Тимур Кападзе: "Туркиядаги шароитлар Ўзбекистонда йўқ"
08 фев 2022 13:59
Новости
Тимур Кападзе: "Туркиядаги шароитлар Ўзбекистонда йўқ"
Кеча жамоа Қозоғистоннинг "Турон" жамоасига (2:4) га қарши майдонга тушди. Учрашув якунидан сўнг терма жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе ўйин ва тайёргарлик ҳақида қисқача интервью берди.
"Бугунги учрашув ўқув-йиғиндаги тўққизинчи ўйинимиз бўлди. Биз иккита таркиб билан иштирок этмоқдамиз. Ҳар бир футболчи ўйин амалиётига эга бўлди. Бугун Қозоғистоннинг "Турон" жамоасига қарши майдонга тушдик. Ўйин яхши бўлди. Бугунги ўйинда мағлуб бўлдик, бироқ бу анча фойдали ўйин бўлди. Аввалги ўйинларда ғалаба қозонгандик, бугун эса омад етишмади. Умуман олганда йиғин давомида натижа муҳим бўлмайди, асосан футболчиларнинг ҳаракатларини яхшилаш устида ишлаймиз. Бугунги жамоа анча тартибли ҳаракат қилди. Бир нечта хатоларга йўл қўйдик. Анча вақтдан бери шу ердамиз, кўплаб яхши рақибларга қарши майдонга тушдик. Бу баҳслар орқали футболчиларимиз анча ўсмоқда. Бу ўйинларда футболчиларимизнинг жисмоний ҳолати яхшиланмоқда. Бу ўйинлар орқали мавсумга яхши тайёргарлик кўрмоқдамиз. Насиб қилса, 10 февралда қайтамиз ва мавсумга тайёргарликнинг қолган қисмини Тошкентда давом эттирамиз. Ҳамма футболчиларга ўйнаш имконини бердик, улар ўзларини яхши томондан кўрсатишга ҳаракат қилишди", - деди Тимур Кападзе.
Жамоа Суперлигага тайёрланаётганини маълум қилдингиз. Бироқ ҳеч қаерда бу жамоа ҳақида маълумот берилмади. Аслида Туркияга Ўзбекистон U-21 терма жамоаси бўлибми ёки “Олимпик” бўлиб келдингларми?
- Биз бу ерга Ўзбекистон U-21 бўлиб келдик. Бироқ Суперлига жамоаларининг футболчиларини олмасликка қарор қилдик. Уларнинг ўрнига 2003 йилда туғилган бир нечта ёш футболчиларни олиб келишга қарор қилдик. Бу ерда Равшан Ҳайдаров жамоасига даъвогар футболчилар ҳам бор. Уларни шу орқали кўриб олишга қарор қилдик. Суперлига жамоаларининг етакчи футболчиларини чақирмасликка қарор қилдик, улар ўзларининг жамоаларида тўлиқ тайёргарлик олиб боришлари учун.
Агар сизлар Ўзбекистон U-21 терма жамоаси бўлиб келган бўлсангизлар, унда нега ЎФА матбуот хизмати сизларни ёритмади?
- Балки улар асосий терма жамоа билан банд бўлгандирлар. Тўғрисини айтганда, ОАВда нима ёзишаётганини билмадик, чунки бу ерда ишимиз кўп эди. Ҳар куни икки маҳалдан машғулотлар, теория қилдик. Бу ердаги шароитлар бизга маъқул келди, шунга матбуотда эътибор қаратишга вақтимиз ҳам бўлмади. Биз бор эътиборимизни машғулотларга қаратдик. Агар Ўзбекистонда ўқув-йиғин қилганимизда, бизда бундай имконият бўлмасди. Ҳар куни икки маҳал машғулот қилишга биринчидан майдон йўқ. Кейин қайта тикланиш учун ҳам шароитлар зўр эмас. Шунингдек, халқаро ўртоқлик учрашувларни ўтказмоқдамиз. Бу ерда кўплаб ўйинларда иштирок этиб, анча тажрибага эришдик.
Комментарии