"Насаф"нинг "Ал-Аҳли"га қарши ўйини ҳақида
05 мар 2015 16:00
Новости
"Насаф"нинг "Ал-Аҳли"га қарши ўйини ҳақида
Қаршининг "Насаф" клуби Саудия Арабистонида "Ал-Аҳли" меҳмони бўлди. Келинг "аждарлар"нинг ўйинини таҳлил қилиб чиқсак.
Дарвозабон (Элдор Суюнов)
"Насаф" дарвозабони Элдор Суюнов "Ал-Аҳли"га қарши баҳсда ўз дарвозасини ишончли қўриқлади десак адашмаган бўламиз, чунки посбон кўплаб вазиятларда рақиб футболчиларига имконият бермади. У ўзига юкланган вазифани яхши бажарди. Аммо Суюнов хатога йўл қўймади деб бўлмайди. "Ал-Аҳли"нинг биринчи голи ҳимоячиларнинг хатоси билан юзага келди. Рақибнинг иккинчи голида дарвозабоннинг хатоси яққол кўриниб турган эди. У тўпга чиқишда адашди, тўғрироғи рақиб узатмасини аниқ ҳисоб-китоб қила олмади ва натижада захирадан ўйинга қўшилган, бўйи узун бўлмаган Салоҳ Ал Амри бўш дарвозани боши билан нишонга олди. Умуман олганда Элдорга 4 ёки 3+ баҳо қўйса бўлади.
Ҳимоя (Рой Рок, Шерзод Аъзамов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Ҳамза Каримов)
"Насаф"нинг ҳимоя чизиғи кучли дея олмайман. Чунки рақибнинг қарши ҳужумларида қаршиликлар ҳимоячилари тартибли ўйин кўрсата олишмади. "Ал-Аҳли" "Насаф" дарвозасига 7 марта зарба берган ва шуларнинг 4таси аниқ. 4та зарбанинг ярми гол. Рақамларнинг ўзи қаршиликлар ҳимояси ҳақида тўлиқ маълумот бериб турибди. Тўғри зарбалар сони жуда кўп эмас, аммо "аждарлар" дарвозасига берилган аниқ зарбаларнинг ярми голга айланаверса, қаршиликлар кейинги ўйинларда қийналиб қолиши аниқ. Шуҳрат Муҳаммадиев икки вазиятда рақибдан қочиб ҳужумчиларни тўп билан таъминлай олди. Рой Рок ҳам рақиб жарима майдончасига тўпни узатишда фаол бўлди, аммо "Ал-Аҳли"нинг кўплаб ҳужум ва узатмалари айнан чап қанотдан бўлди.
Ярим ҳимоя (Одил Ҳамробеков, Мақсуд Каримов, Эркин Бойдуллаев, Артур Геворкян, Фарруҳ Сайфиев)
"Насаф"нинг ярим ҳимоя чизиғи ўйинни бошқара олмади. "Аждарлар" футболчилари ҳимоя ва ҳужум ўртасидаги боғлиқликни таъминлай олмади. Аслида марказий ҳимоячи бўлган Мақсуд Каримов бу учрашувда ярим ҳимояда ўйнади. Устига-устак қаршиликлар сардори Артур Геворкяннинг ҳам ўйини қовушмади. Аммо у майдонда ҳеч нимай қилмади дея олмайман, чунки айнан у "Насаф"нинг ягона голига муаллифлик қилди. "Насаф" ярим ҳимоячилар бир-бирларини доим ҳам тушунгани йўқ.
Ҳужум (Илҳом Шомуродов)
"Насаф" "Ал-Аҳли"га қарши биргина ҳужумчи билан ўйнади. Илҳом Шомуродовга ортида Артур Геворкян ўйнади. Шомуродов бирор марта ҳам рақиб дарвозасига зарба бермади. Ҳужумчи ҳимоячилар билан курашда фаол бўлди, аммо у майдонда ажралиб тургани йўқ.
Хулоса. "Насаф" Саудия Арабистонида кучли клубга мағлуб бўлди. "Аждарлар" ўз тарихларида ОЧЛ доирасида сафардаги ўйинларда фақат бир бор дуранг ўйнаган ва қолган учрашувларда мағлуб бўлган. Кечаги ўйинда ҳам мағлубият қайд этилди. Рўзиқул Бердиев кейинги ўйинларга қадар анчагина иш қилиши кераклиги кўриниб турибди.
Жасур Асланов
Комментарии