Қишки танаффус олдидан: Шомуродов гол урган А Серия 19-тури якунлари
23 дек 2021 21:05
Новости
Қишки танаффус олдидан: Шомуродов гол урган А Серия 19-тури якунлари
"Ювентус" "Кальяри"ни енгди
Мезбонлар йилни ғалаба билан якунлашлари жуда муҳим эди. "Кекса синьора" чиндан беллашувни анча тетик бошлади. Ўйин аввалидаёқ Куадрадонинг узатмасидан кейин Кин боши билан яхши зарба берди, аммо тўп устунга тегиб қайтди. Кейин "Кальяри" ўйинни ўз жарима майдончасидан узоқлаштира олди ва ҳатто рақиб дарвозасига хавф сола бошлади. Бироқ "Ювентус" аста-секин яна тўп назорати ва ўйин тизгинини ўз қўлига қайтариб олди. Бернардески узоқ масофадан зарбасидан кейин тўп аввал рақиб ҳимоячиси оёғига тегди, кейин Киннинг бошига тегиб, дарвоза тўрига бориб тушди. Бироз тасодифий гол, аммо ўйиннинг бориши шунга қараб кетаётганди.
Иккинчи бўлим бошида Жоао Педро ҳисобни тенглаштириш учун ўта қулай имкониятга эга бўлди, бироқ қанотдан узатмадан кейин чамаси 5 метрлардан дарвозани пойлай олмади. "Кальяри" "Ювентус"нинг чап қанот ҳимоясидан ёриб ўтишда давом этди. Негадир шу кеча Алекс Сандро у қадар ишончли ўйин кўрсата олмасди. Қанотдан амалга оширилган яна бир узатмадан кейин Жоао Педро энди дарвозага аниқ зарба берди, лекин Шенсни жамоасини қутқариб қолди. "Ювентус" эса ҳужумда кутилганидек ишончли ҳаракат қила олмас, қаердадир омад етишмасди. Шу паллада футболчиларнинг индивидуал маҳорати биринчи планга чиқди. Кулушевски марказда тўпни олиб қўйиб, жарима майдонигача етиб борди ва Бернардескига аниқ узатмани амалга оширди, Федерико эса дарвозанинг пастки бурчагини нишонга аниқ олди ва уч очко масаласини ҳал қилди.
Шомуродовнинг голи "Рома" учун етарли бўлмади
"Жалоросси" ўйинни ҳужумлар билан бошлашди. Веретунинг узатмасидан кейин Абрахам қулай нуқтага чиқиб борди, лекин зарбаси қовушмади. Тэми анча фаол эди. Вазиятлардан бирида Мхитаряннинг узатмасидан кейин у ҳаводаги курашда устун келди, аммо яна мўлжалда адашди. "Сампдория" эса ҳужумдан кўра, кўпроқ ўз дарвозаси хавфсизлиги ҳақида кўпроқ бош қотирарди ва ҳа деганда ҳужумга боравермасди.
Шундай бўлсада, иккинчи бўлим бошланганини билдирувчи ҳуштакдан кейиноқ Кандрева жарима майдончасида тўпни қабул қилди, бир айланиб зарба ҳам йўллашга муваффақ бўлди, аммо тўп устунга тегиб қайтди. Ўйин яна анча сокин руҳда давом этарди ва жамоалар рақибга вазият яратиш учун имкон бермасликка интиларди. Сокинликни захирадан тушган Элдор Шомуродов бузиб юборди. Ҳамюртимиз ўз услубида ҳаракат қилди, Элдор жарима майдончасида курашда тўпни эгаллаб олиб, охиригача ҳаракат қилди ва такрорий уринишда дарвозанинг бурчагини нишонга олди. Кўп ўтмай, Заньоло "Рома"нинг устунлигини мустаҳкамлаши мумкин эди, бироқ Аудеро рақиб футболчиси тўпни ўзининг устидан ташлаб қўйишига йўл қўймади. "Сампдория" эса таслим бўлиш ниятида эмасди. Жарима майдончасидаги юзага келган чалкашлик, рикошетлар оқибатида тўпга Габбьядини ўзи истагандек зарба бериб, яқин масофадан осонгина гол уриб кетди. Ўйин сўнгида Мхитарянда яхши имконият бўлди, аммо унинг айланма усулда йўллаган тўпи дарвоза ёнгинасидан ўтиб кетди. Оқибатда, "Рома" биринчи даврани 5-ўринда якунлади, "Сампдория" эса 15-поғонани банд этиб турибди.
"Интер" бу сафар "Торино"дан устун келди
Кўпчилик учун кутилмаганда "Торино" ўйинни дадилроқ ва "жахл" билан бошлади. Иван Юрич прессинг билан нафақат рақибни балки мутахасисларни ҳам хайрон қолдира олди. Бунинг оқибатида вазиятлар асосан Ханданович дарвозаси олдида юзага келарди. Чинакамига голли вазиятлар дея олмасакда, мунтазам босим айнан "нерадзурри" дарвозаси олдида юзага келарди. Қизиғи, "Интер" сафида илк хавфли имконият марказий ҳимоячи Бастонида бўлди, бироқ футболчи мўлжалда адашди. Аста-секин ўйин темпини оширган "Интер" устунликни томонига оғдирди ва бу голга олиб келди. Жеко жарима майдончаси четидан тўпни марказ томон йўллади ва Брозович тўпга тегмай "ассист" бажарган бўлса, Дюмфрис биринчи уринишдаёқ тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Шу тариқа, Дензел А Сериядаги 3-голини нишонлади. Кейинги вазиятдаёқ Лаутаро фарқни ошириши мумкин эди, бироқ киперни ҳам алдаб ўтган аргентиналик дарвозани нишонга ола билмади.
Танаффусдан кейин "Торино" яна прессингни ишга солди ва фаол ҳаракат қила бошлади. Асосан "буқалар" узоқ масофадан зарбалар беришди. Туринликларнинг энг хавфли вазияти сифатида Брекалонинг жарима зарбасидан йўллаган тўпини айтиш мумкин, аммо Ханданович бу сафар ҳам жамоадошлари жонига оро кирди. Умуман олганда, "Интер" ҳам гол уриши мумкин эди, лекин Алексис Санчес айланма зарбаси нафақат посбонни, балки дарвозани ҳам четлаб ўтди. Умуман олганда "Интер" рақибига ҳужумда ортиқча имкон бермади, ваҳоланки ўзи ҳам олдинда у қадар ёрқин ўйитн кўрсата олмади, бироқ муҳим ғалабани қўлга киритди ҳамда А Серия етакчиси сифатида танаффусга чиқиб кетди.
Олтита гол урилган ўйинда "Милан" "Эмполи"ни таслим этди
Ўтган турдаги ўйин сўнгида тушунарсиз сабаб билан инобатга олинмаган голдан кейин "Наполи"дан учралган мағлубият аламини унутмаган миланликлар илк дақиқалардан ҳужумга отилди. Тақдир хазилими ё бошқа, аммо бу сафар ҳам ўша инобатга олинмаган голга жуда ўхшаш ҳолат, якуний зарба муаллифи ўша Кессиэ, Жиру эса ерда тўпдан "қочарди". "Эмполи" эса кўп ўтмай ўзи ҳам имкон туғилса рақиб дарвозасига хавф солиши мумкинлигини кўрсатиб қўйди. Бурчак зарбасидан кейин тўп қарама-қарши қанотга бориб тушди ва Байрами тўпни ерга туширмай дарвозани ишғол қилди. "Эмполи" ҳужум қилишда ва вазиятлар яратишда давом этди, голни эса "Милан" уриб кетди. Кессиэ ҳеч ким кутмаганда жуда ўткир бурчакдан зарба берди, "Эмполи" посбони эса тўпни оёқлари орасидан ўтказиб юборди.
Мезбонлар иккинчи бўлим стартидаёқ мувозанатни тиклашлари мумкин эди. Ажойиб ҳаракатларидан кейин Байрами дарвоза тўсинини пойлади. "Милан" эса академик футбол кўрсатарди. Вазиятларнинг бирида жамоа стандартга эга бўлди. Тўп олдига Флоренци яқинлашди ва "рикошет" ёрдамида ҳисобига гол ёздириб қўйди. Кўп ўтмай, Тео барчасини барчага тушунарли қилиб қўйди. Қойил қолиш керак, "Эмполи" футболчилари ғалаба қўлдан бой берилганини тушунсада, таслим бўлмасди. Меҳнати мукофоти сифатида пенальти тепиш имкониятига эга бўлди. Пинамонти имкониятдан унумли фойдаланди ва "Эмполи"ни йирик мағлубиятдан қутқариб қолди.
Шунингдек, "Аталната" ва "Женоа" гол ура олишмади, "Наполи" кутилмаганда "Специя"га ютқазиб қўйди, "Салернтина" - "Удинезе" ўйини ўтказилмади.
Сергей Румянцев
Комментарии