Мантиқсизлик...
16 ноя 2022 03:35
Новости
Тарихдаги энг яхши чемпионатлардан бирига гувоҳ бўлдик. Аммо камчиликлар йўқ эмас. Масалан, ЎФА тартиб-интизом қўмитасининг фаолиятига нисбатан жиддий эътироз бор. Буни 2та мисол орқали тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.
1-ҳолат
2 май куни эди. "Пахтакор" сардори Шерзод Аъзамов бош ҳакам Фирдавс Норсафаровдан норози бўлиб, уни сўкади. Табиийки, қаршилик рефери чўнтагидан қизил карточкани чиқарди. Бу эпизод қўмитада ҳам кўриб чиқилди ва Аъзамов 3та ўйинга дисквалификация қилинди. "Пахтакор" ўша ўйинларнинг барчасида очко йўқотди...
9 октябрь куни. "Насаф" "Сўғдиёна"ни қабул қилди. Учрашув охирида Лука Чермель мадонда "цирк қўйди".
Ўша қўмита бу эпизодни ҳам ўрганди. Ва сербиялик футболчи 5 млн сўм миқдорида жаримага тортилди...
Изоҳ: Аъзамов турган жойида ҳакамни ҳақорат қилгани учун 3та ўйинга кетди. Чермель эса нафақат ҳақорат қилди, реферига ташланмоқчи бўлди, шифокор халтаси, реклама баннерларини тепиб ташлади. Ва фақат жарима билан қутулди. Ғалати.
2-ҳолат
2021 йилнинг август ойи. "Металлург" бош директори Шавкат Саидов ўйиндан кейин "Машъал" бош мураббийи Александр Хомяковнинг кўкрак қисмига бир марта зарба йўллади. Бу ҳаракат тартиб-интизом қўмитасида ўрганилиб, бекободликлар раҳбарига нақ 1 йиллик дисквалификация берилди...
2022 йилнинг август ойи. "Локомотив" билан ўйиндан кейин Рўзиқул Бердиев майдонга тушиб, учрашувни бошқарган Аҳрол Рисқуллаевга эътирозларини қўпол тарзда баён этди ва унинг қорин қисмига зарба берди. Бу иш ҳам тартиб-интизом қўмитасида ўрганилди ва "Насаф" устози 3 ўйинга четлатилди.
Савол: Расмийларга тажоввузнинг "баҳоси" учталик дисквалификация экан, нега Саидовга 1 йил берилган эди?
Иккала ҳолат ҳам битта нарсага ишора қилди: Ҳамма тенг кўзда кўрилмайди. Номларга қараб, қўмитанинг позицияси ўзгариши мумкин. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Юқоридаги ҳолатлар давом этишини хоҳламасак, ТИҚ қайтадан, мукаммалроқ қилиб шакллантирилиши керак.
P/s. ЎФА устави ҳамда тегишли кодексда Тартиб-интизом қўмитасига жуда катта ваколат берилган. Бу катта масъулият дегани. Шундай экан, у ерда Аъзамов билан Чермелга, Бердиев билан Саидовга нисбатан бир хил муносабат таъминланиши, улар битта кўзда кўрилиши шарт!
Муаллифнинг телеграмдаги канали → ФР| футбол АНАЛИЗИ
Комментарии