Испания Суперкубоги. Бенземанинг голи инобатга олинмаган кечада "Атлетик" "Реал Мадрид"ни мағлуб этди
15 янв 2021 03:00
Новости
Испания Суперкубоги. Бенземанинг голи инобатга олинмаган кечада "Атлетик" "Реал Мадрид"ни мағлуб этди
"Реал Мадрид" – "Атлетик" 1:2
Голлар: 0:1 – 18 Рауль Гарсия, 0:2 – 38, пенальти Рауль Гарсия, 1:2 – 73 Бензема.
"Реал Мадрид" – Куртуа, Варан (Начо, 46), Менди, Рамос, Васкес, Кроос, Модрич (Вальверде, 67), Азар (Винисиус Жуниор, 67), Каземиро, Асенсио, Бензема (Мариано Диас, 88).
"Атлетик" – Унаи Симон, Баленсиага (Морсильо, 79), Мартинес, Капа (Лекуэ, 68), Де Маркос, Рауль Гарсия (Вильялибре, 79), Венседор (Весга, 68), Муниаин (Беренгер, 71), Дани Гарсия, Нуньес, Уильямс.
Огоҳлантиришлар: Васкес (37), Капа (56), Кроос (83), Дани Гарсия (84), Унаи Симон (88).
Ушбу саҳифада учрашувнинг матнли трансляциясини кузатиб боришингиз мумкин бўлди.
Қайта ва қайта уринсада "Реал" "Атлетик" дарвозасига иккинчи тўпни кирита олмади ва финалда "Барселона"га қарши энди Марселино Тораль шогирдлари курашишади.
Учрашувнинг асосий вақтига 6 дақиқа қўшиб берилди.
90-дақиқа. "Реал" ҳимоядан чиқишда тўпни олдириб қўйди ва Каземиронинг жон ҳолатда тўп йўлига отилиши вазият фақатгина бурчак тўпи билан якунланишини таъминлади.
89-дақиқа. Огоҳлантириш! Унаи Симон ўйинни чўзгани учун сариқ карточка билан "сийланди".
88-дақиқа. Ўзгариш! Карим Бензема ўрнига Мариано Диас ўйинга қўшилди.
87-дақиқа. Хавфли вазият. Ҳужумчига айланган Серхио Рамосдан омад юз ўгирди.
84-дақиқа. Огоҳлантириш! Тони Кроос майдон марказига яқин нуқтада Дани Гарсияга нисбатан қўпол ўйнагни учун сариқ карточка билан огоҳлантирилди.
82-дақиқа. ГООООЛ! Лекин Бензема буёғига одатга кўра десак ҳам бўлар, яна ўйиндан ташқари ҳолатда...
80-дақиқа. Тибо Куртуанинг ишончли ўйинигина ҳозиргина майдонга тушган Асьер Вильялибре гол уришига йўл қўймади.
79-дақиқа. Рауль Гарсия ўрнини Асьер Вильялибрега бўшатиб берди.
77-дақиқа. "Реал" футболчиларига "жон кирди". Улар тезроқ югура бошлагандек.
75-дақиқа. Бўлди, ГОООООООЛ инобатга олинди! Карим Бензема ҳисобига гол ёздириб қўйди.
73-дақиқа. ГООООЛ! Аммо Карим Бензема яна ўйиндан ташқари ҳолатда. Ҳозирча ҳакам сабр қилишни сўрамоқда ва ёрдамчиларини тингламоқда.
71-дақиқа. Ўзгариш! Икер Муниаин ўрнига Алекс Беренгер туширилди.
70-дақиқа. "Реал" ҳамон рақиб дарвозаси томон йўл изламоқда, лекин ҳозирча омади чопмаяпти.
68-дақиқа. Ўзгариш! Андер Капа ўрнига Иньиго Лекуе, Унай Венседор ўрнига Микель Весга майдонга туширилди.
67-дақиқа. Ўзгариш! Эден Азар ўрнига Винисиус, Лука Модрич ўрнига Феде Вальверде майдонга туширилди.
65-дақиқа. Яна бир хавфли вазият юзага келиши мумкин эди, лекин Васкеснинг узатмасидан кейин ҳимоячилар тўпни қайтаришга муваффақ бўлишди.
63-дақиқа. Яна Тони Кроос зарба йўллади, бу сафар германиялик футболчи кетма-кет икки марта дарвозани нишонга олишга уринди, лекин яна ноаниқ.
61-дақиқа. Хавфли вазият! Менди, Кроос, Азар ва Асенсио иштирокида ташкиллаштирилган ҳужумни Марко якунлаб берди, лекин унинг зарбасидан кейин тўп устунга тегиб, майдонга қайтди.
59-дақиқа. Прессинг оқибатида тўпни олиб қўйган "Атлетик" футболчилари анча хотиржам ўйнаб, рақиб босимидан тўпни йўқотмай чиқиб кета олишди.
58-дақиқа. Марко Асенсио ўзининг ажойиб зарбасини ишга солди, лекин тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.
56-дақиқа. Огоҳлантириш! Андер Капа ҳам ўхшаш вазиятда Эден Азарни йиқитгани сабаб огоҳлантирилди.
55-дақиқа. Лукас Васкес рақибига нисбатан қўпол ўйнади ва ҳакам жарима зарбаси белгилади.
53-дақиқа. Икер Мунианин сал қолса учинчи голни уриб, амалда "Реал"га чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйиши мумкин эди.
51-дақиқа. Танаффусдан керакли кўрсатмаларни эшитган "қаймоқранглилар" иккинчи бўлимда рақибни марказнинг буёғига деярли ўтказишмаяпти.
49-дақиқа. "Реал"нинг узоқ давом этган ҳужуми Каземиронинг ноаниқ тўп узатмаси сабаб узилиб қолди.
47-дақиқа. Иккинчи бўлим ҳудди биринчиси каби бошланди. "Реал Мадрид" деярли ўз жарима майдончасидан тўпни олиб чиқишига тўғри келмоқда ва бу унчалик ҳам осон бўлаётгани йўқ.
46-дақиқа. Иккинчи бўлим бошланди!
Ўзгариш! Рафаэль Варан ўрнига Начо ўйинга қўшилди.
Бўлди, биринчи бўлимга умуман вақт қўшиб берилмади. Танаффус. Ҳозирча кўпроқ иштиёқ билан ҳаракат қилаётган "Атлетик" ишончли тарзда олдинда бормоқда.
45-дақиқа. Иньяки Уильямс дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди, Куртуа жамоасини учинчи ўтказиб юборилган голдан қутқариб қолди. Вазият охирига етгач, қулоқдаги мосламадан хабар олган бош ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этди.
43-дақиқа. Тони Кроос яна жарима майдони кириб ўтирмай, зарба йўллаб кўрди. Тўп йўл-йўлакай ердан бир сапчиган бўлсада, дарвозабон уни биринчи уринишдаёқ ушлаб олди.
40-дақиқа. Ҳозирча "Реал"нинг ўйини деярли ўзгармаяпти. Кутилмаган, кескин ҳаракатлар етишмаяпти.
Ҳа, бўлимнинг ҳозиргача ўтган қисмининг анти-қахрамони Лукас Васкес десак муболаға бўлмайди. Сабаби биринчи голда ҳам айнан Васкеснинг ноаниқ узатмасидан кейин тўп йўқотилганди, иккинчи голда яна унинг пассивлиги, ҳужумчини йўқотиб қўйиши ва ортидан қоида бузгани туфайли пенальти белгиланди.
38-дақиқа. ГОООООЛ! Рауль Гарсия тўп ва дарвозабонни турли бурчакларга равона қилди.
36-дақиқа. ПЕНАЛЬТИ! Ҳакам "Реал Мадрид" дарвозаси томон ўн бир метрлик жарима зарбасини белгилади.
33-дақиқа. "Реал Мадрид" яна ҳимоядан чиқишга қийналмоқда.
31-дақиқа. Яна "Реал" ҳужумда. Бу сафар узатмадан кейин дарвозабон ишончли ўйин кўрсата олмади, лекин Зизу шогирдлари ҳам бундан фойдалана олишмади.
30-дақиқа. Хавфли ҳужум. Модричнинг узатмасидан кейин ўнг қанотдан Лукас Васкес олдинга ўтди ва тўпни жарима майдони марказига етказди, Асенсио ва Бензема тўпга етишига бир баҳя қолди.
28-дақиқа. Карим Бензема тўпни қабул қилиб, зарба йўллади, лекин тўп дарвоза тўрига ташқи томондан тегди. Қўшимчасига ҳакам франциялик футболчи ўйиндан ташқари ҳолатда бўлганини маълум қилди.
27-дақиқа. Жавоб ҳужумида Икер Муниаин зарба йўллади, бироқ тўп тўғри Тибо Куртуанинг қўлига бориб тушди.
26-дақиқа. Марко Асенсио ўнг қанотдан катта тезликда олдинга ўтди, жарима майдончасига кириб-кирмай кучли зарба йўллади, аммо тўп дарвозадан анча узоқдан ўтиб кетди.
25-дақиқа. Узоқ давом этган ҳужумда тўп қанотдан-қанотга кўчиб юрди ва Ферлан Мендининг узатмасидан кейин Тони Кроос ўрта масофадан зарба беришга қарор қилди, лекин ноаниқ.
22-дақиқа. "Реал" ҳозирча ўзига келганича йўқ, аксинча "Атлетик" яна олдинга ўтмоқчи бўлди, Модрич ҳимоячиларга ёрдамга келиб тўпни майдондан ташқарига чиқариб юборди.
18-дақиқа. ГООООООЛ! "Атлетик" ҳисобни очди. Рауль Гарсия зарба муаллифи. Лукас Васкес тўп оширишда хатога йўл қўйди ва ундан кейин Варан ҳам, Рамос ҳам ўз футболчиларини ёпиб улгуришмади.
16-дақиқа. Тони Крооснинг жарима зарбасидан узатган тўпига Серхио Рамос биринчи бўлиб етиб борди ва бош билан зарба берди, аммо бироз ноаниқ.
14-дақиқа. Бильбаоликларнинг прессинги бироз сусайгандек, балки шу сабабли ҳам ўйин темпи ҳам бироз тушди чоғи.
12-дақиқа. Каземиронинг кутилмаган, лекин ажойиб узатмасидан кейин Азар ўта қулай вазиятга чиқиб борди, лекин бельгиялик ҳужумчи зарба бергунча ортидан ҳимоячилар етиб келиб, унга бемалол зарба бериш имконини қолдиришмади. Бурчак зарбасидан кейин эса ҳимоячилар тўпни узоқлаштиришди.
10-дақиқа. Ўнг қанотдан ривожлантирилган ҳужумни Эден Азар зарба билан якунлади, бурчак тўпи.
9-дақиқа. Карим Бенземанинг хатосидан сўнг рақиб тезкор ҳужум уюштирди ва Иньяки Уильямс бир нечта рақиблари орасидан олдинга ўтиб кетаётганди, лекин ҳужумчи тўпни ўзида керагидан кўп ушлаб қолгани сабаб ҳам олдириб қўйди.
7-дақиқа. Серхио Рамос Дани Гарсияга нисбатан қўпол ўйнади ва ҳакам жарима зарбасини белгилади.
5-дақиқа. Аввалига "Атлетик" ҳужум уюштираётгандек эди, аммо "қаймоқранглилар" тўпни олиб қўйиб тезкор қарши ҳужум уюштиришди ва қулай вазиятдан зарбани амалга оширганига қарамай, Лука Модричнинг уриниши кўнгилдагидек чиқмади.
3-дақиқа. Ферлан Мендининг фаоллиги орқали "Реал" ўйиндаги биринчи бурчак зарбасини ишлаб олди. Узатмадан кейин тўп яна майдон ташқарисига чиқиб кетти, иккинчи бурчак тўпи.
2-дақиқа. "Реал" тўпга эгалик қилмоқда, бильбаоликлар эса илк дақиқаларда анча фаол тарзда прессинг қўллашмоқда.
1-дақиқа. Ўйин бошланди! Уни "Реал Мадрид", Карим Бензема бошлаб берди.
Футболчилар трибунаостида, майдонга чиқишга тайёр туришибди.
Баъзи нейтрал мухлислар ҳам бугун "Реал"га омад тилашмоқда ва буни Суперкубок финалида "Эль-класико" кўришни исташлари билан изоҳлашяпти. Аммо сизларга бир сирни очамиз, бугун агар мабодо "Атлетик" Бильбао қайсидир маънода сенсация қайд этиб, ҳал қилувчи ўйинга йўл олса ҳам "Эль-класико" бўлади. Ҳа, адашмадингиз, "Атлетик" Бильбао билан учрашувлар ҳам "Эль-класико" деб номланади. Сабаби ушбу уч жамоа, яъни "Реал", "Барса" ва "Атлетик" Испания олий лигасидан тарихда бирор марта ҳам тушиб кетишмаган. Бундай клублар фақатгина 3 та!
Номинал мезбон "Реал Мадрид" футболчиларининг чигалёзди машғулотларидан лавҳаларни эътиборингизга тақдим этамиз.
Шубҳасиз, бизни қизиқарли беллашув кутиб турибди. Сабаби ушбу рақибларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар соларкансиз, бу тўқнашув зерикарли бўлмаслигига ишонч ҳосил қиласиз.
Жамоаларнинг асосий таркиблари маълум бўлиб улгурган.
"Реал Мадрид" – "Атлетик Бильбао"
"Ла Росаледа" стадиони
"Реал Мадрид" - Куртуа, Рамос, Варан, Азар, Кроос, Бензема, Модрич, Асенсио, Каземиро, Васкес, Менди.
"Атлетик Бильбао" – Унаи Симон, Баленсиага, Мартинес, Капа, Де Маркос, Рауль Гарсия, Венседор, Муниаин, Дани Гарсия, Нуньес, Уильямс.
Комментарии