Интервью. Тимур Кападзе Купер ҳақидаги ўз фикрларини очиқчасига айтиб ўтди
02 фев 2019 11:52
Новости
Интервью. Тимур Кападзе Купер ҳақидаги ўз фикрларини очиқчасига айтиб ўтди
Миллий терма жамоа бизнинг, халқимизнинг юзи ҳисобланади. Биз ҳар доим ва ҳар қачон терма жамоа манфаатлари учун ишлашга тайёрмиз. Ўзим миллий терма жамоа сафида кўплаб учрашувлар ўтказганман, кўп тер тўкканман. Миллий терма жамоа мен учун энг юқори даражада турувчи энг асосий ва энг муҳим ҳисобланади, миллий терма жамоа сафида майдонга тушдингми, ҳамма нарсани унутиб майдонда борингни беришинг керак. Миллий терма жамоаси сафида 119та учрашувда майдонга тушганман, яхшими ёмонми, майдонда боримни бериб ҳаракат қилганман. Ҳар қандай жамоада бош мураббий бўлиб юришнинг ўзига яраша масъулияти бор, ёрдамчи мураббий бўлиб юриш билан бош мураббий бўлишнинг катта фарқи бор.
Ўз навбатида миллий терма жамоа бош мураббийи бўлиш – бу жуда улкан шараф ва жуда катта масъулият ҳисобланади. Биласизми, бунда воқеалар ривожи қандай шаклланишига боғлиқ. Шундай бўлиши мумкинки, мураббийлик фаолиятингни бошламасдан туриб якунлаш ҳам мумкин. Миллий терма жамоа мураббийлигига таклиф этилганимда кўпчилик мутахассислар “ўйлаб иш қилаяпсанми, керак бўлса фаолиятингни бошламасдан тугатишинг мумкин” каби фикрларни айтиб ўтишди. Айримлар эса бу борада қўллаб-қувватлашди. Мен учун миллий терма жамоага таклиф кутилмаган эди. Аслида клубда ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаб, кейинроқ ўзимнинг алоҳида жамоамни шакллантириш ва футболчилик фаолиятим давомида тўплаган тажрибаларимга асосланган назарияларимни шогирдларимга ўргатмоқчи эдим, ўзимнинг мураббийлар штабимни ташкил этмоқчи эдим, такрор айтаман, мен миллий терма жамоа бош мураббийлигини энг юқори даража деб ҳисоблайман.
Терма жамоага мураббий сифатида келганимда менинг мураббийлар штабим, ўзимнинг мураббийлик бўйича режам йўқ эди. Шу сабаб менда катта хавотир бор эди. Бундан ташқари миллий терма жамоамизга рақиб сифатида танланган жамоаларнинг даражаси юқори эди. Кўплаб футболчилари Европада тўп тепадиган Сенегал, Уругвай давлатлари билан мен каби мураббийлик фаолиятини энди бошлаётган инсон билан жуда қийин эди. ЎФА раҳбарияти терма жамоада биринчи куним эмаслигини, менга барча шароитларни яратиб беришларини айтишди. Ҳақиқатдан ҳам миллий терма жамоани яхши биламан, бу томонидан хавотир йўқ эди. Лекин мураббийлик борасидачи? Шуниси мени ўйлантираётган эди. Раҳбариятнинг шу каби фикрлари, ишончини кўриб туриб ортга йўлим қолмаганлигини тушундим ва уларнинг таклифини қабул қилдим. Ўша кунларда мендаги ҳиссиётлар қандай кечганлигини ўзим биламан, учрашувларгача вақт оз эди. Дарҳол вариантларни кўриб чиқиб мураббийлар штабини шакллантирдик, миллий терма жамоамиз сафида тўп тепган ва айни дамда хорижда ўйнаётган футболчилар билан телефон орқали боғландим, уларнинг терма жамоага бўлган муносабатини сўрадим, кутганимдек улар миллий терма жамоа учун борларини бериб ҳаракат қилишларини, ҳар доим тайёр эканликларини айтиб ўтишди. Уларнинг кўпчилиги билан бирга ўйнаганман, улар мени мураббий сифатида қандай қабул қилиши бўйича хавотирим бор эди.
Одил Аҳмедов, Анзур Исмоилов ва бошқа футболчилар мени қўллаб-қувватлашди. Биринчи навбатда барча футболчиларга тушунтирдим, биз жаҳон чемпионатига чиқмадик, лекин мана раҳбарият Жаҳон чемпионатида ўйнайдиган терма жамоалар билан учрашувлар ташкил этиб бераяпти, биз жаҳон чемпионатининг бир гуруҳидамиз деб ҳисоблайлик ва бу жамоалар билан ўйнаб кўрайлик деб. Мени олдимда қўйилган вазифалардан бири футболчилардаги хотиржамлик кайфиятини уйғотиш, бу каби кучли жамоаларга қарши ўзимизнинг тактикамизни шакллантириш эди. Агар биз ўз услубмизга эга бўлмасак содда қилиб айтганда футбол ўйнамасак, бу жамоалар бизни йирик ҳисобда ютиб қўйиши тайин эди. Чунки уларнинг барчаси жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган ва деярли тайёр ҳолатдаги жамоалар эди. Шу каби омилларни ҳисобга олган холда бир ой давомида жуда кўп ишладим, мутахассислар билан гаплашдим, ўз фикрларимни айтдим. Ҳар бир мутахассисни айтдим. Ҳар бир мутахассиснинг ўз дунёқараши бор, мен улар билан гаплашганимда турлича қарашларни кўрдим. Мана шу 4 та жамоа билан 4 хил таркибда ўйнадик. Мана Сенегал ва Марокаш терма жамоалари билан бўлган учрашувларни оладиган бўлсак, Тошкентда йиғилдик, улар билан учрашув ўтказиш учун жўнаб кетдик, деярли икки кун давомида йўлда бўлдик, кейин машғулотлар ўтказдик. Марокаш ва Сенегалга қарши майдонга тушдик, шу икки ўйиннинг ўзида бизда икки хил таркиб ўйнади. Бир учрашувда майдонга тушган футболчилар иккинчи ўйинда ҳам ўйнаганда, хато ва камчиликлари бўлмасмиди? Чунки футболчининг ўзи ҳам, мураббий ҳам учрашувларга қараб хулоса чиқариши мумкин.
Ўйлайманки, жамоа аъзолари мен танлаган услубда ва ўйиндан олдин берилган вазифаларга амал қилиб ўйнашди. Мураббийлик соҳасидаги илк ўйинимда ютқазмадик, бунинг учун йигитларга раҳмат айтаман. Дастлаб биз ғалаба қозонаётган эдик, кейинроқ хато туфайли гол ўтказиб юбордик. Ҳар бир учрашувда футболчилар рақибдан чўчимасдан ўйнашди, бу бизга керакли бўлган энг муҳим нарса эди. Бизнинг футболчиларда тўп билан муносабати яхши, уларда бу бўйича қобилият бор. Шу сабаб мен уларнинг кучли томонларига эътибор қаратишга ҳаракат қилдим. Шунингдек жамоамизнинг ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужумда қандай ўйнаши бўйича кўп ишладик.
Тошкентга қайтганимиздан сўнг олдимизда Эрон билан учрашув бор эди. Раҳбарият томонидан ушбу ўйинга терма жамоа келажаги бўлган ёшларни олиб бориш ва таркибни шакллантириш вазифаси қўйилди. Бу ўйинга ҳам кам фурсат қолганда йиғилдик, бир ярим кун давомида йўл юрдик, машғулот ўтказишга яна шунча муддат вақтимиз бор эди. Дархол машғулотлар ўтказдик, бунда ҳам футболчиларни кучли томонларига эътибор қаратдим, улардаги ҳаяжон орқали юзага келадиган қўрқувни енгишларига ёрдам беришмиз арур эди. Эрон билан учрашувга борганимизда, дастлаб улар ёш таркиб билан келганимизга ранжишди. Лекин ўйиндан кейинги матбуот анжуманида улар бизга яхши учрашув ўтказганлигимизни, Эрон терма жамоасининг камчиликларини кўрсатиб бера олганлигимизни таъкидлашди.
Умуман олганда бу фикрлардан хулоса қилиш мумкинки, кўз тегмасин, худо хоҳласа миллий терма жамоамизнинг келажаги порлоқ бўлади. Ундан кейин олдимизда кучли рақиб Уругвай терма жамоаси билан учрашув бор эди. Биласизми, бизни узоқ йўл юришимиз лозимлиги ва мослашиш учун камида 4-5 кун вақт кетишини айтганимда, раҳбарият чемпионатимиздаги тур учрашувлар санасига ўзгартириш киритиб, бизга шароит яратиб берди, бунинг учун уларга раҳмат. Уругвай билан бориб ўйнадик, футболчилармиз ўша машҳур Суарес, Кавани каби юлдузларга қарши тўп тепишди, мени хурсанд қиладиган жиҳати гарчи мағлубиятга учраган бўлсакда, йигитлар рақибдан чўчимасдан муносиб ўйнашга ҳаракат қилишида, хаттоки айрим вазиятларда уларни тўпсиз қолдира олишди, рақиб дарвозасига зарбалар беришди. Хулоса қилиш мумкинки, агар яхши тайёргарлик бўлса, жамоавий ўйинни шакллантира олсак, бизнинг йигитлар ҳар қандай рақибга қарши ўйнар олар экан.
Миллий терма жамоамизнинг Осиё кубогидаги иштироки ҳақида ўз муносабатимни айтиб ўтадиган бўлсам, бу мусобақада бизнинг йигитлар ўзларини бор маҳоратларини кўрсатиб бера олишмади. Тўғри Элдор Шомуродовнинг кўрсатган ўйинлари мухлисларда яхши таасурот қолдирди. Одил Аҳмедов, Жавоҳир Сиддиқов, Жалолиддин Машарипов, Икром Алибоев каби футболчилар ўз даражаларида ўйнашлари учун ўйинларга танланган тактика бир оз тўғри келмади. Биз биламизку, бу футболчиларнинг имкониятлари қай даражада эканлигини? Футболчилар мураббий томонидан берилган вазифани бажаришди, бу борада уларни айблаш нотўғри бўларди. Лекин умуман олганда Эктор Купер ёмон жамоа шакллантирмаганлиги кўриниб турибди. Ҳозир унга тегиш керак эмас, ўзи хориждан мураббий олиб келишни қанча орзиқиб кутдик, энди унга ҳозир жавоб берсак, ўрнига кимни олиб келамиз? Тайёр вариант борми бизда? Ҳозир шунақа вазият ҳукмронки, айримлар Куперни қолишини, айримлар эса кетишини исташмоқда.
Тўғрисини айтаман, Осиё кубогида жамоамиз ҳар бир ўйинда ҳар-хил ўйин кўрсатди. Бу ўйинлар билан ҳозир Эктор Куперга нисбатан хулоса қилиш қийин. Бизда чемпионатдан олдин ўртоқлик учрашувлари ташкил этмаганлигимиз учун хавотир бор эди, ҳамма биринчи ўйинни интиқлик билан кутди, чунки нима бўлишини ҳеч ким билмас эди, иккиланишлар кўп эди. Очиғи агар ўртоқлик ўйинлари ташкил этилганда, Купер Шомуродовни биринчи ўйиннинг ўздаёқ асосий таркибда туширган бўларди. Кўп хулосани терма жамоамиз бош мураббийи Уммон билан ўйиндан кейин қилди. Мен олдинроқ ҳам шу гапни ОАВда айтган эдим. Шунингдек, Эктор Купер томонидан қўлланилаётган ҳимоявий ўйин тактикасига ҳам эътироз билдирган эдим. Чунки ҳимоявий ўйин бизнинг футболчиларимизнинг кучли томонлари эмас. Футболчи клубда бошқача ўйнайди, терма жамоада эса бутунлай бошқача ўйнайди. Кейинроқ терма жамоамиз машғулотларида иштирок этаёган футболчилар билан гаплашганимда, Эктор Купер бошқача тактикаларни синовдан ўтказаётганлигини, хужумкор ўйин ташкил этишга ҳам футболчиларни тайёрлаётганлигини эшитиб бундан жуда хурсанд бўлдим. Осиё кубоги орқали терма жамоамиз бош мураббийи кучли ва кучсиз томонларимизни, хато ва камчиликларимизни кўриб олди деб ўйлайман.
Мутахассис сифатида айтадиган бўлсам, Купер олиб бораётган ўйинлар бўйича саволлар кўп, таркибга маҳаллий мутахассис жалб этмаганлиги каби масалаларда эътирозлар бор, чунки маҳаллий мутахассис бизнинг йигитларни яхши билади, майли Куперга бирон нарса ўргатмасин, таклиф бермасин, унинг ишига аралашмасин, лекин ўргансин, Купер куни келиб кетганда, бизда тайёр вариант бўлади. Уммон билан ўйинда бошқача, Туркманистон билан ўйинда бошқача, Япония ва Австралия билан ўйинлар бошқача тарзда кечди. Охирги ўйинимиз бўйича мени эътирозим бор, чунки бизни ярим ҳимоямиз чарчаб қолди, захирадан футболчиларни эртароқ тушириш керак эди. Биз терма жамоамиз ютса мақтаймиз, ютқазса қийналамиз, эътироз қиламиз, бу табиий, чунки биз миллий терма жамоамизни севамиз. Мени фикримча, Купер Осиё Кубогини қурбон қилди, ўз услубларини айнан шу чемпионатда синовдан ўтказди. Осиё чемпионати олдидан ўртоқлик учрашувлари ташкил этилмаганлиги бу бзнинг хатомиз бўлди, чунки Купер биринчи ўйинда оптимал таркибни танлашда иккиланишга мажбур бўлди.
Лекин яна такрор айтаман ҳозир Куперни бўшатишнинг вақти эмас, ҳали яна ўртоқлик учрашувлари ташкил этилади, ўйинлар бўлади, кейинроқ хулоса чиқариш мумкин. Ким мураббий бўлишидан қатъий назар биз Жаҳон чемпионатига чиқсак бўлди, биз шуни истаймиз.
Бекзод Толибоев ёзиб олди
Комментарии