Рўзиқул Бердиев: "Жамоа финалга тайёр"
16 окт 2015 17:09
Новости
Рўзиқул Бердиев: "Жамоа финалга тайёр"
"Финал олдидан босим ҳақида ўйлаганим йўқ. Финалга тайёргарлигимиз меъёрида бўлди. Эртанги ўйинни қанчалик масъулиятли эканлигини тушуниб турибмиз. Кубок финаллари биз учун омадсиз бўлиб келмоқда. Биз ушбу ёқимсиз анъанани бузишга ҳаракат қиламиз. Жамоадаги ҳамма футболчилар, мураббийлар штаби, умуман барчамиз буни яхши тушуниб турибди. Эртага биздан мухлисларимиз фақат ғалабани кутишмоқда. Биз уларни хурсанд этиш учун бор куч-ғайратимизни ишга соламиз. Рақиб ҳам жуда жиддий жамоа. Улар ҳам ўз олдиларига юксак мақсадларни қўйиб келишади. Биз "Бунёдкор"нинг барча футболчиларини чуқур ўрганиб чиқдик. Жиззах халқини эса финал билан табриклайман. Финални нейтрал майдонда ўтказиш бу жуда тўғри иш бўлди дея оламан. Жиззахда замонавий стадион барпо этилган. Бугун бу ердаги шароитлар билан яхши танишиб чиқдик. Стадион чиройли, майдон ҳолати ҳам яхши даражада эканлигига гувоҳи бўлдим. Футбол бу мухлислар учун байрам дегани. Жиззахда финал чиройли ўтади деб ўйлайман. Эртага ишқибозлар финални безаб беришларига шубҳа йўқ", - дея финал олдидан ўз фикрларини билдирди Рўзиқул Бердиев.
- "Насаф" таркиб борасида кўплаб муаммоларга эга эканлигини сўнгги интервьюларингизда айтиб ўтдингиз. Ротация қилишда сизда имкон йўқ. Артур Геворкян ҳам яқинда ўз терма жамоаси сафида иккита ўйинни ўтказиб қайтиб келди. Эртага жамоа тўрт тайм ўйнашга тайёрми?
- Тўғри, бизда бу борада муаммолар бор. Мен бу каби саволларга умумий мавсумни инобатга олиб жавоб берганман. Лекин сўнгги кунларда Ҳамза Каримов ҳам жароҳатидан фориғ бўлиб сафга қайтди ва машғулотларни тиклади. Ҳозирги кунда барча сафда ва таркибда йўқотишлар йўқ. Биз эртага тўртта бўлимда ўйнашга ҳам тайёрмиз ва бу борада керакли тайёргарликларни олиб бордик. Агар вазият тақозо этса, Ҳамза Каримов эртага майдонга тушишга ҳам шай ҳолатда. Артур Геворкян ҳақиқий профессионал ва унинг тайёргарлиги жойида деб ўйлайман. Ички чемпионатда менда ҳам, футболчиларимизда ҳам соврин йўқ. Шу боисдан биз эртага биринчи йирик ғалабамизни нишонлаш учун бор кучимизни сарф этамиз. Финал битта ўйиндан иборат. Бу баҳсда ким яхшироқ тайёргарликка эга бўлса, ўша жамоа ўз мақсадига етади деб ўйлайман. Бизнинг вазифамиз эртага мухлисларимизни хушнуд этиш.
- Эртага "Насаф"га натижа учун жуда муҳим. Бундан келиб чиқсак, финалда "Насаф" чиройли ўйин кўрсатадими ёки фақат натижа учун ҳаракат қиладими?
- Натижа ҳар иккала жамоа учун ҳам жуда муҳим. Ҳар иккал жамоа ҳам эҳтиёткор бўлиб ўйнашади. "Бунёдкор" билан ўйнаб шуни билдикки, бу жамоа билан очиқ футбол ўйнаб бўлмайди. Финалга ўзимизнинг режаларимиз бор ва биз эртага шулардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Артур Геворкян: Финалга жиддий ҳозирлик кўрдик. Барча эртага масъулиятли ўйин бўлишини тушиниб турибди. Бизнинг вазифамиз майдонга тушиб керакли натижани қўлга киритиш ва мухлисларимизни хурсанд қилишдан иборат. Эртанги ўйинда ғалаба қозониш учун барча имконитларимизни ишга соламиз. "Бунёдкор" ҳам қанчалик кучли ва жиддий рақиб эканлигини биламиз. Мухлисларимизнинг бизга бўлган ишончи юқори ва биз энди клуб музейига узоқ кутилган кубокни олиб келишимиз зарур. Финалда ҳар доим юқори иштиёқ ва кучли мотивация бўлади. Эртага ўйлашимча жуда қизиқарли баҳс бўлади.
Комментарии