Аҳмед Тиллаев: "Ўзбекистонда ўтадиган U-19 Осиё чемпионатига тайёргарлик режа бўйича кетмоқда"
21 июл 2020 15:20
Новости
Аҳмед Тиллаев: "Ўзбекистонда ўтадиган U-19 Осиё чемпионатига тайёргарлик режа бўйича кетмоқда"
Ушбу мусобақага уч ойдан кам вақт қолди. Хўш, Ўзбекистон нуфузли мусобақани қабул қилишга қанчалик тайёр? Стадионларимизда қандай муаммолар мавжуд? Турнир вақтида юртимизга қанча чет эл фуқароси ташрифи кутилмоқда? Мусобақа давомида қанча волонтёрлар фаолият олиб боришади? Шу ва бошқа саволлар билан U-19 Осиё чемпионати ишчи гуруҳи аъзоси, ЎФА ходими Аҳмед Тиллаев билан суҳбатлашдик.
- Бугунга келиб Ўзбекистон U-19 Осиё чемпионатини қабул қилишга неча фоизга тайёр?
- Биласиз, ОФК томонидан ҳар бир мусобақани ўтказиш босқичларга бўлинади. Маълум бир мусобақани қабул қилаётган давлатга режа ва график беради. Яъни мана шу санагача мана шу нарсалар тайёр бўлиши керак деган талабни қўяди. Ҳозиргача биз ОФКнинг барча талабларини бажардик. Июль ойигача бўлган талабларнинг барчасини қилганмиз.
- Пандемия туфайли ОФК вакиллари Ўзбекистонга келиши кечроқ муддатга қолдирилди ва улар ҳозирга қадар стадионларни кўра олишмади. Бу вазиятдан қандай чиқиб кетилди?
- Тўғри айтдингиз, ОФК инспекцияси вакиллари юртимизга келиб стадионлар, машғулот майдонларини текшира олишмади. Бироқ биз ЎФА матбуот хизмати билан бирга ҳар бир стадиондан видеоролик тайёрладик ҳамда ОФКга юбордик. Ушбу видеороликни кўрган исталган одам стадион ва машғулот майдонлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлади. Бу янгича ёндошув бўлганини ҳам таъкидлаш лозим.
- Стадионларда қандай муаммолар бор?
- Биз турнирга тайёрлаётган стадионларни ўрганиб чиққанмиз. Деярли муаммолар йўқ. Бўлса ҳам кичик муаммолар. Улар жуда катта глобал ёндашув талаб қилмайди. Биз танлаган "Бунёдкор", ОКМК, "Локомотив", "Навбаҳор" стадионлари Осиёда ўз ўрнига эга.
- Мамлакатимиз ушбу мусобақа вақтида жами қанча хорижлик меҳмонни қабул қилади? ОФК вакиллари, ҳакамлар, расмийлар, терма жамоа делегацияси ва ҳоказо.
- Ҳар бир делегациядаги шахслар сони 31 киши бўлади одатда. Шунингдек ўша делегацияни ичида мамлакат футбол федерацияларини раҳбарлари ҳам қатнашади. Бу дегани 40-50тагача бўлиши мумкин. Мухлисларни ҳисобга олмаган ҳолда умумий ҳисобда 750 киши иштирок этиши кўзда тутилган. Яна ОФК делегацияси ҳам бор. Улар 70 кишидан иборат. Шуни ҳисобга олганда 900га яқин хорижлик меҳмонлар келиши кутилмоқда.
- Мусобақа мухлисларсиз ўтказиладими?
- Бу савол ҳали очиқ турибди. ОФК билан бу борада музокара олиб бормоқдамиз. Ҳамма нарса юртимиздаги ва Осиё давлатларидаги пандемик вазиятга боғлиқ. Шундан келиб чиққан ҳолда ОФК ва ЎФА бир қарорга келади.
- Терма жамоалар қайси меҳмонхоналарда истиқомат қилишлари ҳал қилинганми?
- Ҳар бир меҳмонхонани кўриб белгилаб чиққанмиз. Май ойларидаёқ меҳмонхоналарни банд қилиб қўйганмиз. Терма жамоаларнинг жойлашувига қараб меҳмонхоналардан номер банд қилинган.
- Мусобақа давомида қанча кўнгиллилар (волонтёрлар) ишлашади?
- Турнир давомида камида 150 нафар кўнгилли ишлайди. Бугунги кунга қадар биз 50 нафар волонтёрларни танлаб олдик. Келаётган ҳар бир делегацияга бириктирилган волонтёрларнинг сони ва исми аниқ. Улар билан доимо алоқада бўлиб турибмиз. Кўнгиллилар орасида араб, япон, индонез, малай, хитой, корейс тилларини биладиган волонтёрлар ҳам бор. Делегацияларга имкон қадар ўша мамлакат тилини биладиган волонтёрларни бириктирдик.
Нарзулла суҳбатлашди
Комментарии