RU

Последние новости

17:11Суперлига. "Олимпик" - "Навбаҳор" 1:2  0 17:10Суперлига. "Қизилқум" — "Динамо" 0:0 (матнли трансляция)  1 16:54Суперлига. Жамшид Болтабоевнинг дубли "Навбаҳор"га "Олимпик" устидан ғалаба келтирди  11 16:35"Ньюкасл" - "Арсенал". Кимлар асосий таркибда?  0 16:33Эшитдик-да! "Истиқлол" - "Пахтакор" ўйини нейтрал давлатда эмас Эронда бўлади  3 16:26"Қизилқум" - "Динамо". Асосий таркиблар билан танишинг  0 16:04Акмал Мозговой: "Чемпион бўлишимизга ишонмаганларга: биз буни уддаладик ва қолгани муҳим эмас"  7 16:03Лионель Месси келажакда мураббий бўладими?  1 14:56МЮ 7та сабаб туфайли Аморимни танлаган экан  6 14:06Эшитдик-да! Бекободдан совуқ шамол эсмоқда ёхуд "Металлург"нинг кейинги тақдири қандай кечади?   3 14:05U19 чемпионати. Бронза учун курашда "Олимпик"нинг қўли баланд келди  0 13:57Эшитдик-да! "Навбаҳор" футболчисига Суперлиганинг 4 клуби қизиқмоқда  4 13:42Рўзиқул Бердиевнинг "Насаф" бошқарувига келганидан бери ҳаётимизда нималар ўзгарди?  4 13:15"Реал" футболчисига тарихдаги энг катта маошни таклиф қилишди  0 12:53Рогачнинг қизил карточкаси, Мозговойдан супергол, "Насаф" чемпион бўлган ўйиндан бир талай расм   2

Янги рукн – “Мозийга қайтиб...” Новости

Янги рукн – “Мозийга қайтиб...”

Бу йил Ўзбекистонда футбол ташкил топганига 110 йил тўлади. Нишонланади дейилса тўғрироқ бўларди, бироқ бунга ишонч йўқлиги учун сана фактини келтириб қўя қоламиз.

1912 йил Қўқонда тузилган илк футбол жамоасидан заминимизга ҳам футбол дея аталмиш спорт тури кириб келган. Ўтган 100 йилдан зиёд вақт давомида у бизда ҳам миллионлар ўйинига айланган. Футболчиларимиз орасидан Осиё, Европа ва Жаҳон чемпионлари етишиб чиққан. Спортнинг бу турини қамраб олмаган еримиз йўқ ҳисоби. Ҳар бир вилоят ўз футбол тарихига эга.
Лекин, минг афсус, Ўзбекистонда футбол ташкил топганининг 100 йиллиги кенг миқёсда нишонланмади. Ўша пайтдаги футболимиз мутасаддилари гўёки футбол мамлакатимизда мустақилликдан кейин пайдо бўлган деган ғояни тарғиб қилмоқчи бўлишди. Бу билан улар дунё таниган Биродар Абдураимов ва Геннадий Красницкийни, миллионлаб мухлислар армонига айланган “Пахтакор-79”ни бордан йўқ қилмоқчи бўлишди. Қисқаси, футболимиз 100 йиллиги имида-жимида ўтиб кетди.

Сайтимизнинг ижодий гуруҳи футболимиз 110 йиллиги санасида “Мозийга қайтиб...” рукни остида тарихни акс эттирадиган мақола, интервью ва кўрсатувларни қайта чоп этиш ва намойиш қилишни режалаштирди. Уларда таништирув, танқид, оддий ўйин ҳисоботи ҳам бўлиши мумкин. Муҳими – бу футболимиз тарихининг ажралмас қисми ва бу ўқувчиларимизда қизиқиш уйғотишига ишонамиз. Ҳозирча ўзимизнинг шахсий архимиздан фойдаланамиз. Бироқ бошқа ҳамкасбларимиз, мутахассислар, мураббийлар, футболчилар ва мухлислар ҳаракатимизга қўшилиб, ўзларнинг шахсий архивидаги ижод намуналарини тақдим этсалар, бундан фақат хурсанд бўламиз.

Катта ва ўрта ёшдаги футболсеварлар бу ижод асарларини ўқиганлар, кўрганлар ва қутлуғ санада уларни яна бир бор эсга оладилар. Ёш авлод учун эса бу футболимиз тарихини ўрганиш учун ўзига хос кичик қўлланма бўлади. Борди-ю, футболимиз 110 йиллиги кенг миқёсда нишонланиши эълон қилинса, унда заминимизда футболнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши ҳақидаги мақолаларни ҳам бериб боришни бошлаймиз. Биз бошладик, давом эттириш эса Сиздан!


Мозийга қайтиб... 


“Пахтакор-79” маъшум авиаҳалокати ҳақида деярли барчамиз биламиз. Лекин ундан 9 йил олдин пахтакорчилар учун фожеали тугаши мумкин бўлган воқеа ҳақида кўпчилик билмайди. Сабаби, ўша пайтдаги совет матбуоти бу қўрқинчли ҳодисани ёритмаган. Аниқроғи, бу каби салбий ҳолатларни оммага етказиш тақиқланган. Фақатгина, орадан 26 йил ўтиб, ўша воқеага шахсан гувоҳ бўлган Ахбор Имомхўжаев ўзининг “Футбол – қувончим, дардим, фахрим” китобида ҳодисага батафсил тўхталди. Эътиборингизга ўша мақолани ҳавола қиламиз.

ЁДДАН ЧИҚМАЙДИГАН УЧРАШУВЛАР
1970 йил, 30 октябрь“Торпедо” Кутаиси – “Пахтакор” – 1:4.
“Пахтакор” таркиби:
Н. Любарцев, С. Доценко (В. Кузьмин), В. Штерн, Б. Петухов, Р. Турғунов, В. Варюхин, В. Цибин, В. Солохо, Р. Юнусов, Б. Абдураимов, Т. Исоқов (В. Родионов).
Ушбу учрашувгача чемпионатнинг бор-йўғи ўн ўйини қолган бўлиб, “Пахтакор” 25, “Торпедо” эса 23 очко тўплаганди, холос. Кўп жиҳатдан бугунги ўйин кимнинг олий лигада қолиш-қолмаслигини ҳал қиларди.

Кутаиси шаҳридаги автомобил заводи маъмурияти ишчи-хизматчиларнинг стадионга келиб ўз командаларини қўллаб-қувватлашлари учун жума кунини дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида қарор чиқарди, лекин деярли бир кеча-кундуз давомида тинимсиз ёққан ёмғир мўлжалланган режани бузиб юборди. Стадионга шу куни бор-йўғи 8000 футбол мухлиси ташриф буюрди холос.
Одатда ёмғир ёғаётган вақтда ўйин ўтказиш ёки ўтказмаслик масаласини фақатгина учрашув ҳаками ҳал қилади. Бу сафар ҳам шундай бўлди, москвалик ҳакам Ю. Бочаров ўйин ўтказилади деб кўрсатма берди. Ваҳоланки, ҳакамлик қонун-қоидасига кўра, у майдонга чиқиб тўпни бел бараваридаги баландликдан ерга ташлаши, тўп сакраб чиқсагина ўйинни ўтказиши мумкин эди. Энг тажрибали ҳакамлардан бири бўлган Бочаров бу оддий қоидага амал қилишни ўзига лойиқ кўрмади. Майдоннинг кўп қисми сув билан тўлиб, баъзи жойларжа унинг чизиқлари зўрға кўринарди.
Хуллас, ўйин бошланди, у футбол учрашувидан кўра масхарабозлар мусобақасига ўхшарди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, икки ўйинчи тўп учун курашиб олдинга ташланади, улар югуриб кетишади, тўп эса сув юзида қолиб кетади. Ёки бўлмаса футболчи тўп аралаш лойни тепади, рақиб команда ўйинчиси башарасига лой аралаш сув келиб тегади. Шўрлик футболчиларнинг киймига қараб бўлмайди, либослардаги рақамлар бутунлай кўринмайди, ҳамма ёқ лой.

Гап шундай вазиятда ким биринчи бўлиб шароитга мослашишида эди. Бу ишни аъло даражада бажарган ўйинчи Б. Абдураимов бўлди. У тўпни қабул қилиб олгач, бошқа ўйинчилар сингари, тўп билан олдинга ташланмади, балки олдинга баландлатиб тепди, тўп 5-6 метрга учиб бориб сув юзида тўхтаб қолгач, Биродар унга етиб келиб, яна ўша ҳолатни такрорларди. Майдон эгалари 3-4 киши бўлиб ҳам ҳужумчимиздан тўп олишолмасди, тўп унга оширилиб берилган ҳамон торпедочидар саросимага тушар, стадионда эса кулги кўтарилар эди.

Ана шундай ҳужумларнинг бирида, аниқроғи 13-минутда Абдураимов уч ҳимоячини ортда қолдириб, дарвозабон билан яккама-яккма чиқди ва уни осонлик билан алдаб ўтиб ҳисобни очди. Орадан 25 минут ўтгач, Биродар яна қанотда ўзига хос футбол спектаклини намойиш этди. У бирин-кетин тўрт ўйинчини алдаб бўлгач, тўпни узоқдан дарвозага тепди, дарвозабон тўпни катта қийинчилк билан қайтариб юборди, тўпга биринчи бўлиб энг чаққон ҳужумчиларимиздан бири Т. Исоқов етиб келди ва ҳисобни оширди.

Стадион сув қуйгандек жим-жит, ҳамон ёмғир ёғарди, баъзи мухлислар эса ўзларича сўкиниб стадионни тарк эта бошладилар. Уларнинг шу дақиқалардаги ҳоатларини тушуниш мумкин, албатта. Иккинчи бўлим бошларидаги майдон эгаларининг ҳужумларидан бири “Пахтакор” дарвозасига тўп киритилиши билан якунланди. Мухлислар орасида бироз жонланиш сезилди, энди майдонда тенг кураш борарди, лекин бу вазият узоққа чўзилмади. Пахтакорчилар яна ташаббусни ўз қўлларига ола бошладилар. Уларнинг кенг фронт бўйлаб ташкил қилаётган кўплаб ҳужумлари майдон эгаларини батамом ҳолдан тойдирди.

86-минутда Б. Иброҳимов қанотда икки ўйинчини алдаб ўтиб, тўпни Биродарга ошириб берди, у эса тўп билан жарима майдони чизиғи бўйлаб, дарвозага параллел ҳолатда югурди. Барча ўйинчилар у ҳозирги ҳолатда тўпни шерикларига ошириб берса керак деб ўйлашарди. Абдураимов бўлса, кутилмаганда тўпни зарб билан дарвоза томон тепди. Тўп дарвоза устуни билан тўсини учрашадиган жойдаги бурчакка бориб тушди.

Учрашув тугашига 2 минут вақт қолганида марказий ҳужумчимиз В. Родионов тўпни қабул қилиб олиб, жарима майдонига кириб борди, етолмаган ҳамоячилар уни тепишди, Володя йўлида давом этди. Яна тепишади, бу сафар ҳам у йиқилмасдан дарвозага яқинлашиб келади.

Шунда учрашув ҳаками Бочаров жуда қўпол хатога йўл қўйди (агар бу воқеа чет элларда бўлганида ҳакам барча мусобақалардан четлатиларди). У ҳужум давом этишини кузатиш ўрнига (ахир Родионов тўпни йўқотмаган эди-да), ўйинни тўхтатиб, 11 метрлик белгини кўрсатди. Ана холос, шунчалик ҳам уқувсизлик бўладими?

Майдон эгалари ҳакамни ўраб олишади, турли тиллардаги “суҳбат” давом этаётганлигидан фойдаланган дарвозабон қулочкашлаб ҳакамнинг афтига туширди. Ўзига келган Бочаров дарвозабон Гогияни майдондан ҳайдаб юборди. Шу дақиқаларда менинг ёнимда Ўзбекистонга рус тилида репортаж олиб бораётган ҳамкасбимиз Тенгиз Сулханашвили “Дўстим, мени кечирасан, бундай ўйинни падарига лаънат!” – деб хонадан чиқиб кетди.

Ҳайдалган дарвозабоннинг киймини олган команда капитани Цверава дарвозага туришга мажбур бўлди. У тўпни тепишга тайёргарлик кўраётган Биродарнинг олдига келиб, унинг қулоғига нималарнидир пичирлади. Иккалалари ниманидир келишиб олишди. Тўп тепилган дақиқада Цверава бир томонга ташланди, тўп эса дарвозанинг бошқа томонига бориб тушди. Ҳакам ўйин тамом бўлганини билдирди. Шу вақтда ҳимоячи Шергелашвили югуриб келибБиродарнинг бошига мушти билан урди, ҳужумчимиз лойга йиқилиб тушди. Бу жойга энг яқин турган Б. Петухов югуриб келди. Ўзимча пичирлайман “Эҳ худо, ишқилиб Борис Шергелашвилига жавоб қайтармасин, акс ҳолда майдонда ҳамма бир-бири билан уришиб жанг бошланиб кетади”. Борисга раҳмат, у гўё ҳеч нарса бўлмагандай келиб шеригини ўрнидан турғазиб қўйди, қолгапн ўйинчилар ҳам Биродарнинг олдига келгач, биргалашиб майдон маркази томон юрдилар.

Стадионда тўпалон бошланди, бир томондан команданинг мағлубиятга учраши, иккинчидан ҳакамнинг ўзбошимчалиги, учинчидан ўн бир метрлик тепиш чоғида Биродарнинг Цверавани алдагани (улар шундай деб ҳисоблашарди) натижасида ғазабга келган ишқибозлар энди майдон томон тошлар, бетон парчалари ва бошқа нарсаларни ота бошладилар. Ўйинчилар эса қўллари билан бошларини беркитган ҳолда ечиниш хонасига югуришди. Бир маҳал қарасам, майдонда фақатгина ҳакам, унинг ёрдамчилари ҳамда дарвозабонимиз Любарцев қолишибди. Улар қайси томонга юришса, ўша томондан тошлар ёғиларди, катта қийинчилик билан улар ҳам ўзларини панага олишга улгурдилар. Энг ёмони, стадионда милиция ҳодимлари ниҳоятда кам эди.
Репортажни якунлаб ташқарига чиқдим, назаримда худди уруш бўлаётган жойда юргандайман. Атрофда тошлар, ғишт парчалари, ойна синиқлари, ағдариб ташланган автобус, ҳаммаёқда шовқин-сурон, ким-ким билан уришар, кимнингдир қичқиргани эшитиларди.

Оғзим очилиб воқеаларни кузатар эканман, қаёқдандир делегациямиз раҳбари Элмар Аминов келиб қолди: “Имомхўжаев! Нима қилиб бу ерда турибсиз, агар улар сизни таниб қолишса, нима бўлишини биласизми? Юринг тезроқ!”. Ростини айтсам, ўзим пахтакорчилар турган хонани тополмай хуноб эдим, чунки барча эшиклар бир хил экан. Дарҳол футболчилармиз ёнига кириб бордим, уларнинг барчасини ғалаба билан табриклар эканман, бир томондан шундай жафокаш дўстларим билан фахрлансам, иккинчи томондан уларнинг кийим-бошларини кўриб ачиниб кетдим. Футболчиларимиз ўйиндан олдинги чигалёзди машғулотига спорт костюмларида тушишган, ўйинда эса футболкаларда қатнашишган туфайли иккала кийим ҳам ҳўл бўлган, бошқа кийимлар эса меҳмонхонада эди. Ўйинда қатнашмаган барчамиз устки кийимларимизни уларнинг елкаларига ташлаб қўйдик.


Ташқарида бақириқ-чақириқ давом этарди, бирдан хонанинг тепа томонидаги ойналарни синдирган ҳолда тошлар учиб кира бошлади. Баъзи тошларнинг катталиги гуваладек келарди. Барчамиз ойнали деворнинг пастки қисмига бекиниб олдик.

Вақт ўтиб борар, биз эса нима қилишимизни билмасдик. Ниҳоят стадион директори келиб ўзини таништирди, бу хонада қолиш хавфли эканлигини, бизларни бошқа жойга олиб ўтишини билдирди. Уни ҳақиқатан ҳам директор эканлигини ёнидаги ҳужжати орқали билиб олгач, йўлак орқали стадион ўриндиқлари остига жойлашган на деразаси, на эшиги бор хонага келдик. Эшик ўрнига панжара ўрнатилган экан, стуллар уёқда турсин, ҳатто скамейка ҳам йўқ.

Ташқаридаги шовқин-сурон кучая борди. Энди унга тез ёрдам ва ўт ўчирувчи машиналарнинг чийиллаши қўшилди, улар ҳам етмагандек ўқ овозлари эшитила бошлади, тепамиздаги гупур-гупур садолари бир дақиқа ҳам тинмасди.

Қоронғи ва зах хонада турганимизда бир киши келиб ўзини Кутаиси шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби деб таништирди ва панжара ёнига раҳбарлар келишини илтимос қилди. Унинг ёнига Элмар Аминов, федерациямиз вакили Жўра Хоназаров ҳамда бош тренер Михаил Якушинлар келишди. Биринчи котиб сўз бошлади:

-Гап бундай ўртоқлар, тепадаги ҳолатни сезаётган бўлсангиз керак. Тўрт машинада милиция ҳодимлари етиб келди, ҳозиргина ҳарбий горнизондан солдатлар чақиртирилди. Отишмалар натижасида, минг афсуски, ўлганлар ва ярадор бўлганлар бор. Уларнинг қариндош-уруғлари келиб, янгидан тартибсизликлар бошламоқдалар.
Ҳозир, биринчи навбатда, биз бу ердан ҳакамларни эсон-омон жўнатишимиз керак. Кейин торпедочиларни жўнатамиз. Ундан сўнг сизларга навбат келади, унгача қимирламасдан шу ерда туринглар, илтимос.

Элмар ака ҳам бўш келмади:
- Мени кечиринг, бу ердан аввал ҳакамлар ёки командангиз аъзоларини эмас, биринчи навбатда биз – яъни меҳмонларни олиб чиқишингиз керак, ўйин тамом бўлганига уч соат бўлди. Футболчиларимиз оч, бунинг устига атрофи бетон билан ўралган зах хонада турибмиз. Агар биринчи бўлиб бизни олиб чиқмасангизмени телефонли хонага бошлаб боринг, ўша ернинг ўзидан Тбилисига, ўртоқ Мжаванадзега (Грузия компартиясининг биринчи секретари, таҳ.) телефон қилиб, бу ердаги бебошликлар ҳақида унга хабар бераман!
Орага жимлик чўкди, сезиб турибман, биринчи котибнинг ранги оқарди, демак ўқ нишонга тегди.

- Майли бўлмаса, аввал сизларни олиб чиқамиз, лекин унгача бу ердан ҳеч ким жилмасин, мен ўзим ёнингизга келаман!
Орадан яна бир соатча вақт ўтди, ниҳоят котибнинг ўзи келиб, бизни ташқарига таклиф қилди. Аста-секин юқорига кўтарила бошладик. Шу дақиқада кўзимиз зинанинг пастки қисмида қонга беланиб ётган милиция вакилига тушди, тош унинг юзига текканлиги шундоққина сезилиб турарди. Тепага кўтарилдик, атроф жанг майдонини эслатарди: ағдарилган машиналар, ёнаётган мотоцикллар, синдирилган дарахт шохлари, тошлар... Шу куни торпедочилар капитани Цверава биринчи марта стадионга янги олган оқ рангли “Волга” машинасида келган экан, бечора машина тўнкарилган ва пачоқланган ҳолда ёнарди. Бу манзарани кўришнинг ўзи даҳшат эди. Ҳаммаёқда қуролланган милиционерлар, солдатлар...

Бизни эскигина бир автобусга таклиф этишди, унга чиқаётганимизда Якушин ҳайдовчидан чироқни ўчириб қўйишни илтимос қилди. Ҳайдовчи нотўғри тушунди шекилли, барча чироқларни ёқиб юборди. Бош тренер эса уни бўралатиб сўкди. Футболчилар ўтириб олишгач, сумкаларини елкаларига қўйиб, ҳар эҳтимолга қарши ойна томондан отилиши мумкин бўлган тошлардан бошларини ҳимоя қилишга киришишди.

Милиция машиналари ҳамкорлигида меҳмонхонага етиб келдик, раҳбарларимиз тезда ювиниб пастга тушишимизни ва ресторанда тамадди қилишимизни айтишди. Тўлаган икковимиз бир хонада турардик, энди пастга тушмоқчи бўлиб турганимизда хонадаги телефон жиринглаб қолди. Пастга тушишга ҳожат йўқлигини ҳамда ресторан официантларининг ўзлари хоналаргаовқат олиб чиқишларини тайинлашди. Емак олиб кирилганда қарасак, ҳар бир хонага катта бутилкада биттадан грузин виноси ҳам бор экан. Тўлаган винони ким берганини сўради, официант бўлса кексароқ бир киши, ҳойнахой бош тренер бўлса керак деди. Шунда Тўлаган ҳазиллашиб агар яна битта бутилка олиб чиқсанг, пулини икки ҳисса қилиб берман деди. Унга жавобан официант бош тренер кимда-ким яна вино сўраса, менга хабар бергин деб тайинлаганлигини билдирди.

Яна телефон жиринглади, бу сафар хонадан ҳеч қаёққа чиқмасдан ётишимизни тайинлашди. Орадан бирон соат ўтар-ўтмас тезда юкларни олиб пастга тушишимизни, у ердан Тбилисига жўнаб кетишимизни айтишди. Пастда эса яна ҳаммаёқ милиция кийимидаги кишилар билан тўлиб-тошган. Нима гаплигини суриштириб билсак, бир гуруҳ безорилар меҳмонхонани ўраб олиб, пахтакорчилардан ўч олишмоқчи экан, уларнинг бу шум ниятини милиция ходимлари сезиб қолишибди.

Ярим кечада автобусга ўтирдик, ҳайдовчи ёнида ҳамда орқа ўриндиқда милиция ҳодимлари, олдинда ва орқада иккитадан ГАИ енгил машиналари. Тоғли қорлар оша чарчаб ва хориган ҳолда Тбилисига етиб келдик. Яхшиям бош тренеримиз аввал Тбилисида ишлаган экан, унга ҳурмат бажо келтириб бизни шаҳар чеккасидаги динамочилар спорт базасига жойлаштиришди (ўша куни “Динамо” футболчилари сафарда экан).

Орадан икки соатлар вақт ўтгач бирдан хоналарнинг эшиклари қаттиқ-қаттиқ тақиллади, чиқиб қарасак ранглари оқариб кетган қоровул турарди, унинг қалтирашини кўриб биз ҳам қўрқиб кетдик. Кейин билсак, унга Кутаисидан сим қоқишиб “Сен эсини еган чол базадан “Пахтакор”га жой берибсан, тезда уларни ҳайдамасанг уйингни портлатиб юборамиз” дейишибди.
Эрта тонгда кўчага чиқдик. Лекин Тбилиси марказга бориш учун биронта транспорт топа олмадик. Илтимосимизга биноан тўхтаган автобус ҳайдовчиси “Сизлар “Пахтакор”ми?” деб сўради. Биз “Ҳа” деб жавоб берсак, ўша замон жўнаб қолди.

Грузиялик футбол мухлислари 11 метрлик белгидан жарима тўпи нотўғри белгиланди, уни тепиш жараёнида эса Абдураимов Цверавани алдади, у фақатгина капитанни эмас, балки барчамизни алдади, бунинг учун биз “Пахтакор”дан, биринчи навбатда Абдураимовдан ўч олишимиз керак, деб ҳисоблашарди. Бу воқеа яшин тезлигида бутун Грузияга тарқалганди. Мен Биродарни секин четга тортиб “Пахтакор” 3:1 ҳисобида олдинда эди, ўша 11 метрлик жаримани дарвозага киритмасангиз ҳам командамиз ғолиб чиқар эди-ку!” дедим. У чуқур ўйга толган ҳолда жавоб берди: “Биласизми, агар мен ўша тўпни киритмасам, ҳакам менга ўчакишиб қоларди ва кейинги ўйинларда мендан аламини оларди, мен кўпроқ шу томонини ўйладим”.

Бир амаллаб шаҳар марказидаги фуқаро авиациясининг агентлиги биносига етиб келдик. Бизни кўрган ҳар бир киши “Бу “Пахтакор” командасими?” деб сўрайди, ижобий жавоб олгач, Абдураимовни қаердан топиш мумкинлигини суриштиради. Биз эса дўстимизга турли хил эски кийимлар кийдириб, орамизда олиб юрардик.

Чипталарни расмийлаштириш ҳам чўзилиб кетди. Ҳаёл суриб уйқусизликдан гаранг бўлиб турсам, ёнимга икки грузин йигити келиб мени саволга тутишди. Сиртдан бўлса ҳам ўзбекистонлик футболчилар билан таништиришимни сўрашди. Мен ҳам бўш келмадим: “Мана бу суҳбатлашиб ўтирган Любарцев билан Иброҳимов, газета ўқиётган Турғунов, сумкасини кавлаётган Солохо, радио эшитаётган Штерн...” “Кечирасан дўстим, Абдураимов қайси бири?”. Иккови менга тик қаради. “Уни кеча кечқурун Москвага жўнатиб юборишди” (худони ўзи кечирсин). 



Суҳбатимиз тобора қизиб борарди: грузин футболчиларининг биринчи марта Тошкентда чемпион бўлишгани, “Пахтакор”нинг икки йил муқаддам кубок учрашувларининг финал ўйинида иштирок этгани, Котэ Махарадзени Ўзбекистонда ниҳоятда яхши кўришлари ва бошқа мавзуларда фикр алмашдик. Бир пайт суҳбатдошларимдан бири сўраб қолди: “Айтингчи, “Пахтакор” ўйинчиларининг рафиқаларидан қайси бири энг чиройлиси?”. Вазиятдан қутилиш учун Красницкий рафиқасини айтиб, уларга ҳам шундай савол билан мурожаат қиламан. “Бизда энг зўри Кахи Асатианининг рафиқаси, ана гўзаллигу, мана гўзаллик!” – деди у.

Шунда эсимга тўсатдан радио қўмитаси бухгалтерия ҳодимларининг илтимоси тушиб қолди. Улар мендан овқатга қўшиладиган ҳамда бизнинг гаримдорига ўхшаган аджика деб номланадиган аччиқ нарсадан олиб келишимни илтимос қилишган эди. Суҳбатдошларимга бу ҳақда сўз очдим, шунда улардан бири тезда уйига бориб, икки банкада уйда тайинланган аджика келтириб берди. Пулини тўламоқчи эдим, олмади.



Кечаси аэропортга келдик, бу ерда ҳам Абдураимовни қидириш “операция”си давом этарди, бунга қарши барча эҳтиёт чоралари кўриб қўйилганди. Ёнимга учувчи формасидаги бир киши келиб фамилиямни қийналиб-қийналиб айтди ва “Сиз Ковтиевскийни танийсизми?” – деб сўради. Мен эса шошиб қолиб “Ҳа, албатта танийман, биз у билан Тошкентда жисмоний тарбия институтини битирганмиз” – дедим. “Баракалла, дўстингиз сизни кутиб турибди, юринг, фақат илтимос, ҳеч ким сезмасин” – деб мени аэропорт биносига бошлади. Кейин билсам, курсдошим Тбилиси аэропорт бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаётган экан. Уни кўришим билан “Дўстим Анзор” деб қучоғига отилдим, иккаламиз етти йилдан бери кўришмаган эдик.

- Азизим, ҳамма воқеадан хабарим бор, ҳеч нарсадан чўчимангалр, барча эҳтиёт чоралари кўриб қўйилган, ҳозир мен пахтакорчилар ёнига борсам тўғри келмайди, ўзинг бориб раҳбарларни ва йигитларни ҳотиржам қил. Бироздан кейин ҳаммаларинг мени хонамга кирасизлар, тор бўлса ҳам бир амаллаб чидайсизлар. Ичкарида яна бир ихчамгина хона бор, у ерда Биродар дам олиб туради.
Хонада бир соатча ўтирганимздан сўнг, Анзорнинг ўзи кириб самолётга таклиф қилди, унинг хонасидан то самолёт пиллапоясигача икки қатор солдатлар ўзига хос йўлакча ҳосил қилишганди. Биз эса битта-биттадан ана шу йўлакчадан ўтиб ҳаво лайнерига кўтарилдик, унинг парвози олдидан Анзор ҳаммамиз билан ҳайрлашиб оқ йўл тилади.

Ҳали-ҳали эсимда, ТУ-104 самолёти Тошкентга келиб қўнганида биз ҳаммамиз донг қотиб ухлаб ётардик, стюардесса қизлар бизларни уйғотиш билан овора эдилар. Аэропортнинг ўзидан Анзор Ковтиевскийга миннатдорчилик сўздари битилган шошилинчнома жўнатдик...


Аброр Имомхўжаев тайёрлади

Рейтинг: +14   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика