Акмал Ортиқов: "Металлург" мавсумнинг иккинчи қисмида ўз ўйинини топиб олди"
02 дек 2022 11:15
Новости
Акмал Ортиқов: "Металлург" мавсумнинг иккинчи қисмида ўз ўйинини топиб олди"
Биз жамоанинг тажрибали посбони Акмал Ортиқовнинг фикрлари билан қизиқдик.
- Акмал, ушбу мавсумни "Металлург" сафида ўтказдингиз. Умумий таассуротлар қандай?
- Очиғини айтсам, мавсумнинг биринчи қисмини кўнгилдагидек ўтказа олмадик. Қийин ўйинлар кўп бўлди, бир неча марта очко ҳам йўқотдик. Аммо иккинчи даврага келиб жамоамиз ўз ўйинини топиб олди. Бир қатор кучли жамоалардан очко тортиб олишга муваффақ бўлдик. Умумий айтадиган бўлсам, гарчи биринчи давра биз учун омадли бўлмаган бўлса-да, мавсумнинг иккинчи қисмидан қониқиш ҳосил қилдим. Йигитлар зўр мавсум ўтказишди, умуман, биз учун барчаси ажойиб ўтди дейиш мумкин.
- Шу ўринда, сиз учун балки кутилган ёки кутилмаган савол. Сиз бир неча йиллар Яйпаннинг "Турон" клубида ўйнагансиз. Агар собиқ жамоангиздан таклиф тушса, қайтган бўлармидингиз?
- Ҳозирда "Металлург" билан амалдаги шартномам бор. Шу сабабли "Турон"га қайтиш ёки қайтмаслигим ҳақида айтсам, нотўғри бўлади. Ҳали бу борада гапиришга эрта деб ўйлайман.
- Яхши, унда футболдаги ўз позициянгиздан келиб чиқиб савол берсам. Сизнингча, ҳозирги кунда дунёнинг энг кучли дарвозабони ким?
- Тибо Куртуа. Бу борадаги шахсий фикрим шундай. Ҳозирги кунда айнан у дунёнинг энг кучли посбони бўлиб турибди.
- Яна собиқ жамоангиз ҳақида. "Пахтакор"га қарши Яйпанда бўлиб ўтган ўйинда "Турон” сафида учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилгандингиз. Ўша учрашувдан қандай хотира ва таассуротлар қолган?
- "Турон" – "Пахтакор" (1:1 қайд этилган – таҳр.) учрашуви футболчилик фаолиятимдаги энг яхши ўйинлардан бири бўлганди. Ўша куни Яйпандаги "Ўзбекистон" ўйингоҳидаги муҳит ҳам ажойиб бўлган. Стадионга ташриф буюрган маҳаллий мухлислар маза қилиб футбол томоша қилишган ва ўйин якунида чинакамига байрам қилишганди.
- "Турон" яқинда бўлиб ўтган ўтиш ўйинида "Локомотив"ни мағлуб этиб, Суперлигага йўлланма олди. Янги мавсумда бу жамоадан қандай натижаларни кутясиз?
- Биринчи навбатда, яйпанлик мухлисларни Суперлига йўлланмаси билан табриклайман. Улар бунга муносиб эдилар. Албатта, жамоага омад ва муваффақият ёр бўлишини тилаб қоламан. "Турон" янги мавсумда Суперлигада муносиб иштирок этишига ишонаман.
Бекзод Толибов ёзиб олди
Комментарии