RU

Последние новости

20:12Европа гранди Хвича Кварацхелияга қизиқишни тиклади  1 19:52Россия қачон ФИФА ва УЕФА мусобақаларига қайтади?  4 19:38"Бавария" маошлар харажатини камайтириш учун ўз юлдузларидан бирини сотади  0 19:26Ўзбекистон терма жамоасининг Лаосдаги машғулотлар  11 17:18Мухлислар Мексика терма жамоаси устозини бошини ёришди  7 16:56Россия Бруней билан ўртоқлик ўйини учун қанча тўлаган?  10 16:14910 та гол урган Роналду: "1000 та гол уриш ҳақида ўйлаётганим йўқ"  15 15:35Рубен Аморим "Олд Траффорд"да МЮга қарши майдонга тушганини биласизми?  1 15:00Аббос Файзуллаев 5-тур рамзий терма жамоасидан жой олди  1 14:34Аморим ёшлардан таркиб топган МЮ ҳақида: "Бизга вақт керак дейишни хоҳламайман, улар тайёр"  3 13:59Сурия Россияга қарши баҳсда 7 нафар асосий таркиб футболчисидан фойдаланмайди  2 13:26Мухлислар сабаб Косово терма жамоаси ўйинни тугатмай, майдонни тарк этди  21 12:35"Насаф" собиқ футболчиси Ўзбекистонга қайтмоқда  4 12:26Дэвис "Реал" олдига шарт қўйди  8 12:18Рубен Аморим: "МЮ илк кунлардан қўрқмасдан ўйнаши керак"  1

“Келишилган ўйинлар қироли”. IX боб Новости

“Келишилган ўйинлар қироли”. IX боб

Уилсон Раж Перумалнинг "Келишилган ўйинлар қироли" китобининг тўққизинчи бобини тақдим этамиз.
Перумалнинг ўзи эътироф қилганидек, ўртоқлик мақомидаги беллашувлар келишилган ўйинларни ташкил этиш билан шуғулланувчилар учун айни муддаодир. Чунки бундай кезларда ФИФА ўша ўйинларга ўз назоратчиларини юбормайди, балки амалдорлар учун шунчаки натижалардан воқиф бўлиш муҳимроқ. Бу эса ўз навбатида келишилган ўйинларнинг «қироллари»га қўл келиб, улар киссаларини янада кўпроқ пуллар билан тўлдириб олиш имкониятига эга бўладилар. Бахтга қарши Раж Перумал ва унга ўхшаганлар фақат ўртоқлик руҳидаги учрашувлар билан чекланиб қолмайдилар.

ФИФА фақат расмий мақомдаги учрашувларга ўз вакилларини юборади. Улар ҳакамларнинг ишига баҳо берадилар ва учрашув баённомасини тузадилар. Мабодо ўйинни ўтказиш учун ташқи таъсир имкон бермаса шундай вакиллар ҳаммасини бекор қилиб, учрашувни бошқа муддатга кўчиришлари мумкин. Баҳрайн ФАда ўтирган чоғимда назоратчи сингапурлик ҳакамнинг ишига баҳо берганди. У бир кун олдин бўлиб ўтган учрашувнинг видеоёзувини у ёқ бу ёққа айлантирарди. Бахтимизга ўртоқлик ўйинларида назоратчилар камдан-кам ҳолда шундай ишлайдилар. Бундай кезларда букмекерлар ўртоқлик мақомидаги барча беллашувлар учун пулларни ўзгача хурсандчилик билан қабул қиладилар ва тикишнинг турли усулларини таклиф қила бошлайдилар. Улар фойда олиш учун имкон қадар кўпроқ вариантларни ишлаб чиқиб, ўйинчиларни жалб этишга киришиб кетадилар. Улар бутун жаҳон бўйлаб ўтказиладиган ўртоқлик баҳсларини қамраб оладилар. ФИФА халқаро учрашувлар учун алоҳида кун белгилаб қўйгани боис клублар бундай пайтда майдонга туша олмайдилар. Футболчилар учун тил топишнинг ягона усули ўртоқлик ўйинларида қатнашиш бўлиб қолади. Уларга бундай паллада кимларга қарши ўйнашнинг қизиғи йўқ.
Шундай чоғларда қандай йўл тутаман? Дастлаб футбол ассоциациясининг вакилига қўнғироқ қилиб шундай дейман:
- Ўртоқлик учрашувида куч синашишингиз учун рақиб керакми? Агар рухсат берсангиз, шу иш билан ўзим шуғулланаман. Рақиб жамоани олиб келиш учун чипталар ва уларнинг меҳмонхона харажатларини кўтараман.
Одатда уйда ўйнайдиган терма жамоа бундай таклифга жон деб рози бўлади. Чунки учинчи томон барча сарф-харажатларни ўз зиммасига олиб, уларни бир қатор муаммолардан халос қилиб турибди. Айтайлик, Дубайга Германия ёки Бразилияни таклиф этишга тўғри келса, бунинг учун камида 2 миллион доллар керак бўлади. Шу боис футбол ассоциациялари менга ўхшаган кишиларнинг хизматларини жон деб қабул қиладилар. Бирор-бир футбол ассоциацияси билан келишиб оладиган бўлсам, бунинг учун ўйинчилар ва расмий шахсларга 30та авиачипта сотиб олишим керак. Африкаликлар жуда секин ишлайдилар. Қолаверса, улар делегация таркибини тез-тез ўзгартириб турадилар. Бир терма жамоани Африкадан Осиёга олиб келиш ўртача 50-70 минг долларга тушади. Футболчиларни меҳмонхонага жойлаштириш учун салкам 15 минг доллар керак бўлади. Кўпинча уларнинг еб-ичишига ҳам тўлашингизга тўғри келади. Таркибдаги бир қанча ўйинчиларни сотиб олишингиз учун бонус тўлайсиз. Қисқаси, сарф-харажатлар 80 минг долларгача етиши мумкин. Бу ҳам етмаганидек, кўпинча футболчилар телефон орқали қилган суҳбатлари ёки арзимас сарф-хажаратлари учун ҳам қўшимча пул талаб қиладилар. Шу тариқа харажатнинг кети кўринмайди. Масалан, олиб келган терма жамоангиз то пулни қўлга киритмагунча майдонга чиқишни ҳам истамай қолади.

КЕЛИШИЛГАН ЎЙИН БИЛАН БОҒЛИҚ ИКИР-ЧИКИРЛАР

Замбияликларга ўхшаш йигитлар учун менинг пулларим турмуш тарзини сезиларли даражада яхшилаб олиш имкониятини беради. Уларнинг президенти Роберт Мугабе иқтисодиётни маҳаллийлаштириб, оқ танли инвесторларни қувиб  солганди. Энди бу мамлакатдаги аҳвол янада оғирлашган. Шу боис пулларни кўрсатган заҳотим зимбабвелик ўйинчилар ҳар қандай талабимга сўзсиз бўйсунардилар. Учрашув ўтказиладиган куни букмекерлар ҳам гаров пулларини қабул қилишни бошлашларини ёлвориб сўрашга тушасан. Акс ҳолда барча уринишларинг зое кетади. Умуман ўйинга тайёргарлик кўришнинг ўзи ҳақиқий бош оғриғидир. Аммо ҳаммаси сен кутган даражада кечса, фойда сарф-харажатингни бутунлай қоплайди. Ўртоқлик мақомидаги ўйинни ташкил этиш 200 минг доллар туради. Агар омадинг чопса, тенг баробар фойда олишинг мумкин. Ўйинлар уйи ёки таниш агент билан ишлар экансан, фойданг бир неча баробарга ўсади. Чунки уларнинг ёрдамида каттароқ суммадаги пулни тикишинг мумкин.
2009 йилнинг мартида Баҳрайн ва Зимбабве терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйинини ташкил этгандим. Аввалига зимбабвеликларнинг ўз вақтида етиб келишлари учун узоқ вақт қоғозбозлик билан шуғулландим. Уларнинг ҳаммаси учун чипталар сотиб олишимга пул етмай қолди. Ўртамиздаги зиддиятга қарамасдан Данни бу ишга жалб этиш ниятида унга қўнғироқ қилдим:
- Дан, менга пул жуда зарур бўлиб қолди.
- Ҳозир пулим йўқ.
Сурия чемпионатидаги ўйинлар сабаб у ҳамон мендан аччиқланиб юрарди. Нима ҳам қила олардим. Бир қанча ресторанларга эгалик қилаётган ва келиб чиқиши хитойлик - сингапурликларга тақаладиган Ча Би Хон исмли ишбилармонга мурожаат қилдим. У менга керакли бўлган суммани бера олмаслигини, лекин бу ишда ёрдами тегиши мумкин бўлган одамлар билан таништира олишини айтди. Дан ҳар бир қадамимни диққат билан кузатар ва кунда қўнғироқ қиларди. Вақт жуда тиғиз эди ва мен Яп билан Танага қўнғироқ қилишга тушдим. Улар келишилган ўйинлар ўтказиладиган «Жохор»да йиғилдилар. Биз учрашдик, улар ёрдам беришга ваъда бердилар. Бироқ кутилмаганда йўқолиб қолдилар.
Сўнгги паллада Адмир менга қўнғироқ қилди:
- Учиб боришинг ва жойлашишинг учун пул бераман. Қолганини ўзинг ҳал қиласан.
- Ўйин учун ставкалар қабул қилинишига юз фоизга ишонмаяпман.
- Нима ҳам қила олардик, буёғи таваккал.
- Ставкалар бўлмаса, меҳмонхона учун тўламасак ҳам бўлаверади.
- Йўқ, ҳаммаси учун тўлаймиз. Бизга муаммолар керак эмас.
Чипталарга буюртма бериб бўлганимдан сўнг Зимбабве ФАда ишлайдиган Розмари ҳаяжонланганча қўнғироқ қилди:
- Уилсон, Яп Жамбожумбо билан боғланди. У терма жамоанинг Баҳрайнга учиб боришини ман этиб қўйди. Бизга зудлик билан бошқа футболчилар керак.
- Бошқа фамилиялар учун 20та чиптани қандай қилиб брон қилишим мумкин?
Розмари ФАда юқори лавозимда ишласа-да, ФИФА тасдиқлаган расмий саналардан бошқа кунда ўтказиладиган ўртоқлик ўйинлари учун Жамбожумбонинг розилигини олиши керак эди. Жамбожумбо эса клубларга уларнинг футболчилари келишилган ўйинда иштирок этиш учун йўл олаётганларини етказиши мумкин эди. Лекин у мени назар-писанд қилмай қўйди. Чунки Жамбожумбо пуллар Япдан келаётгани, мен эса унга бўйсуна бошлаганимни тушуниб етганди. Розмари хоним ташкилотнинг «мияси» ким эканлигини биларди. Аслида Жамбо бошқалар билан бўлишишни истамай қолганди. Мана сизга африкаликларга хос менталитетнинг яна бир кўриниши: ўзингга ҳам эмас, бошқаларга ҳам эмас.
Мен яксон қилингандим. Шунча қилган меҳнатимни Яп биргина қўнғироқ билан барбод қилди. Ўша ярамас билан гаплашишимга ҳожат йўқ эди. Япни жон деб ўлдирган бўлардим. Танага қўнғироқ қилдим:
- Аблаҳлар, Уилсонни аҳмоқ қилдим, деб ўйлаяпсизларми? Олдингизга бориб, сизларни эзиб ташлашим мумкин.
- Ўзингни бос, оғайни. Япнинг Зимбабвега қўнғироқ қилганидан бехабарман.
Фикримни бир жойга жамлаб, муаммолардан қутилиб кетиш чорасини излашга тушдим ва яна Розмарининг рақамларини тердим:
- Жамбожумбога бориб терма жамоани қўйиб юборадиган бўлса, унга 10 минг доллар беришимни айт.

ЗАХИРА ЎРИНДИҒИДАН БЕРИЛГАН КЎРСАТМАЛАР

Унинг рози бўлишига ишонмасдим. Баҳрайнда Адмирнинг кўрсатмаларига биноан мени назорат қилиш топширилган Дино билан учрашдим.  Керакли суммадаги пулларни йиғиш билан овора эканман, Сингапурнинг тенг ярми келишилган ўйинни режалаштирганим ҳақида гапиришга тушганди. Одамлар «Зимбабве Уилсоннинг чўнтагида» дердилар. Бахтимга Баҳрайндаги ўйинни қолдирдилар. Шунда сингапурлик ўйинчиларнинг компьютерлари экранида онлайн кўринмай қолди. Улар ставкалар қабул қилинмаяпти шекилли, деган ўйга бордилар. Учрашув белгиланган муддатдан бир соат кеч бошланди.
Мен захира ўриндиғида Зимбабве терма жамоасининг бош мураббийи билан ёнма-ён ўтирардим. Баҳ-  райнда ҳеч ким бунга эътибор бермайди. Дино трибунадан жой олганди, Адмир эса ўйинни Сингапурдан кузатарди. Старт ҳуштаги чалинганидан уч дақиқа ўтганидан сўнг ставкалар қабул қилина бошланганини эълон қилдилар. Ҳаммамиз асабийлашардик. Розмари шундоққина ёнимизда ўтирарди. Бутун жамоа нима қилиш кераклигини биларди. Яхши пулга эга бўлишим мумкинлигидан ич-ичимдан қувонардим. Танаффус чоғида Адмир қўнғироқ қилди, бу пайтга келиб Баҳрайн 2:0 ҳисобида олдинда борарди:
- Иккинчи бўлимда бизга тўртта гол керак.
- Жуда соз.
Зимбабвеликлар бешинчи голни киритишганда Адмир  етади, дея қўнғироқ қилди. Учрашувнинг иккинчи ярмида Зимбабве терма жамоаси ҳисобни 5:2 кўринишига келтирди. Динони менинг захира ўриндиғида ўтирган ҳолда кўрсатмалар берганим жуда қувонтириб юборди. Биз бир уюм пулга ишладик. Эртаси куни биз -Дино, мен ва Розмари нонуштада учрашдик. Дино Розмари билан ЖЧ-2010 чипталарини олиб-сотиш борасидаги масалани муҳокама қиларди. Зарур иш билан улардан узоқлашиб ортимга қайтган пайтимда Дино салфеткага электрон почтасининг манзилини ёзиб, Розмарига бераётганди. Динонинг кетишини кутиб турдим ва ўша салфеткани ғижимлаб четга улоқтирдим.
- Мана шунақа ишларни ёқтирмайман-да,-дедим Розмарига. - Ўзимга билдирмасдан ортимдан бундай ўйин қилма. Агар мен ҳам сенга нисбатан шундай йўл тутсам, қай аҳволга тушардинг?   
Бундан хафа бўлганим йўқ. Қолаверса, Розмарининг садоқатига шубҳа қилмасдим. Лекин ўйинимизнинг қоидаси шунақа. Эртаси куни Дубай аэропортига ютуқни келтиришди. Дино билан бирга ишлашнинг афзаллиги шундаки, пуллар борасида муаммо бўлмайди.  Розмарига ваъда қилинган 100 минг долларни бердим ва у телефон орқали Адмирга пулларни олганини маълум қилди. Менга 50 минг Сингапур доллари бердилар. Бу синдикатдан олган энг катта улушим эди. Чунки бу иш билан Адмир шуғулланганди.

КАНГНИНГ ТАКЛИФИ

Ишимнинг бароридан келгани ҳақидаги хабар Хитойга ҳам етиб борди. Канг шахсан учрашиш таклифи билан чиқди.
- Навбатдаги режанг нимадан иборат? - дея савол берди Канг.
- ЖЧ-2010 саралаш босқичида Тринидад ва Тобаго апрелда АҚШга қарши ўйнайди. Шу ўйинни кўзлаб турибман, - дея жавоб бердим.
- Кел, бирга ишлаймиз. Сенга қанча  пул керак бўлади?
- Салкам 180 минг доллар. 30 минг доллар харажатларимга кетади, қолгани эса футболчиларга. Уларга 40 мингдан берамиз, агар пенальти керак бўлса яна пул ташлашимизга тўғри келади.
- Келишдик, аммо менга 3:0 ёки ундан йирикроқ ҳисоб керак бўлади.
- Ҳеч қандай муамммосиз.
- Нега Хитойга кимнидир юбориб, қандай ишлаётганимиз билан қизиқмайсан?
Шунда қамалгунимга қадар ўзим тез-тез бориб турган тунги клубга эгалик қиладиган Прасад исмли дўстимни эсладим. Прасад хитойчани жуда яхши биларди. У икки кунга Кангнинг  штаб-квартираси жойлашган Ксимен шаҳрига бориб келишга рози бўлди.  Унинг штаб-квартираси ташландиқ аҳволдаги саноат бинолари орасида жойлашган экан. Прасад менга у ерда ўн киши компьютерлар қаршисида ўтириб, кўрсатмаларни кутишини ва Кангнинг бизнеси қонуний эканлигини гапириб берди. Штатларга сафар уюштиришдан олдин Панамага тўхтаб ўтишга қарор қилдим. У ерда маҳаллий терма жамоа Гаити билан учрашарди. Бу орада Куба терма жамоасининг АҚШда ўтказиладиган КОНКАКАФ Кубоги -2009да футболчилар  қочиб кетишлари мумкинлигидан чўчиб иштирок этишдан бош  тортгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Афсуски, Ямайкадаги турнир олдидан кубаликлар учун пул тўлагандим. Бахтимга Кубанинг ўрнига  бунгача ўзим ўртадаги муносабатни йўлга қў-йишга улгурган Гаитини олдилар. 

Французчани билмасдим. Шу боис гаитиликлар билан музокара олиб бориш учун танишимни ўзимга ҳамроҳ қилиб олгандим. Панаманинг аъло даражадаги жой эканлигини билмагандим. Олдин бу ер гиёҳванд моддаларнинг сотувчилари томонидан пулларни «ювиш» учун қулай ҳисобланганидан хабарим борлиги учун бундан сира ажабланмадим. Биринчи навбатда биз Панама ва Гаити ФА президентлари билан учрашдик. Дастлабки учрашувдаёқ муддаога ўтмадик. Қолаверса, уларнинг мени эслаб қолишларини истамадим. Ўзим алоқага чиққан биринчи одам дарвозабон Доминик Жан-Зефирин бўлди. У бошқа футболчиларни ҳам меҳмонхонага йиғди. Уларга оддий саволлар билан мурожаат қилдик. Жаннинг ёнида британиялик таниқли қўшиқчи Александра Барк бор эди.
- Осиёда ўйнашни истармидинг? - дея сўрадим ундан. - Бу ерда сизларга қанча ҳақ тўлайдилар?
Терма жамоа савиясидаги ўйинчилар ойига 2-3 минг доллар маош оладилар. Шу сабаб уларга бир ўйиндаги иштироклари учун 15 минг доллардан ваъда қилсак, футболчилар ҳайратга тушадилар.
- Сизларга ғалаба керакми? - дея асл мақсадга ўта бошладим. - Бунинг нима кераги бор? Агар айтганимизни бажарадиган бўлсангиз, уйингизга киссангиз пулларга тўла ҳолда қайтишингиз мумкин.
Суҳбатнинг бундай босқичида футболчилар анча эҳтиёткор бўлиб қоладилар. Улар ҳаммасини обдон ўйлашга тушишади. Охир-оқибат шартингизга кўнадилар. Панамага уюштирган қисқа сафаримиз чоғида гаитиликлар билан шундай ҳолат юз берганди. Афсуски, Панамада ўтадиган  баҳслар букмекерлар эътиборидан четда қолиб кетади. Сальвадорда ҳам шундай ҳолат юзага келган. Биз ҳеч қандай пулга ишламадик, аммо КОНКАКАФ «Олтин Кубоги» бошланишидан уч ой олдин керакли шахслар билан алоқа ўрнатдик.

ШТАТЛАРДАГИ САРГУЗАШТЛАР

Эртаси куни биз таржимон билан Теннеси штатида жойлашган Нэшвилл шаҳрига учдик. У ерда АҚШ ва Тринидад ўртасида саралаш баҳси ўтказилиши керак эди. Учрашувдан олдин Тринидад ва Тобаго терма жамоасидаги таниш йигитларга уларнинг уч тўп фарқи билан енгилишлари ўзимизни қониқтиришини айтдим. Уларнинг иккиси бунга рози бўлмади, бир ўйинчи эса гапимга жиддий ёндашди. Уч нафар ҳимоячини сотиб олдим. Дарвозабон ҳалол ўйнади. Лекин барибир тавакал қилдим. Чунки АҚШнинг ҳар қандай ҳолатда камида икки тўп фарқи билан ютишига ишонардим. Мен танлаган йигитлардан учинчи голни «таъминлаб» бериш талаб қилинарди холос. Канг ҳатто қайси чизиқларда ўйнайдиган футболчиларни сотиб олганим билан қизиқиб кўрмади.
Жози Алтидор дублни расмийлаштирди. 90-дақиқада у жарима майдони бўсағасида у қадар кучли зарба йўлламаган бўлса-да, буни кутмаган дарвозабон тўпни ўтказиб юборди. Уни сотиб олмагандим. Лекин четдан кузатган одамга шундай туюлиши тайин эди. Ставкамиз иш берди. Канг бундан жуда мамнун бўлди. АҚШга максимум даражада 100 минг долларни ўзингиз билан олиб киришингиз мумкин. Тринидадликларга 30 минг тўлашим керак эди. Аммо уларга пулларни тез орада олиб келишимни ваъда қилдим. Сингапурга  қайтган чоғимда менга  Кангнинг маҳаллий доллар қийматида юборган 100 минг долларни топширдилар. Дан эришган натижамизга ҳасад қила бошлади. У ўзидан пастроқ турсангиз, яхши йигит. Бироқ ўзиб кетган тақдирингизда Дан ҳар қандай разилликка тайёр туради. Болаликдаги дўстимни 30 минг доллар билан Тринидадга юбордим. Аммо Буюк Британияга тўхталиб ўтиш чоғида у йўқолиб қолди. Афтидан бу кредиторларнинг иши бўлса керак.

СУРИЯНИ «ЗАБТ» ЭТИШ ИСТАГИ

Шундан кейин ўз омадимни яна Сурия чемпионатида синаб кўришни режалаштирдим. Канг барча харажатларни кўтаришга рози бўлди.
- Дан ўша чемпионатдаги ўйинларга пул тикиб уч марта ютқазиб қўйганди,  - деди Канг. - Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлишига ишонасанми?
- Даннинг ютқазишига ўзи айбдор, - дедим унга жавобан. - Чунки қўлимда футболчиларга кўрсатадиган пулнинг ўзи йўқ эди.
- Сенга қанча пул керак бўлади?
- 100 минг доллар.
- Яхши, мен сенга айтган пулингни бераман.
Олдиндан тасаввур қилганимдек, нақд пулларни кўрган футболчилар мени илиқ қарши олдилар. Менга шу ерлик Самир исмли йигит ёрдам берди. Унинг «Ал Ваҳда» ва «Ал Наваир» клублари билан яхши алоқаси бор бўлиб, Самир беш ёки олти нафар футболчини сотиб олганди. Яман ёки Озарбайжон чемпионатлари учун ставкаларни қабул қиладиган букмекерлик идораларига қойил қолиш керак. Шундай кучсиз лигалар қаторига Сурия чемпионатини ҳам қўшса бўлади. Самир билан ўзига хос тизимни ишлаб чиқдик: биринчи бўлимда бир гол, иккинчисида эса иккита гол. Тотал учун 2,5дан ортиқ таклиф қилмагандик. Навбатдаги гол киритилиши керак бўлган паллада Самир трибунада ўтирган жойида ҳуштак чалиши керак эди. Дарвозабон биз ўтирган жойга қаради ва ҳаммасини тушундим, деганча бош ирғаб қўйди. Пулларни стол устига ёзганингиздан кейин футболчилар билан ишлашингиз жуда осонлашиб кетади. Бир ўйин, икки ўйин, учинчиси... Сурия премьер-лигасида жуда омадимиз чопди. Сингапурда мени «Сурия қироли» дея аташга тушдилар. Чунки бир ҳафта ичида чемпионатдаги ўйинлар орқали 200 ёки 300 минг Сингапур долларига ишлардим. Лимитлар паст бўлгани учун ўз ёнимдан тикмасдим. Ўйинлар учун катта пулларни тикишга тўғри келса, Кангга мурожаат қилардим. Энди фақат ўзим учун ишлардим. Ҳеч қандай боссларнинг кераги йўқ. Бундан Даннинг аччиғи чиқарди. Кўп ўтмай у менга қўнғироқ ҳам қилмай қўйди.
Канг билан ҳамкорлик қилиб Сурия, Баҳрайн ва Мисрда ўртоқлик ўйинлари ҳамда кичик турнирларни ташкил этдим. Французча гапирадиган африкаликлар ёрдамида Баҳрайн билан Иорданияда терма жамоалар иштирокида ўртоқлик ўйинларини уюштирдим.   

(Давоми бор)

Ж.ЗАЙНОБУТДИНОВ тайёрлади.
Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика