Эктор Купер: "Осиё чемпиони бўлсак натижадан қониқаман"
06 дек 2018 10:49
Новости
Эктор Купер: "Осиё чемпиони бўлсак натижадан қониқаман"
Матбуот анжумани соат 11:00да бошланиши режалаштирилган. Ушбу саҳифада савол-жавобларни ўқиб бориш мумкин бўлади.
10:49. ЎФА матбуот анжуманлар залига журналистлар йиғилишмоқда.
11:00. Вақт бўлди. Барча Эктор Куперни кутмоқда...
11:01. Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи матбуот анжуманлари залига кириб келди.
Матбуот анжуманида Эктор Купер, унинг таржимони Даврон Аҳмедов ва МОҚ президенти маслаҳатчиси Санъат Шарипов иштирок этмоқда. Тадбирни ЎФА матбуот хизмати бошлиғи Ёқубжон Бобожонов олиб бормоқда.
- Австралиядаги йиғиндан кейин журналистларда кўплаб саволлар пайдо бўлди. Хатоларимиз етарлича бўлди. Барча учун ютқазиш ёқимсиз. Бунинг ижобий томонлари бор. Бу мураббий учун ижобий. Яъни мағлубиятдан сўнг камчиликларимизни билиб олдик. Осиё Кубоги ҳақида гапирадиган бўлсак умидим катта. Йигитларни яхши тайёрлаган ҳолда етарли куч билан борамиз деган умиддаман, - дейди Эктор Купер.
- Олтита ўртоқлик ўйини ва учта йиғин сизга терма жамоани ўрганиб олиш учун етарли бўлдими?
- Мен ўртоқлик ва расмий ўйинларни ажратмайман. Иккаласига бир хил тайёргарлик кўрамиз. Франция ҳам ҳимоявий ўйин кўрсатиб Жаҳон чемпиони бўлди. Агар мен хато қилаётганимни сезсам дарҳол ўзгартираман. Балки Осиё Кубогида бошқача тактикада ўйнармиз. Буни билмаймиз.
- Октябрь ойида сиз ноябрь ойидаги йиғиндан сўнг Осиё Кубогига борадиган таркиб 90 фоизга аниқ бўлади дегандингиз. Суперлига ҳам тугади. Барчаси ҳал бўлдими?
- Тўғри ноябрь ойида дегандим. Аммо олдинда яна битта йиғин бор. Ушбу йиғинда ҳам бир қатор янги футболчиларни синаб кўрамиз. Шундан кейин якуний таркибни аниқлаймиз.
- Ливан билан ўйиндан олдин биз фаворит ҳисоблангандик. Аммо ўша жамоага қарши ҳам ҳимоявий ўйнадик. Осиё Кубоги гуруҳ босқичида ўзимиздан нисбатан иккита терма жамоа билан ўйнаймиз. Ўша ўйинларда ҳам ҳимоявий ўйнаймизми?
- Назарий жиҳатдан қайсидир рақиб қоғозда кучсиз бўлиши мумкин. Биз барча рақибга бир хил ёндошамиз. Менинг тактикам ҳимоявий эмас. Менга ҳимоя қилиш ҳам ёқади, ҳужум қиламиз. Хавотир олмасангиз бўлади, бизда Б план бор. Яхши ҳимояланган ҳолда вазият бўлгани заҳоти ҳужумга ўтишга уринамиз.
- Одатда мураббийларда икки хил муаммо бўлади. Биттаси футболчи кўплигидан улардан қайси бирини чақиришни билмайди, иккинчиси футболчи камлигидан қийналади. Бундан ташқари Россияда ўйнаётган Марков, Галиулин, Афонин ва Денисов каби футболчиларга эътибор қаратилмоқдами?
- Германияда футболчилар кўп. Лекин Жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқа олмади. Четда ўйнаётган футболчилар ҳозирги футболчилардан кучли дея олмаймиз ёки аксинча. Доим мураббийнинг қарорига қарши чиқадиган одамлар бўлади. Бундай ҳолатда мувозанатга эришиш лозим.
- Ҳозирги таркибдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогида қандай натижа қайд этса сиз қониқасиз?
- Осиё чемпиони бўлсак.
- Доим мухлислар натижага эътибор қилади ва тактикага қизиқмайди. Суперлигани кузатдим, қанот ҳимоячилар жуда яхши ўйнашмоқда. Аммо менинг ҳам ўз қарашларим бор, шунга қараб ишлаймиз. Ноябрь ойида икки ўйинда юта олмадик кўпчилик барчаси ёмон деб айтди, октябрь ойида икки ўйинда ютдик ва барчаси яхши дейишди. Аммо бундай эмас. Барча жойда камчиликларимиз бор. Улар устида ишлашимиз керак.
- Майдонда барчасини футболчи бажаришини ҳисобга олиб Сизнинг тактикангиз балки футболчиларга маъқул келмаётгандир. Улар билан бирга бир суҳбатлашасизми? Теорияда нималарни гаплашасизлар?
- Ҳозирча футболчилар мен талаб қилаётган ишни қила олишига 100 фоиз ишонаман. Мен мураббийман, барча хато қилади. Агар ўйинчилар буни бажара олмаяптими уни ўзгартиришимиз мумкин.
- Туркиядаги йиғиндаги рақиблар маълум бўлдими?
- У ерда битта ўртоқлик учрашуви бўлади. 26 ёки 27 декабрь куни ўртоқлик ўйини ўтказамиз.
Мухлисдан савол: - Осиё Кубогида ҳам шундай ўйнаймизми? Ёки Осиё Кубогидаги рақибларимиз билиб қолмаслиги учун ўйинни очмадингизми?
- Барча терма жамоада ўз тактикалари бўлиши керак. Осиё Кубогида ҳам шу услубда ўйнаймиз деб бўлмайди. Барча журналистлар пессимистик руҳда саволлар беришмоқда. Мен эса оптимистик руҳдаман. Худо хоҳласа Осиё Кубогида ҳам чемпион бўлишимиз мумкин.
Мухлисдан савол: Россия ҳам Жаҳон чемпионатидан аввал барча ўртоқлик ўйинларида салбий натижа қайд этди ва мундиалда ажойиб ўйнади. Сизга "айёр финалчи" деган лақаб қўйилган. Сиздан ҳам Осиё Кубоги финалини кутишимиз мумкинми?
- Тўппа тўғри. Иложсиз нарсани ўзи йўқ. Осиё Кубогида нафақат финалга чиқиш балки ғалаба қозониш ҳам мумкин. Мағлубиятлардан кейин журналистларда ҳам, мухлисларда ҳам кайфият тушиб кетади. Менда бу нарса кўп бўлган.
Нарзулла Сайдуллаев
Комментарии