Жасур Ҳакимов: "Катта иштиёқ эвазига ғалаба қозондик"
02 окт 2022 09:55
Новости
Жасур Ҳакимов: "Катта иштиёқ эвазига ғалаба қозондик"
"Агар баҳсни кўрган бўлсангизлар, ўйин ҳар икки жамоа учун жуда қийин бўлди. Биз ҳам, "Навбаҳор" ҳам ғалаба қозониш учун майдонга тушгандик. Бизга кўпроқ ғалаба керак эди. Чунки турнир жадвалида "Бунёдкор"га мос бўлмаган ўринда эдик. Шуни инобатга олган ҳолда йигитлар майдонда борини бериб ўйнадик. Катта иштиёқ ва ғалабага бўлган ишонч сабаб муваффақият қозондик".
- Пенальтини амалга ошириш вақтида сизда ҳаёжон бўлдими?
- Ҳа, албатта бироз ҳаёжон бўлди. Чунки ўйин якунлари ва масъулиятли вазифани адо этиш вақтида бўлиб турди. Лекин бундай ҳолатлардан қандай фойдаланишни билдардим. Шу боис пенальтини совуққонлик билан амалга оширдим.
- Баҳс давомида "Бунёдкор" асосан қарши ҳужумда ўйнади...
- Биз биринчи гол урганимиздан кейин ҳимояга эътибор қаратдик. Натижада, "Навбаҳор" кўпроқ ҳужум ташкил қилди. Биринчи бўлим ўзида учта футболчи алмаштирди. Бу орқали янада кўпроқ ҳужумлар ташкил этишди. Биз эса асосан прессинг қилиб, тўпни рақибдан олиб қўйишга интилдик. Баъзида бу амалга ошди, баъзида эса йўқ. Йигитлар жиддий қаршилик кўрсатишга интилдик.
- Аввалги муваффақиятсизликлага нима сабаб бўлди?
- Мен футболчиман, муваффақиятсизликларда футболчилар кўп айбдор деган бўлардим. Хатолар қилдик ва шунинг эвазига мағлубиятга учрадик. Бошқа жиҳатни сабаб қилиб кўрсата олмайман.
- Иван Бошкович бош мураббий этиб тайинланганидан кейин жамоа ўйини ўзгардими?
- Ҳа, албатта. Бошкович жуда талабчан мураббий деб ҳисоблайман. Икки ўйинда 4 очко қўлга киритдик. Яхши мутахассис ва у билан янада ижобий натижалар кўрсата оламиз.
- Суперлигада қайси жамоа чемпион бўлиши мумкин?
- Бу йилги мавсум жуда қизиқарли кечмоқда. Турнир жадвалига ҳам эътибор берсангиз, кураш авжига чиқмоқда. Олдиндан шуни чемпион бўлади дейиш қийин. Менимча, "Пахтакор" чемпион бўлса керак.
- Мавсум якунига қадар яна нечта гол уришни мақсад қилгансиз?
- Олдинда турган беллашувларда гол уриб, жамоамизга ёрдам беришни мақсад қилганман.
Комментарии