Даҳшат! Иорданияга қарши ўйиндан олдин кореялик футболчи Сон Хён Минга мушт туширишга уринган
14 фев 14:40
Новости
Даҳшат! Иорданияга қарши ўйиндан олдин кореялик футболчи Сон Хён Минга мушт туширишга уринган
Корея Республикаси Қатар мезбонлик қилган Осиё кубогининг ярим финал босқичида Иорданияга сенсацион тарзда мағлуб бўлиб, мусобақа билан хайрлашганди. Ушбу учрашувдан олдин терма жамоа ичида низо келиб чиққани маълум бўлди.
Гап шундаки, Корея Республикаси термаси кечки овқатга йиғилади, терманинг нисбатан ёш бўлган уч нафар ўйинчиси (Ли Кан Ин, Сеол Йонг Ву ва Жунг Во Йонг) эса тезроқ овқатланиб, стол тенниси ўйнашни бошлашади. Улар бироз шовқин солишади ва овқатланаётган бошқа жамоадошларига ҳалал беришади. Бу ҳолат жамоа сардори Сон Хён Минга ёқмайди. Сон жамоадошларига ўйинни тўхтатиб, терма жамоа овқатланаётган столга қайтишларини, бу нарса Иорданияга қарши ўйиндан олдин жамоанинг бирдамлиги учун муҳимлигини айтади. Стол теннис ўйнаётган ўйинчилар сардорнинг гапига қулоқ солишмайди ва ўртада низо келиб чиқади. Шундан сўнг, Сон Хён Мин ПСЖ футболчиси Ли Кан Иннинг ёқасидан ушлайди. Ли Кан Ин эса жавоб тариқасида Сонга мушт туширади, аммо "Тоттенхэм" футболчиси бу зарбага чап беришга улгуради. Бошқа футболчилар жанжални бостираётган пайтда Сон Хён Миннинг бармоғи чиқиб кетади. Ярим финал ўйинида Сон иккита бармоғи бирлаштирилган ҳолатда махсус боғич билан ўйнашига айнан шу ҳолат сабаб бўлган. Умуман, Сон Хён Мин ва Ли Кан Ин ўртасидаги совуқ муносабат анчадан бери давом этарди. Бу жанжал эса "портловчи" нуқта бўлади.
Cон Хён Мин Иорданияга қарши ўйинда иккита бармоқларида махсус боғлам билан ҳаракат қилган
Вазият шу билан якунланмайди. Кореялик тажрибали футболчилар бош мураббий Юрген Клинсманнинг ёнига Ли Кан Инни таркибдан четлаштиришни илтимос қилиб киришади, аммо мураббий буни рад этади. Сон ва Ли Кан Ин Осиё кубоги ярим финал ўйинида тўлиқ майдонда ҳаракат қилишади.
Иорданияга учралган аламли мағлубиятдан сўнг, Сон Хён Мин терма жамоадаги келажаги ноаниқ эканлиги ва бунга мураббий сабаб эканини маълум қилди.
"Келажакда терма жамоада ўйнайманми, йўқми, буни билмайман. Мураббий ортиқ менга эътибор қаратмаяпти. Бундан кейин нима бўлишини билмайман", -дейди Сон Хён Мин.
Клинсманн Жанубий Корея бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилиш арафасида турибди
Комментарии