RU

Последние новости

22:45"Реал" нимадан норози?  1 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  1 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  0 20:50Бруну МЮ раҳбарияти билан келиша олмаяпти  1 20:24"Барселона" ҳужумчиси сафдан чиқди  0 19:59"Навбаҳор" Азимжон Аҳмедов билан янги шартнома имзолади!  6 19:36"Ювентус" Дисасини ижарага олмоқчи  1 19:15"Пахтакор" Муҳаммадқодир Ҳамралиев билан янги шартнома имзолади!  1 18:50Боливияда жамоа керакли натижани сақлаб қолиш учун, ўйин тугамай, майдондан чиқиб кетди  2 18:12"Сурхон" етти нафар футболчи билан янги шартнома имзолади  0 17:43Ферран Торрес "Барса"нинг омадсизликлари ҳақида: "Барчасини вақт кўрсатади"  9 17:17Ильгиз Танташев яшил майдонга қайтди  1 17:06Ўзбекистон U-16 термаси Тошкент вилояти футбол академияси жамоасига қарши ўйин ўтказди   3 16:47Шаҳзодбек Ғофурбеков — "Локомотив" футболчиси!  0

Трибуналарда Ўзбекистон байроқлари, қадимий стадион ва футболчиларимизнинг қўшган ҳиссаси — "Ордабаси" қандай қилиб Қозоғистон чемпионига айланди? Новости

Трибуналарда Ўзбекистон байроқлари, қадимий стадион ва футболчиларимизнинг қўшган ҳиссаси — "Ордабаси" қандай қилиб Қозоғистон чемпионига айланди?

Шимкент саёҳатидан ҳис-туйғулар ва таассуротлар билан ўртоқлашамиз.

“Ордабаси” – чемпион! Кеча Шимкент клуби ўз тарихида илк бор Қозоғистон чемпионига айланди. Бу воқеа биз учун икки карра қувонарли, чунки кўплаб ўзбекистонликлар Шимкентга нисбатан илиқ муносабатда, қолаверса, икки нафар футболчимиз – Бобир Абдихолиқов ва Шаҳбоз Умаров “Ордабаси” сафида тўп тепади.

Стадионга кетаётиб, бўлажак ўйиннинг афишаси туширилган камида учта баннерга кўзим тушди. Шимкент шаҳри футбол билан яшайди ва бу борада Ўзбекистоннинг профессионал футбол клублари мавжуд бўлган кўплаб шаҳарларидан олдинда. Эҳтимол, бу ҳолат беллашувнинг чемпионат доирасида ўтказилиши ҳамда одатий ўйинларнинг камроқ шов-шув бўлиши билан боғлиқдир. Умуман олганда, “Ордабаси” иштирокидаги ўйин олдидан стадионда чинакам концерт дастури бўлиб ўтди: одамлар ўйин бошланишидан анча вақт илгари маҳаллий реперлар ва ДЖларнинг мусиқаларини тинглаш, шунингдек, турли танлов ва лотереяларда қатнашиш учун ташриф буюришганди. Ушбу жараён ҳам "лайк" босишга арзийди.

Стадион менда яхши таассурот қолдирмади. Ўзбекистонда кўпчилик “Пахтакор” ўйингоҳини бузиб, клуб учун янги арена қуриш вақти келганини айтади. “Ордабаси” стадиони эса бундан-да абгорроқ аҳволда экан. У ерда дарз кетган ва ранги учган ўриндиқлар учрайди, шунингдек, бошқа камчиликлар мавжуд. Масалан, стадионда матбуот анжуманларини ўтказиш учун кенг ҳажмдаги зал мавжуд эмас, унинг ўрнига атиги 4х5 метр ўлчамдаги кичик хона бор, у ерда журналистлар учун бир нечта стул мавжуд. Матбуот ходимлари ложасига келсак, фақат битта энлик столдан бўлак ҳеч вақо йўқ. Ноутбукни улаш учун розеткалар, ҳатто бошингиз юқорисида ёғингарчиликдан ҳимоя қиладиган том ҳам йўқ. Агар ёмғир ёғса, соябон остида ўтиришга мажбур бўлардик ва ишлашнинг имкони бўлмасди.

Лекин буларнинг барчаси арзимас нарсадир, чунки бизни кутиб турган асосий воқеа — футбол эди! “Ордабаси” ҳамда Қарағанданинг “Шахтёр” клублари тўқнашувида стадион тўлиб-тошди. Учрашув бошланишидан аввал севимли жамоасини турли хатти-ҳаракатлар остида қўллаб-қувватлашни бошлаган чимкентликларнинг "Техас" мухлислари гуруҳига алоҳида миннатдорчилик изҳор этаман. Ўйин давомида улар ҳайқиришди, тўлқин ҳосил қилишди ҳамда ҳакамнинг сўнгги ҳуштаги чалиниш арафасида бир нечта оловли ва тутунли пиротехника воситалари орқали чемпиоликни нишонлашга тайёргарлик кўришди.

Асосий таркибнинг чап қанот ҳужум чизиғида Шаҳбоз Умаров кўриниш берди, Бобир Абдихолиқов эса захирада қолдирилди. “Ордабаси” учрашувни шиддат билан бошлади, бу эса иккита гол уриш учун етарли бўлди: аввалига бурчак зарбасидан сўнг 5-дақиқада Айбар Жаксиликов рақиб дарвозасини ишғол қилди, орадан 7 дақиқа ўтгач, Шаҳбоз Умаров тезкор қарши ҳужумни ривожлантириб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Афсуски, биринчи бўлим ўрталарида Умаров ҳаракатлари “орқага” кетди ва у майдонни тарк этди. Аксинча, захирадан ўйинга қўшилган Абдихолиқов учинчи голда иштирок этди - у чап қанот бўйлаб олдинга борди ҳамда жарима майдончасига кириб бориб, узоқ бурчакка зарба йўллади. “Шахтёр” дарвозабони Игор Шацкий Бобирнинг зарбасини қайтарди, бироқ тўп “Ордабаси” ҳужумчиси Артём Бесединга келиб тушди.

Мезбонлар кўпроқ гол уриши мумкин эди, лекин улар менда бироз секинлашгандек таассурот қолдирди. Танаффусдан сўнг эса Тимур Чогадзе битта гол билан жавоб қайтарди ва жамоалар иккинчи бўлимни тенгма-тенг ўтказди. “Ордабаси” ҳам, “Шахтёр” ҳам яхши имкониятларга эга бўлди. Шуни таъкидлаш жоизки, Абдихолиқов бутун ўйинни чап қанот вингери сифатида ўтказди, ушбу позицияда унга ўзининг энг яхши жиҳатларини намоён этиш мураккаб эди. Умуман, Бобир жорий мавсум позицияни кўп маротаба ўзгартирди: у қанотда, якка марказий ҳужумчи сифатида ўйнади, шунингдек, бошқа ҳужумчилар билан жуфтлик ҳосил қилди. Трансфермаркт маълумотларига кўра, "Ордабаси" бош мураббийи Александр Седнев йил давомида бешта схемадан фойдаланган: 3-5-2, 4-2-3-1, 3-4-3, 4-3-3 ва 4-4-2.

“Ордабаси” таркибида ўзбекистонлик футболчилардан ташқари жамоа сардори Асхат Тагиберген, таянч ярим ҳимоячиси Евгений Макаренко ва ўнг қанот ҳимоячиси Султанбек Астановни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Тагиберген жуда фаол эди ва кенг кўламли ишни амалга оширди. Макаренко майдон марказида ишончли ҳаракат қилди ва яхши узатмалар амалга оширди, Астанов эса ҳимоядаги масъулиятни унутмаган ҳолда ҳужумга қўшилишда ёмон ҳаракат қилмади.


Финал ҳуштаги чалингунга қадар трибунадагилар “Орда – чемпион!” дея ҳайқира бошлади. 15 дақиқадан сўнг тақдирлаш маросими бошланди, кейинчалик жараён мухлислар билан бирга чинакам шодиёнага айланди. “Ордабаси” футболчилари шоҳсупага чиқишди, сўнгра "Техас" мухлислар гуруҳи қаршисига бориб, улар билан суратга тушишди ва биргаликда ҳайқиришди. Майдонга фақат журналистлар ва аккредитациядан ўтган бошқа шахслар, шунингдек, "Ордабаси" футболчиларининг қариндошлари ва дўстлари тушишига рухсат этилганига қарамай, трибунадан пастда футболчилар билан бирга бир нечта мухлисни ҳам кўрдим. Эҳтимол, улар қайсидир футболчининг укалари, ўғиллари ва жиянлари бўлиши мумкин.


Ўйин давомида ва ўйиндан кейин трибунада камида иккита Ўзбекистон байроғига кўзим тушди. Улардан бирини ўзбекистонлик мухлис Шаҳбоз Умаров кийиниш хонасига борганида совға қилди. Менинг фикримча, Шимкентда Умаровни Бобир Абдихолиқовга қараганда кўпроқ яхши кўришади. Тақдирлаш маросимида бошловчи футболчининг исмини тилга олди, мухлислар эса унинг фамилиясини баралла ижро этди. Трибунадагилар Умаров номини бироз баландроқ овозда айтишди. Балки, бу ҳолат Абдихолиқовнинг “Ордабаси” сафида илк мавсум тўп тепаётгани, маҳаллий жамоатчилик эса Шаҳбозни яхшироқ таниганлиги ва унга бўлган меҳр-муҳаббатининг бироз юқорироқ бўлгани билан боғлиқдир. Шу билан бирга, Бобирнинг жорий мавсумдаги ҳаракатлари (Қозоғистон чемпионатида “гол+пас” тизимида 7+4) Умаровга (3+1) нисбатан самаралироқ ҳисобланади.

“Ордабаси”нинг Ўзбекистон билан яна бир алоқадорлиги бор. Айни дамда клуб раҳбарларидан бири "Пахтакор" ва бошқа Ўзбекистон жамоаларининг собиқ футболчиси Улуғбек Асанбаев ҳисобланади.


Абдихолиқов ва Умаровнинг “Ордабаси” билан шартномаси мавсум охирида якунига етади. Учрашувдан сўнг ҳар иккала футболчи ҳам клубда қолиш-қолмаслик борасида бир тўхтамга келмаганлигини айтишди. Аммо шимкентликлар сардори Асхат Тагиберген улар билан бир жамоада ўйнашда давом этишни истаётганини маълум қилди.


Николай Егоричев



Рейтинг: +3   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика