Юрий Саркисян "Нефтчи" аъзоларига омад тилади ва янги мураббийга тўн кийдирди
13 июл 2022 20:06
Новости
Юрий Саркисян "Нефтчи" аъзоларига омад тилади ва янги мураббийга тўн кийдирди
Иккинчи даврага тайёргарлик кўраётган фарғоналиклар Тошкентдаги йиғин доирасида "Янгиер-қурувчи"га қарши назорат учрашуви ўтказмоқда.
Ўйин аввалида водий жамоасини узоқ муддат бошқарган Юрий Саркисян "Бунёдкор" академияси майдонига ташриф буюрди.
"Йигитлар, мен нима ҳам дея оламан. Ҳаётда нимага эришган бўлсам, барчасига "Нефтчи" сабабчи бўлган. Футболчи сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам ушбу клуб билан муваффаққият сари қадам қўйганман. Кўпчилик менга қўнғироқ қилиб, кимга мухлислик қилишимни сўрашади. Кимга ҳам мухлислик қилишим мумкин? Мен бунгача ва бундан кейин ҳам фақат ва фақат "Нефтчи"га мухлислик қиламан. Менга жамоада қандай раҳбарият ишлаганининг нима фарқи бор, мен ҳамиша "Нефтчи" билан биргаман. Сизларни ортда қолган байрам билан табриклайман. Келаётган иккинчи давра сизга омадли келсин. Мен ҳар доим ушбу жамоага мухлислик қилганман ва бундан кейин ҳам мухлис бўлиб қоламан. Буни ёдда тутишингизни истайман. Жамоани ким бошқариши, унда кимлар ишлаши аҳамиятсиз - "Нефтчи" ҳаётимнинг бир парчаси бўлиб қолади. Сизларга омад тилайман!" — деди Юрий Вазгенович.
Шундан сўнг Саркисян яқинда "Нефтчи" бош мураббийи этиб тайинланган Виталий Левченкога тўн кийдирди ва унинг келгуси фаолиятида омад тилади.
Комментарии