Келажаги йўқ сардор. Давиде Астори ўлими ҳақида
05 мар 2018 15:18
Новости
Сабаблар кўп, ота-онанг сенга ишона бошлайди, ҳаётий тажрибага эга бўласан, яхши меҳнат қилсанг, фаолиятингда ўсишга эришган бўласан... Ҳаммаси 30 ёшдан кейин бошланишини айтяпмиз. Бироқ баъзида акси бўлиши ҳам мумкин.
Худди Давиде Астори билан бўлгани каби.
Кеча тунда у жамоадоши Марко Спортьелло билан Playstation ўйнади, ухлаш вақти келганда, хонасига кетди. Бир неча дақиқадан сўнг Марко хабар юборди: "Хонамда бутсаларингни унутиб қолдирибсан". Давиде қайтишни истамади ва уларни эртага олиши ҳақида жавоб ёзди...
Сийқаси чиқиб кетган гапларни айтмоқчи эмасман, чунки ҳозир ҳамма кейинги дақиқа, соат, кунда нима бўлишини билиб бўлмаслиги ҳақида гапиряпти. Айтяпмизми - демак, буни трагедик воқеаларсиз ҳам тушуниб турибмиз. Ортиқча юкламалар туфайли майдонда вафот этган Фоэ, Фехер, Пуэрто, Морозиниларни биламиз, аммо ҳаёт ҳар онда якунланиши мумкин. Меҳмондаги ўйинга бориб, ётоқда ухлаб қолишнинг ўзи етарли экан.
Шахсан мен учун Давиде Астори Италия футболидаги энг севимли ҳимоячиларимдан бири эди. Гап унинг ўйини мени ўзига ром этганида эмас, шунчаки у "Милан" тарбияланувчиси бўлган, мен эса қайсидир босқичда қизил-қора тарбияланувчиларининг тақдири билан қизиққанман. Давиде ўшаларнинг бири эди. У Анчелотти даврида терма жамоагача етиб борди ва ижарама-ижара юриб, фаолиятини булғагани йўқ.
Давиде 21 ёшда "Кальяри"га ўтди, 22 ёшида эса сардинияликларнинг асосий ҳимоячисига айланди. Бир неча йилдан сўнг "Милан" уни қайтармоқчи бўлди ва бу трансфер амалга ошишини жуда хоҳлаган эдим, чунки таркибда тарбияланувчилар жуда кам эди - Антонини ўсишдан тўхтаган, Абате эса мураббий ишончини қозона олмаётганди.
Астори ўша пайтда Неста ва Тиаго Силвалар билан ўйнаганида, унинг фаолияти бироз муваффақиятлироқ бўлармиди... Бироқ у "Кальяри"да қолди ва Сардиния клубининг вице-сардорига айланди. Астори жамоанинг биринчи сардори бўлишни истамади ва ижара асосида "Рома"га ўтди, 2015 йилнинг августида эса "Фиорентина" сафини тўлдирди.
Жорий мавсум Гонсало Родригес ва бошқа футболчилар клубни тарк этганидан сўнг, сардорлик боғичи Давидега насиб этди. Кичик инқирозни бошидан кечираётган "Фиорентина" сардори бўлиш Астори учун катта муваффақият бўлмади. Бироқ Флоренцияда янги жамоа айнан сардор атрофида қурилди. Қишда унинг шартномаси 3 йилга узайтирилиши ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. Бир ой олдин Астори ҳам бу ҳақда тўхталиб ўтган эди: "Флоренция клубида ўйнашда давом этишни истайман ва сардор эканлигимдан фахрланаман, янги шартноманинг баъзи деталларини ҳал қилиш лозим".
Пайшанба тонгида Флоренция газетаси Quotidiano Sportivo муқоваси кўзга ташланди. Ушбу соннинг асосий мавзуси - Астори билан шартномани узайтириш. Муқовада "Capitan Futuro" сарлавҳаси билан Давиденинг сурати турарди. Футболчи журналистлар нигоҳида ҳақиқатдан ҳам келажак рамзи бўлган, уларнинг фикрича, Давиде ёнида ёш Паццелла ва Миленкович дарс олиши керак эди. Ушбу муқовани кўрганимда, Астори фаолиятини қандай кузатганим, Мексес эмас, айнан у "Милан"га ўтишини истаганим эсимга тушиб кетди. Ҳимоячи "Милан"да бўлмаса ҳам, мухлислар хотирасида афсона бўлиб қолишидан хурсанд бўлдим.
Энди на келажак ва на сардор мавжуд. Мухлислар эса уни афсона сифатида эмас, умуман бошқача ёдга олишади.
Андреа Делла Валле ("Фиорентина" раҳбари) футболчининг вафотидан сўнг янги шартнома деярли тайёрлиги ҳақида айтди. Барча деталлар келишилган, жамоа Удинедан қайтганидан сўнг, душанба куни битимни имзолаш маросими бўлиши керак эди. Астори фаолиятини Флоренцияда тугатиши ва у клуб тизимида иш бошлаши тахмин қилинаётганди.
У ҳақиқатдан ҳам фаолиятини Флоренцияда якунлади. Афсус, унинг ўзи ва бошқалар кутганидек эмас...
Похожие новости
![AMP Logo](https://championat.asia/image/logo-amp.png)
Комментарии