RU

Последние новости

11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  1 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  5 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3

Олимжон Аҳмедов: "Одил менинг гапим билан араб давлатларига бормаганди" Новости

Олимжон Аҳмедов: "Одил менинг гапим билан араб давлатларига бормаганди"

Одил Аҳмедов юртимиздаги энг таниқли футболчи ҳисобланади ва уни нафақат Осиёда, балки жаҳонда ҳам билишади.

Одил Аҳмедов юртимиздаги энг таниқли футболчи ҳисобланади ва уни нафақат Осиёда, балки жаҳонда ҳам билишади. Унинг акаси Ёқуб Аҳмедов эса санъат соҳасини танлаган ва ҳозирда актёрлик қилган ҳолда бир қатор фильмларда роль ижро этмоқда. Одилнинг иккинчи акаси Шавкат эса таълим йўналишини танлади. Укаси Азим Аҳмедов ҳам футболчи бўлиб етишди. Биз эса ўтган ҳафтада Наманганга Одил Аҳмедовнинг хонадонига бордик. Чунки дадаси Олимжон ака Аҳмедов билан суҳбатлашишни режалаштириб қўйгандик. Биз борган пайтимизда Олимжон ака ишлари билан кўчага чиқиб кетган экан. Бизни эса уйга олиб киришди ва ичкарида Ёқубжон Аҳмедовга кўзимиз тушди. Дадаси келгунига қадар актёр билан суҳбатлашиб ўтирдик ва бу орада Олимжон ака ҳам етиб келди.

“АРАБЛАР МЕНГА ҲАМ АЛОҲИДА УЙ-ЖОН ВАЪДА ҚИЛИШГАНДИ”  
- Биласизми, футболга ёшлигимдан қаттиқ қизиққаман, дея суҳбатни бошлади, Олимжон Ахмедов. - “Навбаҳор”нинг бирорта ўйинини қолдирмасдан кўрардим ва менинг фарзандларимдан кимгадир шу жамоада ўйнаш насиб қилармикин, деган ҳаёлга берилардим. Болаларим ҳам ёшлигидан футболга қизиқишган ва уларни асосан стадиондан топардим. Ёмғирда ҳам тўп тепишарди, уйга эса жиққа ҳўл бўлиб келишарди. Яхшилаб қарасам, уларнинг футболга иштиёқи жуда баланд. Кейин Ёқубжон билан Одилжон Наманган футбол мактаб лицейига ўқишга киришди. Аммо тақдир тақозоси билан Ёқубжон футболчи бўла олмади. Одилжон эса “тортиб” кетди. Учинчи ўғлим Шавкатжон эса футболга унча қизиқмади. У асосан ўқишга қизиқади. Уй ишларида аясига ҳам қаралашади. Бу йил Тошкентдаги молия институтини тамомлади. Энг кичиги Азимжон Одилжоннинг йўлидан бориб у ҳам футболчи бўлиб етишди. Бу йил эса “Пахтакор”га ўтиб кетди. Ўзи “Нефтчи”га кетаман деб юргандию, кейинчалик режаси ўзгариб “Пахтакор” билан келишиб қўйди. Ўзимга келадиган бўлсам, автомобилистман. Илгари футбол ҳам ўйнаганман. Кейин армияга бориб келганимдан кейин раҳматли дадам “сенга футбол ош-нон берадими, йиғиштир” деганди. Лекин фарзандларимни футболчи бўлишини хоҳлаганман. Улар нимага эришган бўлса, ҳаммасига ўз кучлари билан эришишди. Ўзларида қобилият борлиги учун ҳам йўлига тўғаноқ бўлмадик.  


- Ёқуб Аҳмедовнинг санъат соҳасини танлашига қандай муносабатда бўлгансиз?
- Унинг бу соҳани танлашига қарши бўлмаганман. Менга “Дада кинода роль ижро этишни бошлаяпман” деганида унга оқ фотиҳа берганман. Илоҳим, барча ота-оналар қариганида фарзандларининг бахтини кўришсин. Биз эса ўзимизни энг бахтли ота-оналардан биримиз десам адашмайман. Бу йил ишимдан нафақага чиқиб олдим. Россияга Одилнинг ёнига ҳам бориб тураман. Алоҳида боғимиз бор ва у ерга ҳам бориб тураман. Ёки зериксам Тошкентда ҳам уйларимиз бор, ўша ерга бориб дам оламан.

- Биласиз, футболни жароҳатларсиз ўйнашнинг иложи йўқ. Фарзандларингиз ёшлигида ана шундай жароҳат олган чоғларида рафиқангиз билан низога борган пайтларингиз бўлмаганми?
- Йўқ, бундай бўлмаган. Эсимда, Одилжоннинг қўли, Ёқубжоннинг эса оёғи сингган. Футболчи бўламан дейишгани учун уларга йўл қўйиб берганмиз. Тезда уларнинг оёғи ҳам, қўли ҳам тузалган. Натижада фарзандларимнинг иккитаси футболчи бўлиб етишди. Мен телевизор орқали фарзандларимнинг ҳамма ўйинларини қолдирмасдан кўраман. Аммо онаси улар иштирокидаги учрашувларни кўра олмайди. Баъзи-баъзида кириб мендан ҳисоб қанақа бўлаётгани ҳақида сўраб туради. Чунки боламиз майдонга йиқилиб ёки жароҳат олса бу ҳолатни у кўтара олмасдан дарҳол мазаси қочиб қолади.  

- Санъат ёки спортчи бўлган инсондан кучли характер, ирода талаб этилади. Айнан шу нарсаларни доим фарзандларингизда кўрамиз. Бу ҳолат кимдан ўтган? Сизданми ёки рафиқангизданми...
- Ҳар ҳолда мендан ўтган бўлса керак (кулади). Оилада қаттиққўл инсонман. Аммо кўчада кўришса худди юмшоқ ота бўлса керак деб ўйлашади. Лекин болаларнинг тарбиясини доим қаттиқ назорат қиламан.

- Лекин фарзандларингиз камтар. Бунинг учун уларни қандай тарбиялаб, ўргатгансиз? Ваҳоланки, бундай даражага эришишганидан сўнг камтарликни сақлаб қолиш ҳам қийин-да!
- Раҳматли дадам бир кам 60 ёшда вафот этган. Мен дадамнинг юзига тик қарай олмасдим. Олдида кўп ўтира олмасдим, овқатлансак ҳам дарҳол овқатим еб бўлгач, ўрнимдан туриб кетардим. Ҳозир эса болаларим худди шундай. Агар уйга кирсам ҳаммаси онаси билан ўйнаб кулиб ўтиришган бўлади. Мен киришим билан эса ҳаммаси жим бўлиб қолишади. Кейин онаси менга “боринг хонангизга чиқиб ўтиринг, болалар маза қилиб кулиб ўтиришсин” деб қўяди. Доим фарзандларим менинг олдимда сир босиб туришади. Улар менинг олдимда гапирадиган гапини ҳам йўқотиб қўйишади. Мана, ҳозир хонага кирсам сиз Ёқубжондан интервью олаётган экансиз. Мени эса сизларни ёнингизга бориб ўтиришимни айтишди, лекин мен майли, гаплашиб олишсин дедим. Агар мен ҳам унинг ёнига келиб ўтирсам, гапираётган гапини ҳам йўқотиб қўйган бўларди (кулади).  

- Фарзандларингиз қандайдир режа тузишса ёки клубини ўзгартирмоқчи бўлса сиздан маслаҳатлашишадими ёки ҳаммасини уларнинг ўзларига қўйиб берганмисиз?
- Албатта мен билан маслаҳатлашишади. Одилжонга “Анжи”дан таклиф тушишидан аввал унга Қатар, БАА, Саудия Арабистони каби мамлакатлардан ҳам таклифлар тушганди. Ўшанда мендан нима қилай деб сўраганида, “Пахтакор”да ўйнадинг нима, БАА чемпионатида ўйнадинг нима дегандим. Ундан кўра савияси кучлироқ чемпионатда ўйнагин деганман. Хуллас, менинг гапим билан араб давлатларига бормади ва кейинчалик “Анжи”га кетди. Араблар ўғлимга катта ваъдалар беришганди. Ўзига ҳамма шароитларни яратишдан ташқари ота-онасига ҳам уй-жой берамиз дейишган. Лекин мен бу таклифга кўнмадим. Чунки “Пахтакор” билан араб клубларининг савияси деярли бир хил-да! “Анжи” ўғлимни янада танилишида катта туртки бўлди. Кейин эса “Краснодар” ўғлимни сотиб олди. Ўша келишув амалга ошишидан олдин ҳам мендан нима қилай деб сўраганида биринчи лигада ўйнайсанми, ундан кўра премъер-лигада ўйнаганинг яхшироқ деб маслаҳат берганман.   

- Оилада биринчи навбатда ўрнатган қатъий қарорингиз нима ва унга ҳамма амал қилади!
- Ўзингдан каттани ҳурмат қил, кўчада каттами-кичикми ҳурмат қилгин, уйга кимдир келса, ҳурматини жойига қўйиб меҳмон қил ва бир пиёла чой узат, ҳеч қачон ёмон гап гапирма деб уқтириб келаман. Энди бизни ишқибозлик қиладиган жамоамиз учта бўлди: “Навбаҳор”, “Пахтакор” ва “Краснодар”.


“ЁҚУБНИ ҲАМ, ОДИЛНИ ҲАМ БУ ДАРАЖАГА ЧИҚИШИНИ КУТМАГАНДИМ”
- Олимжон ака, фараз қилинг телевизорда параллел равишда Ёқуб Аҳмедов ижросидаги фильм билан бир қаторда Одил Аҳмедов иштирокидаги ўйин бўлиб ўтмоқда. Қайси бирини томоша қиласиз?
- Балки киносини кўриб олсак, футболни яна такроран эфирга беришар (кулади). Умуман олганда, бундай вазиятда иккаласини тенг кўришга ҳаракат қиламан. Менимча, бундай ҳолат камдан-кам бўлади. Бир маҳалнинг ўзида иккаласини ҳам кўргим келади. Иложи бўлса бундай вазиятда телевизорни иккита қилиб, иккаласини ҳам кўраман.

- Умуман, Ёқуб Аҳмедовни санъаткор бўлишини кутмаганмидингиз?
- Тўғрисини айтаман: кутмагандим. Ёшлик пайтида “Навбаҳор”да ўйнаб юрганида мазаси қочиб қолганди ва футболчи бўла олмаган. Тақдир тақозоси билан актёр бўлди.

- Одил Аҳмедовнинг бундай даражага чиқишига қанчалик ишонгандингиз?
- Тан оламанки, Одилжоннинг бундай даражага чиқишига ишонмагандим. “Навбаҳор”га қабул қилинмаганида у уйига келиб роса йиғлаганди. Мен эса афсуски, энди футболчи бўла олмас экан-да деб ўйлагандим. У Тошкентда ўқиб келганди. Шу боис бир куни қўнғироқ қилишди ва Тачмурод Агамуродов Одилни сўраяпти, тезда келсин деб қолишди. Шу тариқа Одилжон Тошкентга кетди ва менга қўнғироқ қилиб беш йиллик шартномани таклиф қилишди, нима қилай деб сўради. Мен эса унга иккиланмасдан шартномага қўл қўйгин деб айтганман. Тўғриси, футбол мактабини тамомлаган бўлсаю, наҳотки “Навбаҳор” клубига қабул қилишмаса деб кечаси билан диққат бўлиб чиққандим. Кейин эса Худо ўғлимнинг ишини тўғрилаб “Пахтакор”га ўтиб кетган куни ўзимда йўқ хурсанд эдим ва ҳаттоки шунчалик қувонганимда кечалари ухлай олмасдим. Чунки ҳар қандай футболчи ҳам “Пахтакор”да тўп суришни орзу қиларди-да! Шу ўринда муҳтарам Президентимизга катта раҳмат айтаман. Спортга катта эътибор қаратиляпти, улкан имкониятлар, шароитлар яратилмоқда. Кўплаб спортчиларимиз халқаро майдонларда муваффақиятларга эришишяпти. Ўзбекистон мадҳияси хорижий турнирларда янграганида баданим жимирлаб кетади. Барча ота-оналар номидан юртбошимизга ташаккур билдирамиз. Мустақилликка эришганимиздан кейин Ўзбекистон фарзандлари дунёга чиқишяпти ва танилишяпти. 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинди. Соғлом бола бўлиш учун аввало спорт билан шуғулланиши керак. Бундан кейин ҳам ажойиб спортчиларимиз етишиб чиқсин ва Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришсин. Бизнинг фарзандларимиз Президентимизнинг ҳам фарзандларидир.   

- Шу ўринда Азим Аҳмедовнинг “Пахтакор”га ўтишига муносабатингиз қандай бўлди?
- Гарчи Одилжондаги каби иқтидор бўлмаса-да, ҳар ҳолда унда ҳам ўзига яраша истеъдод бор. Савиясини янада ошириш ва халқаро майдонларда ўйнаш иштиёқида бўлгани учун “Пахтакор”га ўтди. Ҳозир эса БААда шуғулланяпти. Куни кеча Одилжон ҳам клуби билан ўша ерга жўнаб кетди. Балки ака-укалар у ерда кўришиб қолишар. Тўғриси, футболчининг ота-онаси бўлиш ҳам жуда қийин экан. Бир йили Наманганда “Навбаҳор” билан “Пахтакор” ўйнади. Одилжон эса гол урди. Ўша пайтда мухлислар ўғлимни шунчалик ҳақорат қилиб сўкишдики, мен ўша ерда чидай олмасдан стадиондан чиқиб кетгандим. Ҳадеб сўкаверишса, ҳар қандай ота ҳам чидай олмайди. Ёки ўша билан муштлашишига тўғри келади. Шунинг учун стадионга борсам ҳам энди ҳеч ким йўқ жойда, бир чекада ўтириб томоша қиламан.


“ЖИРКОВНИНГ МЕНГА АЙТГАН ГАПИДАН МАҒРУРЛАНГАНМАН”
- Россияга ўғлингизнинг олдига ҳам тез-тез бориб турасизми?
- Октябрь ойида бордим. Ўшанда “Краснодар” – “Боруссия” ўртасидаги ўйинни кўрдим. Хуллас, ўшанда 3-4 та учрашувини стадионда кузатдим. Сафарга бир ўзим бора олмайман. Шу сабабли бир оғайнимни еталаб олдим. У ерда Одилжонни уч қаватли уйи бор. Ўша вилласида ҳамма шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Уйда алоҳида ошпази бор ва у бизга ажойиб таомларни тайёрлаб берди. У ерга йилида 2-3 марта бораман. Шунингдек, Одилжонни клуб базасига ташлагани бордик. Очиғи, мен бундай базани сира ҳам кўрмаганман. 6-7 та стадиони бор. Ёнида кўл бор ва у ерда ажойиб меҳмонхона жойлашган. Қишки ва ёзги стадионларини кўрсангиз маза қиласиз. Шунингдек, базада футболчилар билан учрашдик, у ерда ўғлим бу Гранквист, буниси пистончи, буниси палончи деб таништирди. Доим ўйин тугаганидан кейин Одилжонни уйига олиб кетишимиз керак бўлади ва ҳар сафар уни бир, бир ярим соат кутардик. Стадиондан чиқишида уни мухлислар ва журналистлар ўраб олишар экан. Айниқса, мухлислар доим дастхат сўрашади ва бирга расмга тушишади. Кейин мени кузатиш учун Москвага – Домодедово аэропортига борди. Чамадонларимизни машинадан туширишимиз биланоқ одамлар ўғлимни таниб дарҳол уни ўраб олишди. Мен эса бир четда совуқда нарсалар билан кутиб турдим ва унга тезроқ бўлмайсанми, совуқда туравераманми дедим. Шунда менга айтдики, шартномада шундай бор экан, яъни, футболчи доимо мухлислар билан очиқ муносабатда бўлиши кўрсатиб қўйилган экан. Тўрақўрғонлик бир ёш бола футболга жуда қизиқар экан ва футбол ўйнаётганида йиқилиб оёғи шол бўлиб қолибди. Ўзи эса Одил Аҳмедовнинг мухлиси экан. Ўғлим яқинда уйга келганида ўша боланинг дадаси уйимизга келиб бир марта бўлса ҳам Одил ўғлим билан кўришсин деди. Кейин эса менга ўғлимга айтдим ва ҳамма ишингни ташлаб, ўша болани олдига бориб кел дедим. Албатта, у бозорлик қилиб ўша болани ёнига борди ва кайфияти кўтарилиб, аста-секин ўзига келишни бошлабди. Шунингдек, уйга келганида болалар уйи учун эҳсон қилиб мол сўйди. Болаларга совға-саломлар улашди. Бу ерда у тадбирлардан бўшагани йўқ. Ҳатто уйда бир дастурхон атрофида бафуржа ўтирмадик ҳам. Майли, шунисига ҳам шукр. Одилнинг футболчи бўлиши кўпчиликка туртки бўлди. Шу орқали бошқалар фарзандини, невараларини футболга беришяпти.   

- Кўчада одамлар сизни таниб қолишганида Ёқуб Аҳмедовни дадаси деб билишадими ёки Одил Аҳмедовни дадаси дебми?
- Асосан Одил Аҳмедовни дадаси дейишади. “Омонхона” санаториясига дам олгани борганимда ёнимда одамлар бир-бирига Одил Аҳмедовни дадаси келибди деб гапиришяпти. Ваҳоланки, мен уларнинг ёнида турибман. Шундай пайтларда ҳеч нима бўлмагандек ёнидан индамасдан ўтиб кетавераман. Очиғи, Ёқуб Аҳмедовни аёллар кўпроқ ёқтиришади. Бир куни у билан поликлиникага боргандик. Ташқарига чиқсам 10-15 нафар қизлар турибди, мен бўлса ҳайрон бўлиб, қизиқ булар нима қилишяпти экан дедим. Сўнг бундоқ қарасам “ана Ёқуб Аҳмедов чиқди” деб уни ўраб олишди. Ҳозир эса мана шундай ҳаёт тарзига кўникиб қолганмиз. Одил Аҳмедов “Анжи”да ўйнаб юрганида туғилган кунини 25 ноябрь куни Москвадаги “Урюк” ресторанида ўтказди. У ерга мен ҳам боргандим. Ҳамма футболчилар келишганди. Кейин эса ёнимга Юрий Жирков келди ва менга “Одил жамоадаги энг яхши инсон ва футболчи. Тарбияси жуда яхши. Бунинг учун сизга раҳмат” деганида ниҳоятда мағрурланиб кетдим. Ўшанда унга президент яшайдиган маскандан уй беришганди. Ўша ерда Россия президенти Владимир Путинни ҳам, бош вазир Дмитрий Медведовни ҳам кўрдим.

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.

Рейтинг: +40   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика