қишда ҳам шуғуллантириш борасида бош қотиришади. Клуб тарихида айтилишича, жамоанинг бўлажак футболчилари ҳафтада бир марта Тоттенхэм Хай Роуддаги столба фонари остида машғулот ўтказишарди. Бу "Уайт Харт Лейн"га жуда яқин жой бўлгани учун ҳам футбол клуби тузиш ғоясини амалга оширилди. Уларнинг учрашган куни ҳали ҳам маълум эмас, бироқ ФК "Хотспур" 1882 йилнинг 5 сентябрь кунида ташкил қилинган. Ўшанда бадал пулини 11 нафар болакай 6 пенсдан тўлашган. Йил охирида клубда 18 нафар аъзо бор эди. Клуб номини ўзгартириш мақсадида "Нортумберленд Роверс" номи ҳам кўриб чиқилаётганди, лекин болакайлар "Хотспур" номида тўхталишган. Крикет клубига ўхшаб футбол клуби номи ҳам сэр Генри Перси (аниқроқ айтганда Гарри Хотспур) шарафига номланганди. Унинг оиласи Нортумберленддаги клуб жойлашган ҳудудга эгалик қиларди.
Аввалига болакайлар илк ўйинларни Нортумберленддаги столба фонари ёруғи остида ўтказишарди. 1883 йилда йигитлар Жон Рипшер, Тоттенхэм ёш христианларини қўллаб-қувватлаш марказининг (АМХ) барча етакчиларини ёрдамга чақиришди. Натижада клубга президент тайинланди унга пул ажратилди. Орадан бир неча кун ўтиб, Перси Хаусдаги АМХнинг ертўласидаги ошхонада у клубнинг 21 нафар аъзоси иштирокида йиғилиш ўтказди ва унда клуб учун штаб-квартира қуришни тавсия қилди. Рипшер 1894 йилга қадар клуб президенти сифатида ишлади ва болаларни клубга келишида, жамоанинг қайта ташкил топиб, катта куч олишида ўз ёрдамини аямади. У тақдим этган молиявий барқарорлик бошқа клублардан фарқли равишда жамоанинг олдинга қараб кетишида катта ёрдам бўлди. Рипшер 1884 йилда футболчилар АМХ кенгаши вакилини тўп билан жароҳатлаганидан кейин клубга янги жой топиб берди. Бошида ушбу жой Дорсет Виллада эди. Бу ерда улар 2 йил бўлишди. 1885-1886 йилларда эса жамоа Хай Роуддаги Қизил Уйга кўчди. "Уайт Харт Лейн"нинг ёнгинасида бўлган Қизил Уй 2016 йилга келиб реконструкция қилинди. 1891 йилда ушбу жой клубнинг штаб-квартирасига айланди. 1921 йилда эса ушбу жой расман клубнинг мулкига айланди ва 1935 йилда клуб ҳам ушбу манзил бўйича рўйхатга олинди.
1884 йилда эса хатларнинг мунтазам равишда бошқа йўналишларга бориши сабабли клуб ўз номини "Тоттенхэм Хотспур"га ўзгартирди. 1883 йилдан буён клуб "Хотспур" номи билан аталиб келинади. Шунингдек, клуб оқ либосда ўйнагани сабабли "айбсизлар" лақабини ҳам олган.
-----------
Мақола якунида, "Ливерпуль" (1892 йилда ташкил топган), "Челси" (1905) ва "Шеффилд Юнайтед" (1889) каби клублар номини мақолада учратмайсиз. Чунки улар ўзларининг дастлабки ташкил қилинганидаги номларини сақлаб қолишган. Айни пайтда АПЛда қатнашаётган жамоаларнинг фақатгина биттаси XX асрда ташкил топган, қолганлари эса XIX асрда. Англия бу борада сайёрамиздаги барча давлатлардан бир қадам олдинда - илк марта футбол ўйналган, илк жамоа тузилган ("Шеффилд" бўлган "Шеффилд Юнайтед" ёки "Шеффилд Уэнсдей" эмас), энг биринчи футбол ассоциацияси ташкил қилинган (FA), энг биринчи терма жамоа ташкил қилинган, энг биринчи кубок ўйинлари ва энг биринчи футбол лигасига старт берилган.
Миржалол Норматов таржимаси
Комментарии