"Агар Эрматов европалик бўлганида, Чемпионлар Лигаси финалини албатта бошқарар эди". Сергей Карасёв билан суҳбат
18 ноя 2022 11:00
Новости
"Агар Эрматов европалик бўлганида, Чемпионлар Лигаси финалини албатта бошқарар эди". Сергей Карасёв билан суҳбат
- Ўзбекистон - Қозоғистон ўйинида ишлаш таклифи қандай ва кимдан тушди?
- Бу ерда ҳаммаси оддий, бу одамни ҳамма яхши билади – бу Равшан Эрматов. У шахсан қўнғироқ қилиб, таклиф этди. Бундан жуда хурсандман.
- У билан муносабатингиз қандай?
- ЖЧ-2018 га тайёргарлик чоғидаги даврдан бери яхши муносабатдамиз. У беш йил олдин: "Ўзбекистонга терма жамоа ўйинига ҳакамлик қилиш учун келасизми?" деганди. Мен: "Ҳа, мамнуният билан", дедим. Мен бу давлатга биринчи марта келдим ва умуман МДҲ давлатларидан, афсуски, фақат Қозоғистон ва Озарбайжонда бўлдим. Ўзбекистон ранг-баранг мамлакат. Равшан билан маҳаллий таомлар ҳақида суҳбатлашдик, бу мавзу менга жуда қизиқ. У илгари таклиф қилган эди, лекин бу амалга ошмаганди. Энди, ниҳоят, у бу ерга келди.
- Эрматов билан гаплашганингиздан сўнг футбол федерациялари бир-бирлари билан мулоқот қила бошлашдими?
- Ҳа, аввалига у қўнғироқ қилди, мен дарҳол ижобий жавоб қайтардим. Чунки ҳозир бошқа чемпионатлар каби РПЛ ҳам пауза. Биз раҳбарият билан суҳбатлашдик. Ҳаммаси тезда, том маънода беш дақиқа ичида ҳал бўлди ва биз ўйинга кетишга рухсат олдик.
- Ўзбекистон - Қозоғистон учрашувини сиз бошқариб боришингиз ҳақида маълумот ўйиндан бир неча кун олдин пайдо бўлди. Эрматовдан қачон таклиф тушди?
- Суҳбат октябрь ойининг ўрталарида бўлган. Ўшанда ҳам бу ўйинга ҳакамлар бригадамиз келиши тахминан аниқ эди.
- Ўзбекистон ва Қозоғистон футболчилари иштирокидаги ўйинларда хизмат қилдингиз. Улар қайсидир маънода бошқа ўйинчилардан фарқ қиладими? Балки уларда алоҳида менталитет бордир?
- Кимда қандай характир борлиги билан чуқур қизиқмадим. Биринчи навбатда, менталитетга эмас, балки ҳакам даражасига қараш керак: у ўйинни қандай бошқаради, футболчилар билан қандай мулоқот қила олади. Албатта, турли мамлакатлардан келган футболчиларнинг ўзига хос жиҳатлари бор, лекин агар ҳакам қандай гапиришни ва ўз фикрларини етказишни билса, барча жамоалар ва барча ўйинчиларга бирдек муносабатда бўлса, унда бу одам қайси давлатдан эканлиги муҳим эмас. Футболчи 80 дақиқа хотиржам бўлиб, кейин портлаши мумкин. Бир ёки иккита ҳуштак - ва ўйин даражаси кўтарилади ва яқингача хотиржам бўлган ўйинчи ўзини бутунлай бошқача тутиши мумкин.
- Шомуродов ёки Зайнутдинов билан мулоқот қиласизми?
- Ҳакамлар майдон ташқарисида футболчилар билан камдан-кам мулоқот қилишади. Ҳа, ўйин давомида ёки ўйин олдидан бир неча сўз, ҳазил алмашишимиз мумкин, чунки кўпчилик бир-бирини танийди. Айтганча, бу ҳам барчага яхши тўлқинга мослашишга ёрдам беради. Ҳакамлар футболчиларга улар бир хил одамлар эканлигини ва фақат футбол майдонида ёрдамчи эканлигини дарҳол етказиши муҳим. Ҳаётда ҳакамлар камдан-кам ҳолларда футболчилар билан шунчалик қаттиқ мулоқот қилишади. Балки агар ҳакам собиқ профессионал футболчи бўлса ва у бир пайтлар бирга ўйнаганларни баҳоласа. Лекин Шомуродовнинг ривожланаётганини ҳаммамиз кузатиб боряпмиз. У "Ростов"да ўйнаган вақтида кам гапирар ва фақат ўз ишини қилган.
- Терма жамоалар ўйинлари ва клублар ўртасидаги учрашувлар устида ишлашда фарқ борми?
- Деярли бир хил. Ҳар бир ҳакам ўзига хос тарзда тайёргарлик кўради: Айтайлик, кимлардир ўйиндан олдин ухлаши мумкин ва ҳатто тушлик ҳам қилолмайди. Ҳар кимнинг ўзига хос хусусиятлари бор, лекин РПЛ ўйини, терма жамоа ўйини, Чемпионлар лигаси ўйини - фарқи йўқ. Бу тайёргарлик аллақачон одатий ҳолга айланиб бормоқда, чунки сиз нима қилиш кераклигини, сизни нима кутаётганини биласиз. Футболчилар учун, менимча, худди шундай.
- Кеча Тошкентга келдингиз. Ҳакамлар шаҳар айланишга вақт топа оладими?
- Биз ҳар доим ўйин арафасида келамиз. Бу Россия чемпионати ўйиними ёки халқаро ўйинми, фарқи йўқ. Кеча келдик, дам олиш вақти келди, шаҳарга бироз айландик.
- Шаҳарни ким билан айландингиз? Равшан Эрматов биланми?
-Йўқ, Равшан билан тез орада албатта гаплашамиз.
- Ҳозир Осиёда Эрматов қайд этган кўрсаткичларни ёки ҳеч бўлмаганда унга яқинлаша оладиган ҳакам борми?
- Мен осиёлик ҳакамларни кўп ҳам яқиндан кузатиб бормайман. Бу борада мен ҳамкасбларим билан ушбу мавзуни муҳокама қилдим. Ўйлашимча, буни такрорлай оладиган йўқ деган хулосага келдим. Бу жаҳон ютуғидир. Ўйлайманки, у кўп йиллар давомида жаҳон чемпионатларида ўйинлар сони бўйича рекордчи бўлиб қолади. Инсон ўз меҳнати ва матонати туфайли бунга эришди.
- Халқаро ўйинларга таклифномасиз сизга қийинми?
- Бу ажойиб мотивация бўлди. Шунинг учун мен ҳам Европа футболини деярли кузатиб бормайман. Сабаби аниқ: россиялик ҳакамлар ўша ерда бўлишди, улар яхши ўйинларда ҳакамлик қилишди, аммо ҳозир биз у ерда эмасмиз. Мен қилишни истаган нарсалар кўп эди. Қолаверса, сўнгги икки йил давомида биз оёққа туриб олдик: бизга яхши ўйинлар ишонишди, Евро-2020да яхши ишладик. Ҳозирда биз Россия чемпионати ишларига кўпроқ шўнғиб кетяпмиз. Ҳар бир ҳакам энди ўз мотивациясини излаши керак. Бошқа давлатлардан ҳакамларни таклиф қилишса, хурсанд бўламан: яқинда Саудия Арабистонида эдик, ҳозир Ўзбекистонда. Биз дўст давлатлар билан ҳамкорликни давом эттиришга умид қиламиз.
- Агар Эрматов европалик ҳакам бўлганида, Чемпионлар Лигаси финалини бошқарармиди?
- Албатта ҳа. Мен бунга аминман.
- УЕФА Суперкубоги баҳсида ҳакамлик қилдингиз. Агар ҳакам шундай ўйинга қўйилган бўлса, у Европа Лигаси ёки Чемпионлар Лигаси финалига тайёрланяпти, деган фикр бор. Финалга чиқишингиз мумкинлигини ҳис қилдингизми?
- Бу ушбу мавсум содир бўлиши даргумон. Биз 2021 йилнинг август ойида УЕФА Суперкубогида ҳакамлик қилдик ва кетма-кет иккинчи марта финалга чиқиш имкониятимиз жуда паст эди. Бундай ҳолатлар бўлган, аммо бу камдан-кам учрайди ва булар юқори чемпионатларнинг ҳакамлари эди. УЕФА Суперкубоги менга ишониб топширилгани аллақачон катта ютуқ. Келгуси йил шунга ўхшаш нарсаларни кутмоқдамиз. Балки УЕФА Конференция Лигаси финали. Лекин барибир, одам ҳамма нарсага кўниши мумкин. Мен ҳакамлик қилишни ва имкон қадар футбол майдонида қолишни хоҳлайман.
- УЕФА ва Роберто Розетти (УЕФА ҳакамлар офицери - эслатма) билан алоқада бўлиб турасизми?
- Йўқ, февраль ойининг охиридан бери УЕФАдан менга ҳеч ким ёзмаган ва қўнғироқ қилгани йўқ. Европа давлатларининг ҳакамлари баъзан ёзишади – улар ишлар қандай кетаётганини сўраб туришади. Номларини айтмайман, лекин улар доимо такрорлайди. "Биз сиз учун хавотирдамиз", дейишади.
- Ҳозир россиялик ҳакамлар томонидан семинарлар ўтказилмоқдами?
- Бизга битта VAR семинарига ҳавола юборилди - шунчаки электрон почта орқали почта рўйхатида қолганимиз учун. Лекин бизни шахсан ҳеч ким таклиф қилмади. Гарчи яқин икки-уч йил ичида ФИФА рефериси бўлиш умиди бор ёш ҳакамлар бир-икки марта Швейцарияга боришган. Ушбу дастур UEFA CORE деб номланади, у ёш ҳакамларнинг ривожланишига масъулдир. Шундай қилиб, РФИ ва УЕФА ўртасидаги кичик ип ҳали ҳам қолмоқда.
- Сиз аллақачон 43 ёшдасиз. Ҳакамлик фаолиятингизни якунлаганингиздан кейин қандай иш билан шуғулланмоқчисиз?
- Мен шу соҳада қоламан, албатта. Балки ёш ҳакамларга дарс берарман. Лекин мен инспектор бўлмайман, чунки ҳозирда ВАР мавжуд ва бутун дунё бўйлаб инспекторлар институтидан аста-секин воз кечилмоқда.
Комментарии