Мурод Бобожонов: “Мавсумнинг қолган ўйинларида 6та гол уришни мақсад қилганман”
05 окт 2021 13:16
Новости
Мурод Бобожонов: “Мавсумнинг қолган ўйинларида 6та гол уришни мақсад қилганман”
. Жарохатлар сабабли маълум муддат майдон ташқарисида юрган 27 ёшли футболчи аста-секин аввалги спорт формасини тиклаб бормоқда. “Сурхон” сафида у ҳозирча 18та ўйинда иштирок этиб, ўз активига 2та гол ёздириб қўйишга муваффақ бўлди. Эътиборлиси ҳар икки голини ҳам водий жамоалари дарвозасига киритган. “Андижон” ва “Навбаҳор”. Термизликлар ортда қолган турда айнан Бобожоновнинг голи эвазига “Навбаҳор” устидан муҳим ғалабага эришди. Мазкур учрашувдан сўнг, биз учрашув қахрамонига айланган Мурод Бобожонов билан суҳбатлашдик.
- Муроджон, аввало жамоангизнинг муҳим ғалабаси билан табриклаймиз. Ўйин хусусида фикрларингизни билдириб ўтсангиз?
- Учрашувни кўрган бўлсангиз қизиқарли ва жангавор руҳда кечди. Ҳар икки жамоага ҳам ғалаба керак эди. Айниқса “Сурхон”га ўз уйида уч очко сув ва ҳаводек зарур эди. Чунки турнир жадвалида хавфли зонани тезроқ тарк этишимиз талаб этиларди. Имкониятни қўлдан бой бермасдан, бутун жамоа бўлиб, ижобий натижага эришиш учун астойдил курашдик. Йигитларга раҳмат, майдонда борини бериб харакат қилди. Албатта ўз майдонимизда ғалаба қозониб, мухлисларга хурсандчилик улашганимиздан мамнунмиз.
- Ушбу муҳим ғалабадан кейин “Сурхон”ни Суперлигада қолишига қанчалик ишоняпсиз?
- Мазкур муваффақиятимиз табиийки жамоадошларимни руҳиятини янада кўтариб юборди. Қўлга киритилган ғалаба, бўлажак учрашувлар олдидан бизга қўшимча мотивация бериши аниқ. Насиб қилса олдимизда бизни кутиб турган яна бир қийин ўйинда ҳам ютишга харакат қиламиз. Очиғини айтганда, жамоага аутсайдерлар қаторида юришини эмас, балки юқори ўринларга кўтариш учун келганмиз. Шунинг учун “Сурхон”ни Суперлигада олиб қолишдан ташқари, имкон қадар турнир жадвалида юқори ўринларга кўтарилиши учун бор кучимиз билан интиламиз.
- Келаси турда “Сурхон”ни сафарда “Турон” билан жиддий синов кутиб турибди. Бу ўйинга тайёргарлик қачондан бошланади?
- Дарҳақиқат, кейинги тур жуда ҳам қизиқарли ва курашларга бой бўлади деб ўйлайман. Ҳар икки жамоа ҳам Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолиш мақсадида ғалаба учун борини беради. ФИФА кунлари муносабати билан мураббийларимиз жамоага қисқа муддатли татил эълон қилган. 6 октябрдан йиғилиб, бўлажак муҳим ўйинларга тайёргарлик кўришни бошлаймиз.
- “Турон” жамоасини ўрганиш жараёни бошланган бўлса керак?
- Ҳа, мураббийларимиз дарҳол кейинги ўйин ҳақида режаларни ишлаб чиқиб, рақибни ўрганиш жараёнини бошлаб юборган. Машғулотларимиз бошлангач, тайёргарлик жараёнида бизга махсус кўрсатмаларни беришса керак.
- Бўлажак рақиб Сизда қандай таассурот қолдирмоқда?
- “Турон” жуда яхши жамоа сифатида шаклланмоқда. Таркибида маҳоратли ва шу билан бирга иқтидорли ўйинчилар етарлича. Шароитлар борасида ҳам бошқаларга ўрнак бўлмоқда. Суперлигада дебютант жамоа бўлгани учун “Турон”га озгина махорат етишмаяпти назаримда. Биринчи даврдаги ўйинимиз ҳам қизиқарли ва курашларга бой тарзда кечганди.
- Бу йилги фаолиятингиздан кўнглингиз тўляптими?
- Қайсидир манода кўнглим тўляпти. Аммо баъзи жихатлар бўйича қониқмаяпман. Чунки менда гол уриш учун кўп вазиятлар бўлди. Аммо улардан унумли фойдалана олмадим. Шунинг учун ўз устимда кўпроқ ишлаб, бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман.
- Нима учун аввалгидек тўпурарлар қаторидан ўрин эгалламаяпсиз? Сизга нима етишмаяпти?
- Биласизми бундай холатлар ҳар бир футболчининг фаолиятида учраб туради. Албатта ҳар бир ўйинда майдонга фақат гол уриш учун чиқасиз. Лекин баъзида совуққонлик етишмайди. Айрим холатларда омадингиз чопмаса бари уринишлариз бекорга кетадиф. Бу – тақдир. Боя айтиб ўтганимдек, ҳар бир машғулотда ўз устимда астойдил ишлаяпман. Насиб қилса келаси мавсум тўпурарлар қаторига киришга харакат қиламан. Бу йилги чемпионатнинг қолган олтита ўйинида эса 6та гол уришни мақсад қилганман. Худо хоҳласа ўз голларим билан “Сурхон”га муваффақият келтираман.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Комментарии