RU

Последние новости

02:10ЕЧЛ. "Бавария", "Ливерпуль" ва "Челси"да йирик ғалаба. "Тоттенхэм" "Монако" билан дуранг ўйнади  7 01:55ЕЧЛ. Беллингемнинг ягона голи "Реал Мадрид"га "Ювентус" устидан ғалаба тақдим этди  20 00:39ЕЧЛ. "Қорабоғ" ушбу мавсум турнирдаги илк мағлубиятини "Атлетик"дан қабул қилиб олди. "Галасарой" эса йирик ҳисобда зафар қучди  1 00:30Туркия. "Истанбул Башакшеҳир" "Ризеспор" билан дуранг ўйнади. Шомуродов тўлиқ ўйнади, Алиқулов ва Файзуллаев эса...  6 00:20Максим Шацких: "Икки очко йўқотдик. Рақиб дурангни нишонлади"  6 23:04ОЧЛ 2. "Аркадағ" Қатарда "Ал Аҳли"га қарши камбэк амалга ошириб, мағлубиятдан қутилиб қолди. "Андижон"нинг гуруҳидаги вазият қизиқарли тус олмоқда  9 22:24Ўзбекистон термаси бош мураббийи Фабио Каннаваро "Реал" – "Ювентус" ўйинида стадиондан туриб экспертлик қилади  15 22:05Али Ашур: "Андижон" бугун жуда кўп югурди, улар ўз мухлислари учун жанг қилишди. Баъзида бундай энергияга қарши курашиб бўлмайди"  7 21:33Ла Лигада ой ўйинчиси бўлиш учун номзодлар эълон қилинди  3 21:01ОЧЛ 2. "Ал Насср" Ҳиндистонда "Гоа" устидан ғалаба қозонди  6 20:39ОЧЛ-2. Ҳакамга тиббий ёрдам кўрсатилган ўйинда "Андижон" 3-марта 0:0 ҳисоби қайд этди. Бу галги рақиб – "Ал Ҳалдия"  122 20:23Алаба "Реал"дан янги шартнома хоҳламоқда, клуб эса йўқ  1 19:46Каррагер: "Арсенал" - ЕЧЛни ютиши мумкин бўлган 4–5 клубдан бири"  0 19:15Ньом Винисиусни юзига ургани учун 2 та ўйинга четлатилди  1 18:24ЖЧ-2026. Осиёда бешинчи саралаш босқичи ўйинларининг саналари маълум бўлди  14

"Пахтакор" ва ўзбек футболи афсоналаридан бири Аҳрол Иноятов 80 ёшда Новости

"Пахтакор" ва ўзбек футболи афсоналаридан бири Аҳрол Иноятов 80 ёшда

Бугун "Пахтакор" сафидаги ёрқин ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган собиқ тўп тепар Аҳрол Иноятов таваллуд айёмини нишонламоқда.

"Пахтакор" таркибидаги энг ёрқин ўйинчилардан бири, метин ҳимоячи, спорт устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Аҳрол Иноятов 1945 йилнинг 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги "Тахтапул" маҳалласида Иноят ака ва Лутфи аялар бош бўлган хонадонда дунёга келган. Аввалига 150-мактабда, кейин Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ҳамда Москвадаги мураббийлар тайёрлаш олий мактабида таҳсил олган. Ўн ёшга тўлгач, юртимизнинг машҳур мураббийларидан бири Маъруф Акбаров раҳбарлигидаги спартакчилар гуруҳи ўзининг қиш ойларида машғулотларини Лал Баҳодир Шастри номидаги 24-мактаб спорт залида олиб бораётган жамоага қўшилди. Болалар ва ўсмирлар ўртасидаги турли мусобақаларда майдонга тушди. 17 ёшга тўлгач, Сергей Арутюнов бошчилигидаги ёшлар терма жамоасига Залар Санатулов, Сайфиддин Қудратов Давлат Ортиқов, Зафар Расулов сингари тенгдошлари билан қабул қилинди. Улар ўша йили Волгоград шаҳрида бўлиб ўтган Бутуниттифоқ мактаб ўқувчилари Спартакиадасида иштирок этди. 

1965 йилнинг 6 июнь куни Аҳрол Иноятов илк бор "Пахтакор"нинг асосий таркибида майдонга тушди. Меҳмонда АСК "Одесса"га қарши кечган учрашувда ҳисоб очилмади. Орадан 15 кун ўтгач энди у ҳамшаҳарлари кўз ўнгида имтихондан ўтди: "Пахтакор" - "Зенит" (Ленинград) 3:2. Умуман олганда бугунги кун қаҳрамони олий ва биринчи лиганинг жами 158та учрашувида майдонда ҳаракат қилди. Ҳимоячи бўлишига қарамай, рақиблар дарвозасини 3 маротаба ишғол қилди. Бир неча йил давомида "Пахтакор"ни сардори сифатида майдонга бошлаб тушди. 

1971 йилнинг 14 май куни Ростов-Дон шаҳрида маҳаллий армиячилар билан бўлган учрашув чоғида олинган жароҳат (оёқ тиззасида пай томири чўзилиши) туфайли у Москвада машҳур шифокор, профессор Зоя Миронова раҳбарлигидаги клиникада операция қилинди. Жароҳатдан сўнг сафга қайтган Иноятов аввалгидек спорт формасига кира олмади. Бунга унинг қайталаб қолган жароҳати йўл қўймади ва 1972 йили 27 ёшида катта футбол билан хайрлашишга мажбур бўлди.       

Аҳрол Иноятов “Пахтакор”даги дебютини шундай эслайди.

- Жамоага ўтганимда Александр Келлер бош мураббий, Лёв Олшанский унинг ёрдамчиси ва ўринбосарлар таркибини шуғуллантирар эди. Улардан кейин Гавриил Дмитриевич Качалин ҳар иккала таркибга бош мураббий этиб тайинланди. “Пахтакор” шундай жамоа эдики, ҳамма бир-бирини қўлларди. Ваҳоланки, таркибда рақобат жуда кучли, аммо иш бошқа, ҳаёт бошқа эди. Жамоага тез киришиб кетишимиз таркибдаги фахрий ўйинчиларнинг қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ деб ўйлайман. Боиси, Ҳамид Раҳматуллаев, Акмал Азизхўжаев каби тажрибали ўйинчилар нафақат майдонда, балки ҳаётда ҳам жуда кўп маслаҳатлар берган. Қизиғи, асосий ва ўринбосарлар таркиби ўзаро майдонга тушганида ҳеч ким бир-бирини аямасди, лекин бу қарама-қаршилик майдоннинг ўзида қолиб кетарди. Жамоа машғулотлари якунига етгач, деярли ҳеч ким майдондан чиқиб кетмасди. Футболчилар ўз камчиликлари устида ишларди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, Дмитриевич тушдан кейин соат 15:00 ва 16:00да, иссиқда ўринбосарларни, сўнг асосий таркибни шуғуллантирарди. Шуғуллантирганда ҳам профессионал тарзда, ишига ўта жиддий ёндошиб, бажарарди. Ҳозир ҳам ишига бу даражада жиддий ёндошадиган мураббийлар кам. Боиси, жамоа бош мураббийи ўринбосарлар таркибини шуғуллантиравермайди. “Пахтакор”даги фаолиятим 10 йил давом этди. 1972 йил 27 ёшимда тиззамдан олган жароҳатим бутсаларими михга илишимга сабаб бўлди.

Аҳрол Иноятов футболчилик фаолияти эрта якунланганидан сўнг Москвада икки йил мураббийларни тайёрлаш олий мактабида малакасини оширди. Мураббийлик фаолиятини 1980 йилда мамлакат чемпионатининг биринчи лигасида иштирок этувчи Жиззахнинг "Бўстон" жамоасида бошлади. 1987-1988 йилларда Ироқ ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасига устозлик қилди. 1993-1994 йилларда жонажон "Пахтакор" жамоасига мураббийлик қилди. Ўтган асрнинг сўнгги йилларида футзалда ҳам ўзини синаб кўрди. Унинг раҳбарлигидаги Андижоннинг "Турон-С" жамоаси уч марта Ўзбекистон чемпиони бўлди. 

Иноятов фаолияти давомида рўй берган қизиқарли воқеалардан бирини шундай эслайди.

- Одатда расмий ўйиндан бир кун аввал ўтказиладиган машғулот енгил ўтади. 40-45 дақиқадан кўп бўлмайди. Футболчилар ҳам шунга руҳан тайёр бўлишади. Қайси мавсум эслай олмайман, Москвада “Спартак”ка қарши ўйнашимиз керак. Бир кун олдинги машғулотларга чиқдик, нақд икки соат давом этди. Якушинга ҳеч ким ҳеч нарса дея олмайди. Ҳайронмиз, эртага жиддий ўйинимиз бор, биз 2 соатдан бери машғулот ўтказяпмиз. Охири ёрдамчи мураббийга мурожаат қилдик. У “айёр Михей”га машғулотни тугатсак бўлар, деганди қуйидаги жавобни олди: “Кашанинг мазасини сариғёғ билан буза олмайсан”. Нима демоқчи? Машғулот қанча кўп бўлса ҳам зиёни йўқ.Эртаси куни “Лужники”да “Спартак”ка қарши ажойиб ўйин ўтказиб, сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол сабабли ғалабани қўлдан чиқарганмиз. “Пахтакор” чемпионат ўйинларида Москванинг барча клубларини зир титратарди. Шунинг учун барча рус жамоалари биз билан бўладиган баҳсларга ўта жиддий ёндошарди. Эслайман, Москвада “Торпедо”га қарши ўйнишимиз керак. Ўйин кунги бадантарбияга бош мураббий Якушин келмади. Ҳайрон бўлдик. Кейин “Торпедо” аъзолари бизнинг сардорга алоқага чиқиб, дуранг ўйнашни таклиф қилди. Табиийки, биз бунга кўнмадик. Ваҳоланки, рақиб сафида камида беш нафар миллий терма жамоа аъзоси бор эди. Хуллас, йигитлар билан келишиб, ўйинда боримизни беришимизни гаплашиб олдик. Лекин эртаси куни омадимиз келмади ва 0:4 ҳисобида мағлубиятга учрадик. 

1975 йилда Аҳрол Иноятов бўйдоқлик ҳаёти билан хайрлашди. Рафиқаси билан икки ўғил (Сардор ва Алишер) фарзандни дунёга келтириб, вояга етказишди. Шу кунларда қахрамонимиз неваралар даврасида Яратганга шукроналар айтган ҳолда бахтли ва ибратли ҳаёт кечирмоқдалар. Биз ҳам сайтимиз ва унинг ўқувчилари номидан Аҳрол акани бугунги таваллуд айёмлари билан чин юракдан муборакбод этамиз. 

Рейтинг: +6   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика