"Металлург": 8 нафар футболчи жамоани тарк этди
12 янв 2020 12:41
Новости
"Металлург": 8 нафар футболчи жамоани тарк этди
Жамоа ўйинчилари 6 январь санасида тўпланишди. Икки кун мобайнида тиббий кўрикдан ўтилди. Ҳар куни бир маҳалдан жисмоний тайёргарликни тиклаш машқлари олиб борилди. Ҳозирда эса машғулотларга тўлиқ киришилган. Тўп билан ишлаш, тренажер залида жисмоний ҳолатни тиклаш жараёнлари қизғин тус олаяпти. Ўз навбатида машғулотлар натижаси назорат учрашувлари орқали ўрганилмоқда, таҳлил этилмоқда.
Жумладан, куни кеча бир ҳафталик машғулотлар самараси йиғинда бўлиб турган футболчиларнинг иккига бўлинган ҳолда кўрик учрашуви билан якунланди. Унда "қизиллар" жамоаси Аброр Тошқўзиевнинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни очган бўлса-да, якунда мағлубиятга учради. Шаҳзод Убайдуллаев, Иброҳим Турғунбоев ҳамда Маҳмуд Қудратуллаев томонидан киритилган голлар "яшиллар"га ғалабани тақдим этди.
Илгари хабар берганимиздек жамоада сезиларла ўзгаришлар бор. Ижара муддати тугаган уч нафар ҳамда бошқа жамоада ўйнашни ихтиёр этган беш нафар футболчи бекободликлар сафини тарк этган эди. Айни пайтда уларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида Суперлиганинг бир қатор жамоаларидан маҳоратли ҳамда иқтидорли ўйинчилар "Металлург" йиғинига жалб этилган. Кўрикда бўлиб турган футболчилардан кимлар жамоада қолиши назорат учрашувларидан кейин маълум бўлади. "Металлург" январь ойининг ўзида тўртта кўрик учрашувини ўтказиш учун Суперлига ҳамда Про лига жамоалари билан келишиб олган. Шулардан биринчиси кейинги дам олиш куни Фарғонанинг "Турон" жамоасига қарши ўтказилади.
П.С. "Металлург" матбуот хизмати клубни тарк этган футболчилар айнан ким эканлиги борасида хабар бермаган.
Комментарии