"Мухлисдан савол". Диёр Имомхўжаев - Журналистика, вилоятлар лигаси, Даврон Шоқурбонов, Алишер Рустамов ва қорақалпоқ футболи ҳақида (1-қисм)
25 июн 2020 12:44
Новости
"Мухлисдан савол". Диёр Имомхўжаев - Журналистика, вилоятлар лигаси, Даврон Шоқурбонов, Алишер Рустамов ва қорақалпоқ футболи ҳақида (1-қисм)
Бир неча кун олдин сайтимизда "Мухлисдан савол" рукни орқали Диёр Имомхўжаевга савол йўлланг деб эълон бергандик. Ўқувчиларимиздан 100дан ортиқ саволлар келиб тушди. ПФЛ бош директорига ўзимиз танлаб олган энг сара 20та савол билан юзландик. Қуйида мана шу саволларнинг 10тасига берилган жавобларни тақдим этамиз. Яқин кунларда қолган 10та саволнинг ҳам жавоби эътиборингизга ҳавола этилади.
1. ПФЛ бош директори сифатида олдингизда қандай мақсад қўйгансиз?
Биз биринчи навбатда клубларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ва уларнинг болалар футболига бўлган эътиборини ўзгартиришни истардик. Регламентлар орқали буларни секин-аста тартибга келтирамиз. Ўтган вақт кўрсатиб бердики, асосий жамоага бир неча юз миллионлик футболчиларнинг келиши клубларга муваффақиятдан кўра кўпроқ иқтисодий муаммолар келтириб чиқарди. Болалар футболи ва моддий-техник база учун қилинадиган чиқимлар эса келажакка инвестициядар.
Шунингдек, ЎзПФЛ барча клублар ҳурмат қиладиган ташкилотга айланиши шарт. Бунинг учун биздан барча учун бирдек майдон яратиш талаб этилади, регламент барча учун бирдек ишлаши лозим.
Биз босқичма-босқич клублардан олинадиган бадал пулларини камайтириб боришни ҳам мақсад қиламиз. Шукрки, ўзимиз иш бошлаган даврдан буён Pepsi ҳамда Coca Cola, суғурта компанияларидан Uzbekinvest ва Apex кабилар билан келишувларга эришдик. Бу каби ҳаракатлар давом этади. Ҳозирча фақатгина бадал пуллари эвазига яшайдиган ташкилот тамғасини бироз ўзгартирганмиз, 4-5 йил ичида бадал пулларидан тўлиқ воз кеча олган, аксинча, трансляциялардан клубларга пул берадиган ташкилотга айланишни истаймиз.
Регламентларимиз барча учун очиқ ва шаффоф бўлсин. Улар мавсум арафасида эмас, камида ярим-бир йил аввал тасдиқланадиган ҳужжатга айлансинки, жамоалар келаси мавсумларга шунинг асосида тайёргарлик кўришсин.
Қолаверса, биз босқичма-босқич мустақил ташкилотга айланиб борамиз. ФИФА, ОФК низомларидан келиб чиқиб ЎФА билан ишлайлик, аммо бошқа масалаларда мустақил қарор қабул қила оладиган ташкилотга айланайлик. ПФЛ нафақат клублар томонидан, балки ЎФА томонидан ҳам ҳурмат билан тилга олиниши йўлида меҳнат қиламиз.
2. Олдин журналист бўлиб ишлаганингизда ўзбек футболидаги камчиликларни танқид қилар эдингиз. Ҳозир ўзингиз ишлаётган ташкилотини ҳам танқид қиладиган камчиликлари борми? Бор бўлса айтиб ўта оласизми?
Қаерда фаолият олиб борсам, ўша ташкилот фойдаси учун меҳнат қилганман, аммо ўз принципларимдан воз кечмаганман. “Спорт”да ишлаганимда ҳам, “Дарё”да ҳам, “Эрудит Спорт” нашрида ҳам ўз имзоим бор эди дея оламан ва футбол ичида ҳам шундай бўлишига ишонаман. Футболимизда камчиликлар кўп. Аммо бугунги вазифам уларни санаб ўтириш эмас, уларга ечим топиш.
Шу кунгача телеграмдаги каналимда футбол мухлислари ҳам барчасидан хабардор бўлишлари учун маълумотлар бериб бордим, уларнинг бунга ҳақи бор. Энди эса каналим деярли ишламаяпти, чунки энди ПФЛ сайти ҳам, каналлари ҳам фаол бўлади, барчаси ҳақида футбол жамоатчилигига тўлиқ маълумот беради.
3. Танлаш имконияти бўлса қайси бирини танлайсиз? Футбол ТВ ёки ПФЛ?
Танлаш имконияти бор бўлгани учун ҳам ЎзПФЛ билан ишлаяпман, бу йўлда Футбол-ТВ каналидаги шарҳларимдан вақтинча воз кечишга тўғри келди. ЎФА раҳбарияти билдирган ишончни оқлаш вазифаси турганда иккига бўлинишни истамадим. Бу ташаббус ўзимдан чиқди.
Аммо битта жиҳатни айтиб ўтишни истардим, вақти келиб шарҳловчилик соҳасидан топадиган даромадимиз ўзимиз истаган ҳаёт учун етарли бўлса, еврофутбол учун қолган барчасини тўхтатишни, миллий чемпионат ўйинларини эса бирор яхши секторда жимгина томоша қилишни истардим. Ўша вақт келгунича мамлакат футболи ривожига қанча ҳисса қўша олсам, ўзимни шунча бахтиёр ҳис қиламан. “Спорт”да “Соккер клуб”ни, “Эрудит Спорт”да сўнгги саҳифани машҳур қила олдимми, ЎзПФЛда ҳам бирор нарсани ўзгартиришга имкон топаман насиб бўлса. Чунки аниқ биламанки, қилаётган барча ишларимизга Ўзи шоҳид, ҳаммаси тўғри бўлса, Аллоҳ ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлайди.
4. Вилоятлар лигасини ташкил этса бўладими? Бир вилоятда 10та туман бўлса йил давомида улар ўзаро курашишса. Бошқа вилоятга боргандан кўра қўшни туманга борган яхшироқ мухлислик қилишга.
Бу фикрга тўлиқ қўшиламан ва биз бунга қисман эришдик деб ҳисоблайман. ЎФА мутахассислари Онгар Джалимов, Бахтиёр Шириновлар билан қилинган меҳнатлар натижасида ЎФА президенти ҳукумат қарорини тасдиқлатишга эришди. Энди ҳар бир ҳудудий футбол ассоциациясининг Сиз айтгандек мусобақалар ташкил қилиш учун маблағи бор. Чироқчи туманининг Қамаши билан ўйини ёки Ургутнинг Нарпай билан ўйини футболни тезроқ жонлантиради. Ҳақиқий ватанпарварлик ана ўшандай ўйинларда намоён бўлади.
Аслида бу каби ўйинлар ЎзПФЛ тасарруфига кирмаса ҳам, биз ҳар бир минтақани кузатиб боришга, уларнинг натижаларини битта контентда ёритиб боришга ҳаракат қиламиз. Чунки бизнинг Биринчи лига айнан ўша Иккинчи лигалар савиясидан келиб чиқиб ривожланади.
5. Волидангиз ПФЛ да бош ҳисобчи лавозимида ишлайди деган гап эшитдим бу қанчалик ҳақиқат?
Онам шифокор, улар умуман бошқа ташкилотда фаолият олиб борадилар. “Кун.уз” нашри билан лойиҳада ПФЛ ишчиларини таништириб чиқдим, шунда бош бухгалтеримизни ташкилотимиз онаси, менинг ишдаги онам дея таърифладим. Чунки бу аёлни мард ва дангаллиги учун ҳурмат қиламан. Бу аёл Мираброр Усмонов давридан буён ПФЛда фаолият олиб боради, ёшлари отамникидан ҳам катта. Шуни қўшимча қиламанки, ПФЛда қанча фаолият олиб борсам ҳам оиламдан бирор ишчини ишга олмайман. Бу менинг шахсий ҳудудим эмас. Шунингдек, оиламдаги бирор инсонни ишга олинглар деб кимгадир мурожаат ҳам қилмайман.
6. Футбол клубларни ҳусусийлаштиришга қандай қарайсиз. Бу борада бирон бир иш қилиняптими. Вилоят ҳокимлигига қарам бўлиб қолган футбол клублар қачон ўз мавқеини тиклаб олади?
Футбол клубларини хусусийлаштириш йўлида иш бошланган. Режа бўйича 2030 йилга қараб давлат улуши бор бўлган корхоналар футбол клубларини молиялаштиришни тўлиқ тўхтатиши керак. Президент қарорига кўра, бу ишни Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорликда олиб боряпмиз. Шу мавсум якунига қадар давлат улуши бор бўлган корхоналар томонидан молиялаштирилаётган 13 та футбол клуби агентлик балансига ўтади. Кейинчалик бу клубларни ривожлантириш ва уларни сотиш механизмлари ишлаб чиқилади.
7. Нима учун сиздан олдинги директор Даврон Шоқурбонов ишдан кетди?
ЎФА президенти тақдимномасига кўра ишдан олинди. Регламентда шундай ёзилган, тақдимномани ЎзПФЛ Ижроқўми тасдиқлади. Мен бир жиҳатни айтишни истардим, ўзим бирга ишлаган икки директор — Омон Ғофуровдан ҳам, Даврон Шоқурбоновдан ҳам яхши маънода нималардир ўргандим. Улар билан яхши муносабатларни сақлаб қоламан. Ва ўзим ҳам ҳеч қачон ёддан чиқармайманки, қачондир ҳам менинг ЎзПФЛдаги функциям якунига етади. Бу жойда ҳеч ким охиригача қолмайди.
8. "Бухоро"да Алишер Рустамов ПФЛ рухсат бермаган бўлса ҳам ишламоқда? Шу вазият бўйича тушунтириш берсангиз.
Кўпчилик бу жиҳатни ПФЛ Бухоро футболига қарши, Андижонга футболига қарши, деб изоҳлайди. Биз эса аксинча, вилоятларда футбол яхши бўлишидан манфаатдормиз. ЎФА Ижроқўми йиғилишида биринчи иштирок этганимда ҳам шунга ўхшаш савол бердим: нима учун кўп ҳолларда Хоразм ва Қорақалпоғистон футболи ҳақида унутиб қўймоқдамиз? Энди бевосита Алишер Рустамов ҳақида маълумот берсам, биз у ишлайдими ёки бошқаси — аралашишга ҳақли эмасмиз. Аммо бунинг қонуний механизмда амалга ошишини назорат қиламиз. Шунинг учун ҳам Рустамовнинг шартномасини рўйхатдан ўтказмадик, Самарқандда эса хатодан хулоса қилинди ва вазият тўғриланди, биз Учқун Қобиловни қабул қилдик. Шу вақтгача ЎзПФЛ бу каби ишларни назорат қилмаган бўлса ҳам, энди назорат қилади. Алишер Рустамовни соҳани яхши тушунадиган мутахассис сифатида биламан, бунга эътироз йўқ.Ва яна биламанки, 2013 йилларда “Бухоро” футбол клубининг банкротликкача олиб келинишида ва янги “Бухоро”нинг ташкил этилишида бош-қош бўлганлардан. Айнан шу каби ишлар бизнинг футбол ривожига болта бўлган, айнан ўша вақтда ишлаганлар янги клубни регламентга зид равишда бемалол Олий лигада ўйнатаверган, айнан ўша вақтда бу ишга ғиринг демасдан кўз юмганлар эса бугун бизнинг ишимизни Қатардан туриб кавлашни касб қилган. Бухоро футболи оёққа турса, биз юзлаб Шавкат Саломовларга эга бўламиз, битта Саломов ҳозирги ҳолатда бўлса, юзтасининг рақобати ўша Саломовни балки кучли бешлик даражасига олиб чиқади. Сурхондарё футболи оёққа турса, биз юзлаб Шомуродовларга эга чиқамиз. Бу йўлда кимларнингдир манфаатларига ишлайдиган “Бухоро” ёки “Сурхон” клублари эмас, одамлар учун, мухлислар учун, коррупциядан ҳолилик учун, шаффофлик учун курашадиганларга муҳтожмиз. Бу йўлда бугун номимиз қора бўлишидан, бугун айримлар бизни тушунмаслигидан қўрқмаймиз. Чунки вақти келиб ҳақиқат қарор топади, вақти келиб ҳамма футбол қаҳрамонлари ким-у, антиқаҳрамонлар ким эди, билиб олади. Рустамов масаласига эътироз йўқ, ўз тайинловини қонуний йўл билан қайта кўриб чиқсин ва ишлайверсин. Биз шу ерда эканмиз, 2013 йиллар такрорланмайди.
9. Қорақалпоқ футболига қачон эътибор берилади? Қорақалпоғистонда ҳам турнирлар ташкил этиш керак.
Кетма-кетликда жавоб бериб чиққаним учун, бу ҳақда тепада ёзган эдим)). Буни ўринли савол деб биламан. Яқин кунларда Нукусдан бўлган футбол мутахассиси билан шартнома имзолаймиз. Умид қиламанки, бу дастлабки қадамлардан бўлади. Аммо ҳаммасини тартибга келтириш тез бўладиган иш эмас. Босқичма-босқич шунинг механизми устида бош қотирамиз. Нукус ва Урганчнинг ҳам катта рақобатга эга клуби бўлиши керак.
10. Ўзбек клубларига келадиган легионерларга қандайдир шарт қўйиш керакмикин?
Шу кунгача шарт қўйилган, аммо бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Биз қайтага шартни олиб ташладик, исталган легионер келиб ўйнасин ва унинг савияси учун клуб жавобгар бўлсин. Бунинг учун клублар ҳам кимнингдир олдида жавобгар бўлиши керак, бизда шу нарса бўлмагани учун ҳам улар истаган ишини қилаверган. Аммо битта жиҳатни айтиш керак, бугунги легионерларимиз бундан 5-6 йил аввалги легионерлардан барибир яхшироқ.
Биз ҳозир бошқа нарсани режалаштиряпмиз. Яъни, келаси йилдан академияси ёки футбол мактаби талаб даражасида бўлмаган клубларга легионер билан шартнома тузишни ман қиламиз. Легионерларга бераётган миллиардларини олдин ўз қоракўзларига йўналтирсин, кейин бу масалага қайтиб келади.
давоми бор
Комментарии