“Андижон” футбол клубининг Обид Ҳакимовнинг интервьюси бўйича баёноти
16 окт 2018 14:58
Новости
“Андижон” футбол клубининг Обид Ҳакимовнинг интервьюси бўйича баёноти
Яъни Ҳакимов “Андижон”да “пустой бланка”ларга қўл қўйдириб олингани ва жамоадаги қисқа муддатли фаолияти давомида умуман ойлик маош олмаганини “дастурхон” қилган. Энг қизиғи орадан маълум бир вақт ўтиб, Ҳакимовнинг “Андижон”да ойлик маош “олмагани” ҳақида кенг оммага ошкор қилгани бир томондан футболчининг нопрофессионаллигидан дарак бермоқда.
Обид Ҳакимов: «Тожикистон чемпионати бизнинг Суперлигага қараганда кучсизроқ»
Ушбу интервьюдан кейин кўпчиликда “Андижон” клубига нисбатан салбий фикрлар туғила бошлагани ҳам ҳеч гап эмас. Шу боис вазиятга ўз вақтида ойдинлик киритиб ўтишни лозим топдик.
“Андижон” клуби шуни маълум қиладики, Обид Ҳакимов ПРО-Лига мусобақаси бошланиши арафасида жамоага келиб қўшилган ва 15 феврал куни икки томонлама расмий шартнома тузилиб, ПФЛ рўйхатидан ўтказилган. Клуб ва футболчи ўртасида тузилган шартномага кўра, Ҳакимов 15 000 000 (ўн беш миллион) сўм кўтарма пулини олдиндан олган. Обид “Андижон” клубида 4 ой фаолият юритган ва ёзги трансфер ойнасида Тожикистоннинг “Хўжанд” клубига кўчиб ўтишни маъқул топган. “Андижон” клуби футболчининг келгуси фаолиятига омад тилаган холда, эркин агент сифатида кетишига руҳсат берган.
Ваҳоланки ўша пайтда “Андижон” клуби Ҳакимовни “Хўжанд” жамоасига трансфер қилиши ҳам мумкин эди. Чунки ўша пайтда “Андижон” жамоаси биринчи даврада тўлиқ ўйнаб, жамоа ютуқларига ўз ҳиссасини қўшган иқтидорли футболчи Элдор Бойматовни “Қизилқум” жамоасига маълум миқдордаги суммага трансфер қилган ва унинг трансфер суммаси “Андижон” клубининг ҳисоб-рақамига тўлиқ ўтказиб берилган. Шу ўринда Бойматовнинг “Андижон”даги мазмунли фаолияти учун миннатдорчилик билдириб, келгусидаги ишларига омад тилаймиз.
Обид Ҳакимовнинг “Андижон”даги 4 ойлик фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, рақамлар шуни кўрсатяптики, футболчи 18та ўйиннинг атига 3тасида бошланғич таркибдан ўрин олган. Аслида Обид Ҳакимов майдонда 1620 дақиқа ўйнаши лозим эди. Бироқ 12та учрашувда асосан иккинчи бўлим сўнггиларида захирадан майдонга тушиб келган. Жами 498 дақиқа майдонда харакат қилган. Ҳакимов чемпионат туридан ўрин олган Ғузорнинг “Шўртан” жамоасига қарши баҳсда захирадан майдонга тушиб, ҳакам шаънига номаъқбул сўзларни ишлатиб, қисқа фурсат ичида қизил карточка билан “сийланган” ҳамда майдонни эрта тарк этиб, жамоани қийин аҳволга солиб қўйган. Мухлислар яхши билишса керак, ушбу баҳсда “Андижон” ўз уйида мағлуб бўлганди.
Шундан сўнг ушбу холат бўйича ПФЛ тартиб-интизом қўмитаси Обид Ҳакимовни 3та ўйинга четлаштириб, 2 миллион сўм миқдорида моддий жаримага ҳам тортган.
Шунга қарамай “Андижон” футбол клуби шартномада кўрсатилган ойлик маошларни Обид Ҳакимовнинг пластик карточкасига тўлиқ ўтказиб берган. Яъни Ҳакимовнинг шартномада кўрсатилган 13 608 030 (ўн уч миллион олти юз ўттиз тийин) сўмдан 11 608 030 (ўн бир миллион олти юз ўттиз тийин) сўми пластик карточкасига тушириб берилган. Қолган 2 000 000 (икки миллион) сўм ПФЛ тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра жарима сифатида ПФЛ ҳисоб рақамига ўтказилган.
Обид Ҳакимов “Андижон” билан хайрлашаётганида ҳақиқатдан ҳам клубда қолиб кетган ойлик маошлари бўлганида ўша вақтнинг ўзида ПФЛга мурожаат қилиб, ҳақдор эканлигини маълум қилиши ҳам мумкин эди.
Боиси бунга қадар “Андижон”да ўйнаб маълум миқдорда кўтарма пули ва ойлик маошлари қолиб кетган (2015 ва 2017 йиллар бўйича) футболчилар ПФЛга расмий равишда мурожаат қилиб, фактларни келтириб ўтган. Хусусан бир неча йиллар мобайнида жамоа сафида ўйнаган Расул Раҳмонов 2014-2015 ва 2017 йиллар давомида клубда қолиб маошлари бўйича ПФЛга мурожаат қилган ва ПФЛнинг махсус комиссияси ушбу холатларни ўрганиб чиқди ва унга кўра “Андижон” футбол клуби Раҳмоновнинг клубда қолиб кетган 110 000 000 (бир юз ўн миллион) сўм пулини ойма-ой тўлаб берди.
Бундан ташқари жорий йилнинг ўзида “Андижон” клуби 2017 йилги холат бўйича яна бир футболчи Акбар Ходжаев билан ҳам ойлик маошлари бўйича тўлиқ ҳисоб-китоб қилганини маълум қиламиз. Ҳозирда Ходжаев жарохатдан кейин тикланиш жараёнини ўз ҳисобидан қилиб бормоқда ва ушбу холат бўйича ҳам якунда “Андижон” футбол клуби Акбар билан ҳисоб-китоб қилишга келишиб олган.
Бу каби холатлар бўйича мисолларни келтирадиган бўлсак, Абдулатиф Абдуқодировни ҳам айтиш мумкин. 2015 йили “Андижон”да фаолият юритган ушбу футболчи ҳам жамоада қолиб кетган маошлари бўйича ПФЛга мурожаат қилганди. “Андижон” футбол клуби Абдуқодиров билан ҳам қонуний равишда тўлиқ ҳисоб-китоб қилиб, қарздорликлар бартараф этилган.
Аввалги йиллар бўйича қарздорликлар тўлиқ бартараф этилган бир пайтда Обид Ҳакимов “Интерфутбол” газетасига интервью бериб, клуб шаъни учун ноўрин ва салбий фикрларни илгари сурган. Ушбу интервьюдан кейин айрим кишиларнинг Суперлига йўлланмаси учун астойдил курашаётган “Андижон” жамоасига бўлган фикрини салбий томонга ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас.
Очиғини айтганда, бугунги кунда клубнинг футболчи ва ишчи ходимларидан маълум миқдорда қарздорлиги йиғилиб қолган. Ушбу муаммони мавсум якунига қадар тўлиқ бартараф этиш учун вилоятимиз ҳокими амалий ёрдам кўрсатиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу боис йил якунига қадар мавжуд қарздорликларни тўлиқ бартараф этиш учун ҳозирда раҳбарият томонидан иш олиб борилмоқда.
П.С “Андижон” футбол клуби бу каби муаммолар бўйича ҳақиқатдан ҳам ҳақдор бўлган футболчилар билан қонуний равишда суҳбатлашишга доимо тайёр эканлигини билдиради.
Комментарии