RU

Последние новости

02:55АПЛ. МЮнинг мағлубиятлари давом этади, бу сафар "Ньюкасл" уларни таслим қилди  14 02:51АПЛ. "Челси" ўз уйида мағлуб бўлди, "Астон Вилла" ғалабани қўлдан чиқарди  9 01:37Инглиз ҳакамлари ВАРдан сўнг ўз қарорини оммага эълон қилишни бошлайди  2 00:50Ниҳоят! Рэшфорд 5та ўйиндан сўнг МЮ қайдномасига киритилди  1 23:52Аббос Файзуллаев ва ЦСКАнинг бошқа футболчилари 158 нафар болакайларга қарши майдонга тушишди  1 23:43"Барселона" ваъдасининг устидан чиқа олмади  8 22:53U20 Осиё Кубогининг энг яхши дарвозабони "Пахтакор" билан хайрлашди  3 22:28Риан Исламов "Навбаҳор"га ўтди  4 22:02Испан клуби МЮ билан Антони борасида музокаралар ўтказмоқда  2 21:09"Пахтакор" ўз стадиони тайёр бўлгунча ўйинларни қайси аренада қабул қилади?  6 20:44Ҳоланд, Винисиус, Ямаль — дунёнинг энг қиммат футболчилари  18 20:20Слотт "Ливерпуль" ҳимоячиси жароҳат олганини маълум қилди  3 19:58Магуайр Аморим билан тен Ҳагни солиштирди  7 19:35"Қуёш чиқади. Биз қайтамиз" — Гвардиола  1 19:13"Манчестер Сити" нигериялик қанот ҳимоячисига қизиқмоқда  0

Мураббийи Ўзбекистондаги U-23 Осиё кубогида ишлаган, турнир давомида энг кўп гол урган ҳамда кетма-кет учта мундиалдан қуруқ қолган Австралия ҳақида Новости

Мураббийи Ўзбекистондаги U-23 Осиё кубогида ишлаган, турнир давомида энг кўп гол урган ҳамда кетма-кет учта мундиалдан қуруқ қолган Австралия ҳақида

Австралия Ўзбекистон учун қўрқинчли эмас.

Мамлакат номи қулоқларимиз остида жаранглаганда кенгурулари кўз олдимизга келадиган Австралия авваллари хоҳлаган куйига солиб кетарди. Ўрни келганда, миллий терма жамоаси пушкаси билан олти марталаб бомбардимон қилишни канда қилмасди. Аммо сўнгги йилларда уларга қаршилик кўрсатиш, ҳаттоки 120 дақиқалаб гол ўтказмасдан футбол ўйнаш мумкинлигини миллий терма жамоа мисолида гувоҳи бўлдик. Энди эса уларнинг укалалари катта бир парвоз йўлида ўзаро куч синашади. У ерга ажратилган чипта эса фақатгина бир жамоага насиб этади. Ғалаба қозонган жамоага кичик мундиал чиптаси марҳабо, ютқазган жамоа эса жазирама ёзда музқаймоқ еб, телевизор қаршисида тенгдошларининг ўйинларини шунчаки томоша қилишга мажбур. Австралия ёшларининг энг яхши натижаси Ўзбекистон сингари финал ҳисобланади, 2010 йил Хитойда ўтказилган қитъа мусобақасида ёш "кенгуручалар" ҳал қилувчи баҳсда Шимолий Кореяга 2:3 ҳисобида имкониятни бой беришганди.

Тўғри, "Соккеруз" укахонлар ҳам кучли таркиб билан ташриф буюрган. Жамоанинг жаҳли чиқса, рақиб дарвозасига тўққизталаб гол уряпти. Бироқ яшил қитъа вакиллари "Ўлмас Кошчей" эмаски, уларни таслим этишнинг иложи топилмаса. Австралияни мағлуб этиш, балки йирик ҳисобда доғда қолдириш мумкинлигини 2011 йилда порлаган ҳамда кейинчалик қишда кўпгина ҳудудларда кузатиладиган чироқ сингари "лип" этиб сўниб қолган Естафеев шогирдлари исботлаган. Мексикада ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати нимчорак финалида бўлажак Спарк соҳиблари "кенгурулар" халтасига тўртта тўпни жойлаб қўйишганди.

Ўтмиш ўз йўлига. Бугунги Австралиянинг турнирда босиб ўтган йўли, статистика ҳамда ўйин услуби ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Турнирда босиб ўтилган йўл

Австралия Осиё кубогининг "Б" гуруҳидан ўрин олди. Тревор Морган шогирдлари дастлабки турни кутилмаганда мағлубият билан бошлади. Кутилмаган дейиш ҳам ноўрин, сабаби, 1-турда 1:0 ҳисобида устун келган Вьетнам ҳам турнирда ёмон таассурот қолдирмади. Иккинчи турда эса ўзига келиб олган "Соккеруз" нисбатан қийинроқ рақиб — Эронни 3:2 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди. Сўнгги турда эса театр шоуси намойиш этган яшил қитъа вакиллари Қатарни 9:1 ҳисобида тор-мор этди. 3-турдан сўнг Австралия, Эрон ва Вьетнамда 6 очкодан бўлишиб олди. Бироқ ўзаро ўйинлардаги тўплар нисбатига кўра тўққизталаб гол урган Австралия иккинчи ўринга тушиб қолди. Агарда Вьетнамга сал йирикроқ ҳисобда имконият бой берилганда, мусобақанинг энг голеадор жамоаси гуруҳ босқичидаёқ Тошкент халқаро аэропорти чипталарини қўлга киритган бўларди. 

Австралия ёшлари кетма-кет уч маротаба — Янги Зеландия (2015), Шимолий Корея (2017), Польша (2019)даги мундиаллардан қуруқ қолди. Ўзбекистонлик мухлислар мана шу серия давом этишини исташади, албатта.

Тўп назорати

Австралияликлар тўпни севишади ҳамда уни рақибга бермасликка ҳаракат қилишади. 

Морган шогирдлари уч турда ўртача 56% ҳолатда тўпга эгалик қилишган. Айниқса, мағлубиятга учралган дастлабки турда бу борада яққол устунлик кўзга ташланган.

Шунингдек, Тим Кехиллнинг братишкалари тўп учун курашларда ҳам фаол. Улар бу борада ўртача 51% кўрсаткич қайд этишган. Ҳаводаги курашларда енгиб чиқиш кўрсаткичи эса 55% ни ташкил этади. 

Австралияликлар қисқа пасларни яхши кўради, жамоа бир ўйинда ўртача 458 та пас амалга оширади. Жамоа аъзоси Триантис турнир давомида 223 та пас амалга ошириб, тенгдошлари орасида энг яхшилардан бири бўлиб турибди. Узун паслар сони эса ўртача 49 тани ташкил этади. Паслар аниқлиги чакки эмас — 80%, рақиб ярим майдонида эса бу рақамлар 68% га тенг. 

Тактика

Тревор Морган гуруҳ босқичидаги учала ўйинда уч хил тактикани синовдан ўтказиб кўрди. Вьетнмага қарши одатий 4-4-2 схемаси иш бермади, Эрон билан ўйинда 4-5-1 чизмаси иш берди, заифроқ Қатар эса 4-3-3 билан вайрон этилди. Австралия қанотлардан қисқа паслар орқали ҳужум ташкил этишни афзал кўради ҳамда буни рақиб жарима майдонида ҳам фаол қўллай олади. Уч ўйин давомида ўртача хомчўт қилганда, ҳужумларни ташкил этиш кўрсаткичи чап қанотдан - 37%, ўнгдан - 35%, марказдан эса - 28% ни ташкил этади. Рақиб дарвозасига урилган голларнинг кўпчилиги рақиб жарима майдони ичида йўлланган зарбалар натижасида содир бўлган. Шунингдек, жамоада жарима зарбаларини моҳирона бажарадиган ижрочилар ҳам мавжуд.

Таркиб

Морган қайдномасидаги 23 нафар футболчидан тўрттаси легионер саналади. Жумладан, ҳимоячилар Жошуа Роулинс Нидерландия Биринчи дивизионида иштирок этадиган "Утрехт" ёшлар жамоаси сафида тўп тепса, Мэтт Денч Англиянинг "Чарлтон" клуби аъзоси саналади. Шунингдек, ҳужумчилар Габриэль Попович Хорватия Иккинчи дивизионида қатнашадиган "Рудеш" шарафини ҳимоя қилади, Жинг Рик эса Даниянинг АГФ клуби либосида ўйнайди. Мусобақа давомида "Сидней" ярим ҳимоячиси Адриан Сегечич ҳамда "Аделаида Юнайтед" ҳужумчиси Бернардо Оливейра 2 тадан тўп киритиб, жамоасининг тўпурари бўлиб турибди.

Мураббий 

Англиялик мураббий Тревор Морган мураббийлик фаолиятининг катта қисмини жанубий-шарқий Осиё минтақасида ўтказган. Австралия U-20 терма жамоасини қабул қилишдан аввал мамлакатнинг 23 ёшгача бўлган терма жамоасини бошқарган ва 2022 йил Ўзбекистонда ўтказилган Осиё кубогида 4-ўрин соҳибига айланган.

Мураббийлар қандай фикрда?

Гуруҳ босқичи доирасида Индонезияга қарши ўйиндан кейин Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Австралиянинг ўйиндан ўйинга кучаётганини таъкидлаб ўтганди: "Плей-офф ўйинлари барчасини ҳал қилади, битта хато кечирилмаслиги мумкин. Жаҳон чемпионатига йўлланма, барча учун керак. Бу баҳсга ҳар тарафлама яхши тайёрланиб, ютиб олишимиз керак. Австралияни кузатиб боряпмиз. Улар ўйиндан-ўйинга кучайиб боришмоқда. Уларни яна тахлил қиламиз. Мураббийлар штабимиздаги тахлилчилар ўйинларни кузатиб боришмоқда. Ўйинга муносиб тактика ва режани тайёрлаймиз".

Ўз навбатида Австралия U-20 терма жамоаси устози ҳам жамоаси ўйин сифатини яхшилаб бораётганини қайд этди: "Биз ҳар бир ўйиндан сўнг ўйин сифатини яхшилаб бормоқдамиз ва шунга яраша ўйинимиз кучайиб бормоқда. Биринчи вазифани бажардик, энди эса ярим финалга йўл олишимиз керак".

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон — Австралия ўртасидаги баҳс 11-март куни соат 19:00 да "Бунёдкор" стадионида бўлиб ўтади. Мазкур учрашув ғолиби турнир ярим финали ҳамда Индонезияда ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.

Рейтинг: +9   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика