RU

Последние новости

07:56Родри «Ман Сити»ни тарк этса, қайси жамоага бориши маълум  1 02:54Миллатлар лигаси. Германиядан 7:0, Нидерландиядан 4:0 ва бошқа натижалар  0 01:58"Интер"нинг икки ҳужумчиси келаси ёзда клубдан кетади  0 01:21Дьёкереш учун курашда етакчи клуб номи маълум  4 00:20Сане ўзига янги клуб танлади  1 00:04Миллатлар лигаси. Украина ва Грузия ўзаро дуранг ўйнади, Туркия ўз уйида Уэльсни енга олмади ва бошқа натижалар  0 23:13Погба "Манчестер Юнайтед"га қайтади  2 22:40Дэвис келганидан сўнг ким "Реал"дан кетади?  5 21:59"Тоттенхэм" Сон билан шартномани 2026 йилга қадар узайтиради. Вингер клубда 10-мавсумини ўтказмоқда  1 20:46Раньери: "Нега бу йигит ўйнамаяпти?"  7 20:12Европа гранди Хвича Кварацхелияга қизиқишни тиклади  5 19:52Россия қачон ФИФА ва УЕФА мусобақаларига қайтади?  21 19:38"Бавария" маошлар харажатини камайтириш учун ўз юлдузларидан бирини сотади  0 19:26Ўзбекистон терма жамоасининг Лаосдаги машғулотлари  15 17:18Мухлислар Мексика терма жамоаси устозини бошини ёришди  9

“Келишилган ўйинлар қироли”. VIII боб (давоми) Новости

“Келишилган ўйинлар қироли”. VIII боб (давоми)

Уилсон Раж Перумалнинг "Келишилган ўйинлар қироли" китобининг саккизинчи бобининг давомини тақдим этамиз.

Давоми. Боши қуйидаги ҳаволада:

"Келишилган ўйинлар қироли". XIII боб.


Келишилган ўйинларни ташкил этиш билан шуғулланувчилар учун чегара, турли тақиқ ва тўсиқлар йўқ ҳисоби... Яъни, улар ҳар қандай ҳолатларда ҳам хавфли машғулотларини давом эттираверадилар. Бундай кимсаларни фақат пуллар қизиқтиради холос. Перумал ҳамкорлари билан Вьетнамга учиб борганда ҳам ўзига шерик топишга ҳаракат қилади. Албатта, ҳар ким бундай «нозик» таклифга дарҳол розилик бермайди. Таассуфки, қалтис ишга қўшиладиганлар ҳар жойда учраб туради. Вьетнамдан қайтган «қаҳрамонимиз» кўп ўтмай Ливан ва Сурияга ҳам парвоз қилади.

ХАНОЙДАГИ ЯНГИ ҲАМКОР

Ханойда Ливан терма жамоасининг ўйинчилари билан учрашдик. Улар биз учун уч тотални таъминлаб беришлари керак эди ва 1:3 ҳисобида ютқаздилар. Футболчилар билан ҳисоб-китоб қилдик. Улар бизга кейинги ҳафтада Бангкокда Қирол Кубоги доирасида Таиланд билан учрашишларини айтдилар. Биз бошланғич келишувга эришдик. Адмир ва Динодан фарқли равишда синдикатда менинг улушим йўқ эди. Мен ўтказилган келишилган ўйинлардан кейин 30 минг доллар олардим. Улар тиккан пулларнинг суммаси мен учун қоронғу эди. Ўзимга тегишли 30 мингни олиб турганим мени тўла қаноатлантирарди. Боссга айланиш имкониятини сабр билан кутдим. Мени миллионлар қизиқтирарди. Ҳеч кимга сездирмасдан 30  мингдан 50 мингга қадар пуллар тикардим. Коэффициентларни ўзгартирмасликка ва шу орқали ўзимни фош этмасликка уринардим. Агар ўйинчининг фаоллиги кузатиладиган бўлса, бу ҳол букмекерни сергак торттиради. Шунинг учун жуда эҳтиёт бўлиб ишлардим. Дан пулларни йўқотар экан, маълумотлар сотила бошланганини тушуниб турарди. Айримлар келишилган ўйин ҳақидаги маълумотларни сотадилар. Бироқ бундай паллада калаванинг учини топса бўлади ва якунда ҳамма ўша одам кимлигини билиб олади.

Ҳисоб-китобга бўлган уқувимдан нолимайман. Аммо мен ўйинчиман ва айнан шу нарса ҳаммасини бузади. Менда 90 минг доллар бор экан, пулларни фақат келишилган ўйинга эмас, балки бошқа учрашувларга ҳам тикавераман. Бундай кезларда ҳамма нарсани тезда унутиб, ўзимни назорат қила олмай қоламан. Агар бироз интизомлироқ бўлганимда, аллақачон миллиардерга айланган бўлардим. Ханойда 2008 йили ўзим танишган вьетнамлик ҳамкасбларим билан учрашдим. Улардан бири, исми Трунг бўлган озғин ва баланд бўйли бир йигит стадионда ўтириб, ўйинни камерага ёзиб оларди. Тўғрисини айтсам, унинг нима сабабдан бундай қилаётганига сира тушунмаганман. У мени Нгуен ва унинг тоғаси билан таништириб қўйди. Тоғаси эса босси билан учрашишимга имкон яратиб берди. Улар маҳаллий биринчиликда келишилган ўйинларни ташкил этардилар. Аммо улар бундан кўнгли тўлмай танишлар орқали янги доирага кўтарилишни истардилар.

Биз Сингапурда учрашишга келишиб олдик. Ўша учрашувимиздан бир ҳафта ўтиб, 2009 йилнинг январида Ливан терма жамоаси Қирол Кубоги доирасида Вьетнам билан ўртоқлик учрашувида куч синашиши керак эди.  Ливанликларга одам юбориб, улардан нимани кутаётганимизни етказишини сўрадим. Дан ҳам унинг ортидан эргашди. Қирол Кубоги доирасидаги ўйинлар учун лимитлар жуда паст эди. Шу боис келишилган ўйинни ташкил этишдан маъно йўқ эди. Аммо орадан бир ҳафта ўтгач, ливанликлар Осиё Кубоги саралаш баҳслари доирасида Сурия терма жамоаси билан учрашардилар. Дан билан Байрутга қараб учдик.

ЛИВАН ВА СУРИЯДАГИ САРГУЗАШТЛАР

- Бу биз учун жуда муҳим аҳамият касб этадиган ўйин,-дея эътироз билдирдилар футболчилар бизнинг таклифга жавобан.- Чунки улар бош вазиримизни ўлдириб юборганлар.

Ливанликлар таклифимизга рози бўлмадилар. Улар учун ўша баҳс ҳаёт-мамот даражасида аҳамият касб этарди. Фурсатдан фойдаланиб Сурия терма жамоасидаги футболчилар берган маълумотлар асосида алоқага чиқишга қарор қилдим. Шундай кишилардан бири бизни Сурияга чақирди. Биз учрашдик ва мен уни Дан билан таништириб қўйдим. Сингапурга қайтганимиздан кейин Дан Канг исмли хитойлик боссга чиқишга қарор қилди. Ўта озғин бўлган Канг ўйинлар сотиб олинган тақдирда катта ставка қўйиши мумкинлигига кафолат берди.

- Қанча кредит беришимни истайсан? Телефон орқали қанча тикмоқчи эканлигингни хабар берсанг ҳам бўлади, - деди у. - Қолгани менинг ишим.

Тарихда биринчи бор Хитойдан шундай таклиф билан бир одам учиб келди.

- Ўртамизда ҳеч қандай воситачилар бўлмайди,- деди у. - Истасанг, «Рома» - «Наполи» ўйинига тикишинг мумкин. Телефон орқали қайси жамоага тикишни истаётганингни айтсанг бас. Қолганини ўзим ҳал қиламан.

Канг ўзига тегишли бўлган ўйинлар уйини норасмий равишда ташкил этганди. Бу уйнинг хизматларидан фойдаланиш учун тавсиялар ёки хўжайиннинг ўзи билан шахсан таниш бўлиш керак. Улар сенинг келишилган ўйинга тиккан пулингни қабул қиладилар ва Хитой, Камбоджа, Филиппин, Индонезия ҳамда Малайзиядаги бир қанча букмекерлик идораларининг сайтларига бўлиб юборадилар. Шунинг учун ҳеч ким сени ёки тиккан пулинг қанча эканлигини била олмайди. Букмекерлар коэффициентлар ва лимитларни ўзгартиришмайди. Бир сўз билан айтганда, бу келишилган ўйинларни ташкил этувчилар учун махсус йўлга қўйилган сервисдан бошқа нарса эмас.

- Агар келишилган ўйинларни уюштирар экансан, у ҳолда олдимга кел,  - деди Канг. - Агар шунчаки қизиқиш учун ўйнайдиган бўлсанг, бошқа жой топ.

Ўйинлар уйи сизнинг ставкангизга ўз пулларини қўшади. Улар учун шундан фойда қолади. У ердагилар пулларини маълумотлар учун алмашадилар.

- Менга қўнғироққил,  - дея давом этди у. - Аммо айтиб қўяй, учта ўйинни ютқазадиган бўлсанг, қарзларни тўлаб қўясан ва мени бошқа безовта қилмайсан.

Ўша учрашувдан кейин Дандан Сурияга бориб келишим ва у ердаги футболчилар билан ҳисоб-китоб қилишим учун пул тўлашини сўрадим. Дан рози бўлди ва 6 минг доллар билан бирга Дамашққа боришим учун чипта берди.

- 6 минг долларни қандай етказаман? Бу оз.

- Уилсон, мени тўғри тушун. Ҳозир молиявий аҳволим яхши эмас. Агар битта келишилган ўйинни ташкил эта олсак, сенга кўпроқ пул юбораман.

Дан аянчли аҳволда

Дамашқ аэропортидан деярли бўм-бўш киссаларим билан йўлга чиқар эканман, футболчиларни қандай қилиб ўйинни сотишга унатишим мумкинлиги ҳақида ўйлардим. Мени сурияликларнинг қашшоқлиги ҳайрон қолдирди. Энг арзон меҳмонхонага жойлашдим. Аммо хизматлар аъло даражада йўлга қўйилган, таомлари ҳам ширин. Атрофдагилар чилим чекиб ўтирардилар. Ҳар жойда президент Башар Ал Ассаднинг портретлари осиб қўйилган. Суриялик футболчининг уйига бордим. У иситиш мосламалари умуман бўлмаган кичик квартирада яшарди. Биз совуқотиб қолмаслик учун қўлбола иситкичнинг ёнидан жой олдик. Миллий терма жамоанинг ўйинчиси шундай шароитда яшаяпти. Буни тасаввур қила оласизми? Қолганлар қандай кун кечиришяпти экан? Тез орада бизга бошқа футболчилар ҳам қўшилишди.

- Ҳар бирингизга бир ўйин учун 10 минг доллардан тўлайман, - дедим уларга.

Улар менга ҳайрат билан тикилиб қолдилар. Афтидан футболчилар мени эртакдаги жин сифатида қабул қилган кўринадилар. Уларга бир ойлик хизмати учун 600дан 900 долларгача тўлашарди. Гапимга ишонишлари учун пулларни кўрсатишимга тўғри келди. Ўйинчиларнинг кўпчилиги араб тилида гаплашганлари боис таклифимни тушунганларига ишончим комил эмасди. Инглизчани сал тушунадиган терма жамоа ўйинчисига учрашувда менга нечта гол кераклигини етказдим. Мен таваккал қилгандим. Агар Дан пул тикадиган бўлса ва ўйин биз кутган натижа билан ниҳоясига етса, эртаси куни футболчилар билан бемалол ҳисоб-китоб қилишим мумкин эди.

- Агар ҳаммаси кўнгилдагидек чиқса, пулларга эга бўламиз. Аксинча бўлса, бунинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқ, - назаримда, футболчилар шундай тўхтамга келгандилар.

Биринчи ўйинда Дан 300 минг Сингапур долларини ютқазди.

- Бу қанақаси? - дея трубка орқали у менга ўшқиришга тушди.

Келишилган ўйин ташкилотчиси ҳаммаси ўзи кутмаган тарзда юз бераётган маҳалда даҳшатли онларни бошдан ўтказади. Босслар айрим ҳолларда мутлақо ожиз қолишинг мумкинлигини тушунмайдилар. Дан жазавага тушиб қолганди. У бир соатдан кўпроқ мени алоқада ушлаб турди. Охири зерикиб кетиб, унга қулоқ солишни ҳам истамай қолдим.

- Ҳаммаси яхши кетаётган пайтда сен ва синдикатинг фойданинг асосий қисмига эга чиқади. Ўйлайсанки, менга алам қилмайдими? - дедим унга жавобан.

Дан азбаройи қутуриб кетганидан яна бир бор уриниб кўришимга имкон берди. Ўша куни иккита ўйинни сотиб олишга ҳаракат қилдим ва яна омадим чопмади. Бизни алдаб кетишди. Дан трубка орқали аламдан ўшқирарди, ахир у учта ўйинда миллион долларни ютқазганди. Ёнимда ўз маблағим бўлмагани учун унинг пулларини тиккандим. Муваффақият қозонган тақдиримизда ўзимга тегишли бўлган 30 минг долларни олардим ва ҳаммасини нолдан бошлашим мумкин эди. Дан эса Кангдан миллион доллар қарз бўлиб қолди.

- Уилсон, мени қандай аҳволга солиб қўйганингни биласанми? - дея бақирди Дан телефон орқали. - Энди нима қиламан? Миллионни қандай қайтараман?

- Хотинларга ўхшаб йиғлашни бас қил, - дедим мен. - Бўлиб ўтган ишлардан кейин яна мендан нима истайсан?

У менга қайта-қайта қўнғироққилди. Охири телефонимни ўчириб қўйдим. Мағлубият ўз номи билан мағлубиятдир. Бу пайтга келиб Дан Муруган билан алоқа чиққанди:

- Мени ўша Уилсон билан нега таништириб қўйдинг?

Муруганнинг айтишича, рафиқаси Данга шундай деган: «Агар қарзни тўлашга пулинг йўқ бўлса, ўзингни деразадан пастга ташла».

Сариқ чақасиз Сингапурга қайтдим. Даннинг ёмон аҳволга тушиб қолганини билардим. Таъбир жоиз бўлса, у тирик мурдага айланганди. Чунки Канг энди унинг ставкаларини қабул қилмайди. Қарзни тўлай олмагани ҳақидаги гаплар жуда тез тарқаб кетгани боис ҳеч ким Данга қарз бермай қўяди. Бу орада Адмир ёрдам келди. У Даннинг Сурия чемпионатидаги баҳслар учун пуллар тикканидан ва бу ишни ўзига билдирмай амалга оширганидан аччиқланарди.

- Ёш болага ўхшаб йиғлашни бас қил! - деди Адмир унга. - Ўзингни ҳақиқий эркакдек тут.

- Хотиним ўзимни ўлдиришим кераклигини айтди, - дея минғирлаганча жавоб қайтарди Дан. - Агар пулларни қайтармасам, мени ўлдириб юборишади.

- Агар ўлишинг керак бўлса, ўласан. Қўлимдан нима ҳам келарди. Нега менга билдирмай ортимдан иш қилдинг? Масалаҳат сўрасанг бўлмасмиди?

Шундай бўлса ҳам Адмир Данга ёрдам беришга рози бўлди. У Канг билан музокаралар олиб бориши ва қарзни қайтариш муддатини бироз ортга суриши учун Данга 250 минг доллар берди. Адмир Даннинг хизматидан фойдаланишга ваъда берди. Ўз навбатида Канг унга берилган муҳлатни бироз ортга сурди. Дан бундан кейин мен билан ишлай олмаслигини айтди.

Байрутга қилган охирги ташрифим чоғида Осиё клуб турнирларида иштирок этадиган ливанликларнинг жамоаларида ишлайдиган бир қанча кишилар билан келишиб олгандим. Қитъа миқёсидаги турнирларда яхши пулга ишлаб олиш мумкин. Исми Фади бўлган одамим менга қўнғироққилиб, Уммоннинг «Ал Оруба» ҳамда Ливаннинг «Ал Мабаррах» клублари ўртасида учрашув бўлиб ўтишини маълум қилди. Қизиғи, бунга қадар у билан боғланишга бир неча бор уриниб кўргандим. Фади эса жавоб қайтармаганди. Иттифоқо унинг ўзи менга керакли натижани таъминлай олишини таклиф қилиб чиқди. Демак, Фади Дан билан келишиб олган. Мен букмекерлик сайтидаги ўз аккаунтимга кирдим. Ич-ичимдан Даннинг ютишини ва Канг билан ҳисоб-китоб қилиб олишини истардим. Суриялик футболчиларга ҳаддан ташқари ишониб хато қилганимни тушуниб турганим боис Даннинг Фади билан яширин музокара олиб борганига парво қилмадим. Жамоалар ўзларига юклатилган «вазифа»ни аъло даражада бажардилар: ливанликлар ўйиннинг охирги 15 дақиқасида учта гол ўтказиб юборишди. Оқшомда Динони ресторанда учратиб қолдим.

- Ставка иш берганидан хурсандман, - дедим унга гап орасида.

Дино худди айб иш қилиб қўйган боладек бошини эгиб ўтирарди. Бу бошқа одамнинг ортида ишлаш яхши бўлмаслигини тушуниб турарди. Дан ливанликлар билан ишлашда давом этди. Мен эса бир цент ҳам олмадим. Орадан маълум вақт ўтганидан сўнг Муруган менга қўнғироққилди:

- Байрутга ливанликлар учун пуллар олиб кетяпман.

Дан пулларни ҳеч қачон ўзи олиб бормасди. Бунинг учун у одам ёллашни афзал кўрарди. Муруганнинг нима сабабдан унинг таклифига рози бўлганини тушунмасдим. Даннинг рақамини тердим:

- Байрутга пуллар юборяпсанми?

Дан аччиқланиб Муруганга қўнғироққилди:

- Нега ҳамма гапни Уилсонга етказдинг? Сен менга ишлаяпсанми ёки унгами?

Ўша кундан бошлаб Муруган мен томонга ўтиб олди. Дан ундан курьер сифатида фойдаланишни бас қилиб, бу ишни хитойлик Чу исмли шахсга топширди. Чунки Сингапурда Даннинг дўстлари йўқ эди. Чу тез орада унинг ўнг қўлига айланди. Агар Дан унга «ўтир» деб буюрса, Чу ўша заҳоти ўтирарди. Хитойлик бу шахс футболдан кўра от пойгалари учун пул тикишни ёқтирарди.

Янги боссни Қидириб

Дан билан алоқани узганимдан кейин янги боссни қидиришга тушдим. Олдинги қудратини йўқотган Гари қаллобликларимни молиялаштиришлари мумкин бўлган уч кишини учрашувга олиб келди. Суҳбатимиз қизигандан-қизиди, ҳар ким ўзи ёқтирган латифаларни айтиб даврадагиларни кулдиришга ҳаракат қиларди. Бу орада Гари ўзини чув тушириб кетган Сьерра-Леонега қарши ўйинни эслаб қолди. У ҳаммаси учун мендан шубҳаланиб юрганини айтди.

- Гари, - дедим унга жавобан. - Сен билан олдин бирор марта ҳам кўришмаганмиз ва гаплашмаганмиз. Ўртамизда ҳеч қандай тушунмовчилик бўлиши ҳам мумкин эмас. Нега мендан шубҳаланяпсан? Қолаверса, ўзинг ҳам ўша ишнинг ортида ким турганини яхши билардинг.

- Ҳаммасига ўша ярамас Дан Тан сабабчи, - деди Гари. - Унинг уйига борган пайтимда хотинининг эшикни очма, дея чинқирганини ўз қулоқларим билан эшитганман. Лекин у ширакайф ҳолда остонада пайдо бўлганда шартта ёқасидан олдим. Бу пайтда хотини пайдо бўлиб ғалва кўтаришга тушди. Даннинг ёқасини бўшатишга мажбур бўлдим.

Ўрталарида бўлиб ўтган ишларга қарамасдан Дан Гарига қўнғироққилди:

- «Альбинолеффе» клуби иштирокида бир ўйин бор. Юз фоизга кафолат бераман.

«Альбинолеффе» Италия «В» сериясида иштирок этарди. Даннинг Италияда иш бошлагани ҳақидаги янгилик мени ҳайрон қолдирди. Албатта, олдинлари иш юзасидан бир неча бор йўлларимиз кесишган ва у бирор марта ҳам Италияни эсга олмаганди.

- Дан сендан ўзи учун пул тикишни сўрадими? - дея Гарига мурожаат қилдим.

- Ҳа, у мендан 300 минг доллар сўраяпти.

- Нима қилмоқчисан?

- Максимум 100 минг беришим мумкин.

Муваффақият қозонилган тақдирда Гари Данга пул бермаса ҳам бўлаверарди. Аммо шундай йўл тутмаса, маълумотлар етказиб берадиган кишидан маҳрум бўларди. Ишимизнинг моҳияти шунақа: пулларга эга чиқиш учун ҳаммасини унутишингга тўғри келади.

- «Альбинолеффе» учун 300 минг доллар тикдим. 100 минг Дан учун, 200 минг ўзим учун, - деди Гари.

«Альбинолеффе» иштирокидаги ўйин Данни қутқарди ва унга олдинги қудратини қайтарди. Европалик ҳамкорлар итальян футболчиларига катта пулларни тика оладиган хитойлик ҳақида гапириб бергандилар. Дан итальянча келишилган ўйинларда тўғридан-тўғри иштирок этмасди. Аксинча, уларнинг ўзлари Дандан молиявий манба сифатида фойдаланардилар. «Альбинолеффе» иштирокидаги ўйинда қозонилган муваффақиятдан кейин Даннинг шуҳрати ортиб кетди. У Словениядаги вилласига кўчиб ўтди. Футболчилар ва келишилган ўйинларни ташкил этиш билан шуғулланувчи одамларнинг ўзлари унинг ёнига келардилар. Дан эса виллада Хитой мафиясининг боссидек ўтирарди.

- Мен учун тика оласанми? - дея ўша одамлар унга ёлворардилар.

- Ҳа, тика оламан. Қанча?

- 500 минг.

- Яхши. У ҳолда менга 3:0 ҳисобида ғалабани таъминлай оласанми?

- Йўқ. Фақат 2:0 ҳисобидаги ғалабани таъминлашим мумкин.

- 2:0 учун айтган пулингни тика олмайман. Менга 3:0 керак.

Даннинг вилласи ўйинлар уйига айланмаганди. У шунчаки Европа ва Осиё ўртасидаги кўприк вазифасини бажарарди. Дан Тан Гари ва Кангга ўхшайдиган одамларга маълумотлар етказиб берарди. Канг ўйин учун 2 миллион доллар тикиши мумкин эди. Лекин итальянлар уни билмасдилар ва шунинг учун Данга мурожаат қилардилар. Дан эса шунчаки Кангга қўнғироққилиш учун трубкани кўтарса кифоя қиларди. Ўйинчиларга катта пулларни тика оладиган одам керак. Жузеппе Синьорини олайлик. «Лацио» клубининг собиқҳужумчиси ўйинларни сотишга тайёр футболчиларни майдондаги хатти-ҳаракатларидан сезарди. Қолаверса, у ўз клублари учун пуллар тикадиган ўйинчиларни биларди. Агар футболчи клуби иштирокидаги ўйин учун 100 минг тикса, Синьори 200 мингдан 600 мингача пул қўшарди. Дан эса 3 миллион тика оларди. Футболчи ўзи ўйнаётган жамоа учун пул тикар экан, бу муваффақият нақд дегани. Итальян футболчиларининг хитойлик нотаниш кишига ишонишлари сизни ҳайрон қолдириши мумкин. У улар учун 100 минглаб долларни тикарди ва сира панд бериб қўймасди. Сингапурда Дан бажара оладиган ишни 20 киши уддалаши мумкин. Аммо итальянлар фақат уни билардилар холос. Дан Тан шундай йўл орқали ўз империясини барпо қилганди.

(Давоми бор...)

Ж.ЗАЙНОБУТДИНОВ таржимаси

Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика