Ўзбекистоннинг энг зўр киперини олиб кетмаган Купер
25 дек 2018 16:29
Новости
Ўзбекистоннинг энг зўр киперини олиб кетмаган Купер
Унга кўра, якуний таркибдан Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши дарвозабони деб тан олинган Элдорбек Суюнов тушиб қолди.
"Пахтакор" кипери кичик жароҳати боис Туркиядаги йиғинни ўтказиб юборди. Қўлини кичик бармоғини синдириб олган Суюнов тезроқ тикланиш мақсадида гипсни эртароқ ечиб, январга қадар сафга қайтиш учун махсус муолажа олаётганди. Кеча Тошкентга келган ва қайта тиббий текширувдан ўтган Суюновнинг ҳолати анча яхши. Дарвозабонинг айтишича, январдан бошлаб бемалол машғулотларга киришиши кутилмоқда. Айнан Осиё Кубогига бориш мақсадида тезроқ муолажа олган Суюновга кечаги эълон қилинган таркибдан тушиб қолгани қаттиқ таъсир қилди.
Бутун мавсумни ишончли, яхши даражада ўтказган ва Ўзбекистон терма жамоаси сафида ҳам ўзини кўрсата олган ҳар қандай кипер учун бу тушунарсиз қарор қандай таъсир қилганини ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ.
Энг ажабланарлиси, якуний рўйхатни эълон қилишдан аввал терма жамоадан ҳеч ким дарвозабонинг ҳолати билан қизиқмаган ва сўрамаган ҳам. Очиғи, Суюновдан фикр олишни мақсад қилгандик, бироқ дарвозабон ҳозир интервью бериш тўғри эмаслигини айтиб, агарда рўйхатга киритилганида, терма жамоа учун борини беришини маълум қилиб, қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасига омад тилади. Яъни, Суюнов Осиё Кубогини ўтказиб юборадиган жиддий жароҳат олмагани ва январдан машғулотларга қайтишини билдирди.
Демак, терма жамоа рўйхатидан тушиб қолган Суюновни Осиё Кубогига бормаслигига фақатгина жароҳат сабаб бўлмаган, деган фикрни билдириш мумкин.
Бутун мавсумни ажойиб ўтказган, ўзбек посбонлари ичида ҳар тарафлама энг зўри бўлган дарвозабон бўлсанг-у, лекин якунда Осиё Кубогига бормасанг, албатта исталган футболчига алам қилади. Айниқса бунга қадар терма жамоа ўйинларида ўзини жуда яхши кўрсатиб, биринчи рақамга асосий даъвогар бўлиб турган пайтингда бўлсачи? Қисқаси, тушунарсиз қарор. Гап фақат жароҳатда деса, Суюнов январдан машғулотларни бошлайди. Терма жамоамиз учун эса мусобақа 9 январдан бошланади. Кипер жамоанинг тактик услубларига мослашиши шарт эмас. Унинг алоҳида ўз функцияси бор. Камига Суюновда машғулотларга киришиб олиш бутун бир ҳафта мавжуд.
Шу ўринда бир нарсани эсламасам бўлмайди. Эсингизда, ёзда терма жамоамиз Уругвай билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун дунёнинг нариги чеккасига, яъни жанубий америка тарафга кетаётганда кўплаб футболчилар жароҳат туфайли сафдан чиқиб қолишганди. Ўшанда терма жамоамиз кипери Суюнов узоқ парвоз қилишдан қочмаган.
Самвел Бабаян даврида эса Суюновга фақат "учинчи" кипер номи берилганди. Расмий ўйинлар тугул, ҳаттоки ўртоқлик ёки назорат учрашувларида ҳам бош мураббий Суюновга зиғирча имкон бермаганди. Энди эса ўзинининг оптимал спорт формасини яна қайта тиклаган Суюнов учун Осиё Кубогидан четда қолиш йил бўйи қилинган меҳнатларини кўкка совуриш билан баробар.
Қитъамиздаги йирик футбол фестивалидан энг зўр дарвозабонимизни мосуво қилиш тушунарсиз қарордан ўзгаси эмас.
Қосимов даврида терма жамоа аъзосига айланган, мураббий томонидан бир қанча имконият тақдим этилган Суюнов Бабаян даврида буткул захирага ўтказилди. Купергача ва Купер келган даврда ҳам Суюнов бир неча ўйинларда терма жамоамиз юзини ерга қаратмади. Яқиндагина Ливандан учрашимиз мумкин бўлган шармандали мағлубиятдан қутқариб қолган кипер охирида терма жамоа учун бегонага айланди.
Рўйхатдан ўрин олган дарвозабонлар ичида ёмони йўқ. Нестеров ҳақида ортиқча тўхталиш шарт эмас. Ўзбек дарвозабонлари афсонаси. Ўткир Юсупов эса жорий мавсумни ажойиб ўтказди. Ўткир Юсупов терма жамоага лойиқ посбон. Санжар Қувватов ҳақида ҳам илиқ фикрларни билдириш мумкин. Қувватов Суюновдан кейин энг кўп қуруқ ўйнаган дарвозабон. Гап буларни рўйхатга кирганида эмас, аксинча, улардан ҳам зўр ва кучли бўлган Элдорбек Суюновнинг йўқлигида.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим, менимча. Жалб этилган барча дарвозабонлар бўй жиҳатдан узун кўрсаткичга эга эмас. Бу эса стандарт вазиятларида ёки рақибнинг жарима майдончамиз ичидаги ҳаводаги курашларида панд бериб қолмаслиги керак. Ҳар ҳолда дарвозабон учун бўй муҳим аҳамият касб этувчи жиҳат.
P.S. Мен дарвозабон масаласига жуда қизиқаман ва ўзимча тушунаман. Шу амплуа вакилларининг ўйинларини алоҳида кузатиб бораман. Элдорбек Суюнов, Ўткир Юсупов ва Санжар Қувватов билан шахсан танишман ва уларни ҳурмат қиламан. Нестеров эса ёшлигимдаги кумирларимдан бири. Россияда Акинфеев, бизда эса Нестеров ҳақиқий афсонага айланган бир хил типдаги киперлар. Терма жамоа дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков билан ҳам "Насаф"даги фаолиятим туфайли жуда яхши танишман. Бу инсонни ҳурмат қилмайдиган футбол одами йўқ, десам муболаға бўлмайди. Лекин Суюнов нега таркибда йўқлигини тушунмадим...
Футболда соғлом рақобат орқали бир нечта кучли футболчилар ҳам терма жамоадан жой ололмай қолишади. Ҳозир ҳам терма жамоамизнинг бошқа чизиқларида мазкур гапни ишлатса бўлади. Лекин дарвозабонлар борасида Суюнов соғлом рақобат эвазига таркибдан тушиб қолгани йўқ. Жароҳат масаласида тепароқда батафсил тушунтирдим.
Шу ўринда яна бир жиҳат, Германия терма жамоаси бутун мавсумни жароҳати туфайли ўтказиб юборган Нойерни бежизга мундиалга олиб кетмади. Ёки Россия терма жамоасида Черчесов нега доим асосий кипер кимлигини аввалдан (Акинфеев кетгач мураббий Лунёвни асосий посбон бўлишини айтган) аниқлаб олиб, уни оммага эълон қилади? Чунки Черчесов ўзи ҳам дарвозабон бўлган ва бу жиҳат руҳий тарафлама нафақат киперга, балки бутун жамоа учун қанчалик муҳимлигини ҳаммадан кўра яхшироқ билади.
Шаҳбоз Беғамов
Комментарии