RU

Последние новости

09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  2 08:42УФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  3 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  6 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0

Таҳлилий ва танқидий мақола: Катанец таркибидаги кимлар терма жамоага лойиқ ёки қайси футболчилар ортиқча? Новости

Таҳлилий ва танқидий мақола: Катанец таркибидаги кимлар терма жамоага лойиқ ёки қайси футболчилар ортиқча?

Кеча тунга яқин ЎФА матбуот хизмати Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги йиғин учун чақиртирилган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Биз эса сайтимизда экспертлик фаолиятини юритаётган собиқ футболчи, матбуотда "Мундиал" таҳаллуси остида чиқиш қилаётган мутахассиснинг қарашларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Терма жамоа рўйхатига эътибор қаратадиган бўлсак, биринчи навбатда Катанецнинг ёқимтойларига айланган футболчиларнинг айримлари клубида ҳам захирада ўтириб қолгани туфайли якуний рўйхатдан тушиб қолишга мажбур бўлди. Акс ҳолда терма жамоа даражасидан анча узоқ бўлган баъзи футболчиларни кўриб ҳайратга тушардик. Демак, Катанец бу гал ўйин амалиётисиз қолаётгани учун уларни жалб этишга сал бўлсада уялибди. Лекин билишимизча, улар кенгайтирилган рўйхатда бўлган ва охирги паллада якуний таркибга киритилмаган. Гап ким ҳақида эканлигини очиқ айтмаганимиз, футболчиларнинг шаънига тегмаслиги учун. Улар терма жамоага лойиқ бўлмасада чақирув олса, айб уларда эмаску, тўғрими?

Аввал Катанец рўйхатидан ўрин олган футболчиларга тўхталамиз. Биз ҳеч бир футболчини камситмаган ҳолда, унинг ҳозирги спорт формаси ва даражасидан келиб миллий жамоага лойиқ ёки йўқлиги ҳақида субъектив фикр боради.

Дарвозабонлар: Юсупов 1-рақамли посбон, бу ерда баҳсга ҳожат йўқ

Дарвозабонлар учлигида бу гал Катанецнинг ўтган галги танловидан фарқли ўлароқ ҳозирда ўз клубида ҳам захирага ўтириб қолган Раҳимов ва Эргашев табиийки рўйхат йўқ ва уларни ўрнига жамоасида Катанец аввал жалб этган Раҳимов ва Эргашевни захирага "михлаган" Ботирали Эргашев ва Неъматов терма жамоага чақирилган. Ўткир Юсупов эса табиийки терма жамоанинг ҳозирги кундаги 1-рақамли дарвозабони сифатида рўйхатда.

Ҳимоя чизиғи: Учта чап қанот ҳимоячиси ва 1та номинал ўнг қанот ҳимоячи ўрин олган рўйхат

Аввал қанот ҳимоячиларига эътибор қиламиз. Бизда 3 нафар юқори даражадаги чап қанот ҳимоячилари бор. Энг қизиғи, уларнинг бири, аниқроғи РПЛда ўйнайдиган Иброҳимҳалил Йўлдошев доим рўйхатдан тушиб қоларди. Бу гал Сайфиев ва Насруллаевга қўшилиб рўйхатга кирган. Ўнг қанотга эса биргина Алижонов жалб қилинган. Энди кўпчиликда табиий савол туғилади: нега 3 чап қанот ҳимоячисию, биргина ўнг қанот вакили? Катанец аввал ҳам Сайфиевни зарурат туғилганда ўнг қанотда ўйнатганди адашмасам. Унда бу вазиятда ҳам тушунарли ҳолат. 

Марказий ҳимоя вакилларида деярли ўзгариш йўқ. Айни пайтда зўр формада бўлган Ҳусниддин Алиқулов, Рустам Ашурматов, "Насаф"нинг яна бир етакчи ҳимоячиси Умар Эшмуродов ва қолган икки номзод асосан баҳсли: "Локомотив" футболчиси Ислом Қобилов ва АГМКда ярим ҳимояда фойдаланилаётган ҳамда охирги пайтда асосан захирадан ўйинга қўшилаётган Абдулла Абдуллаевни марказий ҳимояга чақириш қанчалик тўғри? Бу позиция бўйича Катанецга албатта савол бор: Нега жуда ёмон спорт формасидаги, Суперлигада жон сақлаш учун курашаётган жамоанинг ҳимоячисини терма жамоага жалб қилади? Буни қандай тушуниш мумкин? Умуман персонал қараганда ҳам Қобиловнинг ҳаракатларини кузатармикан Катанец ёки аввалдан рўйхатга қўшилгани учун ўзгаришсиз қолдириш мақсадида захира футболчисику барибир дея, номига чақирармикан? Ғалатида. Наҳотки Суперлигада бошқа ҳимоячи йўқ? Топса бўлади, фақат бунинг учун чемпионатни ҳеч бўлмаганда кузатиш керак. Бундай давомий танловлардан кейин табиийки мураббий манзили томон бу каби саволлар туғилади.

Ярим ҳимоя: Тушунарсиз вингерлар ва ўйин амалиёти кам Ўрунов

Катанец танлаган ярим ҳимоя вакилларига эътибор берсак, негадир Жамшид исмидан бошқа барча исмлар бор. Майли, чақирилмаганлар ҳақида пастроқда гаплашамиз.

Таянч ярим ҳимоясига Одил Ҳамробеков, Акмал Мозговой ва Отабек Шукуров.  Марказроққа Остон Ўрунов ва Сардор Собирхўжаев. Қанотда ҳужумкор вингерлар сифатида Азиз Турғунбоев, Ойбек Бозоров, Ҳожимат Эркинов ва Шаҳбоз Умаров.

Демак, таянч зонасига жавобгарлардан бошласак, Ҳамробеков танловига эътироз йўқ. Мозговой борасида баҳсли бўлиши мумкин. Чунки Акмал ҳозирги кунда энг кучли таянч ярим ҳимоячи дейишга асослар етарли эмас.

Шукуров борасида ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ. Фақат бир жиҳат, Шукуров "Карагюмрук"да асосан "саккизлик"да ўйнаяпти. Катанец ундан ёки "олтилик" ё "саккизлик" сифатида бемалол фойдалана олади. Бу яхши. Тоза марказий ҳимоячилар, яъни эркинроқ, ҳужумни кескинлаштирувчи рол эгалари сифатида Остон Ўрунов танлови анча баҳсли. Футболчи йиллаб "Спартак"нинг қайсидир жамоасида номига шуғулланиб юриб, яқиндагина "Урал"га ўтиб, энди футбол ўйнашни бошлаши биланоқ терма жамоа эшигини унга очишга бироз вақтлироқ эди, назаримда. Сардор Собирхўжаев борасида эса танловга қўшиламан. Сардор "Пахтакор"да етакчилар ролида ва айниқса Ҳамробеков билан зўр боғлаб бўла олади. 

Қанот вингерларидан Азиз Турғунбоевнинг қайси ўйини ва нима кароматлари эвазига чақирилганини Катанец асосли равишда тушунтириб беришига шубҳам бор. Ойбек Бозоров ҳам сўнгги ўйинларда "Насаф"да ҳеч бир каромат кўрсатгани йўқ, на гол уради, гол голли узатмалари бор. Унинг вазифасида бу жиҳат жуда муҳим. Шу боис Турғунбоев ва Бозоров танлови ҳозирги кунда нотўғрилига бўйича асослар етарли. Шаҳбоз Умаровнинг даражаси терма жамоага қанчалик тортишининг ўзи катта савол аслида. Унинг ҳозирги спорт формаси эса очиғи бизга қоронғу. Яна бир нарса борки, Катаней эплаб ўзимизнинг лигани кузатмаётганидан келиб чиқсак, Қозоғистонда ўйнаётган Умаровнинг ҳолатидан қанчалик хабардорлиги жуда долзарб савол аслида. Умаровнинг чақирилиши бу Машариповнинг жароҳати боис йиғинни ўтказиб юбориши билан боғлиқ масалалиги кундек равшан. Шу боис бу танловни ортиқча муҳокама қилмаслик ҳам мумкин. Лекин терма жамоа карвон саройми, деган ўринли ва оғриқли савол беихтиёр туғиладида. Қанот вингерлари орасида фақатгина ҳозирги кундаги формаси туфайли Ҳожимат Эркинов борасида саволлар йўқ.

Ҳужум чизиғи: Шомуродов ва Сергеев

Бу чизиққа бу гал Катанец икки нафар асосий футболчиларимизни чақириш билан чекланган. Шомуродов табиийки жамоа юлдузи, сардори ва унинг ўйнаётгани ёки ўйнамаётгани Катанецнинг таркибни танлашига умуман даҳли йўқ. Чунки бошқа позицияларда шундай танловлар борки, Шомуродов борасида бундай савол туғилмаслиги нормал ҳолатга айланади. Аслида эса рақобат бўлгани ва муносиб футболчи терма жамоа эшигидан киргани лозим. Истиснолар бўлади ва у Шомуродов билан бўлиши адолатли қарор. Шу боис "Рома" ўз имкониятини кутаётган Шомани рўйхатдан чиқариш адолатдан бўлмасди ва Катанец бу борада ҳеч кимни ҳайрон қолдиргани йўқ. Игорь Сергеев ҳақида ҳам шундай фикрлар янграшга ҳақли, фақат Сергеев айни пайтда терма жамоамизнинг иккинчи рақамли ҳужумчиси. Бу факт. Биринчи ёки иккинчи рақамлиги соғлом рақобатда аниқланяптими ёки ўйнаётган лигалар даражасидаги фарқми, бу бошқа масала.

Чақирилган футболчилар ичидан 5-6 нафари ҳозирги кунда терма жамоа либосини кийишга қанчалик лойиқ ёки йўқ, бу борада саволлар янгради, тўғрими? Энди чақирилмаган ва Катанецнинг эътибори буткул қаратилмаётган футболчилар ҳақида гаплашамиз.

"Жамшидларга аллергияси борми"?

Дастлаб Жалолиддин Машарипов жароҳати боис чақирилмаганини яна бир бор эслатиб, энди Қатанец доим игнор қилаётган футболчилар ҳақида сўзлаймиз. Бугунги кунда дарвозабонлар масаласида ортиқча савол йўқ. Лекин ҳозирги "Пахтакор" дарвозасини қўриқлаётган Қувватов нега терма жамоадан чақирув олмаслиги қизиқ. "Пахтакор" доим юқорида ва бундай жамоа дарвозасини қўриқлайдиган посбон терма жамоа рўйхатидан тушиб қолиши мантиққа зид. Тушунаман, қачонки жамоа юқори ўринларда бўлмаса, табиийки ўша жамоа дарвозабони терма жамоага чақирилмайди. Бу футболда ёзилмаган қонунлар сирасига киради десак ҳам бўлади. Мисол келтириш учун айтаман, Юсупов неча йиллардан буён барқарорлик кўрсатмоқда. Ўтган йили ҳам, ундан аввалги мавсумларда ҳам Ўткир Юсупов Ўзбекистоннинг энг яхши 3 дарвозабонидан бири эди. Лекин нега бу йилдан терма жамоага жалб қилинмоқда, биласизми? Чунки аввалги йилларда Юсупов қанчалик зўр турмасин, жамоаси пастки ўринларда юрарди. Бу йил эса чемпионликка курашмоқда. "Пахтакор"да Суюнов биринчи рақамли дарвозабон бўлганда, Элдорни ҳам чақирмаётганди Катанец, ҳозирги кунда энди Қувватовни ҳам эътибордан четда қолдирмоқда.

Шуниси аниқки, Қувватов даража жиҳатидан Неъматов ёки Эргашевдан бир бош баланд. 

Ҳимоячилар ҳақида гап кетганда масала аниқ. Катанец нечталаб йиғинлар ўтдики ҳали бирор марта ҳам терма жамоа эшигини очмаган футболчилари бор. Суперлиганинг энг яхши ҳимоячиларидан саналган Аъзамов, ёзда Қатарга кўчиб ўтган Тўхтахўжаев каби тажрибали, футболни ақл билан ўйнайдиган ҳимоячиларни Катанец нега игнор қилаётганини тушунтириб беришга асос топа олмаса керак. Кечирасиз-у, терма жамоа мудофаа чизиғида Қобилов ўйнаб, Қатарда ўйнаётган Ислом Тўхтахўжаев ёки "Пахтакор" етакчи футболчиси Аъзамов йўқлиги кулгули эмасми? Ёки бунинг бошқа сабаби бормикан? Қизиқ танлов камида. Балки услуб жиҳатдан Катанецнинг талабларига бошқа типдаги ҳимоячилар ёқса, дейлик жангчи, фақатгина хавфни бартараф этиш билан чекланадиган ҳимоячилар керак бўлса, унда нега АГМКнинг асосий ҳимоячиларидан бири Сардор Раҳмонов ёки "Сўғдиёна" аъзоси Сардор Қулматовни жалб этиб, уларни синаб кўрмайди? "Пахтакор"да яхши бир ҳимоячи Азмиддинов деган истеъдод чиқди, "Қизилқум"да Бобур Йўлдошев деган тажрибали ҳимоячи ўйнайди. Наҳотки санаб ўтган ҳимоячилар захира учун чақириладиган Қобилов ёки аслида ярим ҳимоячи бўлган, лекин Катанец негадир ҳимояда ўйнатадиган Абдуллаевдан кучсиз, зора бир марта бўлса ҳам текшириб кўриш шунчалик қийин бўлса? Ажабо деворгинг келадида. 

Шу саволларга жавоб борми Катанецда? Ўнг қанотга номинал  бир ҳимоячини чақиришдан аввал, "Сўғдиёна"да барқарор ўйнаётган Шаҳбоз Жўрабековни бир текшириб кўриш қийинми ёки бу саволларнинг ҳаммаси Катанец Суперлигани астойдил кузатмаслиги билан боғлиқми, деб ўйлаб қоласан киши. 

Россияда юргани ва клуб "прописка"си РПЛники бўлгани учун Остон Ўруновни ҳозирги кунда топ даражада футбол ўйнаётган, "Навбаҳор"нинг ҳақиқий "мия"сига айланган Жамшид Искандеровдан устун қўйиш қанчалик тўғри? Қайси мантиққа асосланган бундай танловлар? Искандеров ҳозирги кўрсатаётган футболи билан терма жамоадан ўрин олмаслиги футбол учун шармандагарчилик эмасми? Ёки ошириб юбордимми? Шунчаки айтмоқчи бўлганим, футболчи яна нима қилиши керакки терма жамоага лойиқлигини исботлаши учун? Ёки Жамшид Болтабоев сингари майдонда "қора меҳнат"ни бажарадиган футболчига ҳам ҳозирги кунда терма жамоадан жой топилмаслиги кишини ажаблантиради аслида. 

Ҳужум чизиғида Беларусда қилиши мумкин бўлган барча ишни амалга ошириб, чемпионат тарихидан қисқа муддат ичида жой олиб, рекордлар қаршисида турган, асосийси, ҳужумчи учун керак бўлган барча кўрсаткичларни максимал бажараётган ва голларни қалаштираётган Бобир Абдихолиқовнинг бу сафар терма жамоа рўйхатидан тушиб қолгани ва хаттоки кенгайтирилган таркибга ҳам киритилмагани шунчаки НОНСЕНС!

Маълумот учун шунчаки айтаман, кенгайтирилган таркибда Бобир Абдихолиқов йўқ, охирги голини қачон ургани ёдидан чиққан Шерзод Темиров бор. Бу Катанец танлови. Норхонов, Темурхўжа Абдухолиқов каби футболчилар ҳозирги кунда терма жамоанинг ҳеч бўлмаса кенгайтирилган рўйхатига тушишга муносиблигини барча сезиб, тушуниб турибди. Лекин Бобир Абдихолиқов бу рўйхатда йўқлиги учун ҳам қолганлар хафа бўлмаса бўлаверади.

Мақсад Катанецга фақат танқид тошларини отиш эмас, аммо футбол ва жамоанинг ўйини аввало танланган таркиб ва тўғри селекциядан бошланади. Бошланғич фазада қўпол хатолар ва рақобатсиз жойлашувлар жамоани муваффақият сари етакламаслиги аниқ ва энг қизиғи, буни ҳамма билади. Айниқса ўзбек футболи мухлислари буни жуда яхши билади. Чунки бундай тажриба яқин даврда камида икки маротаба юз берди. Ҳозир эса навбатдагиси давом этмоқда. Биз эса бунга жим қараб туролмаймиз, қўлимиздан келгани буни гапириб овунамиз, гапларимиз эса матнга туширилади холос. Балки қачондир тўғри хулоса қилишларига туртки бўлар деган мақсадда гапирамиз, балки дейманда...

Бу ҳаммаси субъектив фикрлар ва кимдир аниқки қўшилмаслиги мумкин ва биринчиси албатта Катанец. Қўшилмасликка ҳаққи бор, танлов унинг ихтиёридаги масала. Натижага ҳам Катанец жавобгар.

Биз шунчаки Катанец билдирилган эътирозлар ёки билдирилган фикрларга қўшилмаган жойларини ўз талқинида асослаб бера оладими, деган саволга жавоб бера оладими? Бу очиқ ва ҳозирча жавоби йўқ савол.

Мундиал исмли собиқ футболчи

Рейтинг: +12   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика