ЖЧ-2014 финалига чиққан Аргентина терма жамоаси ўйинчилари ҳозир қаерда?
17 дек 2022 18:33
Новости
ЖЧ-2014 финалига чиққан Аргентина терма жамоаси ўйинчилари ҳозир қаерда?
Эртага жаҳон чемпионати финал ўйини бўлиб ўтади, унда Франция ва Аргентина терма жамоалари ўзаро куч синашади. Бу французлар учун кетма-кет иккинчи финал, аргентиналиклар эса сўнгги бор финалда саккиз йил олдин ўйнашган ва ўшанда Германия терма жамоасига қўшимча вақтларда имкониятни бой беришган.
Championat.Asia ўша жамоа ўйинчиларини эслайди ва ҳозир қаердалиги ҳақида маълумот беради.
Серхио Ромеро (35 ёш)
Ромеро ЖЧ-2014да Аргентина терма жамоасининг асосий дарвозабони бўлган. У финалга қадар олтита ўйинда атиги учта тўп ўтказиб юборган. Ромеро немисларга қарши ўйин давомида бир неча бор жамоасини қутқариб қолди, аммо 113-дақиқада Марио Гётценинг зарбасини тўса олмади. Серхио ҳозирда 35 ёшда ва у ҳали ҳам ўйнамоқда, посбон 2022 йилнинг августидан бери "Бока Хуниорс" шарафини ҳимоя қилади.
Эсекьель Гарай (36 ёш)
Гарай мундиалга "Зенит" ўйинчиси мақомида борди ва турнирда барча ўйинларни асосий таркибда ўтказди. Эсекьель 2020 йилда "Валенсия"ни тарк этди ва ўзига янги клуб топа олмади. Гарай ўтган йилнинг ёзида фаолиятига якун ясади ва эътиборини бизнесга қаратди. У ҳашаматли турар-жой биноларини қуриш билан шуғулланади.
Мартин Демичелис (41 ёш)
Ўша пайтда Аргентина терма жамоаси ўйинчиларидан энг ёши каттаси Демичелис (33 ёш) эди. Мартиннинг сўнгги клуби "Малага" бўлди ва у клубни 2017 йилда тарк этди. Демичелис ўшанда мураббийлик фаолиятини бошлади: у "Малага" бош мураббийи ёрдамчиси бўлиб ишлади ва "Бавария" структурасига кирди. Яқинда Мартиннинг ўзининг жонажон "Ривер Плейт" жамоасини бошқариши маълум бўлди.
Маркос Рохо (32 ёш)
ЖЧ-2014дан сўнг Марокснинг фаолияти юқорига қараб кўтарилгандек бўлди. У мундиалдан сўнг бирдан МЮга 20 млн евро эвазига ўтди. Аммо, аргентиналикнинг Манчестердаги ишлари юришмади: доим ҳам асосий таркибга кирмади, мунтазам тарзда муваффақтли ўйнай олмади ва кўпинча жароҳат олди. Рохо ҳозирда "Бока Хуниорс"да ўйнамоқда, у сўнгги бор Аргентина терма жамоасига 2019 йилда чақирилган.
Пабло Сабалета (37 ёш)
Бир пайтлар дунёнинг энг яхши ўнг қанот ҳимоячиларидан бири бўлган футболчи 2020 йилда фаолиятини якунлади. Сабалетанинг сўнгги клуби "Вест Хэм" бўлди, у Лондон клубига "Ман Сити"даги тўққиз йилдан сўнг ўтганди. Сабалета ҳозирда телевиденияда эксперт ва шарҳловчи бўлиб ишламоқда. Масалан, у ҳозирда жаҳон чемпионатини Британиянинг BBC нашри учун ёритмоқда.
Лукас Билья (36 ёш)
Билья ЖЧ-2014 якунида турнирни дастлаб захира вакили сифатида бошлаган бўлса ҳам, асосий таркиб ўйинчисига айланди. Лукас ЖЧ-2018га ҳам борди, аммо мундиалдан сўнг миллий жамоадаги фаолиятини якунлади. Билья ҳозирда 36 ёшда ва "Истанбул Башакшехир" шарафини ҳимоя қилмоқда. Лукас бунга қадар "Фатих Карагюмрюк" жамоасида ўйнаган.
Хавьер Маскерано (38 ёш)
Афсонавий Хавьер Маскерано Билья каби ЖЧ-2018дан сўнг терма жамоадаги фаолиятини якунлаган. Бу Франциядан 1/8 финалда мағлубиятга учрашдан сўнг рўй берди. Маскерано икки йил ўтиб футболчи билан ҳам хайрлашди. Хавьер ҳозирда Аргентинанинг U-20 ўсмирлар термасини бошқармоқда.
Энцо Перес (36 ёш)
"Бенфика" ва "Валенсия"даги ўйинлари орқали таниш бўлган ярим ҳимоячи ватанида "Ривер Плейт" шарафини ҳимоя қилмоқда. ЖЧ-2014га келсак, Перес ўша турнирда учта ўйинда, аниқроғи чорак финал, ярим финал ва финал баҳсларида ўйнаган. Энцо 2018 йилдан бери Аргентина терма жамоасида ортиқ ўйнамайди.
Эсекьель Лавесси (37 ёш)
Лавесси ақлбоварқилмас иқтидор ҳисобланган, аммо унинг фаолияти унчалик муваффақитли бўлмади. Эсекьель ЖЧ-2014да олтита ўйинда майдонга тушиб, битта гол ва битта ассист қайд этди. Мундиалдан 1,5 йил ўтиб пул ишлаш учун Хитойга йўл олди. Эсекьель у ерда 2020 йилга бутсасини михга илгунча ўйнади. "Почо" ҳозирда хайрия ишлари билан шуғулланади.
Лионель Месси (35 ёш)
Мессини таништиришга ҳожат йўқ. Лео жаҳон чемпионатини қўлга киритишдаги муваффақиятсизликдан сўнг терма жамоа билан Копа Американи юта олди. ЖЧ-2014дан сўнг Месси уч бор "Олтин тўп"га эга чиқди. Ушбу мундиалда Мессида жаҳон чемпиони бўлиш учун яна бир имконият юзага келди. Бошқа имконият бўлмаслиги мумкин, сабаби Лео кейинги турнирда 39 ёшда бўлади.
Гонсало Игуаин (35 ёш)
Игуаин финалда гол уриш учун кўплаб имкониятларга эга бўлганди. Афсуски, у ўзи ва бутун Аргентина учун гол уришнинг уддасидан чиқа олмаганди. Якунда бу аргентиналикларга совринга тушди. Игуаин кейинчалик финалдан сўнг ҳатто фаолиятини якунлашни хоҳлаганини тан олди. Шунга қарамай, Гонсало футболда қолди ва "Наполи" ва "Ювентус" таркибида бир неча ажойиб мавсумларни ўтказди. Игуаин 2022 йилги мавсумни МЛСнинг "Интер Майами" жамоасида ўтказди, аммо Гонсало фаолиятини якунлаш ҳақида эълон қилиб бўлди. "Эндиликда мен оилам ва дўстларим билан ҳаётдан завқланаман. Мен эришганларимдан жуда ҳам фахрланаман", - деб ёзди Игуаин ўзининг Instagram саҳифасида.
Фернандо Гаго (36 ёш)
Гаго финалда Энцо Переснинг ўрнига захирадан майдонга тушди. Фернандо фаолиятини анча эрта, аниқроғи 34 ёшда якунлади. Гаго ҳозирда мураббий бўлиб ишламоқда ва Аргентинанинг "Расинг" клуби устози ҳисобланади.
Родриго Паласио (40 ёш)
Паласио Игуаиннинг ўрнини эгаллади ва у ҳам гол уриш учун имкониятга эга бўлди. Родриго ҳозирда 40 ёшли, у яқинда фаолиятини якунлади. Унинг сўнгги клуби "Брешиа" бўлди. Паласио кўпроқ "Интер" (169та ўйин, 58та гол ва 31та ассист)даги фаолияти орқали таниш.
Серхио Агуэро (34 ёш)
Серхио Агуэро ЖЧ-2014да доим ҳам асосий таркибга киритлмади. У финалда Эсекьель Лавессининг ўрнига майдонга чиқди. Агуэро 2021 йилнинг ёзида "Ман Сити"дан кетди ва "Барселона"га ўтди, аммо бу узоққа чўзилмади ва бир неча ой ўтиб фаолиятини якунлади. Серхиода соғлиғи билан жиддий муаммолар борлиги ва шу сабаб ўйнай олмаслиги маълум бўлди. "Кун" эндиликда стример ва блогер. Агуэро яқинда дўсти Лео Мессига "ўйиннинг энг яхши футболчиси" мукофотини топширди.
Бош мураббий: Алехандро Сабелья
Аргентина терма жамоасини ЖЧ-2014 финалигача олиб чиққан мураббий Алехандро Сабельяни ҳам қайд этиш керак. У турнирдан сўнг ўз жойини тарк этди ва бошқа ҳеч кимни бошқармади. Сабелья 2020 йилнинг декабрида 67 ёшида юрак ишида асоратларни келтириб чиқарган инфекция туфайли вафот этди. "Эстудиантес" клуби уй стадионининг трибуналаридан бирини Алехандро шарафига номлашди, у бу жамоада ўйнаган ва мураббий бўлган.
Лионель Мессидан ташқари фақатгина Анхель Ди Мария Аргентина терма жамоасида ҳозир ҳам ўйнамоқда. У ЖЧ-2014 финалида захирада қолдирилди ва майдонга тушмади.
Николай Егоричев тайёрлади
Алишер Остонов таржимаси
Комментарии