Осиё Кубоги-2019. Акрамжон Мамадалиевдан Шаржа кундалиги
07 янв 2019 22:18
Новости
Осиё Кубоги-2019. Акрамжон Мамадалиевдан Шаржа кундалиги
Дубайнинг иссиққина об-ҳавоси совуқ об-ҳаво ҳукм суриб турган юртдан келган одамни дарров кайфиятига ижобий таъсир ўтказар экан.
Аэропортдаги расмиятчиликлардан сўнг, биринчи навбатда Дубайдаги "Ал-Мактум" стадионига бориб медиа –марказдан аккредатациямни олдим. Шу жойда 2016 йилда Қатарда ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ёдимга тушди. Қатарда ташкилотчилар ҳар бир ОАВ ходимига аккредатацияга қўшиб ўзига хос совғаларни тақдим қилган эди. БААда эса ортиқча мулозаматсиз ҳужжатимизни тақдим қилишди.
Дубайдан Шаржа шаҳрига келар эканмиз, атрофга назар солиб келдим. Ҳар икки шаҳарда Осиё чемпионати бўлиб ўтаётгани унчалик ҳам сезилмади. Фақат стадионлар атрофи жуда чиройли қилиб безатилган холос. Дубайдаги "Ал-Мактум" ҳамда Шаржадаги "Шаржа" стадионлари турли хил баннерлар ҳамда гуллар билан безатилганлигини айтмасам, БАА давлати Осиё Кубоги ҳавоси билан яшамаётгандек.
3-4 марта таксига чиқишимизга тўғри келди. Айрим такси ҳайдовчилари ҳам айни кунларда қандай мусобака бўлаётганини билмаганлари бизни хайрон колдирди. Айниқса бизни Дубай аэропортидан кутиб олиб Шаржа шаҳрига олиб келган ватандошимиз Абдулазиз исмли йигитнинг шундай йирик турнирдан бехабарлиги қизиқ туюлди. Бу ҳам етмагандек укамиз "бу ерда Ўзбекистон ҳам ўйнайдими?" деган саволи билан бизни янаям ҳайрон қолдирди. Балки тирикчилик сабаб эътибор бермагандир, ёки футболга умуман қизиқмайдиган инсонлар ҳам бўладику деб ўзимизни юпатиб қўя қолдик.
Меҳмонхонага жойлашгач Ўзбекистон миллий терма жамоасининг машғулотларини кузатишга ошиқдик. Шу жойида терма жамоамиз машғулот ўтказаётган стадионни топишда бироз қийналдик. "Ал-Шааб" клубининг эски стадиони ёнида жойлашган машғулотлар майдонини топиб борганимизда, машғулотларнинг ОАВ учун очиқ бўлган дастлабки 15 дақиқаси якунига етиб бўлган экан. Мезбонлар бизни ҳар канча илтимос қилмайлик ичкарига киргизишмади. БАА давлати терма жамоаларни жуда қаттиқ тарзда қўриқлаётганига гувоҳ бўлдик. Биз Ўзбекистондан эканлигимизни, суратга олмасдан бир чеккада томоша қиламиз деб ҳар қанча ялинмайлик, мезбон полициячиларга сўзимиз ўтмади. Хатто терма жамоамиз автобусини суратга олишни ҳам мумкин эмас деб туриб олишди. Лекин биз таслим бўлмадик ва бир-иккита сурат олишга муваффақ бўлдик. Узоқдан, қийналиб бўлса ҳам футболчи ва мураббийларимизни астойдил тер тўкаётганларини бироз томоша қилдик.
Энди эртага жамоамиз футболчилари Уммонга қарши ўйин бўладиган "Шаржа" стадионида расмий машғулотини ўтказади. Бу сафар вақтлирок бориб барчасига улгурамиз.
Ҳа, Шаржада биз дуч келган яна бир муаммо телефонга сим карта олиш бўлди. Хорижлик фуқароларга ҳар ерда ҳам сим карта сотишмас экан. Сим карта олиш учун каттагина супермаркетга боришга тўғри келди. У ерда паспортимиз ҳамда визаларимиздан нусха олиб ярим соат деганда сим карта беришди. Балким Дубайда бу иш бирмунча осонроқдир.
Майли бизга асосийси терма жамоамизнинг ғалабаси. Биринчи ўйиндаги ғалабани ўзиёқ барча муаммоларимизни эсдан чиқаришимизга етарли бўлади. Олға Ўзбекистон!!!
Акрамжон Мамадалиев Шаржа шаҳридан маҳсус
Комментарии