ЎФФга таклиф: МТЖ, ПФЛ ва "етимча ўғиллар"
18 сен 2017 17:32
Новости
ЎФФга таклиф: МТЖ, ПФЛ ва "етимча ўғиллар"
Яқинда ЎФФ президентлигига янги раҳбар сайланди. "Пахтакор"даги қисқа фаолияти орқали футбол жамоатчилигига таниш бўлган ёш шижоаткор раҳбар Умид Аҳмаджонов эндиликда футболимиз тепасига келди.
Аввало янги раҳбарга машаққатли ишда зафар ва омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Футболимизнинг эртаси ва келажагига умид пайдо қилаётган Умид Аҳмаджоновга бир нечта таклифларим бор эди.
Кўпчилик ҳамкасбларимиз футболимизни буткул янгилаш, тубдан ислоҳ қилиши ҳақида жуда кўп гапиришмоқда, ёзишмоқда. Болалар футболидаги муаммо ва камчиликлар ҳақида етарлича мақолалар чоп этилди, муаммолар гапирилди. Мен бу ҳақида тўхталмоқчи эмасман.
Таклифим бошқа масалада.
Таклиф №1.
Барчамизни юрагимиздан жой олган терма жамоамиз ҳақида ҳар куни қайғурамиз, эртаси ҳақида ўйлаймиз. ЖЧ об-ҳавосидан нафас олишни яна тўрт йил орзу қилишда давом этамиз.
Бугунги кунда терма жамоа бош мураббийи ўрни бўш турибди. Биз Ўзбекистонни мундиалда кўришни истасак, унда бош жамоага хориждан КУЧЛИ мутахассис жалб этишимиз керак. Агарда хориждан мутахассис олиб келиш режаси бўлса, унда мураббий иш услубини кичик деталларигача эътибор қаратиш лозим. Терма жамоага мураббий танланаётганда нафақат эришган ютуқлари, балки кимлар билан қандай ишлаганига қадар назар солмоқ зарур.
Кучли мураббий олиб келиш ҳақида айтдим, лекин бу дегани номдор бўлиши шарт, дегани эмас.
Масалан бизга Луис Фелипе Сколари ёки лотин америкалик бошқа мутахассис келгани билан натижага эришиши қийин. Кўпчилик испаниялик мутахассисларни ҳам тилга олади. Аммо испаниялик мураббийлар ҳар қанча кучли бўлмасин, улар билан мундиалга йўлланмани қўлга киритиш қийин масала. Нега дейсизми? Чунки испаниялик мутахассислар хуш кўрадиган услуб ва тактикага бизнинг футболчилар мос келмайди. Тан олиш керак, бизнинг футболчилар техник тарафлама, қисқа узатмалар, яъни тики-така услубида улар кутган ўйинни намойиш этишлари қийин. Испаниялик мутахассислар таркибга қараб тактика қўллашмайди, аксинча ўз услубига мослаб футболчиларни териб олишни хуш кўради.
Бизнинг футболчиларни ўз услубига мослаб, улар истайдиган футболни намойиш этишга ўргатиши учун вақт ҳам етмайди. Испаниялик мутахассислар талаб қиладиган футболга юқори интеллект зарур бўлади. Тезкор фикрлаш, пасни қабул қилмасданоқ тўпнинг кейинги манзилини билиш ва ҳоказо.
Бизга кўпроқ Италия, Германия ёки Голландиядан кучли мураббий керак. Италиялик мутахассислар мавжуд таркибдан маълум натижага эришиш учун керакли тактикани танлашни билишади. Италия футбол мактаби тактик тарафлама жаҳонда тенгсизлиги бежизга эмас. Германиялик мураббийлар эса тартиб интизом ва аниқ механизим билан ишлашга уста.
Немис мутахассислари аниқ бир номлар ёки индивидуаль жиҳатдан кучли футболчилар орқали жамоа ўйинини қуришмайди. Улар яхши жипслашган, курашувчан ва тажовузкор жамоа тузишади. Яъни германиялик мутахассислар учун жамоа сафида юлдуз ёки индивидуаль кучли футболчилар бўлиши шарт эмас. Немис мутахассислари юлдузларсиз ҳам кучли жамоани шакллантира олишади. Футболчиларни менталитетини ўзгартиш бўйича уларга етадигани йўқ. Айнан бизбоп жиҳат, яъни футболчиларимизнинг менталитетига ғолиблик руҳини киритиш лозим. Немис мураббийларининг фалсафаси жуда оддий. Фақат ғалаба. Жамоа қандай ўйнамасин, ҳакам хуштаги чалинганида таблодаги ҳисоб уларни фойдасига бўлишини хуш кўрувчи мутахассислар ҳисобланишади.
Отто Рехагельнинг Греция билан Евро-2004да қайд этган натижаси яққол мисол.
Голландиялик мураббийлар ҳам терма жамоамизга керак бўлган мутахассислардан. Голланд футболи мактаби тарбиясини олган мутахассислар тотал футболни хуш кўришади. Голландиялик мутахассислар ҳам жамоа менталитетини ўзгартиришни қойил қиладиган мураббийлар саналишади. Гус Хиддинкнинг Жанубий Корея билан ЖЧ-2002да қайд этган натижаларни эслашнинг ўзи кифоя. Айнан шундан кейин Жанубий Корея футболи яхшигина юксалишга эришди. Яъни Гус Хиддинк Жанубий Корея футболига янгича услуб ва менталитет олиб кирганди. Россия футболига янги об-ҳаво олиб кирган мутахассислар айнан голландиялик мутахассислар бўлишганини барча яхши эслайди. Дик Адвокат ва Гусс Хиддинкнинг хизматлари эвазига "Зенит" УЕФА кубогини, Россия терма жамоаси эса Европа чемпионатида ўзига хос шов-шувга сабабчи бўлганди. Бир неча йил мундиалсиз қолган Саудия Арабистонини ҳам ЖЧга олиб чиққан Берт ван Марвейк ҳам голландиялик эканлигини эслатиш шарт эмас.
Ҳозирги кунда бизга иш ёндошувидан ҳам, тактик услубидан ҳам жуда зарур бўлган мураббийлар айнан мана шу учта давлатдан. Айни пайтда ишсиз юрган ва бизнинг таклифимизга "лаббай", деб жавоб қайтариши мумкин бўлган мураббийлардан - Гус Хиддинк, Луи ван Гаал, Берт ван Марвейк.
Хусусан Луи ван Гаалнинг кўнглига "Пахтакор" устози Шота Арвеладзе орқали йўл топиш мумкин. Шогирд ўз устозини ҳам Ўзбекистонга чорлашга кўмаклашиб юборишига шубҳа йўқ.
Шунингдек, асли украиналик, лекин тўлиқ немис футбол мактаби таҳсилини олган Виктор Скрипник ҳам терма жамоамиз бош мураббийлигига асосий номзодлардан бири бўлиши мумкин. Ушбу мутахассисни терма жамоамизга таклиф этиш ҳақида бундан 1 йилча аввал ёзгандик. Аммо федерация ўшанда бунга беэътибор қараганди.
ЎФФнинг нияти жиддий бўлса, унда ЖЧ-2022 учун бугундан ҳаракатни бошлаш лозим. Биринчи ишни эса терма жамоага муносиб мураббий топишдан бошлаш керак.
Бизга жамоа қура оладиган кучли мутахассис керак. Биргина футболчига таянадиган ва унинг индивидуаль ҳаракатларга боғланиб қоладиган услубни жорий этадиган мураббий керак эмас.
Хориждан келадиган мураббий терма жамоамизни буткул янгилаши, эски номларни фақатгина номи учунгина ўйнатишни бас қилиши керак. Қарияларни муносиб кузатиб қўйиб, янги Ўзбекистон терма жамоасини бугундан шакллантириш шарт.
Янги келадиган мураббий учун Осиё Кубоги-2019 жамоани синовдан ўтказиб олиш учун яхшигина имтиҳон вазифасини бажариши лозим. Яъни ким келса ҳам Осиё Кубогида терма жамоамиз олдига аниқ вазифани қўймаслик керак. БААда ўтадиган Осиё Кубоги терма жамоамизни шаклланишига хизмат қилгани маъқул. Терма жамоани олдига натижа қўймай ҳам, юқорида айтилган хорижлик мураббийлардан бири келса, ўйин йўлга қўйиб олиниб, мураббий ўзи истаган жамоани қуриб олиши мумкин.
Таркиб ҳам шунга монанд янгиланиши шарт.
Терма жамоа таркибини деярли буткул янгилаш шарт. Одил Аҳмедов атрофида янги терма жамоани қурсак, менимча, мақсадга мувофиқ бўларди. Аҳмедовнинг тажрибаси ҳамда етакчилик хусусияти бошқа ёш футболчиларимизга қўшимча куч ва ишонч бўлишига шубҳа йўқ.
Агарда ЎФФнинг мақсади хориждан эмас, балки яна маҳаллий мураббийлардан бирига ишонч билдириш бўлса, унда Миржалол Қосимовдан бошқа номзодга кўзимиз тушаётгани йўқ.
Тан олиш керак, ҳозирги кунда Қосимовдан ўтадиган кучлироқ маҳаллий мураббийни кундузи шам ёқиб ҳам топиб бўлмайди.
Қосимовни иккита мундиалга эплолмади, дейишга чоғланаётганлар эслатма: ЖЧ-2010да Инилеевни ўрнига қутқарувчи бўлган Қосимов ЖЧ-2014да Абрамовни алмаштирганди. Яъни Қосимов ҳозиргача ҳеч бир мундиалда тўлиқ битта циклда ишлагани йўқ.
Таклиф №2
ПФЛ масаласида, ПФЛни буткул янгилаш шарт ва лозим. Чунки ташкилот иши жуда катта танқидлар ва эътирозларга сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. ПФЛга аввало янги раҳбар керак. ПФЛ ташкил этилганидан кейин стадионларимизда мухлислар ташрифи кескин пасайгани, чемпионатимиз савияси тушиб кетаётгани барча танқидлар ва эътирозлар ўринли эканлигига яна бир исбот.
Футболимизга, хусусан ПФЛга янгича қараш лозим. Футболга ёндошувни ўзгартиришиз керак.
Футболда майда ёки кичкина деталлар бўлмайди. ПФЛга янги келадиган раҳбар барча ишни профессионал йўлга қўиишни ўрганиши, ОАВ орқали чиқиш қилишга кўникиши ва матбуотни тинглаши зарур. Бутун футболи ривожланган давлатларнинг лигаларида шундай. Замонавий футбол талаби кундан-кун кучаймоқда. Ҳозирги ПФЛ эса замонавий футбол талабларига умуман жавоб бера олмайди.
Янги келадиган раҳбар ишни аввало футболи ривожланган лигаларга (АПЛ, Бундеслига, Ла Лига, Россия премьер лигаси, А Серия) бориб, улардан иш ўрганишдан бошласа мақсадга мувофиқ бўларди. Бунга шароит ва имконият етарли, чамамда.
У ердаги ишларни ўрганиб, бу ерга келиб ўшаларни ярмидан ярмини ҳам қўлласа бу жуда катта фойда келтиради. Профессионал лигалардаги ишга бўлган муносабат, ёндошувни ўзиёқ буткул фарқ қилади. Шуларни янги раҳбар ўз кўзи билан кўриб келиб ПФЛга қўллаши лозим.
Энди ПФЛдаги "етимча ўғиллар" ҳақида. Нега "етимча ўғиллар" дедим?
Биласиз, бизда терма жамоа йиғин ўтказишни истаб қолса, ПФЛдаги исталган учрашувлар номаълум муддатга қолдирилади. Клуб терма жамоа режасига қараб иш тутишга мажбур бўлади. Деярли барча клубларимиз мураббийлари турли хил терма жамоаларимизнинг навбатдан ташқари йиғини туфайли азият чекишади. Шу нарсага барҳам бермоқ лозим.
Ҳа, бизда барчаси терма жамоа учун. Терма жамоа манфаати барчамиз учун биринчи ўринда. Лекин бундан профессионал деб номланишни истайдиган клубларимиз кўп азият чекишади. Нега клуб бизда ўзини ўйламайди?
Нега клуб раҳбарияти ва мураббийлари бизнинг асосий мақсад терма жамоаларга футболчи етказиб бериш, деган вазифа билан ишлашади. Шу боисдан ҳам ҳеч бир фронтда натижалар бўлмаяпти. Клуб ўз йўлидан кетса, уларни режаларига ҳеч ким аралашмаса ва тўсқинлик қилмаса, бу ўз-ўзидан терма жамоамизга фойда келтираверади.
Бутун дунёда ФИФА кунлари бор ва айнан шу паллада барча терма жамоалар йиғин қилишади, ўртоқлик ўйини ёки расмий учрашувларда майдонга тушишади. Барчага шароит ва имконият бир хил яратилган. Бизда эса қўшимча имкониятлар бор, лекин бундан наф йўқ.
Аксинча турган-битгани зарар.
Клубларимизнинг ўзини мақсади ва вазифаси бўлиши керак. Клуб мураббийи фақат ўз ишини қилиши лозим. Терма жамоамизнинг янги мураббийи йиғин ўтказишни истаса, ўйлаймизки бу сафар ҳаммаси бошқача бўлади. ФИФА кунларида ёки чемпионатимиз тақвимига таъсир қилмайдиган паллаларда бемалол йиғин ўтказаверсин. Аммо клубларимизни ҳам ҳурмат қилишни бошлайлик.
ПФЛ ҳам баъзан терма жамоаларимизнинг йиғинлари туфайли тақвимда навбатдан ташқари ўзгартиришларга қўл уради. Мажбур бўлади. Шу нарсани йўқотайлик. Ҳамма ўз ишини қилсан. Қисқа қилиб айтганча, ПРОФЕССИОНАЛ бўлайлик.
Бу нарсаларни ЎФФ президентига мурожаат ва таклиф сифатида ёзаётганим, клубларимиз раҳбарлари ҳамда мураббийларига ўз мақсад ва вазифалари сари ишлашларини уқтиринг, ўргатинг. Шунда бу ўзбек футболи фойдасига ишлайди. Ҳамма жамоаларимизнинг ўз мақсади ва вазифаси бўлсагина ўсишга, юксалиш ва ривожланишга эришиш мумкин.
Шунчаки терма жамоага футболчи етиштириб бериш, деган вазифа ҳеч қаерда йўқ. Амалда ҳам йўқ. Қани ўша гапларнинг исботи унда, ҳурматли клубларимиз раҳбарлари ёки мураббийларимиз? Қани ўшалар? Чунки бу шунчаки қуруқ баландпарвоз гаплардан бошқаси эмас.
Шу боисдан ҳам бу кўзбўямачиликларни тугатиш керак.
Дунё ва европа футболидан ўрнак олсак, ишонинг, биз ҳам кўзлаган мақсадларимизга эришамиз.
ПФЛ эса ўз клубларини ҳимоя қила оладиган ПРОФЕССИОНАЛ ташкилотга айланса, менимча, ҳамма хурсанд бўлади.
Умид қиламизки, янги раҳбарият билан барчаси янгича ва ўзгача бўлади.
Умидимиз Умид Маҳаматжонович Аҳмаджоновдан...
Комментарии