Рўзиқул Бердиев: "Насаф" ҳозир шу даражага етди-ки, дуранг ҳам ранжитяпти"
10 мая 23:18
Новости


Рўзиқул Бердиев: "Насаф" ҳозир шу даражага етди-ки, дуранг ҳам ранжитяпти"
Ўйин ҳақида
- Бугун ғалабага ҳақли эдик деб ўйлайман. 1:0 ҳисобини 2:0 га, 2:1ни эса 3:1 га ўзгартиришимиз мумкин эди. Вазиятларимиз етарлича бўлди.
- Ўйин якунига оз вақт қолганида ҳимояни мустаҳкам ушлаш мумкинмиди?
- Рақиб стандарт вазиятдан гол уриб кетди. Ҳар бир вазиятга эътиборли бўлиш лозим. Йигитлар тўғри ўйин кўрсатишди, фақат битта ўша вазиятдаги эътиборсизлик голга олиб келди.
- Иккинчи бўлимлар "Насаф"да ўхшамаяпти. Натижа бўйича жамоа ютқазяпти. Бу ҳақида нима дейсиз?
- Жисмоний ва руҳий тайёргарлик бугунги ўйинга яхшироқ эди. Боя айтганимдек, биз 1:0 ҳисобини 2:0 га ўзгартирганимизда бошқача натижа бўларди. Ҳимояда эътиборли бўлиб тургандик, бироқ стандарт вазият голга олиб келди.
- "Насаф" жамоасида кетма-кет иккинчи дуранг натижа қайд этилди. Ўтган ўйинда ҳам жамоа яхши ўйин кўрсатганди. Иккинчи бўлимларда футболчиларга аниқлик етишмаётган бўлиши мумкинми?
- "Хоразм" билан учрашувдан сўнг айтгандим, биз очко йўқотишга ҳақли эдик, ўйинимиз ўхшамаганди. Бугун ҳужумдаги вазиятларимиз кўпроқ эди. Бу саволга бундан олдин жавоб бердим. Саволни чуқурроқ ўйлаб кейин бериш керак.
- Акмал Мозговой, Хусайн Норчаев, Стефан Чоловичлар асосий таркибда ўйнаб келишаётганди. Бугун улар 60-дақиқадан кейин ўйинга қўшилишди. Бу ўйинга танланган тактика билан боғлиқми?
- Чолович ўтган ўйинда ҳам қатнашмади, жароҳати бор. Мозговойда кеча озроқ иситма бор эди. Шу боис уни захирада ушлашга мажбур бўлдик. Норчаев ҳам енгил жароҳатини тиклаётганди. Шу боис уни ҳам захирадан майдонга туширдик.
- Кетма-кет очко йўқотишлар жамоага босим юкламайдими?
- Ҳеч қандай босимни ҳис қилмаймиз. Кейинги ўйинларда яхши тайёргарлик кўришимиз керак. Мавсумнинг кўп қисми ҳали олдинда. Шунақа босқичлар ҳам бўлади, шундан яхши ўтишимиз керак. Ҳар қандай жамоа ҳам узлуксиз яхши натижа қайд этиши қийин. Бугун вазиятлардан унумли фойдаланимиз керак эди, бирга-бир чиқиб бориб ҳам гол ура олмадик. Йигитлар ғалабани жуда хоҳлашди.
- "Насаф" чемпионликка эришганида натижа учун ўйнаган ўйинлар ҳам бўлган. Агар сизда чиройли ўйин ёки натижа келтирадиган ўйин танлови бўлса, қайси бирини танлаган бўлардингиз?
- Албатта натижа муҳим. Ўтган мавсумда чиройли ўйнаб, натижа қилмаганимизда якунда чемпионлик қўлга киритилмаган бўларди. Футболда биринчи навбатда натижа керак. "Интер" ёки ПСЖ ярим финалларда "Барселона" ва "Арсенал"дан яхшироқ ўйнади деб айта олмайман, бироқ иккиси ҳозир финалда. Натижа муҳимроқ, албатта натижани эсдан чиқармаган ҳолда сифатли футбол ўйнашга ҳаракат қиламиз. Ҳозир "Насаф" шу даражага етди-ки, дуранг ҳам ранжитяпти. Шу даражамизни ушлашимиз керак.
Похожие новости

Комментарии