Осиё кубоги-2023. "А" гуруҳи 2-тур ўйинларига превью
17 янв 11:00
Новости
Осиё кубоги-2023. "А" гуруҳи 2-тур ўйинларига превью
Ливан — Хитой
Ўзаро ўйинлар тарихи
Икки жамоа 5 маротаба тўқнаш келган бўлиб, уларнинг тўрттасида Хитой ғалаба қозонган, яна бир учрашувда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати: 1-13, Хитой фойдасига.
Осиё кубогидаги иштирок
Ливан турнирда икки маротаба иштирок этиб, ҳар иккисида гуруҳ босқичида қолиб кетган.
Хитой 12 маротаба мусобақада қатнашиб, 1984 ва 2004 йилларда кумуш медаль билан кифояланган.
Гуруҳдаги ҳолат
Ливан 1-турда мезбон Қатарга 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Хитой эса Тожикистонни мағлуб эта олмади — 0:0.
Жамоалар қиймати
Нуфузли Transfermarkt портали Ливан терма жамоасини 7.55 миллион евро, Хитой терма жамоасини эса 11.33 миллион еврога баҳолаган.
Ливаннинг энг қиммат ўйинчиси Даниэль Лажуд (1 млн евро), Хитойда Ву Леи (1.5 млн евро) ҳисобланади.
Мураббийлар фикри
Миодраг Радулович (Ливан бош мураббийи): "Осиё кубогининг дастлабки тури жамоа учун оғир ўтди ва аҳмоқона хатоларга йўл қўйиб, рақибга имкониятлар тақдим этишимизга сабаб бўлди, аммо энди бу тарих ва биз иккинчи ўйинга эътибор қаратганмиз.
Хитой кўплаб тажрибали ўйинчиларга эга жамоа, уларни ҳурмат қиламиз. Бўлажак ўйинда баъзи ўйинчиларга дам бериб, қолганларга имконият тақдим этмоқчиман.
Гуруҳдаги рақобат давом этади, биз қўлга киритилиши мумкин бўлган 6 очко учун курашамиз."
Александр Янкович (Хитой бош мураббийи): "Олдинда ҳали иккита ўйин бор, шу боис олдиндан хулоса чиқариб бўлмайди. Ўтган ўйин таҳлили натижасида баъзи заиф томонларимиз билан бир қаторда ижобий жиҳатларни ҳам аниқладик, рақибни ҳам ўрганга ҳолда ўз имкониятларимиздан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Мотивациямиз ҳали пасайгани йўқ, иккала жамоа ҳам ғалаба қозонишга қодир. Мақсадимиз оддий — Ливандан битта кўп гол уриш."
Қизиқарли фактлар
- Икки жамоа Осиё кубоги доирасида илк маротаба тўқнаш келади. Ўзаро сўнгги тўрт ўйинда Хитой дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
- Хитой Осиё кубогидаги кетма-кет 2-ўйинда гол ура олмади. 2019 йилги турнирдаги охирги баҳсида ҳам Чин ўлкаси вакиллари рақиб дарвозасига йўл топа олмаганди.
- Ливан Қатар билан ўйинда рақибдан 15 маротаба тўпниолиб қўйиб, уларнинг кўп ҳужумларини бузди, бу ушбу жамоа учун 2019 йилги турдан бери энг яхши натижа ҳисобланади.
- Ҳасан Маатук Қатарга қарши баҳсда учта имконият яратди. Бу 2019 йилда Муҳаммад Ҳайдар (Шимолий Кореяга қарши ўйинда 7 та голли вазият юзага келтирган)дан кейинги энг яхши натижа ҳисобланади.
Имкониятлар(%): 30-30-40
Тожикистон — Қатар
Ўзаро ўйинлар тарихи
Икки жамоа ўзаро 4 маротаба тўқнаш келишган. Уларнинг 3 тасида Қатар устун келган бўлса, 1 марта Тожикистон зафар қучган. Тўплар нисбати: 3-10, Қатар фойдасига.
Осиё кубогидаги иштирок
Тожикистон ўз тарихиди илк маротаба Осиё кубоги финал босқичида иштирок этмоқда.
Қатар 10 маротаба мусобақада иштирок этиб, 2019 йил чемпионликни қўлга киритган.
Гуруҳдаги ҳолат
Қатар 1-турда Ливан дарвозасига жавобсиз 3 та тўп киритди.
Тожикистон Хитой билан нурсиз дуранг ўйнади.
Жамоалар қиймати
Нуфузли Transfermarkt портали Тожикистон терма жамоасини 7.5 миллион евро, Қатар терма жамоасини эса 15.9 миллион еврога баҳолаган.
Тожикистоннинг энг қиммат футболчиси Рустам Ятимов (900 минг евро), Қатарда эса Акром Афиф (4.5 млн евро) ҳисобланади.
Мураббийлар фикри
Петр Сегрт (Тожикистон терма жамоаси): "Қатар яхши шаклланган жамоа. Қоғозда улар кучлироқ кўриниши мумкин, аммо майдонга тушгандан сўнг имкониятлар тенг бўлади. Қийин ўйинга тайёрланамиз ва ижобий натижага умид қиламиз.
Қатар амалдаги чемпион. Сизлар учун бу ўйинда ғалаба қозониш шарт бўлади. Биз учун эса бир очко ҳам яхши натижа. Балки, катта сенсация қайд этармиз. Биз ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни кўрсатиб, очко қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Мен учун энг муҳими натижа эмас, биз қандай ўйин кўрсатишимиздир. Хитойга қарши ўзимизга катта ишонч билан ўйнадик. Эртага мухлислар фактори Қатар томонда бўлади, аммо ўйин охирида биз ҳурматга сазовор эканимизни кўрсатамиз. Энг камида бир очко олишни мақсад қилганмиз."
Маркес Лопес (Қатар бош мураббийи): "Биз ғалаба учун майдонга тушамиз. Тожикистон қийин рақиб, лекин уларни ўрганиб чиқдик. Рақиб сафида бизга бошоғриқ бўладиган тезкор футболчилар мавжуд.
Биз гуруҳ ғолиби сифатида кейинги босқичга йўл олишни хоҳлаймиз, мақсадимиз ўзгармаган.
Имкон қадар эрта гол уриш учун бор имкониятни ишга соламиз. Энг муҳими — ўйинга тайёр бўлиш. Бор эътиборимизни мазкур ўйинга қаратамиз."
Қизиқарли фактлар
- Жамоалар ўртасида сўнгги халқаро ўйинда Тожикистон 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган (2012 йил, сентябрь).
- Тожикистон илк ўйинда Хитой дарвозасига 20 та зарба йўллади бу гуруҳдаги энг яхши кўрсаткич саналади.
- Қатар Осиё кубогида кетма-кет 8-ўйинда ғалаба қозонди. Турнир тарихида фақат Эрон узоқ серия қайд этган (1968 йилдан 1976 йилга қадар 13 та ўйин).
- Қатар футболчиси Акром Афиф Осиё кубогидаги сўнгги 4 ўйинда 9 очко (3 гол+6 ассист) ишлади.
Имкониятлар(%): 25-30-45
Комментарии