Мавсумнинг ТОП-10 “энг ёмон трансферлари”. Рўйхатда - Рамос, Грилиш ва Лукаку бор
04 мая 2022 19:00
Новости
Мавсумнинг ТОП-10 “энг ёмон трансферлари”. Рўйхатда - Рамос, Грилиш ва Лукаку бор
Европада мавсум аста-секин якунига етиб бормоқда. Бу эса маълум вазиятлар бўйича хулоса чиқариш имконини беради.
Россиялик журналист Николай Егоричев “Championat.Asia” учун махсус мавсумнинг 10 та энг ёмон трансферлари рўйхатини тузди. Рўйхатда маълум ва машҳур футболчиларни учратасиз.
10. Ибраима Конате (“РБ Лейпциг” – “Ливерпуль”, 40 млн евро)
Конатенинг “Ливерпуль”га ўтишида аввал бошидан маълум даражада таваккал бор эди. Ёш франциялик икки йил давомида “Лейпциг”нинг 45 та (!) ўйинини жароҳат сабаб ўтказиб юборганди. 2018/2019-йилги мавсумдангина Конате мунтазам равишда ўйнай бошлади. Бироқ, жароҳатга мойиллигига қарамай, “Ливерпуль” франциялик ҳимоячини сотиб олишга қарор қилди. Айни дамда трансфер суммаси 40 миллион евро — ҳали миллий терма жамоада ҳам ўйнамаган футболчи учун жуда кўп.
Чемпионатни алиштириши ҳам Конатенинг адаптациясига таъсир қилди. У асосий таркиб учун курашда тажрибалироқ Жоэль Матипга рақобатни бой берди ва АПЛ доирасида бор йўғи 8 та ўйин ўтказди. Чемпионлар Лигасида ҳам деярли шунча ўйин. Вақти-вақти билан Конате яхши даражадаги ўйин намойиш қилмоқда, лекин биринчи мавсумини омадли деб бўлмайди. Ҳозирча унга сарфланган 40 миллион евро ўзини оқламаяпгандек.
9. Никола Влашич (ЦСКА – “Вест Хэм”, 30 млн евро)
Влашич охирги тўрт йилда Россия чемпионатининг энг яхши футболчиларидан бири эди. Бундан ташқари у Хорватия терма жамоаси сафида ҳам борган сари кўпроқ ўйин амалиётига эга бўла бошлади. Шундай палла бўлдики, Никола РПЛ даражасидан ўсиб бўлгани билиниб қолди ва ўзини кучлироқ чемпионатда синаб кўриши кераклиги ойдинлашди. Катта қийинчилик ва жанжаллар билан Влашич ЦСКАдан кетди — “Вест Хэм” хорватиялик учун 30 миллион евро.
Никола бунгача ҳам Англия (“Эвертон”)да ўйнаганди ва АПЛ талабларига осон кўникиши керак эди. Аммо Влашич жиддий рақобатга дуч келди ва “болғачилар” асосий таркибига кира олмади: хорват ҳисобида 30 учрашув бўлсада, уларнинг аксариятида ярим ҳимоячи захирадан майдонга туширилган. Самарали ҳаракатларга келадиган бўлсак, Влашич бор йўғи 1 та гол урди ва шерикларига 2 та ассист етказиб берди. Николанинг ўзи ҳам “Вест Хэм” ҳам ўйинчининг биринчи мавсуми бундай бўлишини тахмин қилишмаган бўлса керак.
8. Эмилиано Буэндия («Норвич» - «Астон Вилла», 38 млн евро)
Аргентиналик Англияда ўтган мавсум кашфиётларидан бирига айланди. “Норвич”нинг АПЛга қайтишида унинг хизмати катта бўлди — Чемпионшипнинг 39 ўйинда 15 та гол ва 17 та голли узатма. Шу сабаб 2021 йил ёзида Буэндия хизматлари учун кучлироқ клублар навбатга туришди.
Эмилиано охир-оқибат “Астон Вилла”га ўтди. Клубда у Жек Грилишнинг ўрнини боса олишига ишонишганди. Бироқ Буэндия АПЛ даражаси Чемпионшипникидан баландроқлигини тўғри чамалай олмаган чоғи. Аргентиналик битр қарашда буткул йўқ бўлиб қолмади, аммо ўсишга эришмагани аниқ. 30 учрашувда 2 та гол ва 5 та ассист қайд этди.
7. Леон Бэйли (“Байер” – “Астон Вилла”, 32 млн евро)
“Астон Вилла”нинг яна бир омадсиз трансфери. Умуман олганда клуб Жек Грилишнинг трансферидан ишлаган (117 млн евро) пулини ғалати сарфлади. Буэндия ўзини бироз кўрсатган бўлса, Бэйли буткул омадсизликка учради.
Леон “Байер” сафида ҳаракат қилган вақтларда Бундеслиганинг энг яхши вингерларидан бири эди. У “Астон Вилла”да ҳам ана шундай муваффақиятга эришиши кутилганди. Бироқ Леон асосий таркибда бор йўғи 7 та ўйин ўтказди, жароҳат сабаб кўп учрашувларни ўтказиб юборди ва бор йўғи 3 та самарали ҳаракат қайд этди (АПЛнинг 18 учрашувида 1+2). Ямайкалик учун Англиядаги этап очиқчасига омадсиз бошланди.
6. Дайот Упамекано (“РБ Лейпциг” – “Бавария”, 42 млн евро)
“РБ Лейпциг”нинг деярли барча футболчилари клубдан кетгач, бошқа жамоада ўша даражасини ушлаб қола олмайди. Дайот Упамекано билан ҳам шунга ўхшаш вазият юз берди. Ваҳоланки, бу трансфер энди амалга ошганида “Бавария” узоқ йиллар тўп тепадиган топ ҳимоячини қўлга киритгандек эди.
Бир қарашда франиялик унчалик ҳам ёмон кўринмади: 36 та ўйинда 1 та гол ва 5 та голли узатма. Бунга “Бавария” билан қўлга киритилган чемпионликни қўшамиз —Дайот учун фаолиятидаги биринчиси. Бироқ Упамекано доим ҳам асосий таркибда майдонга тушмади ва тушганида ҳам баъзан қўпол хатоларга йўл қўйди. InStat маълумотларига кўра, у 13 марта голли хатога йўл қўйган! Бироз кўпроқмасми? “Бавария” шу ўйинчи учун 42 миллион евро тўлаган.
5. Жоржиньо Вейналдум (“Ливерпуль” – “ПСЖ, текин)
Голландиялик ПСЖга текинга кўчиб ўтди, аммо унинг ҳам трансферини омадсизлар қаторига қўшиш мумкин. Вейналдум “Ливерпуль”да ажойиб ўйин кўрсатарди ва ўз нуқтасида дунёнинг энг яхшиларидан бирига айланди. Аммо Парижда футболчининг “кетмони учмаяпти”.
Бир неча баҳсдан кейин сезилдики, у жамоа ўйинига тушиб кетиши қийин бўлмоқда. Оқибатда футболчи захира ўриндиғига ўтириб қолди. 35 ўйиндан 20 тасини асосий таркибда бошлаган, 3 та гол уриб, шунча голли узатма етаказиб берган. “Ливерпуль”да у алиштириб бўлмас футболчи ва етакчилардан бири ҳисобланарди. “Мерсисайдликлар”нинг мавсумини кўриб, Вейналдум Францияга кўчиб ўтганидан афсусда бўлса ажаб эмас.
4. Серхио Рамос (“Реал” - ПСЖ, текин)
Агар Рамос ПСЖга текинга ўтмаганида, рўйхатимизнинг биринчи поғонаси учун жиддий номзод бўларди. Сабаби Парижда ундан кўп нарса кутишганди — умуман олганда жамоанинг барча янги футболчилари каби.
Муаммолар эса Рамос янги клубга ўтишидан аввал бошланганди. Парикжликлар жароҳати бор Рамос билан шартнома имзоларкан, футболчи сафга қайтишига маълум вақт талаб қилинишини билиб турарди. Натижада Рамос ноябрь охирида дебют қилди — трансфер расмийлаштирилагнидан деярли ярим йил ўтиб. Аммо бир ҳафта ўтиб, Серхио яна лазаретга “йўл олди”. Умумий ҳисобда Рамос 11 та ўйинда майдонга тушди (улардан 6 таси асосий таркибда) ва иккита гол урди. Дарвоқе, испаниялик шартнома бўйича йилига деярли 12 миллион евро маош олади. ПСЖда фақатгина Месси (52), Неймар (31) ва Мбаппеда (21,5) ундан кўпроқ.
3. Жейдон Санчо (“Боруссия” Д – “Манчестер Юнайтед”, 85 млн евро)
“РБ Лейпциг”нинг футболчилари бошқа жамоада ўз ўрнини топишда қийинчиликларга дуч келиши ҳақида айтиб ўтдик. Дортмунднинг “Боруссия”сидагиларнинг баъзилари билан ҳам шундай ҳол юз беради. Бунга ёрқин мисол сифатида — Усмон Дембеле, Генрих Мхитарян ва Синдзи Кагавани келтириш мумкин. Бу рўйхатнинг янги аъзоси — Жейдон Санчо.
Санчо Бундеслигада Эрлинг Холанд пайдо бўлгунга қадар, чемпионатнниг энг ёрқин вакилларидан эди. Кейинроқ ушбу икки футболчи ажойиб дуфтлик ҳосил қилди ва “Боруссия” рақибларига хавф сола бошлади. Бироқ ўтган мавсум Жейдон жароҳат олди ва сафга қайтганида ўз даражасида ўйнай олмади.
АПЛ топ-клублари узоқ вақт Санчо хизматларига қизиқиб юришди. Бу пойгани МЮ ютди. Клуб Жейдон учун 85 млн евро пулдан воз кечди. Бундай суммани Санчо ҳозирча ҳар ҳолда ўз ўйини билан оқлагани йўқ: 38 ўйинда у 5 та гол ва 3 та ассист қайд этди. Лекин Жейдон эндигина 22 ёшда ва ўзини кўрсатиш учун вақти етарли.
2. Жек Грилиш (“Астон Вилла” – “Манчестер Сити”, 117 млн евро)
Рўйхатда бунгача ҳам “Астон Вилла” клуби номи тилга олинганди — Грилишнинг трансферидан ишлаган пулларини мақсадсиз сарфлаган клуб сифатида. Жекнинг ўзи ҳам янги жамоасида катта натижаларга эриша олмаяпти.
Англиянинг ушбу авлодидаги энг ёрқин футболчилардан бири ҳали “Манчестер Сити”га мослашиб улгурмади. “Шаҳарликлар” сафига ўтганидан кейин Грилишнинг трансфер нархи 100 дан 80 миллион еврогача (Transfermarkt маълумотлари) тушиб кетди. Жек аксарият баҳсларни асосий таркибда бошламоқда, лекин кутилган натижани кўрсата олмаяпти —35 баҳсда 5 та гол ва 3 та ассист. “Шайхлар” Грилиш учун берган даҳшатли 117 миллион евро катта хатога ўхшаб қолмоқда.
1. Ромелу Лукаку (“Интер” – “Челси”, 113 млн евро)
Лукакунинг “Челси”га ўтиши— мавсумнинг энг омадсиз трансфери. Бу ерда барчаси аниқ ва эътирозга ўрин йўқ. Ромелунинг “аристократ”лар сафига қайтишидан барча-барча кўпроғини кутганди.
Ўтган йили бельгиялик зўр спорт формасига кириб олганди: “Интер” сафида 44 ўйинда 30 та гол ва 10 та голли узатма. Шунингдек, Лукаку терма сафида ҳам яхши ўйинлар ўтказди. У жаҳонниг энг яхши ҳужумчилари — Левандовски, Бензема ва Мбаппе билан бир қатога қўйила бошланди. Бироқ “Челси”да уни капитал омадсизлик кутиб турарди.
Лукаку дастлабки 4 ўйинда 4 та гол урди, аммо кейин жуда узоқ давом этган “қуруқ серия” гувоҳи бўлдик. Яқинда футболчи собиқ жамоаси “Интер”даги дамларни қумсаётгани маълум бўлди. Бельгиялик интервьюларидан бирида буни очиқчасига айтди. Ўз навбатида бу Ромелунинг манзилига “Челси”га бефарқ бўлмаган инглизлар томонидан кўплаб норозиликлар, хейтлар йўлланишига сабаб бўлди.
“Лукаку нафақат жисмонан балки руҳан ҳам чарчади”, — тан олди февраль ойида жамоа устози Томас Тухель. Кейинроқ Ромелу ОАВ орқали собиқ жамоадоши Лаутаро Мартинесга мурожаат қилди: “Оғайни, “Интер”дан кетма. Мен яқинда қайтаман”.
АПЛ ва Чемпионлар Лигасида бельгиялик бу мавсум 29 учрашув ўтказди, 17 тасида асосий таркибда майдонга тушганди. Шунга қарамай, у бор йўғи 7 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга ошира олди. “Челси” учун энг ёмон томони Лукаку учун сарфланган 113 миллион еврони энди ҳеч қанақасига чиқариб олишнинг иложи йўқдек.
Николай Егоричев "сhampionat.аsia" учун махсус
Комментарии