"Хиросима-94"да Ўзбекистонни “олтин жамоа”га айлантирган Рустам Акрамов 70 ёшда!
16 авг 2018 13:04
Новости
"Хиросима-94"да Ўзбекистонни “олтин жамоа”га айлантирган Рустам Акрамов 70 ёшда!
Буюк устозни муборакбод этгани тадбирга унинг жуда кўплаб шогирдлари, дўстлари, фахрийлар жам бўлишди.
Тантанани олиб борган Аброр Имомхўжаев дастлаб табрик учун сўзни Ўзбекистон футбол ассоциацияси фахрийлар кенгаши раиси Наримон Жалоловга берди.
Н.Жалолов: - Тошкент вилоятида кичик бир Янгибозор шаҳарчаси бор. Бу ердан етишиб чиққан футбол кишиларининг номи эса донги кетганлар сарасига киради. Марҳум “Пахтакор-79” жамоасининг ажойиб футболчилари Олим Аширов, Михаил Ан, Владимир Фёдоров айнан шу ернинг тарбияланувчилари ҳисобланадилар. Дўстимиз Рустам Акрамов ҳам айнан Янгибозордан. У ўзбек ва Осиё футболи ривожи учун бажарган меҳнатларни санаб ўтишга вақт камлик қилади. Мен Рустам Акрамовичга тан-сиҳатлик, узоқ умр тилаб қоламан! Ҳамиша шундай бардам бўлинг, азиз Рустамжон!
Ахбор Имомхўжаев, футбол фахрийси: - Мен Рустам Акрамовни ёшлигидан буён биламан. У менинг шогирдларимдан. Бир воқеа ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Жисмоний тарбия институтига кириш имтиҳонлари бўляпти. Мен имтиҳон олувчи комиссия аъзосиман. Талабаликка даъвогарларни бирма-бир синовдан ўтказаяпмиз. Шу пайт кўзим дарвоза ортида тўпни жонглёр қилаётган баланд бўйли забардаст бир йигитга тушиб қолди. У тўпни шу қадар ажойиб тарзда жонглёр қилардики, буни кўриб ҳайратда қолдим. Ҳудди компьютер клавиатурасига асло қарамасдан матнни умуман беҳато ва шу даражада тезлик билан терадиган усталар каби, бу йигит ҳам тўпга умуман қарамасди. Ошналари билан гаплашиш жараёнида жонглёрни эпчиллик билан давом этарди. Шунда мен ёнимга ўша йигитни чақириб келишларини сўрадим. Абитуриент тезда олдимга етиб келди. Мен уни имтиҳондан ўтказмасдан, ўша жонглёрининг ўзиниёқ кўриб, аъло баҳо қўйиб бердим. “5” баҳони қўиш учун ундан имтиҳон дафтарчасини беришини сўрадим. У менга дафтарчани узатди. Баҳо қўяётиб исми-фамилиясига қарадим: Рустам Акрамов. Энди ўзингиз ўйланг, қайси ўқитувчи имтиҳон олмасдан беш баҳо қўйиб юборишга ўзида ботирлик топа олади. Рустам Акрамов ўшанда шунга мос равишда ҳаракат қилган эди.
Бу инсон фаолиятининг кейинги даврларида ҳам ҳамиша аъло даражада иш олиб борди. Буни ҳамма билади. Бежизга ФИФА ордени билан тақдирланмаган. Бежизга уни Осиё футбол конфедерациясида турли мартабали лавозимларда олиб юришмаган. Уни, айниқса, ОФКнинг собиқ бош котиби Дато Петер Велаппан қаттиқ ҳурмат қиларди. Бутун Марказий Осиёда Рустам Акрамовдек инсон ягона, десам асло муболаға бўлмайди.
Мурод Алиев, “Бунёдкор” ФК бош директори: - Мен футболчилик фаолиятим давомида кўплаб мураббийлар қўл остида тўп сурдим. Аҳрол Иноятов, Баҳодир Иброҳимов, Виталий Суюнов, Ханс Ферел, Акмал Азизхўжаев ва бошқалар. Аммо, ҳурматли Рустам Акрамович, сиздан бир қанча бировда йўқ жиҳатларни ўзлаштирганман. Сизнинг ўзингизни тутишингиз, гапириш жиҳатларингиз умуман бошқача. Инсонни суҳбатлашиш мобайнида ўзингизга ром эта олишингизни жуда юқори баҳолайман. Мана, ҳозир ҳам “Бунёдкор” болалар-ўсмирлар футбол мактабида ҳамон жавлон уриб меҳнат қилаяпсиз. Янгидан-янги шогирдлар етиштиришда ҳалигача тўхтаганингиз йўқ. Азиз устоз, яна узоқ-узоқ йиллар ҳаёт кўриб, сизга юртимиз футболи учун меҳнат қилишдан толмай юриш насиб этаверсин!
Миржалол Қосимов, “Бунёдкор” жамоаси бош мураббийи: - Қадрли Рустам Акрамович, мен сиздек устоз қўл остида ўйнаганимдан ғоят хурсандман! Хиросимадаги Осиё ўйинларида ғалаба қозонганимиз ҳудди кечагидек ёдимда. Бу буюк муваффақиятда сизнинг ҳиссангиз ҳамманикидан улуғ бўлган. Сизга доимо соғ юришни тилайман! Бир сўз билан айтганда, биз барча шогирдларингиз сиз билан фахрланамиз!
Асқар Толибжонов, ЎФА вице-президенти маслаҳатчиси: - Менга Рустам Акрамов узоқ йиллар давомида устозлик қилган. Ҳам илм соҳасида, ҳам спортда. Рустам Акрамович қўл остида номзодлик диссертациясини ёқлаганман. Устозим ҳаётда ҳам менга кўп нарсаларни ўргатган. Юртимиз учун жуда кўплаб футболчилар, унданда кам бўлмаган миқдорда мураббийлар етказдингиз. Барча сизнинг бу машаққатли меҳнатларингизни қаттиқ ҳурмат қилади. Устоз, ҳар доим шундай баланд ҳурматда юринг! Юбилейингиз муборак бўлсин!
Юрий Саркисян, “Бунёдкор” жамоаси маслаҳатчи мураббийи: - Мен фақат битта фактни келтираман, холос. Шунинг ўзиёқ Рустам Акрамовичнинг кимлигига аниқ ва тиниқ исбот бўла олади. Акрамов футболимиз тарихида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг биринчи бош мураббийи саналади. Шу кунгача Ўзбекистон миллий терма жамоасини 21 нафар бош мураббий бошқарган ҳамда яқинда 22-мутахассис тайинланди. Шу барча 22 нафар мураббий ичида Рустам Акрамов белгиланган вазифани бажара олган яккаю-ягона устоз ҳисобланади. Унинг олдига 1994 йилги Осиё ўйинларида ғалаба қозониш вазифаси қўйилган бўлиб, у бу топшириқни аъло даражада бажара олган. Қолган бирорта ҳам бош мураббий Ўзбекистон терма жамоасида унинг олдига қўйилган вазифани уддалай олмаган.
Улуғбек Мирзаев ёзиб олди.
Суратлар муаллифи – Анвар Нодиров.
Комментарии