ЎФА Англия — Бельгия ва Бразилия — Сербия ўйинларига жами 12та чиптани Суперлига клубларига беради
25 мая 2018 14:00
Новости
ЎФА Англия — Бельгия ва Бразилия — Сербия ўйинларига жами 12та чиптани Суперлига клубларига беради
ФИФА ҳамда ЖЧ—2018 мезбони Россия чипталарини адолатли сотиш механизмини ишлаб чиққан бўлиб, унга кўра бу жараён 4та босқичда амалга оширилиши керак эди. Шундан 3та босқич савдолари аллақачон якунига етиб улгурган. Тўртинчи босқичда эса фақатгина омади чопган мухлисларгагина чипталар насиб қилиши мумкин.
ЎФА Халқаро футбол уюшмасига мактуб билан чиқиб, ўзбекистонлик мухлислар учун чипта ажратишни сўради. Бу борада талаб катта бўлгани учун, ФИФА ўзида бор бўлган саноқли чипталарнигина сотиши мумкин эди.
Англия ҳамда Бельгия терма жамоалари иштирокидаги ўйин мухлисларимизда катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Боиси ҳар икки терма футболчилари кучли бешликда тўп суради ва уларнинг Ўзбекистонда миллионлаб мухлислари бор. ФИФА мазкур учрашув учун 10 дона чипта тақдим эта олишини маълум қилди. Учрашув 28 июнь куни Калининград шаҳрида бўлиб ўтади.
Яна 2та чипта эса Сербия — Бразилия ўйинига бўлади. Бу ўйин 27 июнь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтади.
Режага кўра, Суперлиганинг 12та клубига 1тадан чипта берилади. Клублар эса чиптани ўзининг энг фаол мухлисига тақдим этади. Ёки бўлмаса, ўша чипта лотерея орқали ўз эгасини топади. Буни клубларнинг ўзи ҳал қилади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатар мезбонлик қиладиган ЖЧ—2022да ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритса, ўзбекистонлик журналистларга ҳам, футбол мухлисларига ҳам катта миқдорда квоталар берилади ва бу борада муаммолар юзага келмайди.
Комментарии