Хуршид Хўжаев: "Ўткир айни пайтда Ўзбекистоннинг энг кучли голкипери ҳисобланади"
09 янв 2023 15:31
Новости
Хуршид Хўжаев: "Ўткир айни пайтда Ўзбекистоннинг энг кучли голкипери ҳисобланади"
Шундан сўнг, футболчи “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати учун қисқача интервью берди. Қуйида мазкур суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
– Хуршид, аввало “Навбаҳор”га хуш келибсиз? Жамоамиз сафига қўшилишингиз қай тарзда юз берди?
- Ассалому алайкум. Табрик учун раҳмат. Мени “Навбаҳор”га жамоа бош мураббийи Самвел Вячеславович Бабаян ва дарвозабонлар мураббийи Антон Майеранов таклиф қилишди. “Навбаҳор”да олдин ҳам ўйнаганим, жамоа менга бегона бўлмаганлиги боис, ушбу таклифни иккиланмай қабул қилдим. Бундан ташқари, янги мавсумда “Навбаҳор”нинг амбициялари юқори. Жамоа ўтган йили чемпионлик, шунингдек, Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш учун курашди ва Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритди.
Бўлажак мавсумда ҳам “Навбаҳор”нинг ўз олдига юксак мақсадлар қўйганлиги жамоага ўтишимга сабаб бўлди.
- “Навбаҳор”да Ўткир Юсупов асосий дарвозабон ҳисобланади. Шунингдек, у Ўзбекистон терма жамоаси посбони ҳам саналади. Юсупов билан рақобатлашишдан чўчимайсизми?
- Албатта, Ўткир Юсуповнинг тажрибали дарвозабон эканлигига шубҳам йўқ. У юртимизнинг энг кучли посбонларидан бири эканлигини ўтган мавсумда миллий терма жамоамиз ва “Навбаҳор”даги ўйинлари орқали исботлади.
Албатта, ҳар бир футболчи майдонга тушишни хоҳлайди. Лекин мен учун асосийси, жамоа ғалабаси. Вақти келиб, ҳолат шуни талаб қилса, зарурат туғилса, жамоага ёрдам беришга тайёрман.
Рақобат борасида тўхталадиган бўлсам, Аллоҳга таваккал қилиш керак. Олдин фаолият юритган клубларимда ҳам мендан кучли дарвозабонлар бўлган. Бироқ футболда ҳар хил ҳолатлар юз бериб туради. Ўткир айни пайтда Ўзбекистоннинг энг кучли голкипери ҳисобланади.
- Жамоамиз мухлисларига қандай тилакларингиз бор?
- “Навбаҳор”да 2014-2015 йиллар фаолият юритганлигим боис, жамоа мухлисларини жуда яхши биламан.
Бўлажак мавсумда “Навбаҳор” ишқибозларини хурсанд қилиш, уларга ёрқин ғалабалар тортиқ этиш ниятидамиз.
Бизнинг маълумот
Хуршид Хўжаев – 1988 йил, 14 февралда Қўқон шаҳрида туғилган.
Футбол билан 10 ёшидан шуғулланишни бошлаган.
Биринчи мураббийлари: Наримон Асанов ва Рифат Ҳасанов.
Амплуаси: дарвозабон.
Қўқондаги футбол мактаб-интернатини тамомлаган.
Футболчилик фаолияти: “Нефтчи” (Фарғона, 2012-2013 йиллар), “Навбаҳор” (Наманган, 2014-2015 йиллар), “Андижон” (Андижон, 2016, 2022 йиллар), АГМК (Олмалиқ, 2017-2018 йиллар), “Бухоро” (Бухоро, 2019 йил), “Истиқлол” (Фарғона, 2020 йил), “Қўқон-1912” (Қўқон, 2021 йил).
2023 йилдан “Навбаҳор”да.
Оилали. Уч фарзанднинг отаси.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати
Комментарии