Ривожланишнинг тўрт йиллик дастури. Унда нималарга эътибор берилади?
04 окт 2017 13:09
Новости
Ривожланишнинг тўрт йиллик дастури. Унда нималарга эътибор берилади?
Ушбу анжуман ЎФФ президентлигига сайлов бўлиб ўтган кундан орадан 15 кун ўтиб ўтказилди. Матбуот-конференциясида шунингдек, ЎФФ вице-президенти Шоакрам Исроилов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда ЎФФ ижроқўм аъзолари Рустам Қурбонов ва Мурод Алиевлар иштирок этишди.
Дастлаб ЎФФ раҳбари Умид Аҳмаджонов сўз олиб, ЎФФ мамлакатимизда футболни риавожлантириш борасида кейинги тўрт йиллик учун дастур ишлаб чиққанини оммага маълум қилди. Кейинчалик бу дастур журналистларга ҳам тақдим этилди. Биз қуйидаги мақола орқали кейинги тўрт йилликда эътибор қаратиладиган асосий масалалар хусусида фикр юритамиз ва шу орқали ўқувчиларга маълумот беришга ҳаракат қиламиз.
Дастурда нималарни кўрамиз?
Ана энди тўрт йиллик ривожланиш дастури ҳақида фикр юритсак. Тўрт йиллик деганда ЎФФ 2018-2022 йилларни инобатга олган. Ўзбек футболи учун 2017 йил тугади десак ҳам бўлаверади. Зеро, жаҳон чемпионатига чиқиш имкони қўлдан бой берилганидан сўнг ишқибозларнинг ўзбек футболига бўлган қизиқиши кескин даражада тушиб кетди. Одамлар олий лигани кўрмай қўйишди, биринчи лигани-ку гапирмаса ҳам бўлади. Клубларимиз учун Осиё чемпионлар лигаси баҳордаёқ тугаган.
Ўсмирлар терма жамоамиз Саудия Арабистонида ташкил этилган U-16 Осиё чемпионати саралаш ўйинларини муваффақиятсиз якунлашди. Ҳартугул Равшан Ҳайдаров бошчилигида Ўзбекистон U-22 терма жамоаси БААда Осиё чемпионати йўлланмасига эга чиқди ва шуниси бироз хурсандчилик бағишлади. Эндиликда бу йил ҳисобидан яна битта халқаро мусобақа қолди. Яъни, шу ой охирларида Тожикистонда ташкил қилинадиган U-19 Осиё чемпионатига саралаш босқичи. Ушбу мусобақага ёшлар термамизни Александр Мочинов тайёрламоқда.
ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов матбуот анжуманида кейинги тўрт йилликда эътибор қаратиладиган устувор масалаларга тўхталиб ўтди. Демак, булар қуйидагилар.
БИРИНЧИСИ, Ўзбекистон миллий терма жамоага бош мураббий тайинлаш. Ҳозирда ушбу жараён давом этаяпти. Дарҳақиқат, терма жамоамизни кимга ишониб топшириш масаласи ҳамон очиқлигича қолмоқда. Самвел Бабаян ўз лавозимини тарк этганидан бери ЎФФ унинг ўрнига янги мураббийни тайинлагани йўқ ва айни пайтда бунга ҳожат йўқ деб ўйлаймиз. Сабаби, яқин бир ярим йил ичида биз ҳеч қандай расмий ўйин ўтказмаймиз. Энди шу билан 2019 йилнинг январида бўлиб ўтадиган Осиё Кубогига тўғридан-тўғри бориб, ўша ерда ўйнаймиз. Шундай экан, миллий терма жамоага бош мураббий тайинлаш масаласида шошилмаган маъқул.
Бизга маълум бўлишича, ЎФФ шу кунларда бир қатор номзодларни ўрганиб чиқмоқда. Ва айтиш мумкинки, номзодларнинг барчаси чет эллик. Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон терма жамоасининг навбатдаги бош мураббийи хорижлик мутахассис бўлади, у голландияликми, Италияданми ё германияликми, шуни билмаймиз холос. Матбуот анжуманида ЎФФ раҳбари аниқ номларни тилга олмади.
ИККИНЧИСИ, келишилган ўйинларга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш. Бу энг оғриқли нуқталардан бири. Мана икки йилдирки ЎФФда келишилган ўйинларга қарши курашиш қўмитаси (ёки бўлими) ишлаб келмоқда. Қўмита раҳбари Аҳрол Иноятов футболни чуқур тушунадиган мутахассислар сирасига киради. Аммо у киши изқувар ё терговчи эмас, қолаверса ҳозирги замон тили билан айтганда - қўлга тушмаган ўғри эмас, шундай экан, қайси ўйинни келишилган деб ким исботлаб бера олади?
Бу масалага икки хил қараш мумкин. Агар Ўзбекистонда келишилган ўйинлар бор деб ўйласак, унда қани ўша ўйинлар? Исбот борми? Мабодо йўқ десак, унда нега мухлисларнинг стадионга ташрифи камайиб кетди? Одамлар нима учун футболга боради? Албатта, чиройли ўйин кўриш учун. Агар жамоалар зерикарли футбол кўрсатиб, ўйиннинг боришидан “келишилган баҳс” ҳиди анқиб турса бундан мухлисга нима фойда? ЎФФ президентининг айтишича, эндиликда келишилган ўйинларга қарши кураш учун янги қўмита иш бошлайди. Лекин асосий савол барибир долзарблигича қолаверади: келишилган ўйинларга қайси йўл билан кураш олиб борилади? Кимларнинг ёрдамидан фойдаланилади?
УЧИНЧИСИ, футболдаги таниш-билишчилик ва уруғ-аймоқчиликка қарши курашиш. Таниш-билишчилик нафақат футболда, балки мўмайгина даромад қилса бўладиган барча соҳаларда бор ва буни бекитиш керак эмас. Футбол эса кўзга кўринган спорт тури, аксар кишилар соҳага кириб келганда фойдаланиб қолишни хоҳлашади. Чунки бугунги кун футболида катта пул айланаётгани сир бўлмай қолди. Пул эса ҳар қандай одам бошини айлантириб қўйиш мумкин.
Эндиликда ЎФФ раҳбарияти бу масалага ҳам бепарво қараб турмоқчи эмас. Умид Аҳмаджонов футболни таниш-билишчилик ва уруғ-аймоқчиликдан тозалаш кераклиги ҳақида гапирар экан, “Мен тўғри тушунаман, агар орамизда спортчилар оиласи бўлиб улар ҳақиқатан ўз жойларига муносиб бўлса, марҳамат. Лекин шундай ҳолатлар борки, бу футболимиз илдизига болта уради. Биз мана шундай ғирромлик ва қинғирликдан тозалаш учун алоҳида мутахассислар гуруҳини жалб этдик”, - дея айтиб ўтди.
Албатта, бу қандай гуруҳ ва асосан нима иш қилади ҳозирча билмаймиз, аммо барча жойларда кадрлар аниқ бир танлов асосида ишга қабул қилинадиган бўлса, ўйлаймизки, уруғ-аймоқчиликка секин-аста барҳам берилади. Зеро биз ҳам футболнинг барча йўналишларида ўз соҳаси эгалари ишлашини хоҳлаймиз.
ТЎРТИНЧИСИ, федерация ишини шаффофлаштириш. Шаффофлаштириш деганда нимани тушуниш керак? Бу ҳақда гап борганда аввало молиявий ҳолатни очиқ баён этишни тушунамиз. Масалан, терма жамоа мураббийларига тўланадиган маош, қайсидир мусобақадаги иштирок ёки ғолиблик учун бериладиган мукофот пули миқдори, бирорта ўртоқлик учрашуви ташкил қилиш учун қанча маблағ кетиши ва ҳоказо. Албатта, бу ҳам ишқибозлар учун қизиқ ва ЎФФни шаффофлаштириш деганда биз мана шуларни тушунамиз.
Бундан ташқари, олий ёки биринчи лига ҳакамлари жазоланадиган бўлса, айнан қайси хатоси учун жазолангани ҳам очиқ-ойдин айтилса чакки бўлмасди. Умид Аҳмаджоновнинг айтишича, янги раҳбарият мухлисларнинг федерацияга бўлган ишончи ва ҳурматини қозонишни устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйган. Негаки раҳбарият учун халқнинг ЎФФ ҳақидаги фикри ниҳоятда муҳим. Хўш, одамлар ишончини қандай қозониш мумкин? Биринчи навбатда ғалабалар орқали. Миллий терма жамоамиздан тортиб барча ёшдаги жамоалар муҳим ўйинларда ғалаба қозониб турса, ўз-ўзидан мухлисларнинг ЎФФга бўлган ҳурмати ошиб бораверади. Негаки кўп жойларда мухлислар ва ОАВ федерация ишига асосан халқаро майдондаги ютуқлар орқали баҳо беришади.
БЕШИНЧИСИ, чипталар саводосини ислоҳ қилиш. Бу ҳам долзарб масалалардан бири. Миллий терма жамоа Тошкентда ўйнаганда мухлислар доим чипта муаммосига дуч келишади. Одамлар ўзлари хоҳлаган сектордан чипта тополмай қолишади. Ё кассада чипта тугаб қолган бўлади, ё ҳаммаси қўлга чиқиб кетади. Бу энди бошқа мавзу. Факт шуки, Ўзбекистон терма жамоаси қачон уйда ўйнамасин, доим шу масала кўтарилади. Албатта, ЎФФнинг иши чипта сотиш бўлмаслиги керак, аммо сотувни назорат қилиш уларнинг қўлида.
Мухлисларни хурсанд қиладиган яна бир хабар шуки, кейинги йилдан бошлаб электрон чипталар савдосини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳам яхши, эндиликда вилоятлардан ўйин куни Тошкентга келадиган мухлислар баҳс бошланишига бир-икки соат қолганда касса атрофида овора бўлиб юришмайди. Чиптани электрон харид қилиб тўғри стадионга кириб бораверишади. Бу орқали чипталарнинг олиб-сотарлар қўлига ўтиб кетиш олди олинади.
Дастурга киритилган бошқа масалалар
Юқоридаги бешта фактор ЎФФ янги иш режасининг асосий мақсади ҳисобланади. Мана шу бешта мақсад йўлида ҳам кўп ишларни амалга оширса бўлади ва шунинг ўзиёқ одамларнинг ЎФФга бўлган ишончини орттиради. Бундан ташқари, тўрт йиллик ривожланиш дастуридан ўрин олган яна қўшимча масалалар борки, бу ҳақда ҳам тўхталмасак бўлмайди.
Энг аввало бутун мамлакатимиз бўйлаб болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш. Очиғини айтиш керак, болалар футболига жиддий эътибор берилмаса кейинги йилларда янада қийин аҳволга тушиб қолишимиз мумкин. Бугунги кунга келиб жойларда болалар ўртасидаги мусобақалар жуда камайиб кетди. Борлари ҳам мунтазам ўтказилаётган йўқ. Қолаверса, ЎФФ тасарруфидаги аксар футбол мактаблари керакли спорт инвентарлари билан тўлалигича таъминланмаган. Мураббийлар учун малака ошириш курслари жуда кам ташкил қилиниши ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Мураббийларни тайёрлаш масаласи ҳам футбол ривожи учун муҳим аҳамият касб этади. Лекин ПФЛнинг ўзи биринчи навбатда ўзи чиқарган регламентга амал қилмас экан, ҳаммаси яна эски ҳаммом, эски тослигича қолаверади. Масалан, олий лигада бош мураббий сифатида фақат “Про” лицензиясига эга мураббийлар, биринчи лигада “А” лицензияси борлар ишласин дейилдими, тамом бунга ҳамма амал қилиши шарт.
Назорат эса ПФЛ бўйнидаги вазифа ҳисобланади. Қолаверса, худди ўқитувчилар сингари мураббийларни ҳам ҳар икки йилда бир марта аттестациядан ўтказиб туриш керак. Қайта имтиҳон топшира олмаганлардан майли лицензияси олиб қўйилсин, шундагина мураббийларда ҳам ҳаракат бўлади, улар ўз билимларини кучайтиришга интилишади.
Умуман олганда, ўзбек футболида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар ва ечимини кутиб турган муаммолар кўп. Буларни ҳал қилиш эса ўзимизнинг қўлимизда, четдан келиб ҳеч ким бизнинг муаммоларни ечиб бермайди. Лекин буларни ҳал қилишни тўлиқ ЎФФ президентига юклаб қўйиш ҳам тўғри эмас. Бунда федерациядаги барча бўлимлар ходимлари бир елкадан бош чиқариб ишлаши керак бўлади. Журналистлар ёритадиган оғриқли мавзулар эса федерация ишини янада енгиллаштиради деб умид қиламиз.
Комментарии