RU

Последние новости

23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 23:00"Ал Ҳилол" - "Истиқлол"  2 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  2 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  2 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  4 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8 17:03Ўзбекистон МТЖнинг ноябрь ойидаги йиғин учун тахминий таркиби  57 16:30Ўзбекистон МТЖ қачон йиғин бошлайди?   14

Том Эвребе: «Барса»дан пора олмагандим» Новости

Том Эвребе: «Барса»дан пора олмагандим»

Россиялик қизиқувчан ҳамкасбларимиз бундан 8 йил аввал Европа Чемпионлар Лигаси ярим финали доирасида ўтказилган «Челси»-«Барселона» қарама-қаршилигини ёдга олишди.

Тўғрироғи, мазкур ўйинни бошқарган ва шубҳали қарорлари учун узоқ вақт маломатда қолган норвегиялик собиқ ҳакам Том Эвребе билан бафуржа суҳбатлашишди. Хўш, норвегиялик рефери фаолияти давомидаги энг баҳсли ўйинлардан бирини қандай эслайди?

2009 йилнинг баҳори. Ажойиб оқшомлардан бири норвегиялик тақирбош ҳакам Том Хеннинг Эвребенинг футбол тарихида қолиши учун етарли бўлди. Зеро, у шу куни ЕЧЛ ярим финалидан ўрин олган «Челси»-«Барселона» (жавоб учрашуви) ўйинини бошқариб, бир қатор яққол хатоларга йўл қўйди. Эвребе аслида испанлар дарвозаси томон камида 3 ёки 4та пенальти белгилаши лозим эди. Бироқ бундай қилишга ботинолмади. Оқибатда Баллак ва Дрогба каби «Челси» етакчилари шу қадар ғазабланишдики, учрашувдан сўнг ҳакамнинг соғ-омон қолганини бемалол мўъжизага қиёслаш мумкин. Чунончи, қайсидир лаҳзаларда «Челси» футболчилари уни «Стэмфорд Бриж»нинг ўзида «ғажиб ташлаш»га тайёрдек кўринишганди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида эса  Андрес Иньеста ўта муҳим гол уриб, якуний ҳисоб 1:1 кўриниш олишини таъминлади ва «Барселона» бир амаллаб, финалга йўл олди. «Шарманда! Расвогарчилик», - деб қичқирди беллашувдан сўнг асабларини жиловлай олмаган Дрогба. «Барса» ҳакамни сотиб олибди», - деди мухбирларга Босингва. Табиийки, учрашув якунланганидан кейин Том лондонлик полициячилар қуршовида маҳаллий меҳмонхонага етиб олди. У ерда эса ҳакамни интернет ва SMS-хабарлар орқали йўлланган миллионлаб таҳдидли мактублар кутаётганди. Футбол ишқибозлари «Эвребе шубҳасиз, ўлиши керак» қабилида дағдаға қилишгани учунми, Осло полицияси махсус тергов бошлади. Paddy Power букмекерлик идораси эса «Барселона»га қарши ўйинда ким «Челси» ғалабасига пул тиккан бўлса, уларни қайтариб беришини эълон қилди. Хуллас, «Стэмфорд Бриж»даги ўша «машъум баҳс»дан бир йил ўтиб, Том халқаро фаолиятини тугатди. Инчунин, унга йўлланган таҳдидли мактублар кети узилмаётганди. Яна 3 йилдан сўнг эса, Эвребе футбол билан батамом хайрлашишга мажбур бўлди.

- Маълумотларга кўра, ҳакамликка жуда эрта кириб келган экансиз. Бу қандай рўй берганди?


- Ҳа, чиндан ҳам, Норвегия олий лигасида илк марта 1992 йили расмий ўйинни бошқарганман ва ўшанда эндигина 26 ёшга тўлгандим. Профессионал ҳакамликдаги фаолиятни эса 21 ёшда бошлаганман. Яъни 1987 йили майдонга биринчи марта ҳуштак ушлаб тушгандим. Биласизми, аслида болалик чоғлари ўртоқларим қатори доимо футбол ўйнардим. Лекин тахминан 13 ёшимда ҳакамликка қизиқиб қолдим ва шу бўйи ҳаваскор жамоалар учрашувларини бошқаришга тушдим. Муҳими, бу ўзимга жуда ёқарди. Кейинчалик университетга ўқишга кириб, психология йўналишида таълим олдим. Лекин футбол ва ҳакамликни ташлаб қўйганим йўқ. Шубҳасиз, дастлабки пайтлар роса қийналганман. Чунки 16 ёшимда ўзимдан катта футболчилар ҳаракатларини бошқарардим. Табиийки, бу уларнинг аксариятига ёқмасди. Шунингдек, футболчилар муштлашиб кетишса, нима қилишни билмай қолардим. Ахир деярли барча ўйинчилар жисмоний жиҳатдан мендан анча бўйдор ва бақувват бўлишган. 26 ёшимда эса 10 йиллик иш тажрибасига эга ҳакам сифатида олий лигага кириб келдим. Энг муҳими, бу пайт футболчилар орасида «йўқолиб қолмасдим» - ўзимдан катталарни ҳам хотиржамлик билан тартибга чақира оладиган даражага чиққандим.

- Қизиқ, 13 ёшли болакай нега энди айнан ҳакамликни танлади? Ахир бу футболдаги энг ёқимсиз вазифалардан-ку?!


- Бошқалар учун эмас, фақат ўзимгагина жавоб берганим маъқул. Шахсан каминага ҳакамликнинг нозик тарафлари ёқади. Дейлик, бу ишда омад ва омадсизликнинг ораси жуда яқин. Сен қайсидир учрашувнинг 89 дақиқасида аниқ ва савияли ишлайсан, аммо энг сўнгги лаҳзаларда хатога йўл қўясан. Тамом - энди сени ҳамма ёмон кўради. Қанчалик қизиқарли туюлмасин, худди шу омил мени ўзига тортарди. Тўғри, ҳакамликнинг яна бир қатор қизиқарли тарафлари бор. Масалан, бу фаолият ортидан дунё кезасан, турли стадионларни кўрасан... Аммо мен учун энг муҳими - катта футболнинг бир қисми эканимни англаш. Сен бошқарган ўйин тўхталишларсиз, муаммоларсиз ўтса, шундай бир ички қониқишни ҳис қиласанки, буни ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Менинг майдонда ўз қоидам бор - футболчиларга ким устун эканини кўрсатиш эмас, уларнинг ўйиндан роҳат олишларига имкон бериш.

- Айтингчи, футболчилар орасида дўстларингиз ҳам борми?


- Ҳакамнинг ўйинчилар билан дўстлашиши яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин. Албатта, ҳар ҳафта бир гуруҳ одамларни кўраверсанг, уларни таниб қоласан. Лекин футболчиларга дўст эмас, ҳамкасб сифатида қарашга одатланганман.

- Сир эмаски, аксарият ҳакамлар матбуотдан ўзларини олиб қочишади, қарорларига изоҳ бераверишмайди. Сизнингча, бу яхшими ёки ёмон?


- Биласизми, Норвегияда ҳакамлар журналистларга исталган пайт жавоб қайтариб,  ўйиндаги қарорлари ҳақида фикр билдиришлари мумкин. Ўйлашимча, бу тўғри ёндашув. Баъзида шундай ҳолатлар ҳам бўладики, сен ўйиндан кейиноқ қайсидир футболчи билан гаплашиб, айтайлик, пенальти белгилаб, хато қилганингни тан оласан. Бу ўша ўйиннинг қайси мамлакатда, қайдай шароитда ва қайси футболчилар иштирокида ўтганига боғлиқ. Албатта, пенальти белгилаган вақтдаёқ хатони тан олиш ярамайди. Лекин агар чиндан ҳам, адашган бўлсанг, ўйиндан сўнг жабрланган футболчилардан узр сўрашинг лозим. Бундай ҳолатда деярли барча ўйинчилар бош ҳакамни тўғри тушунишади.

- Ўйин вақтида футболчилар билан мулоқот қилиш масаласига қандай қарайсиз?


- Бу ҳам муайян вазиятга боғлиқ. Масалан, майдонда Норвегия ёки Англиянинг 2та жамоаси курашаётган бўлса, футболчилар билан гаплашиш мумкин. Лекин жамоалардан бири Англия, иккинчиси эса Ита-лиядан бўлсаю, сен итальянчани билмасанг, яхшиси, ўйинни жимгина бошқарганинг маъқул. Бошқача айтсак, ҳакам майдонда барча билан гаплашиши ёхуд ҳеч ким билан гаплашмаслиги керак. Акс ҳолда, муаммолар юзага келади. Бироқ менга футболчилар билан гаплашиш ёқарди ва буни очиқ тан оламан. Мисол учун, Кларенс Зеедорф жуда одамохун, доим жилмайиб турадиган хушчақчақ йигит эди. Шунингдек, Россия термаси собиқ устози Гус Хиддинк ҳам муомалани жойига қўярди. Айтганча, мен учун нохушлик билан тугаган ўша ўйин вақти «Челси»нинг устози айнан Хиддинк эди. Афсус...

- Халқаро фаолиятингизни жуда эрта, 2010 йили тугатишга қарор қилдингиз. Нега?


- Мени негадир 2010 йили ЖАРда ўтган мундиалга борадиган ҳакамлар таркибига киритишмади. Ваҳоланки, номзодлар рўйхатида бор эдим. Шундан сўнг ҳафсалам пир бўлиб, катта ўйинлардан ўзимни тортдим. 2012 йили Европа чемпионатида ишлашим мумкин эди. Бироқ буни ўзим хоҳламадим. Чунки анча кексайиб қолгандим. Шундан сўнг аввалига фақат Норвегияда, ички мусобақаларда ишладим. Орадан 2 йил ўтгач, жароҳатландим ва шунда футболдаги даврим тугаганини аниқ тушуниб етдим. Ҳа, ҳуштак билан бутунлай хайрлашиш масаласида бир тўхтамга келишда роса қийналдим. Сабаби, ҳисоблаб чиқсам, қарийб 30 йил ҳакамлик қилибман. Бу даврда эсда қоларли ёқимли ҳодисалар кўп бўлди - Европа чемпионати, ЕЧЛ ва Норвегия кубоги финалида ишладим, касбим ортидан Россия, Албания, Финляндия, Италия каби бир қатор гўзал мамлакатларда бўлиб, яхши одамлар билан танишдим, суҳбатлашдим. Айниқса, дастлабки 2 ҳафта давомида вақт ўтиши жуда қийин бўлди, лекин шундан кейин фикримни жамлаб, ўзимни босиб олдим. Мана, ҳаёт давом этмоқда. Тўғри, баъзида футбол ўйинларини томоша қилаётиб, стадиондаги муҳит, учрашув арафасидаги кучли ҳаяжонни қўмсайман.

- Сизнингча, тарих ва ҳозирги даврнинг энг кучли ҳаками ким?


- Тарихдаги энг яхши ҳакам - шубҳасиз, Коллина. Айни пайт эса бир қатор етакчи реферилар бор. Улар сирасига  туркиялик жиддий йигит (Жунайт Чақир назарда тутиляпти), жаноб Клаттенбург, германиялик бир неча ҳамкасбларимни киритишим мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, мен учун энг зўр ҳакам - бу Коллина. Чунончи, рефери учун энг қадрли сифат - футболчилар ҳурмати. Коллинани эса барча ҳурмат қиларди.

- «Челси» ва «Барселона» ўртасидаги ўша нохуш ўйиндан кейин мана, 8 йил ўтибди. Балки бугун ўша учрашувга кенгроқ изоҳ берарсиз: ўзи нима бўлганди?


- Нима рўй берганини тушунтириб беришим қийин... Шуниси аниқ - ўша ҳолат асабларга боғлиқ эмас. Негаки, кечагидек эсимда, ўйиндан олдин умуман ҳаяжонланган эмасдим. Тан оламан, бир нечта қўпол хатоларга йўл қўйдим. Бунга нотўғри позиция танлаганим сабаб. Шунақаси учраб туради. Ўйлашимча, ўша куни мендан шунчаки, омад юз ўгирди. Ҳаттоки, Баллак ва Дрогба менга ташланишган пайт ҳам нимадандир чўчимагандим. Аксинча, диққатни бир жойга жамлашга уриндим. Ўшанда «Челси» вакиллари ошириб юборишди. Нима эмиш, уларнинг фойдаларига камида 7та пенальти бермаган эканман. Ҳа,  ўйин давомида хатолар кузатилди, буни тан оламан, лекин бу даражада эмас. Учрашувдан сўнг ёрдамчиларим билан вазиятларни таҳлил қилиб, қаерда нотўғри йўл тутганимизни аниқлашга уриндик. Умуман, ўшанда дарҳол яна бирор муҳим ўйинни бошқаргим келганди. Негаки, ўзимга ишончни қайтаришим зарур эди.

- Ўша оқшом нечта SMS-хабар олганингиз эсингиздами?

- Кўп, жуда кўп. Ҳамкасбларим, яқинларим ва журналистлардан кўплаб хабарлар келди. Лекин энг кўпи мухлислардан эди ва улар таҳдид руҳида битилганди. Очиғи, тун қандай ўтганини билмайман. Хайриятки, эрталаб самолётга ўтириб, уйга етиб келдим.

- Қизиқ, Норвегияда сизни қандай қарши олишди?


- Рафиқам, фарзандларим, дўстларим қўлларидан келганича тасалли беришди. Футбол муҳим ўринга эга, албатта, лекин у бутун ҳаёт эмас, ҳарқалай.

- Ҳалигача «Челси»нинг кўплаб ишқибозлари сизни «Барселона»дан пора олганликда айблашади...


- Албатта, бу  табиий ҳол. Уларнинг ўринларида мен ҳам эҳтимол, худди шундай фикрга борармидим... Лекин виждоним олдида айбдор эмасман: «Барса»дан бир чақа ҳам олмаганман! Ўйинларни доимо ёруғ юз билан ҳуштак чалиб, бошлаганман. Фақат ўша куни омадсизликка учрадим. Бу ерда «Барселона»нинг ҳам айби йўқ. Шунчаки, мен ўз савиямда ишлай олмагандим.

- Очиғини айтинг, ўзи сизга бирор марта пора таклиф қилишганми?


- Йўқ, ҳеч қачон. Дейлик, Норвегияда бундай ишларга сира йўл қў-йилмайди - олдин ҳам, ҳозир ҳам, қуйи лигада ҳам, олий лигада ҳам бунақаси кузатилмаган. Чунки бундай ифлослик миллий маданиятимизга мутлақо ёт.

- Айни пайт қандай юмушлар билан бандсиз?


- Ослода руҳшунослик билан шуғулланяпман - маълум даражада мижозларим бор. Бундан ташқари, Норвегия олимпия термаси билан ҳамкорлик қиляпман. Ўйлашимча, футболдаги фаолиятим давомида орттирилган тажриба бугун қўл келмоқда. Чунончи, босим, муваффақият ва омадсизлик нима эканлигини яхши биламан. «Бошидан ўтган табиб», деб бежиз айтишмаган, ҳар ҳолда.

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Рейтинг: +4   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика