Йосович, Байдуллаев, Тошмирзаев ёхуд 2021 йилда ўз жамоасининг энг яхшилари (2-қисм)
01 янв 2022 22:49
Новости
Йосович, Байдуллаев, Тошмирзаев ёхуд 2021 йилда ўз жамоасининг энг яхшилари (2-қисм)
Кеча янги йил арафасида тортиқ қилган 2021 йилда ўз жамоасининг энг яхши футболчилари ҳақидаги фикрларимизнинг иккинчи қисмини ўқишингиз мумкин.
Драган Черан, Ўткир Юсупов ёхуд 2021 йилда ўз жамоасининг энг яхшиси бўлган 14 футболчи (1-қисм)
"Қўқон-1912": Иван Йосович
2021 йилдаги статистикаси: 24та ўйин, 6та гол, 2та ассист
Иван Йосович жорий мавсумда ҳақиқатдан қўқонликларнинг етакчисига айлана олди. У нафақат марказий ҳимоядаги ишончли ўйинлари, балки ўз голлари билан ҳам жамоасининг ғалабаларига муносиб ҳисса қўшди, дея оламиз. Сербиялик ҳимоячи мавсум якунларига кўра "Қўқон-1912"нинг тўпурари бўлди, Суперлигада марказий ҳимоячилар орасидаги энг яхши натижани қайд этди. Мана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда Йосовични "Қўқон-1912"нинг энг яхши футболчиси, деб топдик. Яна бир маълумот мудофаа чизиғи вакили 2022 йилда ҳам "шунқорлар" шарафини ҳимоя қилади.
Давогарлар: Муҳаммаданас Ҳасанов, Мурод Холмуҳаммедов
"Қизилқум": Эркин Байдуллаев
2021 йилдаги статистикаси: 5та гол, 1та ассист
Навоийнинг "Қизилқум" жамоаси учун мавсум муваффақиятсиз якунланганига қарамай таркибда ўзини кўрсатган футболчилар кўпчиликни ташкил қилди. Биз бир қатор номзодлар орасидан иккинчи ёшлигини ўтказаётган Эркин Байдуллаевни танладик. Майдон марказидаги етакчилик, ҳужумларни бошлаш ва лидерлик қобилиятини барча кўрди. Футбол жамоавий ўйин, гоҳида бир футболчининг қилган меҳнатлари жамоа фонида кўринмаслиги мумкин. Агарда яккама-якка спорт тури ҳисобланганда Байдуллаев ўйини ва ҳаракатоари бўйича бемалол юқори ўринларни эгаллай оларди. Профессионалликка амал қиладиган ярим ҳимоячи янги йил таътили бўлишига қарамай машғулотларни тўхтатгани йўқ.
Давогарлар: Элгужа Григалашвили, Георгий Кухианидзе
"Сурхон": Мурод Бобожонов
2021 йилдаги статистикаси: 23та ўйин, 5та гол
Мавсум давомида кўп муваффақиятсизликларга дуч келган ва якунда Суперлигада қолишни уддасидан чиқа олган жамоалардан бири "Сурхон" ҳисобланади. Бу йўлда жамоадаги барча футболчилар бирдек ҳаракат қилди. Худди АГМК сингари "Сурхон"да ҳам бирорта ёрқин футболчини кўрсатиш мушкул. Номинал номзод сифатида Мурод Бобожоновни танласак мақсадга муваофиқ бўларди. Негаки ушбу хужумчи мавсум давомида 5та гол урди. Улар орасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга голлар ҳам борлигини эслатиб ўтиш жоиз.
Давогарлар: Ислом Тошпўлатов, Хусниддин Ғофуров
"Металлург": Дамир Темиров
2021 йилдаги статистикаси: 26та ўйин, 4та гол, 1та ассист
Мавсум бошида қишда "Металлург"га келиб қўшилган Дамир Темиров янги жамоасига тезда мослашди. У айниқса Жасур Абдураимовнинг ҳужумкор услубига тўлиқ мос келганди. Тезкор ва эпчил ҳаракатлари билан эътиборни жалб қилган ярим ҳимоячи 4та гол уришга муваффақ бўлди. Унинг айниқса сафарда "Андижон" дарвозасига урган голи мавсумнинг энг чиройли голлари сафини безаб берди.
Давогарлар: Шаҳзод Ғофурбеков, Саламат Қуттибоев
"Машъал": Сирожиддин Қўзиев
2021 йилдаги статистикаси: 22та ўйин, 2та гол, 5та ассист
Эътибор берган бўлсангиз Александр Хомяков мураббийлигидаги "Машъал" асосан ҳимоявий ва тартибли ўйин намойиш этди. Муборакда ҳам жамоавий ҳаракатлар асосий планга чиқди. Гарчи жамоа якунда Суперлигадан тушиб кетган бўлсада, таркибда ўзидан яхши таассурот қолдирган ижрочилар кўзга ташланди. Улардан бири Сирожиддин Қўзиевдир. У жамоасининг 22та ўйинида 2та гол урди ва 5та голга ассистентлик қилди. "Газчилар" Суперлигадан тушиб кетди, лекин Сирожиддин Қўзиев Суперлигада қолди. Нега? У эндиликда элитага қайтган "Нефтчи"да тўп тепади.
Давогарлар: Самуэль Чигозе, Годвин Чика
"Андижон": Усмонали Исмоналиев
2021 йилдаги статистикаси: 20та ўйин, 4та гол, 1та ассист
"Андижон"нинг том маънодаги етакчиси Усмонали Исмоналиев бўлди десак янглишмаймиз. Сафарда "Навбаҳор" ва "Машъал" дарвозасига урган голлари жамоага тарихий ва ўта муҳим ғалабаларни олиб келди. "Андижон" тарихда илк бор Наманган ва Муборак шаҳарларидан ғалаба билан қайтди. Аслида соф ҳимоячи бўлган Усмонали Виктор Кумиков келгач ҳужумда ўйнай бошлади. Балки янги мавсумда Усмоналини бошқа жамоада кўрармиз. Буни вақт кўрсатади албатта.
Давогарлар: Фарҳод Соҳибжонов, Пламен Димов
"Турон": Билол Тошмирзаев
2021 йилдаги статистикаси: 23та ўйин, 1та гол, 4та ассист
2021 йилнинг энг чиройли голи муаллифи.
Яйпанликлар сафида майдонда ажралиб турган ягона футболчи - Билол Тошмирзаев. У ҳар бир учрашувда ўйинни ўз қўлига олишга, жамоаси учун нимадир қилишга интилгани таҳсинга лойиқ. Қўрқмасдан олдинга ўтиши, тўпни ўзида жуда яхши ушлаб тура олиши кўпчиликнинг эътиборини жалб қилди. "Локомотив" дарвозасига узоқ масофадан урган голи эса мавсум якунида энг чиройлиси, деб топилди.
Давогарлар: Суннатилла Абдуллажонов, Музаффар Музаффаров
Комментарии