“Металлург”: 2017 йилги мавсум сарҳисоби
29 ноя 2017 10:20
Новости
“Металлург”: 2017 йилги мавсум сарҳисоби
Бу билан жамоа олий лигадаги мавқеини сақлаб қолди. “Металлург” жамоаси ўтказилган 30 та учрашувнинг 12 тасида ғалаба қозонди, 4 та ўйинда дуранг ўйнади ва 14 тасида эса имкониятни бой берди. Рақиблар дарвозасига 40 бора йўл топа олган бекободликлар ўз дарвозаларидан битта кам – 39 та гол ўтказиб юборишди ва 40 очко жамғаришди.
“Металлург” 1998 йилдан олий лигадан қатнашиб келаётган бўлса, мавсумни иккинчи марта 10-поғонада якунламоқда. Бунгача жамоа 2012 йилда шундай натижани қайд этган эди. “Металлург”нинг энг яхши иштироки 2002 (5-ўрин), 2010, 2013 (6-ўрин) йилги мавсумларга тўғри келади.
Бугунгача “Металлург” олий лига мусобақаларида 584 та учрашув ўтказган: 193 та ғалаба, 118 та дуранг, 273 та мағлубият. Киритилган ва ўтказиб юборилган голлар фарқи – 737:929.
Мавсум гвардиячилари
“Металлург” мураббийлари 2017 йилги чемпионат давомида 27 футболчининг хизматидан фойдаланишди. Учрашувларда майдонга энг кўп тушган футболчи кутилганидек жамоа сардори Ҳикмат Ҳошимов бўлди. У барча 29 ўйинда жамоа аъзоларини майдонга бошлаб тушди. “Обод”га қарши иккинчи давра учрашуви ўтказилганида эҳтимол юз фоизлик натижанинг ҳам гувоҳи бўлардик.Ҳ.Ҳошимов фақатгина “Локомотив”га қарши ўйинда алмаштирилди, қолган барча учрашувларда майдонда тўлиқ ҳаракат қилди. Сардордан кейинги кўрсаткич ёш ярим ҳимоячи Санжар Қодирқуловга тегишли – 28 учрашув. Бу икки ўйинчидан ташқари Зоҳид Абдуллаев (26), Аюбхон Нўъмонов (25), Исломбек Исоқжонов (25), Муроджон Тошматов (25), Дониёр Одилов (23), Мирғиёс Сулаймонов (23), Жаҳонгир Абдумўминов (23), Алишер Зиёвуддинов (21) лар йигирматадан зиёд учрашувларда майдонга чиқишган. Иккинчи даврадан бекободликлар сафига қўшилган Аброр Ҳусинов ҳам ўзи учун юз фоизлик натижани қайд этди – 14 учрашув.
Соатлар, дақиқалар, сониялар...
Футболчиларнинг майдонда ўтказган вақтидан келиб чиқиб таҳлил қиладиган бўлсак, бу борада ҳам Ҳикмат Ҳошимов пешқадамлигини кўрамиз – 2583 дақиқа. Ундан кейинги поғоналарда Зоҳид Абдуллаев (2330), Муроджон Тошматов (2077), Мирғиёс Сулаймонов (2025) ҳамда Жаҳонгир Абдумўминовлар (2017) боришмоқда. Гроссмейстерларимиз икки минг дақиқалик довондан ошишган. Исломбек Исоқжонов (1874), Аюбхон Нўъмонов (1857), Зафар Сафаев (1710), Алишер Зиёвуддинов (1700), Дониёр Одилов (1612), Санжар Қодирқулов (1459) ва Давронбек Каримқулов (1350) ларнинг майдонда ўтказган вақти ҳам эътиборга молик.
Голлар...
Жамоа қайд этган натижада шубҳасиз дарвозаларга киритиган голлар муҳим аҳамият касб этиди. Тўпурарлик борасида мана бир неча мавсумдирки Зоҳид Абдуллаев етакчилик қилаяпти. Бу йилги чемпионатда ҳам бомбардиримиз ўз ҳисобига ўнтадан зиёд гол ёзиб қўйди – 12 гол. Ундан кейинги натижани Аюбхон Нўъмонов қайд этди – 4 гол. Муроджон Тошматов, Алишер Зиёвуддинов, Исломбек Исоқжоновлар рақиб дарвозасига 3 мартадан гол уришган бўлишса, Дилмурод Каримов, Жаҳонгир Абдумўминов ва Исломжон Қобиловлар дублга эришишди – 2 тадан гол. Дониёр Одилов, Санжар Қодирқулов, Сирожиддин Аллаев, Мирғиёс Сулаймонов, Муҳаммадодил Қаҳрамонов, Муҳаммаджон Султонов ва Достонбек Турсуновлар бир мартадан гол нашидасини суришди.
Дарвозабонлар...
“Металлург” жамоаси дарвозасини мавсум давомида 4 нафар дарвозабон қўриқлади. Улардан фақатгина Акобир Қаюмов ёшлар лигасида ўйнади, асосий таркибга жалб этилмади. Асосий таркибларда энг кўп майдонга чиққан дарвозабон Зафар Сафаев бўлди. Сафаев биринчи даврада 6 та, иккинчи даврада эса 13 та ўйинда дарвозада турди ва 29 бор ўз дарвозаси тўридан тўп олиб чиқишга мажбур бўлди. Битта ўйинга ўртача 1,52 тадан гол тўғри келади. Зафар Сафаев 5 та ўйинда ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди. Дарвозаси томон белгиланган иккита пенальтидан биттасини қайтарди. Суҳробжон Султонов эса 9 та ўйинда майдонга чиқиб, 10 та гол ўтказиб юборди, 2 та учрашувни “қуруқ” ўтказди. Султонов ўртача битта ўйинда ўртача 1,11 тадан гол ўтказиб борган, голлардан бирини рақиблар 11 метрлик жарима зарбасидан уришган. Учинчи дарвозабон Тимур Тўйчиев фақат битта учрашувда, “Қизилқум”га қарши сафар учрашувида дарвозани қўриқлади ва 2 та гол ўтказиб борди.
Пенальтилар, автоголлар...
2017 йилги мавсумда “Металлург” иштирокидаги ўйинларда ҳакамлар 7 марта 11 мертлик нуқтани кўрсатишди. 4 марта бекободликлар, 3 марта эса рақиблар пенальти тепишди. “Металлург” 4 та имкониятнинг фақат биттасини голга айлантирган – “Шўртан”га қарши биринчи давра учрашувида Дилмурод Каримов мақсадига эришган. Амалга оширилмаган пенальтилар эса “Машъал” (Дилмурод Каримов), “Бунёдкор” (Мирғиёс Сулаймонов) ва “Динамо” (Ҳикмат Ҳошимов) жамоалари билан ўйинларда кузатилган. Бекободликлар дарвозасига “Олмалиқ” (С.Султонов дарвозасига) ва “Сўғдиёна” (З.Сафаев) жамоалари пенальтидан гол уришган. “Бунёдкор” ўйинчиси Достонбек Ҳамдамовнинг зарбасини эса Зафар Сафаев биринчи давра учрашувида тўсишга эришганди.
“Металлург” иштирокида 3 та автогол қайд этилган. 1-турда “Динамо” билан ўйинда Давронбек Каримқулов ўз дарвозамизга гол уриб қўйган бўлса, “Қизилқум” ўйинчиси Файзулла Қамбаров ва “Қўқон 1912” сардори Мурод Холмуҳамедовлар “Металлург” фойдасига автоголга муаллифлик қилишган.
Огоҳлантиришлар...
2017 йилги мавсумда “Металлург” жамоаси ўйинчилари қаршисида ҳакамлар жами 62 марта сариқ карточка кўтаришган. Энг кўп огоҳлантирилган футболчи Жаҳонгир Абдумўминов бўлди. У саккиз марта “сариқ” жазога тортилган. Шиддаткор ҳужумчимиз Зоҳид Абдуллаевни ҳакамлар билан 7 марта “тортишган”. Дониёр Одилов 5 марта, Муроджон Тошматов, Давронбек Каримқулов, Алишер Зиёвуддинов ва Исломбек Исоқжоновлар 4 мартадан тартибга чақирилишган.
Аюбхон Нўмонов, Зафар Сафаев, Муҳаммаджон Султоновлар қаршисида 3 мартадан, Дилмурод Каримов, Санжар Қодирқулов, Достонбек Турсунов ҳамда Исломжон Қобиловлар қаршисида 2 мартадан, Ҳикмат Ҳошимов, Муҳаммадодил Қаҳрамонов ҳамда Суҳробжон Султоновлар қаршисида 1 мартадан сариқ карточка кўтарилган.
Комментарии