"Пахтакор" ОЧЛда қандай иштирок этди?
28 апр 2022 06:24
Новости
"Пахтакор" ОЧЛда қандай иштирок этди?
"Шерлар" ўз зонасидаги қафасни ёриб чиқолмади. Бунга тўдабошининг яраланганини (Драган Чераннинг жароҳати) ҳам сабаблардан бири сифатида келтириш мумкин. Бироқ тошкентликлар турнир давомида ўзининг асосий етакчисисиз ўйнашга мослашди, гуруҳдаги ҳар қандай рақибга бошоғриқ бўла олди, бироқ биз ҳар доимги муваффақиятсизликлардан кейин таъкидлайдиган омадми ёки бошқа алламбалолар етишмади. Гарчи "Пахтакор" 5-турдан кейиноқ энг охирги ўринни ҳеч кимга бериб қўймаслиги маълум бўлган бўлса-да, турнир давомида ҳўнграб йиғлашига арзирли ўйин намойиш этмади. Ҳаттоки "Ал Духаиль"га йирик ҳисобда мағлуб бўлган баҳсда ҳам Ўзбекистон чемпиони устунликка эга бўлди, арзимас хатолар эвазига клубнинг дарвоза тўрлари тарсаки еди. Қуйида келтирилган 6 ўйиннинг 4 тасида "Пахтакор"нинг устунлик қилганини кўришимиз мумкин.
"Пахтакор" - "Сепахон" 1:3
Тўпни эгаллаш: 45-54
Зарбалар: 6-18
Аниқ зарба: 1-5
Ноаниқ зарба: 4-9
Блок қўйилган зарбалар: 1-4
Бурчак зарбаси: 3-8
Ҳужумлар: 104-105
Хавфли ҳужумлар: 54-78
"Ал Таавун" - "Пахтакор" 0:1
Тўпни эгаллаш: 51-49
Зарбалар: 9-12
Аниқ зарба: 1-5
Ноаниқ зарба: 2-4
Блок қўйилган зарбалар: 6-3
Бурчак зарбаси: 2-9
Ҳужумлар: 87-87
Хавфли ҳужумлар: 54-80
"Ал Духаиль" - "Пахтакор" 3:2
Тўпни эгаллаш: 62-38
Зарбалар: 18-11
Аниқ зарба: 5-6
Ноаниқ зарба: 10-3
Блок қўйилган зарбалар: 3-2
Бурчак зарбаси: 7-3
Ҳужумлар: 109-83
Хавфли ҳужумлар: 70-56
"Пахтакор" - "Ал Духаиль" 0:3
Тўпни эгаллаш: 53-47
Зарбалар: 15-5
Аниқ зарба: 5-4
Ноаниқ зарба: 8-1
Блок қўйилган зарбалар: 2-0
Бурчак зарбаси: 6-1
Ҳужумлар: 56-50
Хавфли ҳужумлар: 55-35
"Сепахон" - "Пахтакор" 2:1
Тўпни эгаллаш: 41-59
Зарбалар: 9-10
Аниқ зарба: 2-5
Ноаниқ зарба: 6-4
Блок қўйилган зарбалар: 1-1
Бурчак зарбаси: 3-8
Ҳужумлар: 76-84
Хавфли ҳужумлар: 44-56
"Пахтакор" - "Ал Таавун" 5:4
Тўпни эгаллаш: 55-45
Зарбалар: 14-11
Аниқ зарба: 9-4
Ноаниқ зарба: 3-6
Блок қўйилган зарбалар: 2-1
Бурчак зарбаси: 8-5
Энг яхши ўйинчи: Ҳожиакбар Алижонов
"Пахтакор"нинг ўнг қанот ҳимоячиси турнир давомида нафақат ҳимояда, балки ҳужумда ҳам фаоллиги билан ажралиб турди. 6 ўйиннинг барчасида майдонда жавлон урган Алижонов ўз ҳисобига 1 гол ҳамда 1 ассистни қайд этиб қўйди. Шунингдек, 7 та хавфли вазият яратди (клубнинг Черан томонидан киритилган илк голи ҳам Алижоновнинг ўнг қанотдан узатмаси натижасида вужудга келганди). Ўз дарвозасидан фараз қилганимиздан бир неча баробар кўпроқ тўп ўтказиб юбориб, ишқибозлар томонидан ўзбек тилидаги жамиики айтиб бўлмас сўз бойлигидан баҳраманд бўлган ҳимоячиларнинг айбини бекитишда ўнг қанот ҳимоячисининг меҳнати асос бўла олади.
Тўпурар: Сардор Собирхўжаев
Мусобақа аввалида доимгидек клуб етакчиси Чераннинг энг кўп гол киритиши кутилганди, бироқ сербиялик ҳужумчи сафдан чиққач, клубнинг режалари ҳам ўзгариб кетди. Шунга қарамай, голеадор футболчи олдинги чизиқда ҳаракат қиладиган Шаркич, Эркинов, Рашидов каби ўйинчилар эмас, ҳимояга кўпроқ ёрдам берадиган ярим ҳимоячи Сардор Собирхўжаев бўлди. Барча ўйинларда иштирокэтган Собирхўжаев юзага келган 3 та вазиятнинг 2 тасини голга айлантирган. Голлар ҳам чиройли кўриниш олди. Шунингдек, Сардор таркибда энг кўп пас берган ўйинчи саналади - 361 пасдан 88%и мўлжалга эсон-омон етиб борган.
Балога йўлиққан Черан
"Пахтакор" етакчисининг жароҳат олиши клубдагиларнинг тушига ҳам кирмаган бўлса керак. Ҳужумнинг асоси айнан серб футболчиси атрофида ташкил этиларди. 34 ёшли форвардсиз ҳам Akfa ҳомийлигидаги жамоанинг ўйини ёмон таассурот қолдирмади, бироқ барибир кўпгина вазиятларда ҳужумларни якунловчи етишмади.
Дарвозабонлар
Дастлабки тўртта баҳсда "Пахтакор" дарвозасини қўриқлаган Элдор Суюнов оз эмас, ўртача ҳам эмас, нақ 9 бор ўзи қўриқлаётган ҳудуддан тўп олиб чиқишга мажбур бўлди. Охирги икки учрашувда майдонга тушган Санжар Қувватов ҳам позициядошидан қолишмасликка ҳаракат қилди, у 6 марта рақиблар нишонига тўғаноқ бўла олмади. Умуман олганда, рақиб футболчилари Суюновга 42 бор, Қувватовга 19 бор "ҳамла қилишди". Шулардан мос равишда 14 таси Суюнов, 7 таси Қувватовнинг қурғони томон аниқ йўналтирилган. Демак, 33 рақамли посбон 5 та сейв ижро этган бўлса, 35 рақамли дарвозабон аниқ йўлланган 7 зарбанинг 6 тасини ўтказиб юборган. Терма жамоа дарвозабонлари учун бундай натижа ярашиқли эмас, албатта.
Легионерлар
Кўпчилик томонидан танқидларга сабаб бўлаётган "чет эл хўрозқандлари"нинг маҳорати ҳақида уларнинг клуб сафидаги дебют ўйинидаёқ фикр билдргандим. Ўшанда кўпчилик томонидан ҳали уларнинг мослашишига вақт кераклиги айтилганди. Уларнинг фикрида ҳам заррача жон бордек эди, мен ҳам унга қўшилгандим. Ларин-Хаджиев тандеми ҳозир ҳам Суперлигада бемалол хотиржам ҳаракат қила олади, чунки чемпионатда Эдмилсон сингари ҳужумчилар йўқ. Уларнинг ҳақиқий кучини эса гуруҳ босқичи кўрсатиб берди. Англияданми, Монтенегроданми олиб келинган Шаркич ҳам ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйган бўлса, етакчилиги билан ажралиб турмади. Хорижликлик легионерлар нимасига қараб сотиб олинганига хотирам етмаяпти. Охирги йилларда клубга ташриф буюраётган "фалончи фалончи"лар фақатгина "соққа" қилиб кетишга ярамоқда. Мисол учун 4 та ўйинда майдонда ҳаракат қилган Алексий Ларин тўп учун курашларнинг атиги 48% ида ютиб чиққан, 3 та баҳсда тўп тепган Хаджиевда бу кўрсаткич 56% ни ташкил этади. Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаётган ҳимоячиларнинг бундай натижаси эшитган қулоққа Афандининг латифаси тинглагандаги кайфиятни намоён қилади. Ҳаводаги курашларга назар соладиган бўлсак, Ларин бор-йўғи 31% вазиятларда устун келган, Хаджиевда эса бу 50% ни кўрсатмоқда. Бу эса Ибрагимович каби жуссага эга футболчининг сакрамасдан гол уриш эҳтимолини оширади. "Ал Духаил"га қарши баҳсларда бунинг яққол гувоҳи бўлдик. Тўпни рақибдан олиб қўйиш бўйича ҳам мос равишда Алексий 33%, Камен 43% кўрсаткич қайд этган.
Кашфиёт: ёшлар
"Пахтакор"нинг ёш футболчилари турнир давомида яхши таассурот қолдирди. Улар акаларининг даврасида йўқолиб қолишмади. Жумладан, 20 ёшли Ҳожимат Эркинов барча 6 учрашувда майдонга тушди ҳамда 1 гол, 2 ассист қайд этиб, ярим ҳимоячи бўлишига қарамасдан, олдинга чизиқда Чераннинг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилди. Шунингдек, 19 ёшли Диёр Ҳолматов 4 ўйинда майдонга тушиб, 2 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Айниқса, клуб иштирокидаги сўнгги ўйинда захирадан майдонга тушса-да, ўзининг ёрқин қирраларини намойиш эта олди. Унинг тенгдоши бўлган Аббос Эргашбоев ҳам саноқли дақиқалар майдонда ҳаракат қилган бўлса-да, яқинларига мақтанишга арзирли ғалаба тўпини киритди. Унинг адаши бўлган Файзуллаев ҳам майдонда жавлон урганлар ичида энг жажжиси бўлишига қарамай, ўзидан катталарга ҳам баъзи жабҳаларда дарс бера олишини исботлади. 3 учрашувда майдон кўрган Аббос ҳам голлар қайдномасига ўз исм-фамилиясини киритишга муваффақ бўлди. Шунингдек, Шаҳзод Азмиддинов, Жасурбек Ёқубов, Миржаҳон Мираҳмадов, Шаҳриёр Жабборов сингари ёш иқтидорлар ҳам келгусида клуб шаънини ҳимоя қила олишини исботлади.
Ўзбекистон Суперлигасидаги ўйинлари учун кўпчилик томонидан қўштирноқ ичидаги мақтовлар ёғилса-да, халқаро майдонда клубимизни шараф ила қўллаб-қувватлаймиз. Уларнинг қўлга киритаётган ҳар бир очкоси мамлакат учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Менга "Пахтакор" ёшларининг ўйинлари кўпроқ манзур бўлди. Тўғри, уларда ҳали тажриба етишмовчилиги кузатилар, бироқ келгусида "шерлар" таркиби яна "Насаф" етакчилари билан тўлдирилмаслигига умидим бор ҳарқалай. Пойтахтликларнинг турнирдаги иштироки Юрген Клоппнинг дастлабки йилларда қабул қилиб олган "Ливерпул"ига бироз ўхшаб кетди. Яъни, жамоа кўпинча очиқ ўйин таклиф қилди. Ўзи ҳам истаганча гол урди, рақибларини ҳам максимал хурсанд қилишга интилди. Келгусида "Пахтакор", умуман олганда, "Олимпик"ми, АГМКми, қайси жамоа бўлишидан қатъи назар, Осиё майдонларида бошқа жамоаларнинг титратадиган клубга айланишини истардик. "Насаф" эса тўсиқларни ёриб ўтди, бундан бениҳоя хурсандман. Ҳали "Насаф"нинг ҳам гуруҳ босқичидаги иштироки ҳақида тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламан.
Комментарии