Любинко Друлович: "Мақсадимиз ўйинларда кўпроқ гол уриш ва гуруҳда биринчи ўринни олиш"
21 мар 2019 14:45
Новости
Любинко Друлович: "Мақсадимиз ўйинларда кўпроқ гол уриш ва гуруҳда биринчи ўринни олиш"
Мазкур саралаш ўйинларида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Ҳиндистон ва Тожикистон терма жамоалари билан куч синашади.
Бугун, 21 март куни учала терма жамоа устозлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда мураббийлар Деррик Перейра (Ҳиндистон), Любинко Друлович (Ўзбекистон) ва Усмон Тошев (Тожикистон) иштирок этишди.
Деррик Перейра: "Тошкентга қисқа тайёргарлик жараёнини ўтаган ҳолда ташриф буюрдик. Ички чемпионатимиз давом этаётгани боис кўп вақт тайёргарлик кўра олмадик. Терма жамоамиз сафида кўплаб ёш футболчилар бор. Бу ерга келишдан олдин Қатарда йиғин ўтказдик ва Қатар ўсмирлари билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушдик. Расмий ўйинларда натижамиз қандай бўлади буни бўлажак баҳслар кўрсатиб беради".
Любинко Друлович: "Бизни жуда ҳам муҳим мусобақа кутиб турибди. Қолаверса ўйинлар ўз майдонимизда ўтади. Шу боис ҳам саралаш баҳсларини муваффақиятли тарзда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Рақибларни ҳурмат қиламиз, бироқ гуруҳда биринчи ўринни олиб Осиё чемпионатига чиқишни истаймиз. Саралаш босқичидан олдин Испанияда йиғин ўтказдик. Ишонаманки, бўлажак ўйинлар биз учун яхши ўтади".
Усмон Тошев: "Аввало барчани Наврўз байрами билан табриклайман. Бу ўйинларни кутгандик. Режа бўйича тайёрландик. Таркибимиз яхши футболчилардан иборат. Ўзбекистонда футболни яхши кўришади, шу боис биз чиройли ўйинлар кўрсатишга уринамиз. Барча ҳамкасбларимга чиройли ўйинлар тилаб қоламан".
- Тошкентга 2000 ва 2001 йилда туғилган футболчиларни ҳам олиб келдингиз.
Деррик Перейра: - Тўғри айтдингиз. Бу 1997 йилда туғилган футболчилар ўртасидаги мусобақа ҳисобланади. Биз бир қатор ундан анча ёш бўлган йигитларни Тошкентга олиб келдик. Жамоавий ўйинни тузиш учун айнан шу ёш футболчиларни танладим. Бундан ташқари улар ўз мамлакатимизда бўлган U-17 Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этишган. Яна бир сабаби кўплаб футболчиларимиз жароҳат олишган.
- Рақиблар ҳақида қандай фикрдасиз? Гуруҳда фаворит ким?
Деррик Перейра: - Биз гуруҳдаги рақибларни ўрганиб чиқдик. Ўзбекистон Осиёда ўз ўрнига эга бўлган жамоалардан бири. Улар бу ёшда амалдаги Осиё чемпиони ҳисобланишади. Бундан ташқари Тожикистон ҳам анча кучли жамоа. Усмон Тошев менинг яқин дўстим. Унинг жамоалари доим яхши ўйин кўрсатишган. Саралаш баҳслари биз учун осон ўтмаслиги аниқ. Аммо бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
Любинко Друлович: - Икки терма жамоа ҳақида ҳам илиқ фикр билдира оламан. Аммо биз ҳозир фақат Ҳиндистон терма жамоасига қарши ўйин ҳақида ўйлаяпман. Имкон қадар кўпроқ гол уриб, ғалаба қозонсак кейин Тожикистон билан баҳс ҳақида бош қотирамиз.
Усмон Тошев: - Ўзбекистон ҳам, Ҳиндистон ҳам яхши жамоалар. Эртага икки рақибимиз майдонга тушишади. Шу боис рақиблар ўйинини эртага ўрганиб оламиз (кулади). Уларга омад тилайман.
- Видео таҳлил ёрдамида рақиб тактикасини ўрганиб олса бўладими? Ҳар ҳолда футболчилар майдонда турлича ҳаракат қилишадику.
Деррик Перейра: - Ҳар қандай мусобақага тайёргарлик кўриш жараёнида ҳар жиҳатдан фойдали бўлади. Рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини билиб олиш мумкин бўлади.
Любинко Друлович: - Биз ҳам тайёргарлик вақтида рақиблар ҳақида етарлича маълумот тўпладик. Аммо асосийси ўзимизнинг ўйинимиз ҳақида кўпроқ ўйлаяпмиз.
Усмон Тошев: - Албатта видео таҳлиллар мураббийларга доим ёрдам беради.
- Покистон терма жамоасининг бу саралаш баҳсларида иштирок этмаслиги режаларингизга қандай таъсир қилди?
Деррик Перейра: - Улар келишганида битта кўпроқ ўйин ўтказардик. Бундан ташқари кейинги босқичга чиқишда ҳам бошқачароқ кураш кечарди.
Любинко Друлович: - Бу жамоа келганида футбол учун яхши бўларди. Мухлислар кўпроқ ўйин томоша қилган бўлишарди.
Усмон Тошев: - Агар Покистон келганида яхши бўларди. Сабаби ўйинлар сони яна биттага кўп бўларди. Бизга қанча кўп ўйин бўлса шунча яхши.
- Ўзбекистон саралаш баҳсларини амалдаги чемпион сифатида иштирок этади. Бу сизга босим бўлмайдими?
Любинко Друлович: - Босим ҳар қандай мусобақадан олдин бўлади. Лекин бизни бу жиҳат ўйлантираётгани йўқ. Мусобақа давомида имкон қадар кўпроқ мухлислар стадионга келиб бизни қўллаб туришларини сўраб қолардим.
- Сизнинг жамоангиз 3 март куни Гоада тўпланиб, кейин Қатарда йиғин ўтказди. Кеча тунда Тошкентга учиб келдинглар. Олдингизда 4 кун ичида иккита ўйин бор. Шогирдларингиз бунга тайёрми?
Деррик Перейра: - Тўғри биз саралаш баҳсларига қисқа вақт давомида тайёрландик. Бу ерга келишдан олдин битта ўртоқлик ўйини ўтказдик ва битта йиғин ташкил этдик. Аммо йигитларни позитив руҳда тайёрлашга ҳаракат қилдик. Биз аслида икки кун олдин Тошкентга келишни режалаштиргандик. Бироқ маълум сабабларга кўра бундай бўлмади.
- Таркибда муаммолар йўқми?
Любинко Друлович: - Бизда икки футболчи билан муаммо бор эди. Бобир Абдихолиқов ва Аброр Исмоиловда кичик жароҳат бор эди. Аммо барча футболчилар саралаш баҳсларига тайёр. Эртанги баҳсдан олдин битта машғулот ўтказамиз, шунда якуний таркибни аниқлаб оламиз.
- Биз Осиё чемпионати саралашида иштирок этамиз. Лекин тайёргарлик жараёнида фақат Европа жамоалари билан ўйнадик. Осиё жамоалари билан ўйнаса бўлмасмиди?
Любинко Друлович: - Футбол барча жойда ҳам бир хил ўйналади. Тўғри биз Европа клубларига қарши ўйнадик. Сўнгра Ўзбекистон клублари билан ҳам ўйнадик. Мана шу ўйинларда шогирдларимнинг ҳаракатларидан кўнглим тўлди.
- Суперлига регламентида 1997 йил ва ундан кейин туғилган футболчи тушиши шарт қилиб белгилаб қўйилди. Футбол барча жойда бир хил деб айтдингиз, аммо бошқа лигаларда бундай нарсалар йўқ. Бундан ташқари футболчиларни 100 кунлаб олиб кетиб қолишлар туфайли Суперлига клублари норозилик билдиришди.
Любинко Друлович: - Бунда ёмон нарса кўрмаяпман. Сабаби Суперлига ҳар бир клуби сафида 22, 21 ёки 20 ёшли футболчи майдонга тушса улар учун ўйин амалиёти бўлади. Бу менга ҳам яхши, терма жамоа номзод футболчиларни ўйинлар орқали кузатиб бораман. Бунинг ёмон томони йўқ бўлса керак.
Нарзулла Сайдуллаев
Комментарии