Интервью. Улуғбек Мирзаев: «Давлатимиз ҳар бир клуб ўзини-ўзи молиялаштириши тарафдори»
25 апр 2020 18:26
Новости
Интервью. Улуғбек Мирзаев: «Давлатимиз ҳар бир клуб ўзини-ўзи молиялаштириши тарафдори»
Ушбу масала юзасидан батафсил ахборот олиш ҳамда бу жараён қандай юридик аҳамиятга эга эканлигига аниқликлар киритиш мақсадида, биз «Бунёдкор» ФК Бош директори Улуғбек Мирзаевга мурожаат қилдик ва қуйидаги маълумотларга эга бўлдик.
- Хабарингиз бор, 2012 йилдан бошлаб «Бунёдкор» футбол клубига «Ўзтрансгаз» компанияси бош ҳомий сифатида бириктирилган эди. 2019 йилнинг 31 декабрь санасига қадар давом этган ўзаро ҳамкорлик самарали бўлди, дея оламиз. Зеро, бу йиллар давомида «Бунёдкор» нафақат Ўзбекистонда, балки Осиёда ҳам 2005 йилдан забт этила бошлаган ўз ўрни, номи ва шуҳратини мустаҳкамлади. «Бунёдкор» муваффақиятларида албатта «Ўзтрансгаз»нинг ўрни беқиёс. Айниқса, 2019 йил аввалидаги қийинчиликлар, Академиямизнинг ёпилиши-ю, клубни қуйи лигага туширилиб юборилиши ҳақидаги миш-мишларга айнан «Ўзтрансгаз» барқарор маблағ таъминоти орқали нуқта қўя олди. «Бунёдкор» компания томонидан бир маромда молиялаштирилди ва бунга жавобан жамоа ўз тарихида илк бор Ўзбекистон чемпионатида учинчи ўринни қўлга киритиб, бронза медалларга эга чиқди. Яна бир бор тан олиб айтиш керак, жамоамизнинг ўтган йилги муваффақиятида «Ўзтрансгаз»нинг ҳиссаси катта. Шу ўринда, доимо клуб билан бирга бўлган, ҳомийлик масалаларида биздан ўз ёрдамини ҳеч қачон аямаган, барча мурожаатларимизга ижобий жавоб қайтарган, молиявий ишларда ҳар сафар муаммоларимизни ҳал қилиб берган «Ўзтрансгаз» АК раҳбарияти, хусусан, Бошқарув раисининг ўринбосари Мирзамаҳмудов Алишер Исмоилжоновичга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.
Энди «Ўзтрансгаз» АКда 14 апрель куни ўтказилган йиғилишга келадиган бўлсак, бу борада қуйидагиларни гапириб беришим мумкин. 2019 йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» фармони эълон қилинган эди. Мазкур фармоннинг бандларида кўрсатиб ўтилганидек, футбол клублари босқичма-босқич давлат корхоналари томонидан молиялаштиришдан қочиш, ўзини-ўзи таъминлаш йўналишига ўтиши лозим. Шунингдек, ушбу фармонда (9-бандда) давлат корхоналари томонидан молиялаштирилаётган ҳамда муассислари давлат корхоналари бўлган клубларнинг акциялари, таъсисчиларининг улушлари Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиши тўғрисида белгилаб қўйилган. Шунга кўра, давлат корхоналари томонидан молиялаштирилаётган клублар рўйхати шакллантирилган. 13та жамоа жой олган мазкур рўйхатдан «Бунёдкор» футбол клуби ҳам жой олган. Маълумот ўрнида айтиш керак, «Бунёдкор» футбол клубининг устав фондидаги 100 фоиз улуш давлат корхоналарига тегишли. Жумладан, «Ўзтрансгаз» (61,8 %), «Нефтгазмонтаж» (30,2 %), «Кўкдумалоқгаз» (3 %), «Нефтгазмаҳсулот» (3 %), «Гиссарнефтгаз» (2 %). Куни-кеча шу масала бўйича «Ўзтрансгаз» компаниясининг Кузатув кенгаши йиғилиш ўтказди. Мазкур йиғилишда «Ўзтрансгаз» ўзининг 61,8 фоизлик улушини Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказишга қарор қилди.
Қўшимча қилиш керакки, мазкур фармонда шакллантирилган рўйхатдан жой олган барча клубларнинг акциялари ёки таъсисчиларининг улушлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади. Фармонга кўра, агентлик клубларни сотувга қўйиб, маҳаллий ёки хорижий инвесторларга реализация қилишга киришади. Яъни бўлғуси инвестор «Бунёдкор» футбол клубига ҳомийлик қилишни истаса, бунинг учун Давлат активларини бошқариш агентлигидан жамоани сотиб олиши керак. Таъкидлаб ўтишни истардикки, бу жараён нафақат «Бунёдкор»га, балки барча ўзбек клубларига тааллуқлидир. Бундан асосий мақсад, давлат корхоналари томонидан молиялаштириладиган клубларни босқичма-босқич хусусийлаштиришдир. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, ҳукуматимиз ҳар бир футбол клуби ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаши тарафдори. Бироқ Давлат активларини бошқариш агентлиги рўйхатдан жой олган клубларга ва уларни ҳозирги кунда молиялаштираётган давлат корхоналарига расмий хат билан мурожаат қилиб, агентлик жамоаларга янги сармоядорлар топгунига қадар молиялаштириш ҳозирги ҳолатда давом этишини маълум қилган. Яъни агентлик қайсидир клубни янги инвесторга сотгунига қадар жамоа давлат корхоналари томонидан молиялаштирилишда давом этади. Қайси компания қайси клубни ҳозир маблағ билан таъминлаётган бўлса, бу жараён ҳозирча шундайлигича қолади.
Демак, «Бунёдкор» футбол клубини молиялаштириш 2020 йилнинг 1 январидан эътиборан «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик компанияси зиммасида ва ҳомийлик ҳамда молиялаштириш мазкур корхона томонидан давом эттирилади.
Шу ўринда, «Бунёдкор» футбол клубида фаолият юритаётган 300 нафарга яқин ишчи-ходимлар номидан шундай қийин кунларда, коронавирус пандемияси давридаги инқироз вақтида бизни қўллаб-қувватлаётгани, ғамхўрлик қилаётгани, молиялаштираётгани, жамоани ёлғизлатиб қўймаётгани учун «Ўзбекнефтгаз» компаниясига, хусусан, Бошқарув раиси Абдуллаев Меҳриддин Раззоқовичга, Бошқарув раисининг молия ва иқтисодиёт бўйича ўринбосари, клубимиз президенти Ашуров Улуғбек Муродиллоевичга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Бундай ғамхўрликка жавобан ғалабаларимиз, ютуқларимиз билан албатта уларни хурсанд қиламиз, «Ўзбекнефтгаз» акционерлик жамияти брендини янада баланд кўтаришга, компания имиджи ошишига ҳисса қўшамиз, деган умиддамиз, - дейди Улуғбек Мирзаев.
Комментарии