Мухлис минбари. Бизга шунақа футбол керакмиди?
14 июл 2018 15:47
Новости
Мухлис минбари. Бизга шунақа футбол керакмиди?
Камина йил бошида мухлисларни бирлаштириш, жамоамизнинг шонли даврини қайтариш йўлида вилоятимиз ҳокими ва жамоамизга чин дилдан меҳнатини аямаётган инсонларга далда бўлиш мақсадида ишга киришдим. Мухлислар клуби етакчиси сифатида иш бошлаб, виждонан жамоамизни юқори даражада қўллаб-қувватлаш мақсадида боримни бериб ишлашга уриндим.
Миннат қилишга йўйманг-у, бугун баъзи жиҳатларни очиқлашни бурчим деб билдим. "Бунёдкор" футболчилари бир неча ойдан буён ойлик олмаётгани ҳақида хабарлар урчиди, лекин шу ҳолатдаям жамоа кўрсатаётган ўйин таҳсинга сазовор. Ёки "Бухоро" клуби билан боғлиқ молиявий муаммоларни Улуғбек Бақоев шахсан айтиб ўтди. Ушбу маълумотларни бежизга келтириб ӯтмадим.
Клубимизда бу каби муаммолар ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Лекин, жамоамизнинг сўнгги икки ўйинини кўриб, шунча имконият ва шароит кўкка совурилмаяптимикин деган савол пайдо бўлди. "Насаф" олдинги тур ўйини арафасида биратўла 4 асосий таркиб футболчисисиз майдонга тушадиган бўлди. Ҳатто, Суперлигада ҳали ўйнашга улгурмаган футболчилар билан бошлади "Насаф" ўйинни.
Тан олиш керак, ўша ўйинда "аждарлар" биздан кўра мазмунлироқ ўйин кўрсатишди. Бир нечта "Насаф" академияси тарбияланувчилари билан ўйинни бошлашга мажбур бӯлган Рўзиқул Бердиев жамоаси биздан кўра тажовузкор ва мазмунлироқ кўринди. Кеча Тошкентдаги ўйин эса бир нечта саволларни ўртага чиқариб қўйди. Марҳамат, бир нечта критериялар бўйича жавоб кутаётган саволлар билан танишиб чиқинг.
1. Давралар оралиғидаги трансферлар самарадорлигига ким жавоб беради? Дарко Никач - ушбу футболчининг икки ўйинини кўриб Ненад Инъяцни эслашга мажбур бўлдим. Бир хил даражадаги футболчилар, фарқи фақат номида. Пулни кўкка совуриш деб номласак нима дейсиз? Шу легионер хужумчи қилган ишни ёшларимиз таркибида ўйнаётган маҳаллий футболчи қилолмасмиди? Ортиғи билан қилади. Фарқи, эртага клубимиз ва юртимиз учун бир ёш иқтидорни тайёрлаган бўламиз.
Шерзод Каримов бир йил давомида деярли ўйин амалиётисиз юрди, лекин жамоага таклиф этилди ва асосий таркиб ўйинчиси. Шу ерда Илҳом Мўминжоновга бир савол бор. Биз учун меҳнати сингган Ойбек Қиличев бир йил деярли ўйин амалиётисиз юрди. Лекин у ҳатто жамоа таркибида ҳам йўқ. Фарқи, у жамоамиз манфаати деб яқин бир йил майдондан ташқарида бўлди... Игорь Голбан масаласида мақтанмаса ҳам бўлади. Чунки уни аллақачон кашф этиб бўлишганди наманганлик ишқибозлар. Ана энди ўйлаб кўринг, бу мавжуд имкониятни кўкка совуриш эмасми? Нимагадир фикр келиб қолди, ушбу трансферлар жамоани кучайтиришга эмас, қандайдир манфаатлар йўлида амалга оширилгандек таасурот уйғотмаяптими?
Сарвар Солиев жамоага таклиф этилди. Анвар Солиевнинг ўғли деб эшитганим асосий таркиб билан мунтазам шуғулланмоқда. Беҳруз Саъдуллоевнинг тақдири такрорланадими у билан ҳам? Қолишига, ўринбосарлар таркибига, келажак учун деб олинган бўлса, нима учун 6 ойлик шартнома қилинган. Ёки кетишга тайёргарликми? Шароитдан унумли фойдаланиб қолишми? Ярим мавсум тажриба тўплади, тобланди ва тайёр шароит натижасида кимлар учундир футболчи тайёрлаб бердик.
Ўзимизни маҳаллий футболчилар шу ҳолатни кўриб руҳий жиҳатдан синиб қолмасмикин тайёр шароитдан бегоналар фойдаланиб кетаётганини кўриб. Равшан Дўстматов, Сарвар Солиевлар ўрнида Акмал Турғунбоев ва Билол Тошмирзаев тоблаб борилса нима бўларди? Ёки наманганлик ёшларни сунъий ўйиндан ташқари ҳолатга чиқаришми бу тактика? Ўзимизнинг ёшларга берилса шу имконият тўғри бўларди. Фарқи жамоамиз келажаги учун 2 нафар футболчи тайёрланган бўлади.
2. Илҳом Мўминжоновга навбатдаги савол, келганингиздан буён қайси ёш футболчини кашф қилдингиз ўринбосарлар таркибидан чиққан?
Эшитишим бўйича шартномалар орасида 6 ойлик тузилганлари ҳам бор экан. Энг ажабланарли тарафи шундаки, баъзи шартномаларда биз билмаган қандайдир бандлар ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра Илҳом Мўминжонов жамоани тарк этса, баъзи футболчилар билан тузилган шартнома ҳам ўз кучини йўқотиб, ўша футболчилар ҳам жамоани тарк этар экан. Кулгили, тўғрими?
Мавсум давомида бир мутасадди айтиб ўтганди: "Мўминжоновни алмаштирсак бир нечта футболчилар ҳам кетиб қолади, шунинг учун ҳам ўзи бошқариб юрибди". Мўминжонов келганидан бошлаб ўрнини шу тарзда "суғурта" қилиб олган, қойилмисиз? Саволлар бирин-кетин чиқиб келмоқда. Энг алам қилган жиҳати нима биласизми, кечаги аламли мағлубиятдан сўнг бош мураббий Илҳом Мўминжоновнинг ўйиндан кейинги аъло кайфияти бўлди. Бу ҳолат, ҳатто "Сўғдиёна"дан учралган шубҳали мағлубиятдан сўнг ҳам кузатилганди, сукут сақлаган эдим. "Насаф" билан ўйиндан сўнг ҳам шу ҳолат.
3. Патриотизм деган тушунча қайда қолди, жаноб мураббий?
Мен бугун бир кишини айбдор қилиб кўрсатиш фикридан йироқман. Лекин, жамоамизнинг жонкуяр мухлислари билиши керак бўлган жиҳатларни айтиб ўтмасам виждоним қийналади. Камина мухлислар клуби етакчисиман. Мен мухлислар ва клуб учун ишлашим керак. Бир тарафлама тура олмайман. Вақти келганда клуб манфаати учун мухлисларга ёмон кўринган вазиятларим бўлди. Ана энди клубга ёмон кўринсам ҳам мухлислар учун ишлашга мажбурман. Клуб тизимидаги қисқа фаолиятим давомида кўриб кузатганларимни чапани тилда сиз билан ўртоқлашиб турибман.
Мен Ватанимни, шаҳримни ва "Навбаҳор"ни жонимдан ортиқ севаман. Хоҳ акам, хоҳ яқин дўстим бўлсин ҳалол ишлашини талаб қилиб келганман. Қанчалик аянчли бўлмасин, айтишга мажбурман. Эски раҳбарлар орасида каминага бир нечта "таклифлар" ҳам бўлган. Лекин мен бундай нонкўрликка мутлақо қаршиман. Ўша раҳбарларни ҳоким вақтида сездилар ва лавозимидан бўшатдилар. Умид қиламизки, клубимизга ўз манфаатини ўйлайдиган инсонлар қайтиб келмайди. Хайрулло Ҳайитбоевич бундай инсонларга қайта имкон бермасликларига шахсан ишончим комил. Ахир кўра туриб жамоани футболни тушунмайдиган ва уни даромад манбаига айлантирган нокас кимсаларга топшириб қўймайдилар. Клубдаям ҳалоллик бўлишини истайман.
Мен ўз позициямдан кетишга тайёрман. Агар бу кетиш жамоамиз учун фойда келтирса кифоя. Қани юрагида ўти бор, ҳақиқий ватанпарвар мухлис борми, ўрнимни ҳозироқ бўшатиб бераман. Менинг ўрним талашишга арзидиган жой эмас, бу чинакам юксак масъулият. Биз футболдан роҳатланишимиз ва ғурурланишимиз керак. Мен бутун клуб тизимида ҳалол инсонлар ишлашини истайман. Бу йўлда керак бўлса жонимни беришга тайёрман.
Вилоятимиз ҳокими ва раҳбарлар яратиб бераётган шунча имконият кўкка совурилишига шунчаки қараб туролмайман. Клубимизда тўлиқ ҳалол ва рақобатбардош муҳит ҳукм суришини хоҳлайман. Наманганлик ишқибозлар чиройли ва ҳалол футбол кўришга ҳақли. Бизга шунақа муҳит ва футбол керак. Биз ундан роҳатланишимиз, вилоятимиз эса ғурурланиши даркор. Шу ўринда ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев, ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджонов, вилоятимиз ҳокими Хайрулло Бозоровларга чуқур миннатдорчилигимизни билдириб қоламан. Шунча имконият яратиб беришаётгани учун биз ҳам лаббай деб жавоб беришимиз лозим, азизлар.
"Навбаҳор" мухлислар клуби етакчиси Фарҳод Умаралиев.
Комментарии