Роналду - "Реал" тарихида энг яхши тўпурар!
06 окт 2015 22:35
Новости
Роналду - "Реал" тарихида энг яхши тўпурар!
Мадридликларнинг унинг голлари сони 324тага етиб, афсонавий Раулдан ўзиб кетганини маълум қилишди. Бошқа манбаларда Роналдунинг голлари ҳам 323та, лекин “Реал” Пепенинг “Реал Сосьедад” дарвозасига урилган голини Криштиану ҳисобига ёзган. Шу билан бирга “Мальмё” дарвозасига биринчи тўп португалиялик футболчи учун фаолиятидаги 500-голга айланди.
30 ёшли футболчи 753 учрашувда жами 501 тўп киритишга муваффақ бўлди. У “Спортинг” сафида 31 ўйинда 5 гол, “Манчестер Юнайтед”да 292 баҳсда 118 гол, Португалия терма жамоасида 122 ўйинда 55 гол ва “Реал” таркибида 307 учрашувда 323 тўп киритишга эришди. Уни ўзига хос юбилей билан собиқ жамоаси “Манчестер Юнайтед” ҳам табриклади. Рекорддан ҳеч қанча вақт ўтмасдан мадридликлар афсонаси саналган Раулнинг ўзи Роналдуни муборакбод этди. Телефонда хабар юборган Рауль Криштиану унинг натижасини янгилаганидан хурсанд эканлигини баён қилган.
Чемпионлар лигасида Роналду ўша кеча 22-дублини нишонлаб, бу борада Мессидан ўзиб кетди. Мессида 21, Раулда эса 14 марта қайд этилган дубл мавжуд. Филиппо Индзаги 12, Руд ван Нистелрой – 11, Тьерри Анри – 10, Златан Ибрагимович ва Карим Бензема 10 мартадан шундай натижага эришган.
“Реал”да 323 гол уриш учун Роналдуга 308 ўйин керак бўлди. Рауль эса бунга 741 учрашувда эришганди. Роналду “Реал” сафида яна 433 учрашув ёки 8 мавсум тўп киритмаса ҳам унинг ўртача кўрсаткичи Раулникидан юқори бўлиб қолади!
Роналду ҳам “Қироллик клуби”нинг афсоналаридан бирига айланиб бўлди. Бунинг учун унга ортиқча ўзини кўрсатиш талаб этилмайди. Мадрид клуби тарихида қандай кучли ҳужумчилар ўйнаганини ҳисобга олсак, Криштианунинг рекорди қай даражада қимматли экани ўз-ўзидан келиб чиқади. Энди у ҳар бир голи билан ўз рекордини янгилаб боради. “Реал”да ўртача бир ўйиндан биттадан кўпроқ тўп киритиб келаётгани Роналдунинг муваффақиятли ўйнаётганини исботлайди.
“Мальмё” билан учрашувда Роналду “Реал” учун Чемпионлар лигасидаги 67-тўпини киритди. Бунинг учун унга 65 ўйин кифоя қилди. Рауль эса 130 ўйинда 66 гол урганди.
ГОЛЛАР ҚАНДАЙ ВА КИМГА УРИЛГАН?
Катта футболдаги биринчи голини Криштиану 2002 йил 7 октябрь куни “Спортинг” сафида “Морейренсе”га қарши учрашувда Португалия чемпионатида урган. Ўшанда 17 ёшли футболчи дублга эришган. Ўшандан бери Роналдунинг тўпурарлик салоҳияти ўсиб бормоқда.
“МЮ” учун биринчи гол – 2003 йил 1 ноябрь куни “Портсмут” дарвозасига
“Реал” учун биринчи гол – 2009 йил 29 август куни “Депортиво” дарвозасига
Португалия терма жамоаси учун биринчи гол – 2004 йил 12 июнь куни Греция дарвозасига
Португалиялик футболчи учун энг сермаҳсул мавсумлар 2011/12 ва 2014/15 йилларда бўлган. Уларда Роналду 66 мартадан тўп киритган.
Фоизлар ҳисобида у 1% голини “Спортинг”, 11%ни Португалия термаси, “МЮ”да 24% ва “Реал”да 64 фоизини уришга эришган. Мадридда Роналду мавсумда ўртача 53тадан тўп киритиб келмоқда. Албатта, бу кўрсаткич шунчаки қойил қолишга арзийди.
Криштиану энг кўп тўпни “Севилья” дарвозасига киритган. Андалусияликлар унинг зарбаларидан кейин 21 марта тўп ўтказиб юборганлар. 18 бор “Хетафе” жабр кўрган. 15тадан голни “Барселона” ва “Атлетико” дарвозаларига йўллаган. Халқаро аренада 11 бор немис клублари ва 7 марта “Аякс” дарвозаларига тўп киритган.
Роналдуга голлар уришда Бензема энг кўп ёрдам берган. Дастлаб уларнинг майдондаги ўринлари бошқачароқ эди. Бензема гол уриши Роналду тўп узатарди. Вақт ўтиши билан бунда ўзгариш юзага келди. Улар клубга бир пайтда келиб, “Депортиво”га қарши дебютларини ўтказишган. Ўшанда Роналду гол урган, Бензема эса йўқ. Ўшандан бери Карим 31 марта голли тўп оширишни амалга оширди. Айнан Криштиану гол урган ҳолатларда. Озил (27), Ди Мария (22), Гиггз ҳам Роналдуга кўплаб голларни уришда ёрдам берганлар. Бэйл қисқа муддатда 16 бор Криштиануга шундай имкониятни тақдим этиб улгурди.
У голларининг тўртдан бир қисмини стандарт вазиятлардан урган. Шуларнинг учдан икки қисмини пенальтилар ташкил қилади. Унда жарима зарбаси ва узоқ масофадан тўп киритиш кўрсаткичи деярли тенг – 38тадан. Унинг кучли тарафи жарима майдони ичида яхши ҳаракат қилиш саналади. Голларининг 67 фоизини шундай услубда урган. Ўнг оёғида 326 тўп киритган. Боши билан 83 гол урган. Ўтган мавсумда шундай тарзда 12 тўп киритиб, шахсий рекордини янгилади. Яна икки тўпни у танаси билан дарвозага йўллаган.Беҳзод Назаров тайёрлади.
Комментарии