Суннатилло Эрматов: "Жамоамизнинг бор эътибори Суперлига йўлланмасига қаратилган"
14 авг 2020 11:08
Новости
Суннатилло Эрматов: "Жамоамизнинг бор эътибори Суперлига йўлланмасига қаратилган"
Қуйида Яйпаннинг "Турон" клуби тажрибали ярим ҳимоячиси Суннатилло Эрматов билан ўтказилган интервьюнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
- Суннатилло, футболга кириб келишингиз қандай бўлган?
- Футболга болалигимдан қизиқардим, ўшандаёқ келажакда футболчи бўлишни орзу қилардим. 7 ёшлигимда онам Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги футбол мактабига олиб боргандилар. Шундан бери футбол билан шуғулланиб келаяпман.
- Бугунга қадар қайси жамоалар сафида ўйнагансиз?
- Ҳозирга қадар "Металлург", "Обод", "Нефтчи", “Андижон”, "Цементчи" жамоаларида ўйнадим. Айни дамда "Турон"даман. Бу ерда футболчиларга яратилган шароитлар аъло даражада, мавсум якунида Суперлига йўлланмасини қўлга киритишимизга умид қиламан.
- "Турон" клубига келиб қўшилишингиз қандай юз берди?
- "Турон"га мени жамоамиз посбони Акмал Ортиқов тавсия қилган. Келиб кўрикдан ўтдим, ўйинларим мураббийларга маъқул келди ва шарнома туздик. Юқорида айтганимдек, бу клубда яратилган шароит мени қониқтирмоқда.
- Биламиз, сиз ҳужумкор ярим ҳимоячисиз. Бу ампулада аввалдан ўйнаб келасизми?
- Футболга дастлаб кириб келганимдаёқ шу позицияга мослашганман. Жамоада ўйнайдиган нуқтам ўзимга маъқул келади, бошқа ампулада ўзимни синаб кўрмаганман.
- Футболчилик фаолиятингиз давомида қайси ўйин энг ёрқин ва эсда қолган учрашув бўлган?
- Ҳа, бундай учрашув бўлган. "Металлург" сафидаги дебют учрашувимни яхши хотирлайман. Биласизми, ўшанда "Сўғдиёна"га қарши ўйнагандик ва мен илк ўйинимдаёқ гол уришга муваффақ бўлгандим.
- Сизнингча, айни дамда ПРО-Лиганинг энг кучли футболчиси ким?
- Шахсий фикримча, ПРО-Лигада иштирок этаётган футболчилар орасида "Нефтчи"нинг тажрибали ярим ҳимоячиси Мансур Саидов энг кучлиси деб ўйлайман. Унга қарши ўйнаш ҳар доим осон бўлмаган, бундан ташқари футболда улкан тажрибаси бор.
- Худди шу саволни Ўзбекистонда деб сўрасакчи?
- Шубҳасиз терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов ҳозирги кунда энг кучлиси.
- Футболда яқин дўстларингиз борми? Қайси футболчилар билан яқин дўстсиз?
- Футболда дўстларим кўп, қайси жамоада ўйнасам футболчилар билан тез чиқишиб кетаман. "Турон"да ҳам барча футболчилар билан муносабатимиз аъло даражада.
- Қайси хориж клубларига мухлислик қиласиз?
- Каталониянинг "Барселона" клуби мухлисиман ва ўйинларини мунтазам кузатиб бораман.
- Келажакдаги мақсадларингиз ва мухлисларга тилакларингиз...
- Яқин келажакдаги мақсадим "Турон" билан Суперлигига йўлланмасига эга чиқиш. Ҳозирги кунда жамоамизнинг бор эътибори ана шу мақсадга қаратилган.
Жамоамиз мухлисларига ҳар доим бизни қўллаб-қувватлашдан чарчамасликларини тилайман, биз ҳамиша улар учун майдонга чиқамиз. Насиб бўлса мавсум якунида Суперлига йўлланмасини биргаликда нишонлаймиз.
Бекзод Толибов суҳбатлашди.
Комментарии