“Парма” — 105 ёшда!
17 дек 2018 19:31
Новости
“Парма” — 105 ёшда!
1913 йил 27 июль куни буюк Жузеппе Вердининг 100 йиллиги муносабати билан “Верди” ташкил этилган. 16 декабрь куни эса у “Парма” номини олган. Бугун сизга ана шу клуб билан боғлиқ воқеани сўзлаб бермоқчимиз. Сешанба куни, “Эннио Тардини” стадионига Мадриднинг “Реал” жамоаси ташриф буюрган эди.
1987 йил. Арриго Сакки “Парма” билан Б Серияда 7-ўринни эгаллади ва "Милан"га жўнаб кетди. Унинг ўрнини ўша вақтгача “Карини”, “Бачигалупо”, “Месильмери” ва “Ликата” каби клубларни бошқарган чехиялик ёш мураббий Зденек Земан эгаллайди. Ўша йили чехиялик мураббийлар ташриф буюрганида яна бир муҳим воқеа содир бўлди. “Пармезанлар”га янги ҳомий топилди ва у “Пармалат” корпорацияси бўлди.
1987 йил 18 август. Мавсумолди тайёргарлик авжига чиққан пайт. УЕФА кубогини кетма-кет икки маротаба (1985, 1986) қўлга киритган Испаниянинг амалдаги чемпиони кучли ўйинчилари билан Б Сериядаги жамоага қарши ўйнаш учун “Тардини”га келганди. Қанақасига дейсизми? “Пармалат” бу борада ҳеч қандай қийинчиликка учрамади. Чунки сут махсулотлари ишлаб чиқарадиган завод ўша йилларда “Реал”га ҳам ҳомийлик қилган.
Галактик ажиотаж. 15 минг мухлис, шунингдек, Калисто Танци ва мадридликларнинг вице-президенти Рамон Мендос ҳам учрашувни томоша қилиш учун стадионга ташриф буюрган эди. Ўша ажойиб кечада “бланкос”дан Чендо, Санчис, Бутрагеньо, Уго Санчес, Сантильяна майдонга тушганди. Фақатгина Вальдано ва Камачо етишмасди. Хўш, уларга қарши кимлар ўйнаганди? Уларнинг майдондаги рақиблари сочи рокер услубида турмакланган 21 ёшли Марко Осио ва эндигина “Парма”га ўтган 20 ёшли Луижжи Аполлони эди.
Кейин Луижжи шундай деганди: “Земан бизни машғулотларда жуда ҳолдан тойдирарди. У бизни асфальтда, чарчаб "тилимиз осилиб қолгунча" шуғулланишга мажбур қиларди. Балки шу сабабдандир, биз майдонда қушдек енгил ҳаракатлана олардик. “Реал” билан шундай аҳвол эди. “Парма” ўшанда ғайрати жўшиб, прессинг ва тезлиги билан мадридликларни ҳайрон қолдиролганди. Ҳисоб 2:0 бўлганида, Калисто ўз кўзларига ишонолмаган. Ўйиндан сўнг, у кулиб шундай деганди: “Биз “Реал” устидан ғалаба қозона олган бўлсак, у ҳолда бизнинг жамоа унчалик ҳам ёмон эмас, шундайми?” Бутрагеньо битта гол урган, “Парма” ғалаба нашидасини сурган, Осио эса Санчис билан футболкаларини алмашган, жамоа президент Эрнесто Черезинининг вилласига йўл олади. Бир неча ҳафтадан сўнг “Пармалат” клуб акцияларининг бир қисмини сотиб олади. 1990 йилда эса Черезинининг фожеали ўлимидан кейин “Парма”ни тўлиқ сотиб олади.
Шундан кейин Земан ва “Парма” жамоаси “Милан”ни ортда қолдириб, Италия Кубогини қўлга киритган. Бу Зденек раҳбарлиги вақтидаги иккинчи ва охирги ғалаба бўлди. Кейин эса қайд этилган салбий натижалардан сабаб уни истеъфога чиқаришади. Шу воқеадан 3 йил ўтиб, клуб А Серияга чиқди...
"Парма" жаҳон футболига кўплаб иқтидорларни тақдим этганидан тажрибали футбол ишқибозларининг хабари бор албатта. Куни-кеча айнан шу клуб ўзининг 105 ёшини нишонлади!
Нозима Зарипова таржимаси
Комментарии